Мақолалар

Янги уйлар – янги орзулар  (Тўртинчи мақола)           

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳаётбахш ғояси бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучга айланиб, халқимиз ҳаётидаги улкан ўзгаришларга асос бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, айниқса, уй-жойи йўқ, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилингани бунинг яққол далилидир.

Мазкур тизим самарасида ўз уйига эга бўлмаган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида уйлар ажратилиб, бошланғич бадали давлатимиз томонидан тўлаб берилмоқда. Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам ана шундай инсонлардан бир гуруҳи янги уйларга кўчиб кирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур ўткир ижтимоий муаммонинг амалий ечимини кўрсатиб бергани замирида халқ дарди, инсонларнинг дарду ташвишлари билан ёнаётган беором ва бедор қалб туғёнлари, шиддатли бунёдкорлик кучи ва қуввати бўй кўрсатди.

Аҳолимизни, айниқса, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап. Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик...

Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир”.

Уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилингани самарасида ана шундай инсонларга тикув машиналари совға қилиниб, уларнинг ҳам ишлаб-даромад топиши, ҳам имтиёзли кредит асосида янги турар-жойга эга бўлиши учун ана шундай қулайликлар яратилмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат этамиз. Жиззах вилоятида 2017 йилда 831 нафар фуқарога намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар берилган бўлса, уларнинг 519 таси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга топширилди. Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига уй-жой масаласида мурожаат қилган ногиронлиги бўлган инсонларни имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш мақсадида бошланғич бадални тўлаб бериш учун 650 миллион сўм маблағ ажратилди.

Мирзачўллик Рустам Болибеков иккинчи гуруҳ ногирони. 3-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи Мавлуда Болқибоева ва 3 фарзанди билан таъмирталаб аҳволдаги ижара уйда яшаб келаётган эди. Президент Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг дастлаб унга бепул тикув машинаси берилиб, пахта тозалаш корхонасига касаначи сифатида ишга бириктирилди. Янги уй-жой учун 12,5 миллион сўм маблағ бошланғич бадал сифатида ўтказиб берилди ва оила қулайликларга эга бўлган икки хонали замонавий хонадонга кўчиб кирди.

Ирина Мишанованинг ота-онаси бир вақтлар чўлни ўзлаштириш учун бу заминга келиб, яшаб қолган. Бироқ улар 1975 йилдан бери чўлқуварлар учун вақтинча қурилган кулбада, айрим ҳолларда туман машина-трактор парки қоровулхонасида яшаб келган. Камига Ирина болаликдан ногирон: қийналиб ҳаракатланади, шу ҳолида ёлғиз ўғлини ўзи катта қилмоқда. Иринанинг ҳаётини тубдан яхшилаш учун аввал у касаначи сифатида иш билан таъминланди, Президентимиз ажратган маблағ ҳисобидан уй учун бошланғич бадал пули тўлаб берилди.

Ғаллаорол туманининг Олимлар маҳалласида яшовчи Дилфуза Тоирова саломатлиги ёмонлашгач, уч марта жарроҳлик амалиётини ўтказди. Тор ва таъмирталаб хонадонда яшаётган 7 жон – икки оиланинг топган-тутгани Дилфуза опани даволашга сарф бўлган. Ўз-ўзидан равшанки, бу оила учун янги уй олиш тугул, борини таъмирлаш ҳам ушалмас орзудек туюлар эди. давлатимиз раҳбари томонидан халқимизни ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларнинг қудратли тўлқини бу оила ҳаётида ҳам янги бир саҳифа очди.

Пахтакорлик Жамшид Пардаев айни навқирон ёшида автоҳалокатга йўлиқиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Бор даромади соғлигини тиклашга кетди. 2 хонали уйда 9 кишидан иборат икки оила сиқилиб яшаётгани боис унда ҳам алоҳида уй-жойга эҳтиёж бор эди. Бироқ қўли калта, ўзи бу аҳволда: осмон узоқ, ер қаттиқ. Агар Президентимиз асос солган янги тизим бўлмаганида, бу оила бошидаги оғир ташвишлар ёқимсиз бир тушдек ортда қолармиди?..

Пахтакор туманининг “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшаётган 1-гуруҳ ногирони Шуҳрат Жозилов педагогика институтида ўқиб, олий маълумотли бўлган. Унинг ота-онасида ҳам ногиронлик бор. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бу оиланинг ҳам уй-жойга эҳтиёжи бор эди. Уларни узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммо Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаатдан сўнг ечим топди.

Зарбдорлик 1-гуруҳ ногирони Бобомурод Хўжакелдиев қарийб 10 йилдирки, турли жойларда ижарада яшаб келаётган эди. Икки фарзанди вояга етаётган бу оиланинг барча ташвиши хонадон бекасининг зиммасида қолиб кетган эди. Президент эътибори туфайли Хўжакелдиевлар оиласининг ҳам уй-жой ва бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлди. Энди улар барча қулайлик ва шароитларга эга янги хонадон соҳиби.

Табиийки, уй эгалари кредитларнинг қолган қисмини тўлаб бориши учун уларга иш ўринлари керак. Бу борада Мирзачўл туманида хайрли лойиҳага қўл урилди: туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган тикувчилик корхонасида ногиронлиги бўлган 8 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Корхона ўқув курсида эса ана шундай аёлларга тикувчиликни ўргатиш йўлга қўйилди.

Жиззах шаҳри, Зилол маҳалласида яшовчи Икром Иномовни кўпчилик уста соатсоз деб билади. Аслида Икром ака бу ҳунарни анча йиллар олдин оғир хасталикдан қийналиб, политехника институтидаги ишини ташлашга мажбур бўлганида ўрганган. Ҳозир эса оиласи билан тадбиркорликни йўлга қўйган: новвойчилик ва мўъжаз иссиқхонадан келаётган даромад уни ҳам, оиласини ҳам бировнинг қўлига қарам қилиб қўймади. Инсон бор вужуди билан ҳаётга, ёруғликка интилса, ўз тақдирига ўзи таъсир қила олишини амалда исботлаётган Икром Иномов кўксида ярақлаб турган давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали унинг букилмас иродасидан ҳикоя қилаётгандек гўё.

Жиззах вилоятида ҳам давлат ва жамиятнинг алоҳида эътиборига муҳтож юртдошларимиз турмуш сифати ва ҳаёт даражасини яхшилаш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда ва давлатимиз раҳбарининг айни соҳадаги фармони ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга киришилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси материаллари асосида Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 3688 times

Мақолалар

Top