muslim.uz
Саудияликлар 147 ёшга кирган отахоннинг жанозасини ўқишди
Ал-Арабия ахборот агентлигининг ҳабар беришича, Саудия Арабистони Подшоҳлиги фуқароси, тахминларга кўра ҳатто дунёнинг энг ёши улуғ инсони ҳисобланган Шайх Али аль-Алакми 147 ёшида вафот этди. Марҳум отахон мамлакатнинг жануби-ғарбидаги Абҳо шаҳрида, яқинлари қуршовида ҳаётдан кўз юмди. Яқин қариндошларининг айтишига қараганда, бир ярим асрни қоралаган бўлишига қарамай Али ал-Алакмининг хотираси жуда яхши сақланган бўлиб, усмонийлар, британияликлар даври ва хусусан Саудия Арабистонининг давлат сифатида шаклланиш пайтини яхши эслаб, Қирол Абдул Азиз ал-Сауд билан шаҳсан мулоқотда бўлиб турганини ҳам осон хотирлаб ҳикоя қилиб берар эди. Узоқ умр кўришига эса ўзи етиштирган асал, гўшт ва буғдой маҳсулотларини истеъмол қилиши сабаб бўлган, деб тахмин қилар эди нуроний отахон.
Алишер Саттаров тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Омонатдорлик – инсон зийнати
Омонат хоҳ мол, хоҳ бошқа нарса бўлсин, инсонларнинг омонат учун берилган нарсаларини ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам омонат бобида ҳам барча умматларига ўрнак эдилар.
У зот: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:
«Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз омонат қўйилган киши омонатни адо қилсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин!» (Бақара, 283).
Баъзилар сизга ишонгани ва сиз ҳақингизда яхши ўйда бўлгани учун ўз ҳақини бериб қўяётганида гувоҳ чақирмайди, сиздан васиқа-ишонч қоғози олмайди. Бу кишининг ҳаққига риоя этишингиз ва унга хиёнат қилиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишингиз лозим.
Агар бир киши сизга қарз берса ва у сизга ишонса, гувоҳ чақирмаса, қарзни ёзмаса бу омонатни мазкур оятдаги омонат деб билинг: «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз» яъни агар унга молини қарз ёки шунга ўхшаш бирон нарсани омонат қўядиган бўлса, омонатдор бу омонатни ўз эгасига саломат етказсин. У қуйидаги оятда ҳам зикр қилинган:
“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир” (Нисо, 58).
Ривоятларга кўра, ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба калитини Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳудан олганларида нозил этилган. Каъбанинг ҳижобати (каъба пўшини янгилаб туриш) Бани Абдуддор қўлида эди. Усмон ибн Талҳа мана шу қабиладан эди. Макка фатҳ этилганида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмондан калитни талаб қилдилар. Усмон «омонатгами» деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа» деб жавоб бердилар. Калит Расулуллоҳ қўлларига ўтгач Аббос: «Уни менга беринг. Токи сиқоят ҳам садонат (ҳожиларга сув-овқат бериш) ҳам менда бўлсин», деб уни пайғамбаримиздан ўзига беришларини сўради. Шунда Аллоҳ юқоридаги ояти каримани нозил қилди. Чунки, Расулуллоҳ алайҳиссалом калитни Бани Абдуддордан омонатга олган эдилар. Аллоҳ таоло бу омонатни эгасига қайтариб беришни буюрди. Чунки, Бани Абдуддор Каъба садонати ва ҳижобатига бошқалардан кўра ҳақлироқ эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга омонатни қайтардилар, Оят гарчи мана шу ҳодисага хос тушган бўлса-да у барча омонатга доир масалаларга умумийдир. Чунки хусусий сабаб эмас, лафзнинг умумий экани эътиборга олинади. Ҳарҳолда инсонлар ўртасидаги нарсаларда омонатлар кўп. Бунга сир-асрорлар, молу давлат ҳам киради.
Юқорида таъкидлаганимиздек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам омонат бобида барча умматларига ўрнак эдилар. Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолга етишдилар. Омонатга хиёнат қилмасдан, уни чиройли адо этишнинг уддасидан чиқиш бу – жуда улуғ фазилат. Омонатдор бўлиш, кишиларнинг ишончини оқлаш нақадар қийин иш бўлганидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлиш ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд. Аввало, ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ва Пайғамбари ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари барча бандаларнинг бир-биридаги омонатга хиёнат қилмасликдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки;
“Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.
Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкул муаммолар вужудга келади.
Масалан, бировнинг шаънига айтилган нотўғри сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, унинг зиддига нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – айни хиёнат ҳисобланади.
Давлат томонидан ўзига ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва меҳнатсиз даромад орттириш мақсадида баъзи раҳбар ҳамда ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суиистеъмолга ўтадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳам масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам ҳақчил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад қилиш, порахўрлик, масъулиятсизлик каби ижтимоий иллатларга қарши чора-тадбирларни кучайтирмоқда. Зеро, динимиз таълимотида ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий манъ қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Инсон ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб топган ҳалол ризқу рўзига қаноат қилиб, яшаб борса, айни муддао бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
“Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун, 8).
