Мақолалар

Вилоят вакили билан суҳбат: ислоҳни аввало ўзимиздан бошлайлик

Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум домла! Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчидир”, деганлар. Демак, ҳаммаси Аллоҳдан эканини билишнинг ўзи ҳам бир шукрдир. Инсонга ато қилинган неъматлар ҳисобини эса санаб адо қилиб бўлмайди...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ! Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн! Дарҳақиқат, бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таоло биз бандаларига ададсиз неъматлар бергувчи меҳрибон Зотдир.
Фузайл ибн Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) Сабаъ сурасининг 13-оятидаги: «(Эй) Довуд оиласи! (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир», деган жумласи тафсирида шундай ривоятни келтиради: Бир куни Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Эй Роббим! Мен ўзимча сенга шукр қилишим мумкин? Ҳолбуки Сенга шукр айтишимнинг ўзи ҳам Сенинг бир неъматинг-ку?!” – деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Довуд, мана энди ҳақиқий шукрни адо этдинг” деди. Яъни, банданинг унга берилган неъматларга шукрона айтишининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг бир неъмати экан. Биз ҳам ўзимиз баҳраманд бўлиб турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири — юртимиз истиқлолга эришганининг 27 йиллигини нишонлаш арафасидамиз. Мустақилликкача бўлган даврда ота-боболаримизга бугунгидай ҳурлик, шарт-шароитлар орзу эди. Танимиз саломат, осойишталигимиз барқарор, дастурхонимизда турли ноз-неъматлар бисёр. Ибодатимизни эмин-эркин бажариб, истаган илму-ҳунарни ўрганиб, хотиржам ҳаёт кечираяпмиз. Демак, кеча-кундуз бу неъматлар шукронасини қилиб юришимиз лозим бўлади.

— Динимизнинг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда сўзлаганда тилга эҳтиёт бўлиш, ёлғон сўзламаслик, ваъда берса бажариш, омонатга хиёнат қилмаслик таъкидланган. Ҳозирги кунда шу ҳақидаги тушунчалар бироз оқсаб, ўзаро ишонч ва меҳр-оқибат сусайгандек...

— Ёлғонни иймонсиз киши тўқийди. Чунки у ёлғон гапирса гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиш ҳақидаги эътиқодда бўлмагани учун оқибатни ўйламайди. Ваҳоланки, ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оятда тўхталиб ўтилган. Жумладан, Наҳл сураси 105-оятида: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқийди. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилади: “Мунофиқнинг белгиси учта: Сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоятлари). Баъзан, бир воқеанинг уч-тўрт хил “талқини”ни эшитамиз. Бу хабарлар бирор аниқ манба ёки мутасадди ташкилотдан олинган расмий маълумотларга асосланмайди. Ҳар ким ўзидан ҳар хил “тафсилот” қўшиб, бошқага етказишга шошади. Гапираётган киши тил, ёзганлар қалам масъулиятини унутиб қўяди. Холбуки, ўзи аниқ билмаган нарсаларни сўзлаш ёлғон гувоҳлик беришга киради. Хусусан, тарбия жараёнида ота-она ва устоз болага умуман ёлғон гапирмаслиги зарур. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячилари, қолаверса жамиятга бўлган ишонч ва эътибор йўқолади. Шунинг учун ҳам болага эътиборини тортиш, тинчлантириш ёки ҳайратга солиш учун ҳам ёлғон гапириш мумкинмас. Уламоларимиз зарур бўлганда жанг майдони (ҳарбий ҳийла)да ва икки уришган кишининг ўртасини ислоҳ қилишда ёлғон гапиришга рухсат беришган. Шундай бўлса-да, тақво қилган афзалдир. Ваъдага вафо қилмаслик ҳам ёлғоннинг бир туридир. Омонатга хиёнат ҳам оятларда бот-бот эслатилиб: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” дейилган (Анфол сураси 27- оят). “Эй мўминлар” дея хитоб қилинишининг сабаби омонатдорлик мўмин-мусулмонларга хос хислатлигини билдиради...

