Мақолалар

Нима учун қора кучлар ОАВ имкониятларидан фойдаланишга интилмоқдалар ёхуд ижтимоий тармоқ – “қармоқ”ми?
Бугунги кунда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм (ТОКТЭР) масалаларини ёритишда ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ёвуз кучлар аллақачон ахборот майдонида, биз хоҳлаймизми, йўқми, ўз қиёфаларини яратишга улгурдилар. 
 
photo5368687989217143005.jpg

Беруний АЛИМОВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори

Зўравон экстремистик фаолият юритувчилар Интернет тармоғи имкониятларидан эмин-эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз кенг фойдалана бошлади. Турли экстремистик гуруҳларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатларининг кескин фаоллашгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.
 
Нима учун ана шу қора кучлар ОАВ имкониятларидан фойдаланишга интилмоқдалар? Ижтимоий тармоқ – “қармоқ”ми? “Аёл муаллиф” технологияси нима? Ахборот майдони ва аудиторияга бугун қандай ташхис қўйиш мумкин? Бу борада ОАВнинг роли қандай? Асосий профилактика ишлари нималардан иборат бўлиши керак?
 
Ушбу долзарб саволларга жавоб излашдан олдин ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг ОАВ билан муносабатлари масаласига ойдинлик киритиб ўтиш ўринли бўлар эди.
 
XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигида ижтимоий тармоқлар (инг. social media) жаҳон медиа маконида фаолият юритиб келаётган анъанавий ОАВ билан шу қадар аралашиб, баъзи ҳолатларда эса умуман қўшилиб кетдики, бунинг натижасида уларни бир-биридан ажратиб кўрсатиш ёки уларни бир-бирларига қарши қўйиш мантиқсиздек туюлмоқда.
 
Энг муҳими, бугунги даврда ижтимоий тармоқлар анъанавий ОАВ билан чамбарчас боғланиб, биргаликда ривожланиб борар экан, республикамизда мавжуд ички имкониятларни мувофиқлаштирган ҳолда улардан кенгроқ ва самаралироқ фойдаланиш мумкинми, деган саволни олдимизга қўйишимиз керак. Ана шу тармоқлардаги ахборот оқимларини тўғри йўлга солиш, жаҳон тажрибаси асосида хабарлар ва янгиликларни кузатиб бориш ва уларни тартибга келтириш, зарур ҳолатларда бошқариб боришни йўлга қўйиш, юзага келаётган янги тенденцияларни тадқиқ этиш, бу борадаги қонунчилик базасини мустаҳкамлаш орқали самарадорликни ошириш зарур.
 
Айнан юқорида санаб ўтилган ва бошқа қатор муҳим масалалар борки, уларни назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда бу борада зарур тавсиялар ишлаб чиқиш давр талабидир.
 
Умуман олганда, ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши Интернетнинг тараққий этиши ва унинг оммалашиши билан боғлиқ табиий бир ҳодиса ҳисобланади. 
 
Дарҳақиқат, бугун кўпчиликнинг куни нафақат бир пиёла чой устидаги нонушта билан, балки у ёки бу ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифани кўздан кечириш, яъни “сеть”(рус. тармоқ)даги янгиликлар билан танишишдан бошланади. 
 
Ҳозирги пайтда ер куррасининг қарийб 50 фоиз аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир. Уларнинг айримлари эса бир вақтнинг ўзида бир нечта тармоқларда рўйхатдан ўтган. 
 
Статистик маълумотларга кўра, дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришишмоқда. 
 
Айрим ҳолатларда баъзи ёшларнинг оммавий тармоқларга муккасидан кетиб, ўз вақтларини беҳудага сарфлаши яхши оқибатларга олиб келмаяпти. Бу ҳақда ҳиндистонлик олим К.Шривастава алоҳида фикр билдириб, ижтимоий тармоқлардан аниқ мақсадда фойдаланиш жоизлиги, акс ҳолда у вақтнинг бесамар кетишига олиб келишини таъкидлаган эди.
 
Афсуски, “ўргимчак тўрига илинган” айрим ёшларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бормоқда. Дарвоқе, яқинда пойтахтлик ёш бир такси ҳайдовчиси “бундан атиги икки-уч кун олдин тўйи бўлган синфдошини маҳалладаги Интернет кафега шошиб кетаётганини кўриб, ҳайрон қолганлиги”ни суҳбат чоғида афсус ва киноя билан ҳикоя қилиб берган эди. 
 
Ҳақиқатан ҳам Интернетни бежизга ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Чунки унинг домига бир марта тушган одамни, агар у ақлини ишлатмаса, ўз гирдобига буткул тортиб олиши турган гап. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда.
 
