Мақолалар

Қуръонни тадаббур билан тиловат қилинг

Рамазон Қуръон ойи, бу ойда Қуръон нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр, 1). 

Қуръони каримнинг ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжизадир. Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазон ойида Қуръони каримни кўп тиловат қилиб уни такрорлар эдилар. Умматларига бу борада ҳам аввало ўзлари амалий ўрнак бўлганлар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саҳийси эдилар. У зотнинг энг саҳийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръондан дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) яхшиликда шамолдан ҳам саҳий бўлиб кетар эдилар».

Мўминлар Қуръон тиловат қилар эканлар унинг оятлари борасида тафаккур юритиб, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олишлари лозим. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қачон Қуръон тиловат қилсалар уни тартил билан тиловат қилиб, унинг ҳар бир оятини тадаббур этар эдилар. Тафаккур ила ўқилган суралар Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сочларини оқартириб, ҳатто, у зот (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)ни қаритган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам), сочингизга оқ тушибдими?” деб сўради. Шунда у зот: “Менинг сочимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ ва Таквир (суралари) оқартирди”, дедилар” (Термизий, Ҳоким, Байҳақий ва Абу Яъло ривояти).

Ҳуд сурасининг икки ояти Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сочларини оқартирган оятлардан ҳисобланади. Имом Байҳақий ўзининг «Шуаб ал–имон» номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим, деди.

Шунда, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳа шундай, деб жавоб бердилар.

Ё, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳоли-ми сизнинг сочингизни оқартирди.

Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги  Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! ояти сочимни оқартирди, дедилар.

Шу боис, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар. Бундан ташқари саҳобаларни ҳам доимо тўғри бўлишга тарғиб этар эдилар.

Суфён Сақафий (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Менга Исломдан  шундай бир сўз айтингки, Сиздан кейин у ҳақда ҳеч кимдан сўрамайин” деганларида Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга имон келтирдим, дегин-у, сўнгра тўғри бўлгин!” – деганлар.

Рамазонда Қуръонни кўп тиловат қилишлик бизни Аллоҳга яқин қилади. Қуръонни ўқиш қанчалик савобли бўлса, уни тинглаш ҳам шунчалик савобли амаллардандир. Шундай экан, Рамазон ойида, унинг тунларидаги таровиҳ намозларида Қуръонга мухлис бўлиб, уни тиловат қилганимизда ҳам тинглаганимизда ҳам тадаббур қилайлик.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 4879 times

Мақолалар

Top