muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

П'ятниця, 10 ноябрь 2023 00:00

Меросхўрларнинг тартиби

Марҳум қолдирган мол унинг дафнига сарфланиб, қарз ва васиятлари ўталганидан сўнг, қолгани Қуръони карим, суннат ва умматнинг ижмосига биноан меросхўрларга қуйидаги тартибда тақсимланади:

1. Фарз эгалари. Меросга энг биринчи ҳақдор кишилар “фарз эгалари”, дейилади. Маййитдан қолган молнинг уларга қанча тегиши аниқ белгилаб қўйилган.

2. Асабаларга. Асабалар фарз эгалари бўлмаганда, тариканинг барчасини, фарз эгалари бўлганда, улардан ортганини оладиган ворислардир.

3. Вало эгаси. Яъни марҳумни қулликдан озод қилган шахс. Ҳадисда: “Вало (озод бўлганнинг мавлога тегадиган мероси) озод қилувчига тегади”, дейилган.

4. Завул-арҳом. Марҳумнинг қизининг фарзандлари, онасининг отаси, амма, тоға, холалар “завул-арҳом” дейилади.

5. Мавлал-мувалот. Насаби номаълум киши насаби маълум киши билан биродарлашиб: “Ўлсам, меросхўрим бўласан, жиноят қилсам, хунини тўлайсан”, дейди ва насаби маълум киши қабул қилдим деса, ўртада биродарлик собит бўлади.

6. Марҳум: “Менинг насабимдан”, деб иқрор бўлган шахс. Марҳум тириклигида ҳеч ким насл-насабини билмайдиган кишини “менинг акам” ёки “укам” деб бу иқроридан ўлгунича қайтмаса ва насаби номаълум шахс эса унинг гапини тасдиқ ҳам, инкор ҳам қилмаса, меросхўр бўлади. Яъни юқоридаги меросхўрлардан ҳеч ким бўлмаса, марҳумнинг моли мана шу кишига берилади.

7. Маййит ҳамма молини васият қилган киши. Маълумки, васият ҳамма молнинг учдан бирдан ортмаслиги керак. Агар кимгадир молининг ҳаммасини васият қилган бўлса ва шу ергача саналган меросхўрлар синфидан ҳеч ким бўлмаса, у ҳолда қолган мерос ўша кишига берилади.

8. Байтул-мол. Марҳумнинг бирорта меросхўри бўлмаса, унинг моли умуммусулмонлар манфаати учун у ерга берилади.

Тартиб бўйича аввал келганларидан ҳеч нарса қолмаса, кейингилари ҳеч нарса олмайдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг ҳам насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир” (Нисо сураси, 7-оят).

Эркак меросхўрлар: 1. Ўғил. 2. Ўғилнинг ўғли (қанча пастласа ҳам, яъни ўғил ўғлининг ўғли ва ҳ.). 3. Ота. 4. Отанинг отаси (қанча юқориласа ҳам, ота отасининг отаси ва ҳ.). 5. Туғишган ака-ука. 6. Ота бир ака-ука. 7. Она бир ака-ука 8. Туғишган ака-уканинг ўғли. 9. Ота бир ака-уканинг ўғли. 10. Туғишган амаки. 11. Ота бир амаки. 12. Туғишган амакининг ўғли. 13. Ота бир амакининг ўғли. 14. Эр. 15. Қулни озод қилган хожа.

Аёл меросхўрлар: 1. Қиз. 2. Ўғилнинг қизи (қанча пастласа ҳам, яъни, ўғил ўғлининг қизи ва ҳ.). 3. Она. 4. Онанинг онаси (қанча юқориласа ҳам, яъни она онасининг онаси ва ҳ.). 5. Отанинг онаси (қанча юқориласа ҳам, яъни ота, отасининг онаси ва ҳ.). 6. Туғишган опа-сингил. 7. Ота бир опа-сингил. 8. Она бир опа-сингил. 9. Хотин. 10. Қулни озод қилган аёл бека.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси

8 ноябр куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Баланд” жоме масжидини Маданий мерос агентлиги мутасаддилари, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассислари, шунингдек, масжидининг масъул вакиллари иштирокида обектни реставрация ҳамда таъмирлаш-тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. “Баланд” масжиди 1857 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда обект давлат мулки ҳисобланади.
Маданий мерос агентлигининг Илмий эксперт кенгаши томонидан 2023 йилнинг 6-8 апрелида бўлиб ўтган йиғилишида ушбу қурилиш ишларини амалга ошириш лойиҳаси кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда маъқулланган эди.
Бинонинг тарихий қисмига шикаст етказмаган ҳолда, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси назорати остида атрофини реконструкция қилиш бўйича ишларни амалга оширишга рухсат берилган.



