www.muslimuz

www.muslimuz

У ўзи ишлайдиган вазирликдаги уй-жой қурилиш жамиятидан озгина ерга эгалик қилар эди. Ота фарзандига ўша ерга уй қуриб беришга бел боғлаб, қурилиш ашёлари, уста ҳақларини беришни ўз зиммасига олди. Қурилиш бошланди. Бино кундан-кунга кўтарилиб, икки йил ичида бино тўла битказилди.

Ота иш бошида ўғил-қизлари вояга етиб, ўғиллари ишда ишлаб, қизлари турмушга чиқишгани, уйда кампири билан ёлғиз қолганлари сабаб, ўғли билан қурилажак янги уйда бирга яшашларини айтган эди.
Тўсатдан отанинг кампири вафот этди. Ота ёлғиз қолди.

Фарзанд янги уйга кўчиб ўтаркан, у билан бирга отаси ҳам кўчиб ўтди. Ота олтмиш ёшни қоралаган бўлиб, турли дардларга чалиниб, касбини давом эттиришга кучи етмай қолган эди.
Фарзанднинг бу қари бекорчи отаси билан бўлган муамоласида муаммолар кўрина бошланди. Бу муаммолар кундан-кунга катталашар, ҳатто бундай оилавий ҳаётга тоқат қилиб бўлмай қолган эди.
Қайнотаси улар билан бирга бир ҳовлида бўлиши келиннинг жонига теккан эди. У гоҳо қайнотасини унинг шахсий ишларига аралашишда айбласа, гоҳо унга хизмат қила олмаслигини айтар, бир сафар қайнотаси ҳавони булғаб, болаларига касал юқтиришлигини туҳмат қилса, бошқа сафар муомалани билмаслик, маданиятсизликда айблар эди.
Ахийри у вулқон каби портлаб, эрига деди: “Бу ҳовлида ё мен, ёки отанггиз туради, биттасини танланг!”.

Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Агар Аллоҳ сенинг дуойингни ижобат қилса, бу сенинг иймонингни зиёда қилади.

Агар Аллоҳ сенинг дуойинг ижобатини кечиктирса, бу сенинг сабрингни зиёда қилади.

Агар Аллоҳ сенинг дуойинг ижобатини охиратга захира қилиб қолдирса, бу сен учун энг хайрлисидир.

“Дурдона ҳикматлар”дан

*****

Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қила туриб, омонатни топшириш улкан бахт.

Эй Роббим, барчамизнинг хотимамизни чиройли қилгин!

*****

Саҳобалардан бири шундай деган: “Агар биз масжидга кирсак, дунё ишини поябзалларимиз билан бирга ташқарида қолдирардик”.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Саҳобаи киромлар билан бирга ўтиргим келди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Уҳуддан оғирроқ оёқларини силагим,

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни қучоқлагим,

Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга «Қуръондаги Фотиҳа сурасининг тафсирини айтиб беринг» дегим,

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг келишган бўйларини кўргим,

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юраклари устига юзимни босиб, хотиржам уришини эшитгим,

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг саховатли қўлларини юзимга босгим,

Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг азон айтишларини эшитгим келди.

Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин!

*****

«Қалбларнинг бузилиши олти нарсадан бўлади:

  1. Тавба қилиш умидида гуноҳ қиладилар.
  2. Илм оладилар, аммо унга амал қилмайдилар.
  3. Амал қилсалар, ихлос қилмайдилар.
  4. Аллоҳнинг ризқини ейдилар, аммо шукр қилмайдилар.
  5. Аллоҳнинг тақсим қилганига рози бўлмайдилар.
  6. Ўликларини кўмадилар, лекин ибрат олмайдилар».

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ

*****

- Келяпсизми, қаердасиз?

- 10 дақиқада етиб бораман (аслида у одам 1 соатлик узоқликда).

Бу ёлғон гап ва ваъдага хилоф қилишдир.

*****

Тишига кирган овқат қолдиғини тозалаш учун кичкина чўп (зубочистка)га эҳтиёжи тушадиган одам нимасига кеккаяди?!

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вівторок, 04 февраль 2020 00:00

Селфичиларга!

У қилаётган баъзи ишларини халқ билан бўлишгиси келарди.

Оиласи даврасида ўтирганда, фарзандларининг кундаликларида қандай баҳолари борлигини ҳаммага эълон қилгиси келарди.

Улфатлари билан ошхона, кафеларда ўтирганда, қандай таом еб ўтиргани, салатлари нималардан иборатлиги, салқин ичимликлари нималигини ҳаммага билдиргиси, кўрсатгиси келарди.

Кўчада юрганда ҳам ўзи гувоҳи бўлган бирор воқеани ўзи таҳлил қилиб, хулоса чиқариб қўявермасдан, тармоққа ёзиб, ундан ташқари ўша воқеада иштирок этганларнинг расмларини ҳам постига қўшиб жойларди. Расмни тарқатишни эгаларидан сўраш кераклиги, умуман, улар билан боғлиқ ҳодисани барчага ёйишни сўраб кўриш керакми-йўқми, ўйлаб ўтирмасди.