Зиёуддин Аймуҳаммедов,
Оқ олтин туманидаги «Ҳожи Шайхуддин хўжа» жомеъ масжиди имом-хатиби
Ватан ҳимояси - улуғ масъулият
Ватан бу – инсоннинг ўзи яшаб турган, авлод ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой бўлиб, унга инсоннинг оиласи, туғилиб ўсган маҳалласи, вояга етган шаҳар ёки қишлоғи, унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи мамлакат киради. Ватан бу – бир заминда яшаётган инсонларнинг миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчади.
Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда, Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деганлар. Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”.
“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, - деган экан мутафаккирлардан бири.
Келтирилган оят, ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, уни ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайди, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.
Кимнингдир Ватани чиройли, табиати гўзал ва сўлим, мўътадил ҳароратли бўлса, кимлардир тап-тақир саҳро, доимий қаҳратон совуқ ёки жазирама иссиқ бўлган жойларни ўзларига Ватан билишади. Лекин шунга қарамасдан уларнинг барчаси ўз Ватанини севадики, бу инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ҳар бир ўзлигини англаган инсон ватанда яшар экан ўзини ҳузур-ҳаловатда, ундан узоқ бўлинганда соғинчда ҳис қилади.
Ватанга садоқат, унинг хавфсизлиги ва равнақи йўлида хизмат қилиш ватанпарварлик дея улуғланиб келинган бўлса, ўз нафсига қул бўлиб ватанига хоинлик қилиш эса ватанфурушлик дея қораланиб келган. Тарих ўз ватанига садоқат кўрсатган, ғанимни зир титратган, бу йўлда барча нарсасидан, хатто ширин жонидан вос кечган жасур, мард қаҳромонлар билан биргаликда, ўз тинчлигини, арзимаган моддий манфаат ёки вақтинчалик мансабни кўзлаб ўзининг Ватанини сотган хоинлар билан тўладир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ёшларимизга тарихни чуқур ўргатишга катта эътибор берилмоқдаки, ёшларимиз бундан ибрат олсинлар ва ўз Ватанларига садоқатли фарзанд бўлсинлар.
Энди Ватан ҳимояси деган тушунчага келадиган бўлсак, бу фақатгина ҳарбий соҳа фаолияти билангина амалга оширилмайди. Чунки бугунги кунда шундай услублар вужудга келганки, маълум бир ҳудудда уруш ва жанжалларни келтириб чиқариш, инсонларни бир-бирларига душман қилиб қўйиш, бойликларини талон-тарож қилиш оддийгина бир интернет тармоғи орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлган ҳолатга келиб қолди. Бугунги глобаллашув жараёнлари шиддат биланг ўсиб бораётган, ахборот урушлари олиб борилаётган таҳликали замонда яшар эканмиз, Ватанимиз хавфсизлигига ҳеч биримизнинг бефарқ бўлмаслигимиз, ёт ғоялар таъсирига берилмаслигимиз, ёвуз ва манфур тоифаларнинг фитналарига алданмаслигимиз олдимизда турган энг долзарб вазифалардандир.
Жамиятнинг соғлом ва барқарорлиги унинг ҳар бир аъзоси ўзига белгиланган вазифа ва бурчларни сидқидилдан, тўла тўкис ва ўз вақтида амалга ошириб боришидадир. Ёшлар чуқур билимга эга бўлган ҳар томонлама етук қадрлар бўлиб етишса, таълим соҳаси вакиллари юрт келажаги бўлган ёшларни ўзларидан-да яхшироқ бўлган мутахассислар қилиб етиштирса, тиббиёт соҳаси вакиллари халқимизнинг саломатлигини таъминлаб берса, деҳқонларимиз дастурхонларимизни нозу-неъматларга тўлдирса, уста-ҳунармандларимиз ўз ишлари билан жаҳон аҳлини лол қолдирса, меъморларимиз кўркам ва барҳаёт бинолар барпо этса, муҳандислар янгидан-янги кашфиётлар қилса, ҳарбийларимиз Ватанни ташқи душмандан, ички фитналардан ҳимоя қилса, диндорларимиз халқни маънавий камолат сари етакласа бундай жамият барқарор, юрт тинч, халқ фаровон, давлат мустаҳкам бўлади.