— Биламизки, Навоий вилояти индустриал ҳудуд сифатида тоғдаги кончидан чўлдаги чўпонга қадар турли соҳа вакилларини ўзида жамлаган. Касб-корнинг фазилати ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

— Тарихдан маълумки, пайғамбарларнинг барчаси зиммаларидаги Аллоҳ таоло томонидан юклатилган элчилик вазифасини адо этиш баробарида ўзи ва аҳлини боқиш учун ҳалол касб билан машғул бўлган. Ҳалол касб-ҳунар орқали тирикчилик ўтказиш ҳам ибодат саналади. Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар (Имом Байҳақий “Шуъабул имон” китобида ривоят қилган).

— Ҳалол касб қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади. Ризқ ва умрда барака пайдо қилади. Асосийси, Аллоҳнинг ризоси ва дуолар ижобатига сабаб бўлади. Ўз касби ва мансаб-мартабасини суистеъмол қилиш, касбу-корида қалбакилик, таъмагирликка ўтиш орқали ҳалол бўлмаган йўллар билан кун кўриш эса айни гуноҳдир.

— Баъзан одамлар орасида беихтиёр бирон киши ҳақида “эътибор тортадиган кийим кийиб, чиройли сўзлаб, ширали овоз ила амру маъруф, наҳйи мункар қилади-ю, айтганига ўзи амал қилмайди”, деган мазмундаги гапларни эшитиб қоламиз...

— Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга бир киши келиб: “одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтармоқчиман”, деди. Ибн Аббос унга “бу ишга қодирмисан?” дедилар. “Қодир бўлсам керак”, деди у. “Қуръондан оятлар келтираман, агар шунга амал қилган бўлсанг, даъватни бошлайверасан, амру маъруфга ҳаққинг бўлади”, деди Ибн Аббос. Сўнг Бақара сурасининг 42-43-оятларини ўқиб берди: “Ҳақни ноҳақлик билан қориштирмангиз ҳамда била туриб, ҳақиқатни яширмангиз! Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)”. Сўнг: “Айтадиган гапларингга ўзинг амал қиласанми?”, деб сўради. У киши “йўқ”, деди. Ибн Аббос Саф сурасининг 2-3-оятларини келтирди: “Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир”. Ибн Аббос “оятлар мағзини чақдингми, одамларни қайтарадиган нарсадан ўзинг қайтиб бўлганмисан”, деб сўради. У киши яна “йўқ”, деди. “Ундай бўлса, амру маъруф ва наҳйи мункарни ўзингдан бошла”, дедилар. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳу алайҳ)нинг олдига бир қул келиб: “ҳазрат, сиз ҳар жумада ваз насиҳат, амру маъруф ва наҳйи мункар қиласиз, келаётган жумада қулларни озод қилиш ҳақида гапирсангиз, зора буни эшитган хўжайиним мени қулликдан озод қилса”, деб илтимос қилди ва келаётган жумани орзиқиб кутди. Лекин орадан икки жума ўтса ҳам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳу алайҳ) қуллар ҳақида лом-лим демади. Қул энди умидини уза бошлади. Аммо учинчи жума маърузасида ҳазрат қул озод қилишнинг савоблари ҳақида таъсирчан сўзлар айтди. Ҳалиги қулнинг эгаси уни озод қилди. Севинчи ичига сиғмаган қул Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳу алайҳ)нинг олдига келиб: “Нега мен сизга илтимос қилган жумада эмас, икки жумадан кейин гапирдингиз?” деб сўради. Шунда ҳазрат: “Ўша пайти менда қул озод қилиш учун етарли маблағ йўқ эди, икки ҳафта ишлаб, етарли маблағ топдим ва қул озод қилиб, сўнг сўзладим”, деди. Мана, соф Ислом динининг бизгача етиб келишида жонкуярлик кўрсатган улуғлар ибрати. Аллоҳ таолодан амалларимиз Ўз дастури илоҳийсига монанд бўлишини, ҳар бир сўз, насиҳатимиз эса ўзимизда ҳам акс этишини сўраймиз.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3185 times

Мақолалар

Top