Мақолалар

Қиёматда сўраладиган бебаҳо неъмат

Ёшлик – инсон ҳаётидаги энг муҳим давр ҳисобланади. Чунки бу вақт қувват, ғайрат, ҳаракатлар енгил ва аъзолар бақувват бўлган даврдир. Зеро, инсон қанчалик қариса қуввати шунчалик  заифлашиб боради.

Муқаддас ислом динимиз ҳам инсоннинг ёшлик даврига катта эътибор қаратган. Бу даврни улуғлаб, унинг муҳимлигини таъкидлаган хабарлар жуда кўп келган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу даврни ғанимат билиб уни зое кетказишдан эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Бунга қуйдаги ҳадис далил бўлади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қила туриб: Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касаликндан олдин соғлиқни, камбағаликдан олдин бойликни, машғуликдан олдин бўшликни, ўлимдан олдин тирикликни” дедилар. (Имом Ҳоким ўз мустадракларида ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ўлимдан олдин тирикликни ғанимат бил” деган гаплари ёшлик даврини ҳам ўз ичига олади, лекин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу даврни алоҳида таъкидлаб хослаб қўйдилар. Шундай экан, биз бу вақтни нима билан ўтказаётганимизга эътибор бериб, бепарво бўлмаслигимиз лозим бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одам боласиниг қадами Роббиснинг ҳузуридан беш нарса ҳақида сўралмагунича бир қадам ҳам силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида дедилар. 

Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши Қиёмат кунида ҳаёти ҳақида иккита савол билан сўралиши хақида хабар бердилар: биринчиси, ҳаёти хақида бошидан охиргача; иккинчиси,  хоссатан ёшлиги ҳақида. Агарда инсон умрининг ҳаммаси ҳақида сўралса, шунинг ичида ёшлиги ҳақида ҳам сўралади, лекин умрининг бу даврининг ҳисоб-китоби алоҳида бўлади.  Шунинг учун ҳам ёшларга бу даврнинг қанчалар муҳимлигини ҳис қилиб, Аллоҳ таоло қиёмат куни умрининг ҳаммасида қандай амал қилганини сўраши билан бирга ёшлигидаги амалларнинг ҳисоб-китобини алоҳида қилишини ёдида сақлаши керак бўлади. Чунки бу давр юқорида зикр қилиб ўтганимиздек аъзолар куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар енгил бўлган даврдир.

Юқорида айтиб ўтилган ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли илм ва ёшларнинг тарбияси билан шуғулланадиган кишиларга ёшларни тарбиясига катта эътибор беришга ундамоқдалар. Чунки ёшлар ҳар доим парваришга, меҳрга, тўғри йўлга бошловчига муҳтож бўладирлар.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар бу масалага жиддий эътибор берганлар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу агар ёшларни кўрсалар: “Расулуллоҳнинг васиятлари хуш келибсизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга сизларни мажлисларимизга қўшишга ва сизларга ҳадис ўргатишга васият қилганлар. Албатта, сизлар бизнинг халифаларимиздирсизлар ва биздан кейинги ҳадис аҳлисизлар” дер эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу агар ёшларнинг илм талаб қилаётганини кўрсалар шундай дер эдилар: “Ҳикматнинг бошланишлари, зулматнинг чироқлари, кийимлари жулдур, қалблари янги, қабилаларнинг райҳонлари хуш келибсизлар”.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ва саҳобаи киромлардан қилинган ривоятлардан билиб олишимиз мумкинки, ёшлик инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, биз ёшлар ҳаётимизни ислом таълимотлари билан безашимиз лозим бўлади. Бунинг учун эса биз салафи солиҳларнинг ёшларга берган насиҳатларини ўрганиб уларга қўлдан келганча амал қилишимиз керак.

Манбалар асосида

“Мирза Ғолиб” жоме масжиди

имом-хатиби

Муҳаммадхон Султонхонов

тайёрлади.

 

Read 4376 times

Мақолалар

Top