muslim.uz

muslim.uz

Индонезиянинг «Investor ID» янгиликлар сайтида «Ўзбекистон – Марказий Осиё бозорига чиқиш учун имконият» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, хабар бермоқда «Дунё» АА.

Нашрнинг ёзишича, Марказий Осиё, Шарқий Европа ва Жанубий Осиё бозорларига индонезия маҳсулотининг чиқиши учун Ўзбекистон катта салоҳиятга эга. Ўзбекистон ва Индонезия биргаликда ривожлантираётган иқтисодий муносабатлар тез орада ўз натижаларини беради. Республика Марказий Осиёда тобора гуллаб-яшнаётган мамлакатга айланиб бормоқда. Ҳозирда кўплаб мамлакатлар минтақа мамлакатлари, айниқса Ўзбекистон билан муносабатларни йўлга қўйишга уринишмоқда. Ҳозир Индонезия учун бизнинг мамлакат билан ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг айни пайти келди.

Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик – бу нафақат G2G, балки B2B ва P2P ҳамдир. Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик маданият соҳасидаги ҳамкорлик билан ҳамоҳангликда олиб борилади. Индонезияликлар ва ўзбекларнинг кўпчилиги исломга эътиқод қилади. Умумий асосларда иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик анча осонлашади. Ўзбекистонда диний туризмнинг бир қатор объектлари, шу жумладан Имом ал-Бухорий мажмуаси, буюк Амир Темур музейи, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Улуғбека мадрасаси мавжуд ва бундай жойлар жуда кўп.

«Индонезия Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришни истайди ва ривожлантиради, деб таъкидлаш учун барча асослар мавжуд», - дейилади мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Эшитишимизча, масжидга борганда масжидни бир марта ўнг тарафидан юриб айланса, мискинларнинг ҳажига ўтар эмиш. Бу қанчалик тўғри?

— Бундай гап динимизда йўқ. Масжидга боришнинг ўзи катта фазилат ва савобга эришишдир. Валлоҳу аълам!

 

— Бошқа мамлакатларга иш юзасидан бориб қолсак, у ердаги масжидларда намозлар биздагидан бошқачароқ ўталишига гувоҳ бўламиз. Бу ҳолда қандай йўл тутиш керак?

— Борган жойингиздаги имом аҳлус сунна вал-жамоадан бўлса, иқтидо қилинади ва ўзимизнинг мазҳабимизда қандай ўқиётган бўлсангиз, шундай ўқийверасиз. Саҳобаларни ҳақорат қиладиган тоифаларнинг орқасида намоз ўқишдан сақланинг.

 

— Масжидда тупуриш мумкин эмас, дейишади. Аммо айрим масжидларнинг ичида ҳожатхоналар ҳам бўлади. Масжид ҳовлисида ҳожатхона қуриш мумкин-ми?

— Ҳадисларда масжидни намоз ўқиладиган қисмига бошқаларга озор бериши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга буюрилган. Тупуриш ҳам шулар жумласидан. Масжид ҳудудига ахлатларни ташлаш учун мўлжалланган идишлар қўйилса, жоиз бўлади. Аммо масжид ҳудудида намозхонлар учун таҳоаратхона бўлишининг монелиги йўқ. Таҳоратхонада намоз ўқиш жоиз бўлмайди.

 

— Айрим ҳолда масжид қабристон билан ёнма-ён жойлашган бўлади. Шу тўғри-ми?

— Бу саволингизга “Фатовий ал-Азҳар” — Ал-Азҳар фатволари” мажмуасидаги қуйидаги фатвони жавоб тарийқасида тақдим этишга ижозат берсангиз:

- Ичида қабр бор масжиддаги намоз ҳукми: Агар қабр масжиддан ажралган жойда бўлса, яъни намоз ўқилмайдиган жойда, унга қўшни масжиддаги намоз тўғридир. Бунинг ҳаромлиги ёки макруҳлиги йўқ.

- Аммо қабр масжиднинг ичида бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабидан бошқа имомнинг мазҳабида жоиздир. Фақат улар, қабр намозхоннинг олд тарафида бўлиши макруҳ, деганлар. Чунки, бунда қабрга намоз ўқиганга ўхшашлик бор. Лекин қабр олдида намоз ўқишдан уни муқаддас билиши ва улуғлаш кўзланган бўлса, ҳаромдир. Гоҳида ширкка олиб бориши ҳам мумкин. Бас, қабр намозхоннинг орқасида, чап ёки ўнг тарафида бўлсин!

 

 

 

— Айрим масжидлар ҳовлисида мушки анбар, атирлар, диний китоблар сотилади. Масжидлар ичида савдо қилиш жоиз-ми?