Оғайнилари билан дам олишга қорли тоғларга борар экан, иложи бўлса ҳар бир босган қадамини турли томонлардан суратга тушириб, тармоққа жойлашга,  умрида “қор кўрмаган саҳрои кабирликлар”га қалин қорни ғирчиллатиб босиб юрганини кўрсатгиси келарди.

У қорли тоғ бағрида ўзини гоҳ мутафаккирдек тутиб, ибратли постлар ёзар, гоҳ бўйдоққа айланиб, севги ҳақида шеърлар “битарди”.

Денгиз бўйига ўхшаш жойларда ўтирганча, “севги бобида омади келмаган ошиқдек” хаёлларга берилар, изтиробларини баён этиб, ўз расмини қўшиб постлар қолдирарди.

Баъзан шаҳарнинг аллақайси бурчагида жойлашган кафеда ким биландир “қиммат” қаҳва ичиб ўтирганини ва бу пайтда ҳам ўзини Истанбулдаги Босфор бўғози соҳилида ўтиргандек ҳис қилаётганини билдиришга уринарди.

Сафарга кетаётганини, аэропорт терминали деразасидан ташқарига нигоҳ ташлаб турганини, ватани соғинчи уни қийнаётганини сездиришга уриниб пост қўяр, постнинг устида эса ўзи турган жой номини киритиб қўярди.

Уйида чироқ ўчса, қора расмнинг устига “21-аср” деб ёзиб, тармоққа жойлар, чироқ ёнса, баъзан “Чироқ ёнди” деб пост қўяр, баъзида эса чироқ ёнганини айтмай қўя қоларди.

Айтяпманку, у қилаётган ишларининг баъзиларини халқ билан бўлишгиси, халққа илингиси келарди.

Биродар, китоб ўқиётганингиз, Масжидга кираётганингиз расмини қўйсангиз, агар қалбингизда риё қилишни кўзламаган бўлсангиз, бу икки турдаги расмингиз бошқаларга ибрат бўлади деб умид қиламиз. Аммо бошқа юмушларни расмга олиб тармоққа жойлайвериш масаласини ўйлаб кўрарсиз.

Ахир сиз қаҳва ичиш, тоққа бориш, улфатлар билан ош ейиш ва ҳоказо ишларни халқ учун эмас, ўзингиз учун қиласиз-ку! Қолаверса, бундай ишлар мақтанчоқликка айланиб кетиши хафви бор.

Ҳар биримиз вақтимиз, умримиз, пулларимизни нималарга сарф этаётганимиз, илмларимизга қанчалик амал қилаётганимизга эътибор берайлик!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда қиёмат куни тўрт нарса ҳақида сўралмасидан туриб оёғи ўрнидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, илмига қандай амал қилгани, мол-дунёсини қаердан топгани ва уни нимага харажат қилгани, жисмини нима учун фидо этгани».

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилгин!

 

Нозимжон Ҳошимжон

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган қисқа давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунгача дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.

Ана шу халқаро ҳамкорлик алоқаларининг самараси ўлароқ, жорий йил январь ойида Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг каталоглари ва бошқа манбалардан иборат юзга яқин китоблар тўпламини Марказга ҳадя қилди, дея хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати. Улар орасида дунё фондларида сақланаётган араб, турк, форс тилларидаги нодир қўлёзмалар, каталоглар, шунингдек, қўлёзмаларни таҳқиқ ва таҳрир қилишга оид асарлар, ислом илмига доир китоблар мавжуд.

Анжуманда Буюк Британиядан келтирилган каталогларнинг нодир қўлёзма манбааларни тадқиқ этишдаги аҳамияти, Марказнинг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишлари ва истиқболдаги режалари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, Марказ Туркиянинг нуфузли университетлари билан ҳам илмий ҳамкорликни амалга оширмоқда. Ҳар икки давлат ёш олимларининг ўзаро тажриба алмашиши йўлга қўйилиб, халқаро илмий-амалий семинарларда иштирок этиб келмоқда. Ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультети томонидан Марказга Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари тақдим этилди.

Тадбир доирасида мазкур китобларнинг ҳам тақдимоти ўтказилиб, иштирокчиларга яқиндан таништирилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни вақтда Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Мотуридийнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Понеділок, 03 февраль 2020 00:00

Ғаройиб жонзотлар: Кўзойнакли гага

 Кўзойнакли гага – ўрдаксимонлар оиласининг йирик вакили. Аляска ва Шимоли шарқий Сибирдаги денгиз соҳилларига ин қуради.

