Мақолалар

Исломхўжа — Хива хонлиги бош вазири

Исломхўжа - (1872-1913 9 август, Хива) — Хива хонлигининг бош вазири бўлиб, Хоразмда жадидчилик ҳаракати ўнг оқими раҳбарларидан бири эди.

Исломхўжа Муҳаммад Раҳимхон II ва Асфарндиёрхон ҳукмронлиги даврида Хива хонлиги делегацияси таркибида Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бир неча марта бўлган (1907—12).

Унинг ташаббуси билан Хива ва бошқа шаҳарларда Исломхўжа мадрасаси ва минораси, Нуруллабой қишки саройи, касалхона, электростанция, пахта тозалаш заводи, аптека, почта, телеграф кабилар қурилди.

Бундан ташқари 1910-1913 йиллар оралиғида Исломхўжанинг ташаббуси ва маблағи ҳисобига Хивадан ташқари Янги Урганч, Шовот, Гурлан, Қўнғирот, Қўшкўпир ва Мўйноқ шаҳарларида ҳам жадид мактаблари ташкил этилади. Хивадаги мактаб эса тамомила замонавий кўринишда бунёд этилган эди. Янги Урганчда эса Исломхўжа ўғил ва қиз болалар учун алоҳида жадид мактаблари очиб, уларга 60 дан ортиқ ўғил-қизлар қабул этилади.

Исломхўжа бош вазир бўлиш билан бирга хорижий давлатлар билан бўладиган алоқаларни ҳам бошқарган.

Хонликни идора этишдаги хизматлари учун "вазири акбар" унвони билан тақдирланган.

Исломхўжа тараққийпарвар ва маърифатпарвар инсон эди.

1910 йилда у хонликда ислоҳот ўтказиш тўғрисидаги фармонни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Суғорма деҳқончиликка асосланган Хоразмда деҳқонларнинг аҳволини енгиллатиш учун ер солиғини камайтиришга ҳаракат қилди.

Ёш ҳиваликлар партиясининг асосчиси Полвонниёз Юсуповнинг ёзишича, Исломхўжа тараққийпарварлик ғоялари учун ўз куёви, Хива хони Асфандиёрхоннинг буйруғи билан 1913 йилнинг 9 августида ваҳшиёна ўлдирилган.

uz.wikipedia.org ва www.e-tarix.uz материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 6398 times

Мақолалар

Top