Интернетнинг энг машҳур қисми ҳисобланган оммабоп “ижтимоий тармоқлар” ҳақида айрим тарихий фактларга эътибор берайлик. 
 
Дастлаб улар қачон, қайси мақсадда ва қаерда пайдо бўлган, деган саволларга жавоб излаймиз.
 
Ижтимоий тармоқлар тарихидан нималарни биламиз?
 
Умуман олганда, қайд этиш мумкинки, кишилик тарихидаги биринчи ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишининг ўзи айнан Интернет ихтиро қилинган олис 1969 йилга бориб тақалади (История возникновения социальных сетей. Кто был первым? http://vsetke.ru/post/20447276). Ҳозирги давргача бўлган барча эволюцион босқичлардан келиб чиққан ҳолда ижтимоий тармоқларни асосан иккита йўналишга ажратиш мумкин: 
 
• аниқ бир касб эгаларини бирлаштирувчи профессионал ҳамжамиятлар;
 
• ихтисослашмаган умумий тармоқлар.
 
Соҳа олимларининг қайд этишларича, биринчи тўлақонли ижтимоий тармоқ Рэнди Конрадс томонидан 1995 йилда ишлаб чиқилган classmates.com сайтидир. Инглиз тилидан “сlassmates” сўзи синфдошлар (“одноклассники”) деб таржима қилинади. 
 
Мазкур тармоқ собиқ синфдошлар, курсдошлар, ҳарбий хизматдошлар ва умуман дўстлар ўртасидаги алоқаларни қайта тиклашга қаратилди. 
 
Сайт ҳозирги кунгача фаолият юритмоқда. Бу ерда асосан АҚШ ва Канада фуқароларидан иборат 50 млн.дан зиёд фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Сайт бугунга келиб Швеция, Германия, Австрия ҳамда Франция аҳолисига ҳам хизмат қилмоқда.
 
Таъкидлаш керакки, мазкур тармоқ дастлабки фаолияти даврида алоҳида шахсий саҳифалар очиш ёки дўстларни тўплаш имкониятини бера олмаган. Бу жойда фақат битирилган ўқув маскани билан бевосита боғланиш, у ерда таҳсил олганлар рўйхати билан танишиш мумкин бўлган, холос.
 
2004 йилда Гарвард университети талабаси бўлган Марк Цукерберг Facebook порталини яратди. Ўша пайтда мазкур сайтдан фақат ушбу олий ўқув юрти талабаларигина фойдалана олишарди. Кейинчалик бошқа олий таълим даргоҳлари талабалари ва оддий мактаб ўқувчилари ҳам Faceboоk имкониятларидан баҳраманд бўла бошлашган. 
 
2008 йилда Цукерберг лойиҳаси дунёда мавжуд ижтимоий тармоқлар орасида биринчи ўринга чиқиб, ушбу йўналишдаги “MySpace”ни ортда қолдирди ва муаллиф дунёдаги энг ёш миллиардер мақомини олди. Бугунги даврда 40та тилда ўз хизматларини таклиф қилаётган Facebook кескин оммалашиб бормоқда. 
 
2006 йилда америкалик дастурчи Жек Дорси Twitter лойиҳасини амалга оширди. Мазкур сайт янги авлод ижтимоий тармоқлари орасида юқори баҳоланди. Соҳа мутахассислари мазкур хизматни оддий блогохостинг сифатида таърифлашади. Аммо тармоқ билан ишлаш, мавжуд сервис шакли, хабарлар ёзиб қолдириш услуби одатдаги блоглардан фарқ қилади. 
 
ОАВ vs Twitter
 
2008 йилда Мумбайда содир этилган теракт пайтида фуқароларга тезкор ахборот етказиш масаласида Twitter тарихда биринчи марта ижтимоий тармоқнинг ОАВга яқинлигини исботлаб берди. 
 
Россиядаги ижтимоий тармоқлар нисбатан кеч ривожланди. Лекин уларнинг тез орада оммалашиб кетганлигини кузатиш мумкин. 
 
“В контакте” лойиҳасини петербурглик дастурчи Павел Дуров (ҳаммуаллиф – унинг акаси Николай) 2006 йилда ишлаб чиқди. Мазкур сайт кўп жиҳатдан жаҳонга машҳур Facebook тармоғига ўхшайди. Аммо бу фактни лойиҳа муаллифлари инкор этишади. 
 
Бугунги кунда “В контакте” МДҲ ҳудудидаги энг оммавий ижтимоий тармоқ даражасига кўтарилди. У фойдаланувчилар сонининг кўплиги бўйича дунёдаги 30 таликка киради. Бундан ташқари, “рунет” (Россия домени)даги энг йирик видео- ва аудиохостинг имкониятига эга бўлган порталдир.
 
