Динимиз қайтарган гуноҳларнинг ортида албатта бир зиён бор. Ғийбат қилишдан қайтариқ ҳақида келган хабарларда қуйидаги зарарлардан огоҳ этиш бор:
- Дуонинг қабул бўлмаслиги. Кўп ғийбат қилувчи ўзининг бу ишига камдан кам ҳолда афсус-надомат қилади. Бардавом гуноҳ қилиб, унга афсусланмайдиган киши эса Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра бўлади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлмайди.
- Яхшиликларнинг қабул бўлмаслиги.
- Амаллар китобидаги яхшиликлар сони камайиб кетиши.
- Амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.
Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда учта офат бор. (Улар шуки): У (ғийбатчи)нинг дуоси ижобат қилинмайди. Яхшиликлари қабул бўлмайди. Ёмонликлари кўпайиб кетади».
- Ҳисоб-китобнинг қаттиқ бўлиши.
- Қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиши.
- Қиёмат кунида ўз гўштини ейиши.
Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож воқеасини баён қила туриб, шундай дедилар: “Меърожга чиққанимда бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг ёнбошларидан гўштлари кесиб олиниб, оғизларига солинар ва: “Биродарларинг гўштларидан еганингиз учун буни енглар”, деб айтилар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” − дедим, Жаброил: “Булар умматингизнинг ҳаммоз ва ламмозлари, яъни ғийбатчилари”, дедилар”.
- Жаннатга ҳаммадан кейин ва жаҳаннамга ҳаммадан илгари кириши.
- Ишонч ва эътиборнинг қолмаслиги.
Аллоҳ таоло бир айбимиз сабабли, шунча зарар кўриб қолишдан асрасин!
“Ғийбат ўзи нима” китобидан.