Мақолалар

Расулуллоҳ ойни иккига бўлдилар: буни кўрган император нима қилди?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қурилган Чераман масжиди ҳозирда Ҳиндистоннинг  Керала штати Кодунгалур шаҳрида жойлашган. Масжид кичик бўлса-да, бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  даврларида қурилгани қизиқдир. Масжид биноси 629 йилда қурилган бўлиб, баъзи сабабларга кўра бир неча марта таъмирланган.  Аммо баъзи жойлари ўзгаришсиз қолган. Тарихчиларнинг айтишларича, Кераланинг  биринчи ҳукмдори Чераман Перумал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бўлмиш ой  бўлиниши ҳодисасига бевосита гувоҳ бўлган.

اقْتَرَبَتِ السَّاعَةُ وَانشَقَّ الْقَمَرُ

Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди.

وَإِن يَرَوْا آيَةً يُعْرِضُوا وَيَقُولُوا سِحْرٌ مُّسْتَمِرٌّ

Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар (Қамар сураси 1-2 оят).

Чераман Перумал бу мўъжизани кўргандан кейин ўша вақтнинг астрономлари билан маслаҳат қилган. Астрономлар ой бўлиниш воқеасини ростлигини айтишган, аммо уни асли моҳиятини айтиб бера олишмаган. Бир неча ойдан сўнг Чераман Перумал сайёҳлар орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг яқинда кўрсатган мўъжизаларини хабарини эшитади. Шундан кейин ҳукмдор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан шахсан  учрашиш учун Макка шаҳрига жўнайди.

Олимлар айтишларича, Чераман Перумал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ислом динини қабул қилади ва Ҳиндистонда  масжид қуришни режалаштиради. Чераман Перумал тақдири ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни Ҳиндистонга келиб масжид қуриб, кейин яна Арабистонга қайтиб кетган деса, баъзилар у қайтиб  Ҳиндистонга бормаган. Доктор Хассан қайдномасида эса, қариндошларига мактуб ёзиб, масжид қуришларини васият қилган дейилади.

Ҳозирги кунда маҳаллий аҳоли орасида мусулмонлар йўқ. Шундай бўлса-да, масжид эшиклари барча учун очиқдир. Масжид ёнида кичик музей ташкил этилган, унда жоменинг 350 йил олдинги сурати ва бир қанча қадимий ашёлар сақланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Манба: komolon.uz

Read 3743 times

Мақолалар

Top