Мақолалар

Аёлнинг маҳрамлари

Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари, ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларнинг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл  остиларидаги (чўри)лар, ёки аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган ёш болалардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! Яна яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят).

Ислом умматининг бахт-саодатга эришиши учун барча нарсани батафсил баён этиб берган Қуръони карим аёллар зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган умр йўлдошидан ташқари маҳрам эркакларни умумий ҳукмдан истисно тарзда бирма-бир баён этган. Бунинг ҳикмати оятда зикр қилинган эркаклар билан аёлнинг доимий муомалада бўлиш заруратидир. Бу зикр қилинган эркаклар аёл ила қариндошлик риштаси билан боғлиқ ва фитнага ўрин йўқ. Демак, аёлнинг маҳрамлари билан танишиб чиқамиз.

  1. Эр. Эр хотиннинг барча жойига, бутун вужудига қараши мумкин. Яна оятда истисно этилган аъзодан ташқари барча аъзолардан манфаатланиши мумкин;
  2. Ота ва боболар. Аёлнинг ота ва она томонидан оталари;
  3. Эрнинг отаси (қайнотаси);
  4. Аёлнинг ўз ўғиллари, эрнинг ўғиллари (ўгай ўғиллари) ва набиралари;
  5. Аёлнинг қариндоши (ак-ука,опа-сингил)лари. Хоҳ ота-онаси бир, хоҳ фақат она, ёки ота бир қариндоши бўлсин, фарқи йўқ;
  6. Қариндош(ака-ука, опа-сингил)ларининг ўғиллари;

Санаб ўтилганларнинг барчаси аёлга маҳрам ҳисобланади. Булар олдида зийнатларини очиш мубоҳдир. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда амаки ва тоғаларига оид ҳукмни баён этмаган. Фиқҳ илми олимларнинг фикрига кўра, амаки ва тоғаларнинг ҳукмлари ҳам маҳрамият эътиборидан яқинлик даражалари саналган кишилар билан бирдир. Амаки ва тоғалар ота ҳукмида бўлгани учун оятда алоҳида саналмаган. Оятда айтиб ўтилган қариндош эркаклар аёлнинг маҳрами бўлгани каби эмикдош (бир онанинг сутидан озиқланган) ака-укалар ҳам аёлнинг маҳрамлари ҳисобланади.

Шу ўринда зийнат ва зийнат ўринларини билиб олишимиз шарт. Зийнат икки хил бўлади. Бири халқий (яратилишдан) бўлган зийнат, иккинчиси эса эришилган зийнат. Тананинг аъзолари халқий зийнатдир. Эришилган зийнат эса, кийилган гўзал либос, тақинчоқлар, кўзга сурилган сурма, қўлга қўйилган хинага ўхшаш нарсалардир. Зийнат ўринларига аёлнинг бўйни, қўл ва билаклари ҳамда оёғи киради. Аёлнинг маҳрамлари мана шу зийнат ўринларини кўришлари мубоҳ саналади. Маҳрамлардан ташқари бегона эркаклар юз ва қўлларидан бошқа ўринларни кўриши ҳаромдир. Юз ва қўлнинг аврат эмаслигини айтадиган олимлар у иккисида ҳеч бир зийнат ашёси бўлмаслигини ва буларнинг очилиши фитнага сабаб бўлмаслигини шарт қилиб қўядилар.

Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оятдаги зийнатнинг зикр этилишидан ҳикмат – зийнат жойларини беркитиш зарурлигини ифода этишдир. Чунки Аллоҳ таоло “Зийнатларини кўрсатмасинлар” дея буюрар экан, аслида зийнат жойларини ирода қилган, яъни мақсад қилиб қўйган. Чунки тақилмаган зийнатларни кўриш ҳаром эмас. Бу жиҳатдан зийнатларнинг тақиқланишига зарурат йўқ. Демак, аслида тақиқланадигани – зеб-зийнат буюмлари тақиладиган жойлардир”.

Уламолар “ҳали аёлларнинг яширин жойларидан хабардор бўлмаган болалар” ояти ҳақида турли фикрларни айтганлар: Бу оятда балоғатга етмаган болалар назарда тутилган; ёшлиги туфайли аёлнинг махфий бўлмаган жойларини фарқлай олмайдиган болалар. Булар ўн ёшга етмаган бўлишлари керак. Агар бола балоғатга етмаган бўлса ҳам аёлнинг махфий жойларини  тушунса, аёллар бундай болалар олдида зийнатларини кўрсатмаганлари маъқул.

 Манбалар асосида “Мирза Ғолиб” жоме масжиди имом ноиби Қ. Салимов
тайёрлади.

Read 14851 times

Мақолалар

Top