Мақолалар

Неъматлар кушандаси 

Аллоҳ таоло инсон зотига кўп неъматларни ато этган. Булар: ислом, имон, ақл неъматларидир. Берилган неъматлар ҳаммаси инсон манфаати учун яратилган. Самовий динларнинг охиргиси,  Ислом одамларни барча шайтоний афъоллардан сақланишга, Аллоҳ томонидан амр қилинган фармонларни адо этишга, виждонли ва чиройли хулқ эгаси бўлишга, яшаб турган жамиятига манфаат келтирувчи, ватанига содиқ фарзанд бўлишга  даъват этиб келади.

Инсоннинг  асосий вазифаси яратгувчи яъни, Аллоҳга итоат ва ер юзини обод қилишдан иборат. Баъзи бир инсонлар берилган неъматлар қадрига етмай,  ўзларига юкланган вазифарларини ҳам унутмоқдалар. Динимизда одам фарзандига берилган ақл ва жон неъматларини асраш энг катта ва долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Агар  бандалар Аллоҳ таолонинг фарзлари ва пайғамбармизнинг(с.а.в) суннатларига риоя қилган ҳолда ҳаёт гузаронлик қилсалар икки дунё саодатига эришадилар. Лекин ҳозирги кунимизга қарасак,  жон ва ақл неъматига хиёнат қилаётган инсонлар анчагина. Гиёҳвандлик ҳам ушбу омонатларнинг заволига сабабчи бўлган омиллардан биридир. Ушбу хиёнат Аллоҳ таолонинг иродасига зид бўлган амаллар сирасига киради. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида барчани огоҳлантириб: "ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!"-деб марҳамат қилган. (Бақара, 195 оят). Шариатимиз томонидан ман қилинган, рухсат этилмаган ҳар қандай кўринишдаги гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ушбу оятга мос келади. Гиёҳванд моддалар ақл ва молни ҳалокатга олиб келувчи воситаларидандир. Ҳозирги замонамизга келиб, дунёнинг деярли барча жойларида тарқалиб улгурган бу офат кўпгина ёшларни, ҳаётга эндигина қадам ташлаб келаётган фарзандларимизни йўлдан урмоқда. Ҳаммамизга маълумки, Ислом таълимоти, гўзал шариатимиз инсон учун зарарли бўлган,  фойда келтирмайдиган, ақл ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддарни ҳаром деб таъкидлайди ва уларни истеъмол қилишдан қайтаради.

Пайғамбаримиз(с.а.в.): "Ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар" (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Ушбу машҳур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканлигига далолат қилади. Шу сабабли ҳам бу турдаги моддаларни истеъмоли шаръан ножоиз. Дунё тан олган олимлар ва юртимиздан чиққан буюк шахслар, инсон сиҳат-саломатлигига зарар қиладиган бу заҳри қотилни ҳаромлигига иттифоқ қилишган. Жумладан, ҳозирги замон табиб ва шифокорлари ҳам гиёҳвандликнинг зарарини тасдиқлашмоқда. Гиёҳванд одам нафақат ўзига балки яқинлари,  оила аъзолари ва бутун жамиятга зарар келтиради. Бу эса Исломга зид ва шариатга номуносибдир. Пайғамбар(с.а.в) "Исломда ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир"-деб марҳамат қилганлар. (Имом Ибн Можа ривояти). Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир.

Мутахасисларнинг фикрига кўра гиёҳвандлик моддаларини қабул қилган инсон ўртача 25 йил умр кўришлиги қайд этилган. Демак, мана шундай тинч ва осуда ватан, фаровон ҳаёт, соғлик ва саломатлик неъматларини асраш ҳаммамизни бурчимиз. Гиёҳвандлик барча неъматлар кушандаси. Бу каби иллатларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.


Р.КАМОЛОВ

 Бухоро шаҳар 

«Сайфиддин Бохарзий» жомеъ масжиди

 имом хатиби

Read 3799 times

Мақолалар

Top