Мақолалар

Янги уйлар – янги орзулар  (Иккинчи мақола)           

 

Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди”, деган нақл бор. Бу – рўзғор бутлиги, кўнгил хотиржамлиги ва фарзандлар камоли учун шахсий турар-жойнинг ўрни жуда муҳим эканига ишорадир.

Олимларнинг илмий хулосаси ҳам бунга ҳамоҳанглик касб этади. Уларга кўра, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омил саналади.

Бинобарин, бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда янги турар-жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур йўналишдаги ўзгаришлар инсонларнинг ҳаётдан розилиги ҳамда эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатяпти.

Шу билан бир пайтда Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижаларини ҳар томонлама таҳлили асносида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, жумладан, уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган инсонларни манзилли қўллаб-қувватлашга доир амалий ишларни тизимли йўлга қўйиш ва янада кучайтириш зарурлиги маълум бўлмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда Президентимиз ташаббуси билан уй-жойи йўқ, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилинди. Унга мувофиқ, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ана шундай тоифадаги аёлларимиз рўйхати шакллантирилди. Уларга давлат томонидан тикув машиналари совға қилиниб, хомашё билан тўлиқ таъминланмоқда. “Ўзпахтасаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятлари ҳамда бошқа бир қатор йирик корхона ва ташкилотлар тикувчилик маҳсулотлари бўйича буюртмаларини асосан ана шу касаначи аёлларга бермоқда. Эътиборлиси, касаначи хотин-қизларни шахсий уй-жой билан таъминлаш учун имтиёзли кредит асосида янги турар-жой сотиб олиш бўйича бошланғич бадал пули уларнинг банкда очилган ҳисоб рақамига бўнак сифатида бир йўла тўлаб берилмоқда. Ҳозирга қадар юзлаб аёллар ана шундай қулайлик туфайли ўз уйига эга бўлишга улгурди.

Шу борада давлатимиз раҳбари томонидан яна бир хайрли ташаббус илгари сурилдики, буни эзгулик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси дейишимиз мумкин. Бунга кўра ўз уйига эга бўлмаган, ночор аҳволда қолган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида уйлар ажратилиб, бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилмоқда. Энг аҳамиятлиси, мазкур эзгу ва савобли иш шахсан мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда ҳамда мутасадди идора ва ташкилотларга бу масалада тегишли кўрсатмалар берилди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида яратилган бундай янги тизим асосида жорий йилнинг ўзида уй-жойга муҳтож 1 минг 200 дан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқароларга арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Уларга ҳам касаначилик билан шуғулланиш учун тикув машиналари олиб берилди ва доимий даромад манбаи яратилди.

Президентимизнинг ўтган йили 1 декабрь куни имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларнинг уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ва моддий ёрдамни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилгани, барча даражадаги давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари корхоналари билан товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришга оид шартномалар тузиш амалиётини кенгайтиришни таъминлаш тавсия этилгани яратилган янги тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда муҳим амалий қадам бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бундай тоифадаги фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилдики, бу пировардида айни йўналишда салмоқли ўзгаришларга замин яратди.

“Одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”. Мамлакатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда яна бир бор таъкидлаб ўтган бу таъсирли сўзларнинг ҳаётий ифодасини биз бугун сўз юритаётган муҳим ижтимоий йўналиш мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Президентимиз маърузасида уй-жойга муҳтож 1200 дан ортиқ фуқарога уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлари тўлаб берилгани айтиб ўтилган бўлса, ҳозирга қадар уларнинг 423 таси янги уйларга кўчиб кирди. Жорий йил охирига қадар эса яна 784 оила уй тўйларини нишонлайди.

Ўтган йили биргина Бухоро вилоятида ана шундай 70 оиланинг бошланғич бадал пуллари тўлаб берилган бўлиб, уларнинг барчаси Янги йил байрамини янги уйларда кутиб олди. Хусусан, 16-17 декабрь кунлари Бухоро шаҳри, Бухоро, Ромитан, Ғиждувон, Жондор, Олот, Когон, Қоракўл, Вобкент, Пешкў, Шофиркон, Қоровулбозор туманларидаги 51 оила янги ва арзон уйларга кўчиб ўтгани, уларнинг ҳаётига янгича мазмун, қалбларига шоду хуррамлик бағишлади.

Ғиждувон туманининг “Позагари” маҳалла фуқаролар йиғинининг Ўзбакон аҳоли пункти ҳам байрам оғушига чулғанди. Бир оиланинг уйли-жойли, ватанли бўлиши унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборишига, айниқса, ўз уйи бўлишини йиллар давомида орзу қилган меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қалб кечинмаларидан ҳам билиш мумкин.

