Мақолалар

Устозни тўғри танлаш

Ҳаммод ибн Зайднинг шундай деганини ривоят қилади: “Биз Анас ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ касал бўлганида кщргани бордик. У киши: “Эй ёшлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва ҳадисни (илмни) кимдан олаётганингизга қаранглар, албатта у (ҳадис ва илм)лар сизларининг динингиздир”, дедилар”.

Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ ёшларга ҳаётида керак бўладиган жуда муҳим насиҳатни бермоқдалар. Илм ўрганмоқчи бўлган ёш йигитлар илмда пухта ва собит қадам бўлган, ўз илмига амал қиладиган, тақводор, нафсини жиловлаган катта аҳли илмлардан дарс олишлари керак бўлади. Зеро илмни ҳар кимдан олиш залолатга қўйилган биринчи қадамдир.  

Толиби илмлар яна шуни билишлари керак бўладики, агар устоз хато қилса, бу хатода ҳам бир ҳикмат бор деб қабул қилсинлар, зеро, устознинг хатосининг топишлик муаллимга бўлган энг катта беадабликдир. Агарда шу хатодан кўнгиллари тўлмаётган бўлса ўша жойини қайтадан одоб билан сўраб олсинлар.

Ибн Шавзаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бир ёш йигит агар уни суннат амалларни бажаришга мажбурлайдиган бирон бир аҳли суннат билан дўстлашса Аллоҳ унга катта неъмат ато этибди”.

Ҳозирда қўп ёш йигитлар бирор ишга мажбурлансалар, айниқса, устозлари китоб ўқишга ёки бир яхши амалга буюрсалар ёшлари кичик бўлиб оқ билан қорани ажратолмаганликлари учунми ёки кибрлари сабабми улар бу нарсани  қабул қила олмайдилар. Лекин ўз нафсини енгиб устозига сўзсиз итоат қилганлар албатта муваффақиятга эришадилар.

Амр ибн Қайс Малоий раҳимаҳуллоҳ: “Агар сен бир ёш болани аҳли сунна вал-жамоа билан ўсаётганини кўрсанг ундан бир яхшилик чиқишини умид қилавер. Агар сен уни аҳли бидъат билан бирга юрганини кўрсанг ундан бир яхшилик чиқишидан умидингни узавер”, дедилар.

Яна шу кишидан ривоят қилинади: “Албатта ёш бола ўсиб, улғаяди. Агар бир йигит аҳли илмларнинг мажлисига интиляптими у нажот топибди. Агарда у бошқа йўлга моил бўлса у ҳалок бўлибди”, дедилар.

Ҳа азизлар, нажот топиш фақат илм билан бўлади. Зеро, илмсиз қилинган ибодатнинг, устозсиз ўрганилган илмнинг фойдаси йўқдир.

Манбалар асосида Мирза Ғолиб” жоме масжид имом хатиби
Муҳаммадхон Султонхонов тайёрлади
.

 

манба: nasihat.uz

Read 3177 times

Мақолалар

Top