Бу гага катта боши, калта бўйни ва ханжар шаклидаги узун тумшуғи билан фарқланиб туради. Ўзининг икки турдоши – оддий гага ва гребенушка гагасидан фарқли равишда кўзойнакли гага бироз кичикроқ бўлиб, узунлиги 51-58 см, вазни 1630 граммни ташкил этади. Ранг жиҳатидан оддий гагаларга ўхшаб кетса-да, унинг усти оқ-қаймоқранг, қорин қисми эса қорамтир тусдадир. Шунингдек, бу гаганинг кўзи атрофида доғлар бор бўлиб, ана шу доғлар сабабли унинг кўзида кўзойнак бордек кўринади. Урғочисининг кўз атрофида эса оч жигарранг-қўнғир тусда доғлар бор. Эркак гаганинг пешонаси ва яноқлари яшил рангда, тумшуғи эса тўқ сариқ.

 Ёз фаслида эркак гаганинг ранги бир хил кулранг рангда бўлади. Ҳатто кўзойнаклари ҳам кулранг тусда товланади. Кўкраги жигарранг бўлади. Урғочиси эса доим майда чизиқли қизғиш-жигарранг тусда бўлади. Урғочиси деярли гребенушка гагаси билан ўхшаш бўлиб, фақат тумшуғи ва кўзойнаги унинг фарқли жиҳатларидир.

Кўзойнакли гаганинг тарқалган жойлари Россиянинг Арктика соҳиллари бўйлаб Колима ва Индигирка дарёларининг лабида, тундранинг тор чизиғида, мазкур дарёлар ҳавзалари оралиғида, шунингдек, Алясканинг Юкон делтасида жойлашган. Америкада Барроу бурнидан Бристол кўрфазигача бўлган ҳудудларда яшайди.

Қишда мазкур ҳудудларнинг қирғоқ сувлари муз билан қоплангани учун бу қушлар жанубга, Беринг денгизининг музламайдиган қисмларига кўчиб кетишади.

Бу қуш ботқоқларда, кўлмакларда, жуфтлашиш мавсуми бўлмаган кезларда очиқ денгиздаги муз бўлаклари четида вақт ўтказади.

Бошқа гагалар каби бу ҳам моллюскалар билан озиқланади ва бунинг учун денгиз тубига шўнғийди. Шунингдек, қисқичбақасимонлар, жуфтлашиш мавсумларида ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари, ўргимчаклар, баъзан ўсимлик ва илдизлар билан озиқланади.

Кўзойнакли гагалар ин қурадиган жойларга май-июн ойларида келишади, бу пайтда жуфтликлар аллақачон шаклланиб улгурган бўлади. Паст ботқоқли қирғоқлар ва кичик кўлларда жуфтлашадилар. Кейин тухум қўйиш учун жойни биргаликда аниқлайдилар. Жой топилгач, у ерни унча чуқур бўлмаган ҳолда қазиб, тахминан 4-5 дона тухум сиғадиган ҳолга келтирадилар. Урғочи гага тухум қўйгач, уларни кўкрак қисмидан ажратиб олган юнглар билан ўрайди. Агар тухумларга тулки, норка, чайка каби жонзотлар томонидан талофот етса, урғочи гага қайтадан тухум қўйишни бошлайди.

Жўжаларнинг усти жигарранг-кулранг, пастки қисми эса оқ рангда бўлади. Тухумдан чиққанидан сўнг кўп ўтмай онаси изидан сувга қараб йўл оладилар. Жўжалар ҳали уча олмайдилар. Бутун оила денгиздан узоқ, уяга яқин бўлган сув ҳавзасига борадилар. Жўжалар тухумдан чиққанидан сўнг 50-53 кун ўтгач, уларнинг қанотлари учишга тайёр бўлади ва улар денгиз сари учиб кетадилар.

Дунё бўйича кўзойнакли гага сони 330000-390000 тагача ошиб боради.

Азизлар, Аллоҳ таоло барча жонзотлар қаторида бу жониворни ҳам Ўзига маълум бўлган ҳикматга кўра яратгандир. Роббимиз бу қушни муайян муҳитга мослаб, бошқа қушларга ўхшамайдиган хусусият билан яратган. Бу хусусият ушбу қушнинг эркин ҳаёт кечиришига, ов қилишига, қишлашига, кўпайишига, ин қуришига хизмат қилади.

Бу қушнинг тумшуғининг усти ва бошининг орқа қисмидаги яшил ранг ўзига хос тарзда товланиб, мавсумга қараб ўзгариб туради. Кўзлари атрофидаги “кўзойнак” каби кўриниб турадиган чизиқлар ҳам уни бошқа қушлардан ажратиб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قَالَ فَمَن رَّبُّكُمَا يَا مُوسَى قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى

“У: “Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?” деди. У: “Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир”, деди” (Тоҳа сураси, 49-50-оятлар).

Роббимиз ҳар бир нарсани ўзига хос қилиб, маълум муҳитга мослаб ва ҳикмат билан яратган. Ҳар бир жонзотга керакли аъзолар, имкониятлар берган.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Мақолалар

Top