Мақолалар

Онага итоатда ибрат зот

Увайс Қараний ҳазратларининг ишқи шу қадар аланга олган эдики, ягона орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалланинг жамолини бир бора бўлса-да кўрмоқ эди. Шу ишқ ила кунлар ўтиб борар эди. Қалбидаги ишқ оташи куйдириши чидаб бўлмас даражага келган куни онасига:

– Онажон! Ижозат берсангиз, севикли Пайғамбаримизнинг муборак юзини кўриб келардим, Мадинага бориб зиёрат этардим, – деди.

Онаи зори узоқ вақт ўйланиб туриб:

– Фақат бир шарт билан рухсат бераман, Расулуллоҳни хонаи саодатларида зиёрат қиласан, бошқа ерда эмас, – деди.

Қараний ҳазратлари онажоним рухсат бердилар дея Мадинага қараб йўлга тушди. Бир неча кун йўл юриб Мадинага етиб келди. Суриштириб Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларини топиб борди. Хонаи саодатнинг эшигини қоқди. Ичкаридан Оиша онамиз:

– Ким у? – деб овоз берди.

– Мен Увайс Қаранийман, Яманнинг Қаран қишлоғидан. Расулуллоҳнинг зиёратига келдим, – деди.

Оиша онамиз:

– Расули акрам масжидга кетдилар. Ҳозир масжидга борсангиз, ўша ердан топасиз, – деди.

Увайс Қараний:

– Оҳ! – деди – кетишим керак, онажонимнинг изни шу ерга қадар эди.

Оиша онамиз ҳайрон бўлиб:

– Эй, Аллоҳнинг бандаси кимсиз ўзи? – деб сўради. 

– Отим Увайс. Яманнинг Қаран қишлоғиданман. Чўпонлик қиламан. Севикли Пайғамбаримизни зиёрат этиш учун онажонимдан шу ерга қадар рухсат олган эдим. Демак, зиёрат насиб этмабди, – дея ортига қайтиб кетди.

Расулуллоҳ масжиддан қайтганларидан сўнг:

– Ё Оиша, бу ерга Увайс (Вайсал) келдими? – деб сўрадилар. Саволига тасдиқ жавобини олгач,

– Унга мени бу дунёда кўриш насиб этмайди. Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилаётир, Онасига бўлган итоатининг даражасини ўлчаётир, – дедилар. 

Увайс Қараний онасининг олдига қайтиб келиб бўлиб ўтган воқеани чуқур уҳ тортиб сўзлаб берди.

Онаси унга:

– Сиқилма ўғлим, сиқилма. Сен мени мамнун этганинг каби Аллоҳ таоло сени мамнун этажак. Севикли Пайғамбаримизни ҳақиқий дунёда албатта кўрасан, – деди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 3446 times

Мақолалар

Top