Тарихимизга назар ташлайдиган бўлган, юртимиздан кўплаб олим, буюк инсонлар, қаҳрамонлар етишиб чиққанки, уларнинг Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида қилиб кетган меҳнатларидан халқимиз бугунги кунгача ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Мисол қилиб оладиган бўлсак, Имом Бухорий ҳазратларининг сермаҳсул ижодларидан бугунги кунда бутун дунёда унумли фойдаланиш билан биргаликда, у кишининг ҳурмати юзасидан юртимизни доимо ҳурмат ва эъзоз қилиб келишади. У кишининг ҳоки пойларни зиёрат қилиш учун дунёнинг қайси бир чеккаларидан келишади. Амир Темур қурдирган масжиду мадрасаларни айтасизми, Алишер Навоий ғазалларини айтасизми, Абу Али ибн Синонинг табибликларини айтасизми, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғонийларнинг кашфиётларини айтасизми, Яссавий ҳикматлари, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, Замахшарий қолдирган бебаҳо меросларини, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Куброларнинг жасоратларини айтасизми буларнинг барчалари ўз Ватанлари ва миллатларига беқиёс хизмат қилиб кетган бизнинг аждодларимиз ҳисобланадики, уларга муносиб авлод бўлмоқ бизнинг асосий бурчимиздир.
Донишмандлар айтишган: Тўрт нарса сотилмайди: инсоннинг дини, иймони, танаси ва Ватани. Кимда ким ушбу қоидага риоя қилмас экан, у инсонийлик чегарасидан чиққан ҳисобланади. Алихонтўра Соғуний ҳазратлари “Биздан эмасдурлар Ватанни севмаганлар” деб бежизга айтмаганлар, чунки яқин ўтмишимизда Ватанимизни ёв қўлига ўтиши, халқимизга қул муомаласи қилинишининг асосий сабаби Ватанига, динига хоинлик қилиш, ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашиш, ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётдан орқада қолиш оқибатида бўлганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз ва бу хатони қайта такрорламаслигимиз зарур.
Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий ишлар бўйича мудир муовини О.Адилов
Ҳаё йўқолмасин дунёда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар.
Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.
Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.
Ёрмуҳаммад ЭШНАЗАРОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ватан тақдирига дахлдормиз
Бугунги кунда ер юзида умумий сони бир неча юзтадан иборат бўлган миллатлардан тортиб умумий миқдори бир неча юз миллионни ташкил этадиган 1600 дан ортиқ этник гуруҳлар яшайди.
«Дунёнинг ҳақиқий бойлиги, – деб таъкидлаган эди Ислом Каримов, қадриятларни ўзаро айирбошлаш, бир-бирини бойитиш имконияти ана шу хилма-хилликдадир. Аммо ҳозирги замоннинг ҳал қилиш мушкул бўлган муаммоларидан бири айнан шу масалага бориб тақалади. Жаҳонда яшаётган этносларнинг кўпчилиги ўз миллий давлатчилигига эга эмас. Дунё сиёсий харитасида атиги икки юзга яқин давлат борлиги ҳам бунинг далилидир".
Этник гуруҳларнинг давлат тузилмалари сонидан кўплиги аксарият мамлакатларга кўп миллатлилик хослигини кўрсатади Бу миллатлараро муносабатлар масалаларига алоҳида эътибор беришни талаб қилмоқда. Зеро, этник мансублик инсон ҳаётининг доимий йўлдоши, унинг ўзлигини англашга хизмат қилувчи ва кучли таъсир қувватига эга омиллардан бири ҳисобланади
Кўп миллатли Республикамиз учун бу ниҳоятда муҳим. Чунки, тенглик ва ўзаро ҳамкорлик ҳаётий-амалий сифат касб этган тақдирдагина фуқароларда, миллий мансублигидан катъи назар, Ватан тақдирига дахлдорлик, унинг бугуни ва эртаси порлоқ бўлиши йўлида ҳамжиҳат ҳаракат қилиш туйғуси камол топади. Бугун мамлакатимизда ана шундай сифатий ҳолат юзага келган экан, бу энг аввало, кишиларимиз онгу шуурида миллатлараро тотувлик ғояси устувор ва мустаҳкам мавқега эгалигининг натижасидир.
Миллатлараро тотувлик ғояси "Бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат килаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир.Бу ғоя - ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади".
Шу нуқтаи назардан қараганда, миллатлараро тотувлик масаласи бир ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимидан иккинчисига ўтиш жараёнида айниқса муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бундай пайтда сиёсатда тенглик ва адолат ғоясининг устуворлиги ҳамда амалда ўз ифодасини топиши, кўзланган мақсадларга эришишга замин яратади, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжаллар барча учун қадриятга айланади. Буни бозор муносабатларига асосланган, шахс салоҳияти, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни яратадиган фуқаролик жамияти қураётган Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларга ана шундай ёндашилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Натижада мустақиллик арафасида атайлаб юзага келтирилган этник кескинликлар бартараф қилиниб, ижтимоий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка мустаҳкам асос яратилди
Миллатлараро ҳамкорлик қарор топгани учун ҳам республикамиз жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш йўлидан дадил одимлаб бормоқда.
Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади. Республикамизда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда.
Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.
Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.
Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.
Шерзод ЖУМАНАЗАРОВ
Имом Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати