muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Бутун ер юзи мен учун ибодат маскани ва покланиш воситаси бўлиб яратилган ва менинг жамоатимдан ҳар қандай одам намоз топган жойда ибодат қилиши мумкин" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яқинда ўтказилган бир тадқиқотда олимлар тупроқда энг мураккаб бактерия турларини тозалайдиган ва йўқ қиладиган антибиотиклар мавжудлигини аниқлади, бу эса ўз навбатида ер дезинфекцияловчи эканини исботламоқда.

Ушбу тадқиқот доирасида олимлар ердан фойдаланиб, осон бўлмаган бактерия турларини йўқ қиладиган восита яратишга ҳаракат қилишди.

Лабораториядаги синовлардан сўнг улар 24 соат ичида ер бутун бир бактериялар оиласини йўқ қилишга қодир экани ва Ердан фойдаланмаган синовларда бактериялар оиласининг 45 баробарга кўпайганлигини аниқлашди.

Натижада олимлар Ерда антибиотик мавжудлигини аниқладилар, уларсиз сайёрамиздаги ҳаёт инсон танасига кириб, ўлимга олиб келиши мумкин бўлган вирус ва бактериялар туфайли мавжуд бўлмайди.


Яратган Парвардигор инояти билан ҳаётимизнинг давом этишини таъминлаш учун табиатда покланиш хусусиятини ўрнатди. Бу яхшилик учун Қодир Аллоҳга фақат чексиз ҳамд айтишимиз даркор.

Интернет материаллари асосида
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

Субота, 05 июнь 2021 00:00

“Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”

Устоз Эркин Аъзамнинг шундай сарлавҳали фиқраси бор. Шу ибора тилимга хуш келиб қолганиданми бир куни нимадир сабаб бўлиб: “Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”, деган эдим, жуфти ҳалолим: “Ҳозир баъзиларни Интернет орқали иссиқ-совуқ, дуоибад ва бошқача сеҳр-жодулар қилаётган эмиш. Шунинг учун Интернетга расм қўймаслик керак экан”, деб қолди...

Эрталаб гижинглаган тойдек бўлиб соғу саломат юрган кишини кечга яқин тез ёрдам машинаси олиб кетганини эшитасиз. Яна уч-тўрт кун ўтиб унинг дўхтирхонама-дўхтирхона кезиб юргани қулоғингизга чалинади, дўхтирлар ташхис қўя олмаётган эмиш – кўз текканми?..

Нега бундай ҳолатлар кўп учраяпти, “мерган”лар шунчалик кўпайиб кетганми ё. “islam today” эълон қилинган “Ижтимоий тармоқ орқали кўзикиш ростми?” (Муаллиф – София Мусаева) сарлавҳали мақолада ёзилишича, оммавий равишда кўзикишнинг сабабчиси бу – Интернет ва ижтимоий тармоқлардир. Чунки замондошларимиз уларга кўз-кўз қилиш учун бахтдан масрур бўлиб турган суратларини жойлайди. Шунчаки «Инстаграм»га бир бўйлаб кўринг: унда муҳташам ошхонада энг ширин таомларни тайёрлаш ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Бахтдан масрур соҳибжамол аёл ниҳоятда ҳашаматли ошхонада, бундаги ҳар бир ашёни кўрган киши унинг жимжимасига ҳаваси келади. Шахсий саҳифадаги суратлар ниҳоятда бой хонадонни намойиш этади.

Ҳатто одамда шундай фикр туғиладики, одамлар гўёки жамики сарватларни ижтимоий тармоқларга жойлаб кимлардандир олқиш олиш учун яшаётгандек. Шунингдек, «Ватсап»нинг деярли ҳар бир аватаркасига – мурғак болаларнинг, севишган ёшларнинг, совға қилинган гулдастанинг, безалган, ширин тортларнинг ва бошқа нарсаларнинг фотосурати жойланган. Бу ерда гап ҳатто моддий бойликларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб мақтаниш ҳам эмас, Гап – унинг қанчалик бахтиёр эканини имкон қадар кўп одамлар кўриши ва ҳамманинг ҳайратга тушишини жуда қаттиқ исташдадир. Аммо бир нарсани унутмайликки, биз ўша ижтимоий тармоқларга жойлаётган бахтимизни унда кўраётган юзлаб, минглаб, миллионлаб бегона кўзлар ундан ўзимиз севинганимиздек севинмайди...

