Мақолалар

Бир дақиқада нима қила оласиз?
  1. Бир дақиқада Фотиҳа сурасини уч марта ўқий оласиз. Баъзилар бу суранинг фазилатлари 600 тадан кўпроқ дейишган. Агар сиз бу сурани уч марта ўқисангиз, Аллоҳнинг изни билан, 1800 тадан ортиқ ҳасанотга эга бўласиз.
  2. Бир дақиқада Ихлос сурасини 20 марта ўқий оласиз. Уни бир марта ўқиш Қуръоннинг учдан бирига тенг. Уни 20 марта ўқисангиз, Қуръонни 7 марта хатм қилганнинг савобига эришасиз. Агар ҳар куни бир дақиқа давомида шу сурани 20 мартадан ўқисангиз, бир ойда 600 марта, бир йилда 7200 марта Ихлос сурасини ўқиган бўласиз. Бу эса ўз навбатида Қуръони каримни 2400 марта хатм қилганнинг савобига тенгдир.
  3. Бир дақиқада Қуръони каримдан бир бет ўқишингиз мумкин.
  4. Бир дақиқада Аллоҳнинг Китобидан қисқа бир оятни ёдлай оласиз.
  5. Бир дақиқада “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр” деб 20 марта айта оласиз. Бунинг ажри эса Аллоҳ йўлида Исмоил авлодларидан 8 кишини озод қилганнинг ажрига тенгдир.
  6. Бир дақиқада “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб 100 марта айта оласиз. Ким уни бир кун давомида айтса, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигичалик кўп бўлса ҳам, кечирилади.
  7. Бир дақиқада “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил азийм” деб 50 марта айта оласиз. Бу икки калима тилга осон, тарозуда оғир, Раҳмонга суюклидир. Бу ҳақидаги ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
  8. Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар” деб айтишим мен учун қуёш нури тушган барча нарсадан маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бир дақиқада бу зикрларни 18 мартадан кўпроқ айтишингиз мумкин. Бу калималар Аллоҳ таолога энг маҳбуб калималардир.
  9. Бир дақиқада “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”ни 40 мартадан кўпроқ айта оласиз. Бу зикр жаннат хазиналаридандир. Буни айтиш машаққатларга бардошли бўлишга ва бошқа кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади.
  10. Бир дақиқада “Лаа илааҳа иллаллооҳ” деб 50 марта айта оласиз. Бу энг буюк калимадир. Бу тавҳид калимасидир. Бу калимаи тоййибадир. Бу собит сўздир. “Кимнинг охирги сўзи шу калима бўлса, жаннатга киради”, дейилган ҳадисда.
  11. Бир дақиқада “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи” деб 15 мартадан ортиқ айтиш мумкин. Бу калима, саҳиҳ ҳадисларда келганига қараганда, тасбеҳ ва зикрларнинг ажри бир неча баробар кўпайтириб берилишига сабаб бўлади.
  12. Бир дақиқада “Астағфируллоҳ” деб 100 мартадан ортиқ истиғфор айта оласиз. Истиғфор банданинг гуноҳи кечирилишига ва жаннатга киришига сабаб бўлади. Истиғфорнинг дунёвий фойдалари ҳам жуда кўп. Истиғфор сабабли қувват зиёда, балолар даф бўлади, ишлар енгиллашади, ёмғир ёғади, ризқ кенгаяди кўпаяди.
  13. Бир дақиқада зикр, дуо, салавот билан машғул бўлсангиз, шоядки Аллоҳ таоло улар сабабли хаёлингизга келмаган неъмат ва имкониятларини сизга ато қилса.
  14. Бир дақиқада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга 50 марта “Соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб салавот айта оласиз. Аллоҳ таоло бунинг муқобилида сизга 500 марта салавот айтади. Чунки ҳадисларда бир марта салавот айтган кишига Аллоҳ таоло ўн марта салавот айтиши таъкидланган.
  15. Бир дақиқада қалбингиздан Аллоҳга шукроналик, муҳаббат, Ундан қўрқиш, Унга интилиш ҳисларини ўтказа оласиз. Унинг сизга раҳматини эсга олишга улгурасиз. Буни юриб кетаётиб ёки ётган ҳолингизда ҳам ҳис қилишингиз мумкин.
  16. Бир дақиқада тушуниш осон бўлган фойдали китобдан икки ёки ундан кўпроқ саҳифа ўқий оласиз.

 

 

Интернет материалларидан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Read 4343 times

Мақолалар

Top