Тақдирнинг аччиқ қисмати ғиждувонлик иккинчи гуруҳ ногиронлари Дилноза Ҳамроева ва унинг турмуш ўртоғи Мухтор Давроновни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Боз устига улар икки фарзанди билан уч оила – 13 жонга қўшилиб, икки хонали ҳовлида иложсизликдан яшаб келаётган эди. Бу оила нажот истаб Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори ва ғамхўрлиги натижасида бу оилага уч хонали янги хонадон ажратилгач, уларнинг ҳаётида ҳам янги босқич бошланди. Уйнинг бошланғич бадал пули тўлаб берилди. Мебеллар, ошхона жиҳозлари ва маиший техникалар совға қилинди.

Бу оила янги уй-жойининг қолган пулларини ўзлари ишлаб тўлашига ишонади. Чунки улар касаначилик билан шуғулланиши ва уйда ўтирган ҳолда ишлаб, даромад топиши учун оила бекасига бепул тикув машинаси ҳадя қилинган.

Ғиждувонлик биринчи гуруҳ ногирони Абдужалил Бердиев ҳаёт гўзаллигини кўриш бахтидан бебаҳра бўлса-да, Президентимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлигини қалб кўзи билан теран кўриб-англаб турибди. Унинг аёли ва қизида ҳам ногиронлик мавжуд. Бунинг устига улар истиқомат қилган ҳовлида 4 оила 15 жон тиқилиб яшаб келаётган эди.

Президентимизнинг Халқ қабулхонасига уй-жой масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган Абдужалил Бердиев оиласининг ҳам неча йиллик орзу-армонлари бугун ушалди: давлатимиз бошланғич бадал пулини тўлаб берган уч хонали хонадон энди уларнинг ўз уйи, ўлан тўшаги.

Бухоро тумани Работак массивида жорий йилда 64 оила учун кўп қаватли 4 уй, яна икки сотихли 19 та арзон ҳовли-жойлар барпо қилинди. Улардан 36 оила янги хонадонларга кўчиб кирган кун Работак массиви ҳақиқий тўйхонага айланди. Бу уй тўйини работакликлар кўп йиллар давомида эслаб юриши табиий.

Янги уй-жойлар калитларини олаётган инсонлар қалбида кечаётган ҳис-туйғуларни эса сўз билан ифодалаш қийин.

Озарбайжонда туғилган Мақсуда Кароматова қисматнинг оғир синовларини матонат билан енгиб келмоқда. Кўзлари доим кулиб турадиган бу аёлнинг уч қизида ҳам кўриш қобилияти билан боғлиқ нуқсонлар бор. Уч қизи ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Ёлғиз она учун қизларини улғайтириш бир ташвиш бўлса, йиллар давомида ижарама-ижара юришнинг ўзи ниҳоятда катта азоб эди. Бугун Мақсуда опа икки хонали шинам хонадонга эга бўлиш билан унинг энг катта муаммоси ҳал бўлди.

Мирфайз ва Сурайё Тоҳировлар оиласи ҳам икки фарзанди билан уйсизликдан қийналиб юрган эди. Уларнинг иккиси ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Эр-хотин ўз фикри ва ҳис туйғуларини сўз билан айтиш имконидан маҳрум бўлса-да, қўл ҳаракатлари билан ифода этилаётган дил изҳорларида – ўз уйига эга бўлиш қувончини яққол сезиш мумкин. Қўшнилар янги уйларга кўчиб киргани билан бир-бирини қутламоқда. Ушбу ўзбекона гўзал қадриятда ҳам бир ҳақиқат мужассам: инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибати бир ўзанга қўшилса, катта, кучли ва албатта эзгу тўлқинга айланади.

Ҳар бир инсон ўз уйига эга бўлса, кўнглида хотиржамлик, ишида унум ва барака бўлади. Бугун ана шундай бахтга мушарраф бўлаётган юртдошларимиз сафи кундан кун кенгайиб бораётгани, янги уйлар қувончидан масрур инсонларнинг самимий суҳбатлари, янги ва замонавий қишлоқ кўчаларидаги файз-тароват бир ҳақиқатдан далолат беради: буюк ва муқаддас Ватанимизда инсон қадри барча нарсадан устун. Аслида ҳам ҳар бир инсоннинг орзулари ушалиши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида хизмат қилишдан улуғроқ мақсад борми!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси материаллари асосида

Дамин ЖУМАҚУЛ

 тайёрлади.

Read 4269 times

Мақолалар

Top