Classmates.com сайтининг Россиядаги эгизаги сифатида 2006 йилда Альберт Попков муаллифлигидаги “Одноклассники” лойиҳаси пайдо бўлди. Ушбу ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларга асосан ҳозирги ва собиқ синфдошлар билан алоқа ўрнатиш имкониятини берди.
 
Ўзбекистонда ҳам бир қатор миллий ижтимоий тармоқлар шаклланмоқда. Улар қаторига sinfdosh.uz ва muloqot.uz порталларини киритиш мумкин. 
 
Юқорида санаб ўтилган турли оммабоп ижтимоий тармоқларга хос умумий характер шундан иборатки, улардан биронтаси ярим йил ўтгандан кейин ҳам бугунгидек машҳур бўлиб қолаверади, деб айтиш мушкул. Чунки бу каби сайтларни қўллаб-қувватловчи технологиялар кун сайин ўзгариб, янгиланиб бормоқда. 
 
Яна муваффақиятли янги лойиҳалар юзага келиб, олдинги лидерларни бозордан сиқиб чиқариши эҳтимоли жуда катта. 
 
Ижтимоий тармоқлар таснифи
 
Мавжуд ижтимоий тармоқларни уларнинг турларига қараб қуйидагича гуруҳлаштириш мумкин: 
 
- оммабоп ижтимоий тармоқлар (Facebook, MySpace, Vkontakte ва бошқ.);
 
- реал вақт режимида Интернет фойдаланувчилари ўртасида хабар алмашиш тармоқлари (Skype, ICQ, MSN Messenger ва бошқ.);
 
- бир нечта фойдаланувчиларнинг ўзаро боғланиб, реал вақт режимида мулоқотга киришишларига хизмат қилувчи Интернет-чатлар (суҳбат майдончалари);
 
- қизиқарли ва долзарб мавзуларни олиб чиқиб, уларни шарҳлаш ва муҳокама қилиш имкониятини берувчи Интернет-форумлар;
 
- айрим фойдаланувчиларнинг шахсий онлайн-журналларини ташкил этувчи Веб-блоглар;
 
- ташриф буюрувчилар томонидан тўлдириб борилиши ва таҳрир қилиниши мумкин бўлган порталлар, яъни Вики-справочниклар (Wikipedia);
 
- шахсий видео материалларни бепул асосда жойлаштириб бориш имкониятини берувчи Интернет-хостлар (YouTube).
 
2018 йилги статистик маълумотларга кўра, ўзининг 14 ёшини қаршилаган Facebook дунёда энг машҳур ижтимоий тармоқ даражасида қолмоқда. Бу ерда рўйхатдан ўтганлар сони 2 млрд. кишидан ортди. 
 
Ундан кейинги ўринларни эса Twitter, Instagram, LinkedIn, Google+, Pinterest, Snapchat, YouTube, Reddit, WhatsApp, Flickr, Weibo эгаллаган.
 
Миллий ОАВ ижтимоий тармоқларда фаоллашмоқда
 
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган қатор ОАВ томонидан юқоридаги машҳур ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Бугунги кунда мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар соҳадаги энг янги ва муҳим тенденциялардан ҳисобланади. 
 
Мисол учун, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида (uza.uz) Facebook, Twitter, RSS аудиториялари учун ҳам хабарлар бериб келмоқда. У шунингдек, уяли телефонлар учун мўлжалланган “мобил версия”дан ҳам унумли фойдаланяпти. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, айни пайтда ЎзА томонидан дунё мамлакатларига 7 тилда (рус, инглиз, француз, немис, испан, араб, хитой) янгиликлар узатилмоқда.
 
Айнан юқорида қайд этилган ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги (jahonnews.uz – рус, инглиз, араб тиллари) ҳам фаолият олиб боради. 
 
UzReport ахборот агентлиги тарқатаётган хабарлар билан (uzreport.com – рус, инглиз тиллари) Facebook, Twitter, RSS орқали бемалол танишиб бориш мумкин. 
 
Ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият юритувчи “Uzbekistan today” газетасининг Facebook, Twitter, Google plus, В контакте каби қатор оммабоп тармоқларга уланганлиги алоҳида эътиборга молик.
 
Шу маънода республикамиздаги даврий матбуот нашрларидан бири “Даракчи” газетасининг Facebook ижтимоий плагинига эга эканлигини қайд этиб ўтиш зарур.
 