Яқинда танишларим оиласида катта жанжал бўлди… Ёш жуфтлик ўртасидаги муомалада чуқур жарлик пайдо бўлди. Кўп ўтмай уларнинг қизчаси оғриб қолди. Албатта, бунинг турлича сабаблари бордир. Аммо улардан бирини тахмин қилиш мумкинки, келинчак ҳар куни ижтимоий тармоқда гоҳ гулдаста тутиб турган жуфти билан, гоҳ бағрига олиб турган қизчаси билан кўзларида бахт учқуни порлаб турган ҳолатда пайдо бўлади. Аммо уларни кўрган ҳар киши “Яратганнинг марҳаматини қаранг, қандай ажойиб жуфт! Аллоҳ таоло уларнинг бахтини бардавом қилсин!” демайди-да. Аксинча, айрим феълида қусури борлар ҳасад қилиб: “Нега унинг эри шундай чиройли букетлар совға қилади? Нима учун уларнинг қизчаси бунчалик ёқимтой? Унинг омади кулибди...” ва шунга ўхшаш гапларни айтиши мумкин, деб ёзади София Мусаева.

Бунинг ижтимоий жиҳатлари ҳам бор, Айтайлик, йиллар давомида тирноққа зор бўлиб биргина фарзанд кўра олмаётган оилалар бор. Ўша оилаларга қизчасини кўз-кўз қилиш оғир ботиши ҳам мумкин. Яна оилавий етишмовчиликлардан азият чекаётганлар қанча. Биз мақтаниб ижтимоий тармоққа жойлаётган чиройли тортлар, сарёққа қовурилган товуқ гўштлари, рулетлар, сихга тортилна кабоблар ва ҳоказолар уларнинг қайғусини янада зиёда қилмасмикан. Дунёда ўзининг муносиб жуфтини топа олмасдан изтироб чекаётганлар қанча?! Оила қуриб ҳам сира роҳат кўрмасдан ажралиш остонасидагилар-чи! Ёки юрагига энг яқин одамини бой бериб фироқ азобини тортаётганлар йўқми...

Нима бўлганда ҳам ўз ҳаётини кўз-кўз қилиш бу – тўғри иш эмас. Буни динимиз ҳам маъқулламайди. Шариатимиз бизни ҳамма нарсада вазмин бўлишни, меъёрни сақлашни, ўз бахти ҳақида оламга жар солмасликни, одамларда ўзининг бахтига нисбатан ҳасад туйғусини уйғотмасликка чақиради.

“Кўп йиллар бурун бир домлага ўқитишга бордим. Уйини сўроқлаб топиб бордик. Ҳовлида тумонат одам йиғилиб турибди. Навбат кутаётганлар экан. Биз ҳам уларга қўшилиб турдик. Бир маҳал ичкаридан бир сурув одам чиқди. Кейин бизга киринглар деган ишора бўлди. Кирсак ўртада катта хонтахта. Унинг усти тўла одамларнинг сурати: ўсмир қизлар, аёллар, турли ёшдаги эркаклар, ҳатто болаларнинг ҳам суратлари бор. Биз хонтахтани айланиб ўтирдик. Ҳамма ўтирганидан кейин тўрда ўтирган домла кўзини хиёл ёпиб ўқишга тушиб кетди. Мен тўрдагилардан бошлаб ўқиб навбатма-навбат дам солар экан-да, деб тахмин қилиб турган эдим бир маҳал худди калашников автоматидан ўқ отгандек қилиб “суф, суф, суф...” деб ҳаммага, хонтахта устидаги суратларга ҳам дам солиб юборди”, дейди бир қўшнимиз.

Бу ҳикоядан суратга қараб дам солиш тажрибаси амалда қўлланилаётгани аён бўлади. Демак, Интернетдаги суратларга қараб дам солар экан, кўз тегар экан, иссиқ-совуқ қилар экан деганлари асоссиз эмас экан-да.