Сардор Поёнов
ЎзА

Қирқ иккинчи Шаржа халқаро китоб кўргазмасида Қуръони каримнинг аудио китоблари, Брайл алифбосидаги адабиётлар кенг намойиш этилмоқда.

Жумладан, “Дар ал-Барак” нашриёти томонидан болалар учун маданий-маърифий китоблар, пайғамбарлар қиссалари жамланган аудио китоблар, шунингдек, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги қатор диний асарлар таклиф қилинмоқда.

Aбу Даби араб тили маркази эса Брайл алифбосидаги маданий, ижтимоий ва сиёсий асарларни меҳмонлар эътиборига ҳавола этаяпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Саудия Aрабистонида “Исломда аёллар: мақоми ва таъсирини кучайтириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуман подшоҳ Салмон бин Aбдулазиз ҳомийлигида Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари, вазирлари ва бошқа расмийлари иштирокида ўтказиляпти.

Унда Саудия Aрабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Саудия аёллари Подшоҳликнинг ривожланиш ва тараққиёт йўлида тутган роли ҳақида гапирди. Жумладан, вазир ижтимоий ва меҳнат бозоридаги ислоҳотлар натижасида сўнгги 7 йилда хотин-қизларнинг меҳнат ресурсларидаги иштироки 19,3 фоиздан 37 фоизга, раҳбарлик лавозимларида эса аёллар улуши 17 фоиздан 39 фоизга ошди, дея таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

У Зотдан ўзгадан У сенга туширган ҳожатни раво қилишни сўрама! Қандай қилиб У қўйган нарсани Ундан ўзга кўтара олади?! Ўзидан ҳожатни кўтара олишга қодир бўлмаган кимса қандай қилиб ўзидан бошқадан уни кўтара олади?!
Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг барча сифатларидаги ваҳдонияти ҳақида сўз юритган. Банда барча нарсада фақатгина У Зотга қайтиши лозимлигини уқтирмоқда. Беҳожатлик Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир. Ҳожатмандлик эса бандага хосдир. Ожиз банда бу дунёда яшар экан, доимо ҳожатманд бўлиб туради. Ўшанда аввало бу борадаги ақийдасини тўғрилаши керак бўлади. У барча ҳожатларни чиқарувчи ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини унутмаслиги лозим.
«У Зотдан ўзгадан У сенга туширган ҳожатни раво қилишни сўрама!» 
Сўраш у ёқда турсин, ҳожатни Аллоҳ таолодан бошқа зот чиқариши мумкинлигини хаёлга келтириб ҳам бўлмайди. Банда энг аввал мана шу ҳақиқатни тушуниб етмоғи лозим. Кейин ҳожатни чиқаришини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоғи керак. Зотан, бандани ҳожатманд қилган ҳам У Зотнинг Ўзидир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир, ҳақиқий куч ва қувват ҳам У Зотга хосдир. У Зотдан бошқаларнинг эса ҳожатни раво қилишга имконлари йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳ таолога муҳтождир. Уларнинг бирортаси ҳеч қандай ҳожатни чиқара олмаслар.
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказур. У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (107-оят).
Бандага фойда ёки зарар етиши Аллоҳнинг иродаси билангина бўлади. Ҳа,
«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир».
Борлиқнинг ягона Холиқи, Қодиру Молик Зот бир бандани зарар ила тутса, у ожиз бандага ким ҳам ёрдам бериб, мушкулига кушойиш ато қила олар эди?! Шунингдек,
«Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир».
Аллоҳ яхшилик келтирадиган ишларни қилганларга яхшилик, ёмонлик келтирадиган ишларни қилганларга ёмонлик етказишни ирода этгандир. Аллоҳ бандалари ичидан Ўзи хоҳлаганларини фазлига эриштиради. Бу орада бандалардан баъзи гуноҳлар содир бўлса-ю, тавба қилсалар, Аллоҳ уларни мағфират этади. Уларга раҳм кўрсатади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади: «Агар Аллоҳ сенга бирор зарар етказса, Ўзидан бошқа унга кушойиш берувчи йўқ. Агар У сенга бирор яхшилик етказса, бас, У ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (17-оят).
Бу дунёда агар хоҳласа, зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.
Мушриклар Аллоҳга шерик қилиб келтираётган бут-санам, турли ҳайвон ва мавжудотлар, тузум ва фирқаларнинг қайси бири шундай қудратга эга? Улардан ҳеч бири ўзига етган зарарни қайтара олмайди, хоҳлаган пайтида ўзига манфаат ҳам жалб қила олмайди.
(Давоми бор)

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Сторінка 44 з 305

Мақолалар

Top