Таъкидлаш керак, Ўзбекистондаги даврий нашрлардан ташқари ижтимоий тармоқларнинг ўзида ҳам жонажон Ватанимизни улуғловчи, унинг тарихи ва маданиятини севувчи кишиларни жамлаган ижтимоий гуруҳлар мавжудки, уларнинг ҳам жаҳон медиа маконида диёримиз обрўсини оширишга хизмат қилишлари шубҳасиз. Энг муҳими, бу каби ижтимоий гуруҳлар республикамиз аҳолиси, айниқса, ёшларни янада жипслаштириб, уларнинг орасида ҳар қандай ёвуз ниятли кишилар ғояларига ўрин қолдирмасликка ҳисса қўшди.
 
Бунга мисоллар талайгина. “Facebook” тармоғидаги 20 мингга яқин кишини жамлаган “I love Uzbekistan”, ўз вақтида 10 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган “I like Uzbekistan” ва 35 минг фойдаланувчини бирлаштирган “I love Tashkent” ҳамда бошқа қатор гуруҳларни санаб ўтиш мумкин.
 
Дарҳақиқат, дунёда ижтимоий тармоқларнинг салмоғи ортиб, фойдаланувчилар сони кун эмас, соат сайин кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айрим давлатларда улар тақиқлаб қўйилган бўлса-да, айнан ушбу тармоқларга дунёнинг кўпчилик мамлакатларида асосий ахборот манбайи сифатида қараладиган бўлди.
 
Табиийки, юқорида санаб ўтилган жаҳонга машҳур ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланиш яхши натижалар бериши шубҳасиз. Лекин, фикримизча, Ўзбекистондаги даврий босма нашрларнинг, таҳририятлар аъзоларининг, оддий журналистларнинг ана шу тармоқларга шунчаки, ихтиёрий ёки янги “урф-одатга кўра” уланишини бироз тартибга солиш вақти келди. Чунки улар айрим ҳолатларда текширилмаган хабарлар, янгиликларга муносабат билдириб, ўзлари ишлаб келаётган ОАВ нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқдалар.
 
ОАВ учун ижтимоий тармоқлар самарадорлигини ошириш мумкинми?
 
Хорижий экспертларнинг қайд этишларича, анъанавий ОАВ ва медиа компаниялари ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланишлари мумкин. 
 
Айрим ахборот ташкилотлари ижтимоий тармоқларда иш олиб бориш учун махсус мухбир ёки муҳаррирларни ишга жалб қилишади. Муҳими, бу борада ўйланмай қилинган ишлар ёки шошқалоқлик оқибатида ОАВнинг обрўсига путур етмаслиги керак. 
 
Жумладан, бу ҳақда Ҳиндистон Оммавий коммуникациялар институти (IIMC – Indian Institute of Mass Communications) профессори К.Шривастава “Ижтимоий тармоқларни бизнес ва давлат бошқарувидаги ўрни” (Srivastava K.M. Social media in business and governance. Sterling. New Delhi, India. 2013. P 153.) китобида алоҳида тўхталган.
 
Ушбу йўналишдаги ҳаракатларнинг барчаси таҳририят томонидан ички қоидалар, кодекслар ёки тавсиялар билан алоҳида белгилаб қўйилиши керак. Чунки газета ва журналлар, ахборот агентликлари, телевидение ва радио мухбирларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти маълум бир тартиб доирасида бўлгани маъқул. Уларнинг ижтимоий тармоқда қолдирган “пост”, “коммент” (муносабат, шарҳ)лари ҳар доим ҳам таҳририят сиёсатига, унинг мақсад ва вазифаларига тўғри келавермайди.
 
Ўйлаймизки, бу борада Ғарбдаги етакчи ОАВ томонидан қўлга киритилган айрим тажрибаларни республикамиз шароитида ҳам қўллаш мумкин. 
 
Мисол учун, Ассошиэйтед Пресс (АР), Франс пресс (FP), Би-Би-Си (BBC) таҳририятлари ўз ходимларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини аниқ қоидалар билан тартибга солиб қўйган.
 
2012 йилнинг июль ойида Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги томонидан қабул қилинган “АР ходимлари учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қоидалари”да белгиланганидек, ушбу агентликда меҳнат қилаётган ҳар қандай мухбир ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши мумкин. Лекин “у фундаментал қадриятларни ҳурмат қилиши даркор. Айни пайтда, айтайлик, ҳали охиригача аниқланмаган бирон-бир чигал хабарга доир шахсий муносабатини ёки фикрини тармоқ орқали билдира олмайди”.
 
Демак, ижтимоий тармоқларнинг мамлакат имижини шакллантиришдаги, яъни мустақил давлатимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқларни жаҳон медиа маконига кенг тарғиб қилишдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
 

 

ЎзА
Read 4792 times

Мақолалар

Top