Бизнинг бахтиёрлигимизни қанчалик кам одам билса, уни муҳофаза этишимиз шунчалик қулай бўлади. Кўп одам биз ҳақда билмагандан кейин “кўзи” бор одамларнинг ҳам кўпи биздан бехабар бўлади ва кўзикиш деган нарса бизни четлаб ўтиб кетади.

Ушбу мавзуда берилган бир саволга жавоб берган Одилхон қори Юнусхон ўғли бундай деган экан: “Кўз тегишидан ҳимояланиш учун, аввало, Аллоҳ таоло берган неъматлар шукри адо этилади, улар билан мақтанчоқлик қилинмайди, имкон қадар кўпчиликдан – тўғри маънода – беркитилади, неъматни кўз-кўз қилавермайди”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан 2011 йилда кўз тегиши ҳақида сўрашганида бу саволга жавобни ушбу ҳадис билан бошлаган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».

Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:

«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».

Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, кўз тегишининг давосини топиш унчалик қулай иш эмас. Биринчидан, беморга кимнинг кўзи текканини аниқлаб олиш осон иш эмас, Иккинчидан, кўзи теккан киши киши уялганидан ёки одамларнинг маломат қилишидан қўрқиб ўзининг кўзи текканини тан олмаслгиги мумкин. Учинчидан эса ижтимоий тармоққа суратларини жойлаган одамга дунёнинг қайси бир кунжагидан кимнингдир кўзи теккан бўлса, уни аниқлаб бўладими, аниқлаган тақдирда ҳам Африкагами, Хитойгами бориб уни ким олиб келади. Ким унга бу ишларни тушунтиради...

Шундай экан, азизлар, кўз-кўз қилманг, кўз тегар

Донишмандлар ҳам бахтни мустаҳкам қурғон ичра сақлаш даркор ва уни ҳадеб одамларга кўрсатавериш шарт эмас, дейдилар. Ахир одам энг баҳоли ва қадрли нарсаларни кўздан пана қилади – бойлигини яширади, бошқа нарсаларини яширади, нега бахтини яширмасин!

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Туркия Қирғизистоннинг марказий масжидига Кисва - тилла ипли нақшлар билан қора шойидан қилинган Каъба ёпинчиғини совға қилди.
Қирғизистон Республикаси Мусулмонлар диний идорасининг маълум қилишича, Бишкекда тантанали маросим бўлиб ўтди.

Islam.ru хабарига кўра, совға Туркиянинг Қирғизистон Республикаси элчихонаси томонидан берилди.
Тадбирда Қирғизистон Республикаси муфтийсининг вазифасини бажарувчи Жоробай ажи Шерғозиев, Туркиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Аҳмад Содиқ Доган, Туркиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси диний маслаҳатчиси Нурсел Ўзтурк, совға олиб келган Туркия фуқароси Иброҳим Жетин, Жогорку Кенеш депутатлари ва имомлар иштирок этди.

"Ҳар вақт ўтгач, муқаддас Каъбани қоплаган мато ўзгартирилади. Эски ёпинчиқ эса турли мамлакатларга топширилади. Энди Марказий масжидимизда мусулмонлар ибодатхонасидан бир парча мато сақланади ва уни кўришни истаган ҳар бир кишига тақдим этилади", - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Поп туманида жойлашган “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов иштирок этди.

Маросим давомида Абдулҳай домла Турсунов уста ва мутахассислар билан учрашиб, қурилаётган янги бинони мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам, хонақоҳларни кенг ва ёруғ қилиш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, қурилиш ишларида замонавий ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш, масжид атрофини обод ва кўркам этишга алоҳида урғу қаратиш борасида тавсиялар берилди.

Ушбу жоме масжид биноси қурилишига ҳисса қўшаётган масжид имомлари, мутавалли, фаоллар, қурувчи-муҳандис, саховатпеша инсонлар ҳақига ва ўтганлар руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат ва дуои хайрлар қилинди.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжид биноси тез фурсатда бунёд этилиб, халқимизга топширилишини насиб этсин!

Наманган вилоят вакиллиги
матбуот хизмати

Top