— Масжиднинг хонақосида жоиз эмас. Ҳовлисида жоиз. Масжиднинг ташқарисида ҳунармандчилик, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш жоиздир. Термизий ва Насоий келтирган ривоятда шундай дейилган: “Пайғамбар алайҳиссалом масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар”. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Индонезиянинг "Islampos" ахборот порталида Шарқнинг буюк илоҳиётчиси Имом ал-Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақола эълон қилинди.
Мақола бошида мусулмон оламида шак-шубҳасиз нуфузга эга бўлган машҳур ислом олими,"Саҳиҳ ал-Бухорий" асарининг муаллифи Имом Бухорийнинг қисқача таржимаи ҳоли келтирилган.

"Болалигида Имом Бухорий ва унинг тенгдошлари Қуръон ва ҳадис ўқиш, ёзиш, ўрганишни ўрганиб олишган. Имом ал-Бухорий ёшлигида кўзи жароҳатланиб кўриш қобилияти сусайган бўлиб, ҳар қанча уринмасин ҳам табиблар уни даволай олмагандилар. Кунлардан бир куни ал-Бухорийнинг онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: "Эй волида! Сенинг дуоларингнинг бардавомлигидан Оллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди", — деб хитоб қилганлар", - деб ёзади мақола муаллифи Эненг Сусанти.

Бухорий "Саҳиҳ ал-Бухорий" китобини ёзишдан олдин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида учратди. Туш Имом Бухорий ёлғон ҳикоятдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоячисига айланишини англатган. Шундан кейин Имом Бухорий шу кунгача саҳиҳ манбага айланган саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган китоб ёзишга бўлган истаги тобора ортиб борди.

Ал-Бухорий "Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ дан ташқари "Ал-Адаб ал-муфрад", "Ат-Тарих ал-Кабир" ва бошқа китоблар ёзган.
Имом Бухорий қадимги Самарқандда 256 ҳижрий йилнинг Рамазон ҳайити (Ийд ал-фитр) кечасида (870 йил 31 август) 60 ёшида вафот этди. Унинг қабри ва ёдгорлик мажмуаси ҳам бугунги кунда Ўзбекистондаги Самарқанд вилоятида жойлашган, дея хулоса қилади Индонезия ахборот ресурси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Зироатчиликда мева ва сабзавотларни дори ёрдамида тез ва кўзга чиройли кўринадиган суратда етиштириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу эса, мева ва сабзавотларнинг табиий етилишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Баъзан бозорларда мева ва сабзавотларнинг етилиши вақтидан аввал савдо расталарига чиққанини кўрамиз. Ҳажми ҳам катта ва кўз билан қараганда чиройли кўринади. Ушбу мева ва сабзавотларни етиштиришда уларнинг таркибига таъсирини кўрсатувчи турли дори воситалари қўлланилади. Бунга асосий сабаблардан бири бозорларга зироат маҳсулотларини эрта чиқариш билан тез фурсатда катта фойда қозонишдир. Шунингдек, мева ва сабзавотларни табиий етилишидан олдин узиб олиб, унга дори йўллаш орқали етиштириб, катталаштириш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Бу турдаги мева ва сабзавотларни табиийсидан ажратиб олиш унчалик қийин эмас. Шу ўринда “Динда бунинг ҳукми нима?”, “Бунинг инсон саломатлиги учун зарари йўқми?” каби саволлар туғилиши турган гап.

“Ислом илмлари тадқиқот маркази” фатво бўлимига келиб тушган қуйидаги саволни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Савол: “Баъзи зироатчилар мева маҳсулотларининг чиройли, катта ва тез фурсатда етиштириш мақсадида дори маҳсулотларини қўллашлари кузатилмоқда. Бундай дориларнинг инсон саломатлиги учун зарари бор. Шунингдек, бундай дори воситаларидан фойдаланишга зироат уюшмаси ҳам рухсат бермаган. Бунинг ҳукми қандай бўлади?”.

Жавоб: “Бундай кўринишда фаолият олиб бориш мусулмонларга ёлғон йўл билан маҳсулотларни етказиш бўлгани учун ҳаром ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларни алдайдиган бўлса, биздан (мусулмонлар сафидан) эмас”, деганлар.

Маҳсулотларни бундай кўринишда одамларга тақдим қилиш зарарли бўлгани боис, уни ҳунар қилиш ва ундан ризқ топиб ейиш ҳаром ҳисобланади. Бундай маҳсулотлар ҳақида маълумотга эга бўлган кишилар уларни бозорга олиб чиқиши, сотиши ва ривожлантириши мумкин эмас. Зеро, бунда ёмонликка шерик бўлиб қолиш бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида кўмаклашинглар ва гуноҳ ва душманчилик йўлида кўмаклашманглар! Аллоҳга тақво қилинг, Аллоҳ азоби шиддатли бўлган Зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Зироат билан шуғулланадиган кишилар ҳалол касб қилиш йўлида бир-бирларига яхшиликда кўмаклашиб, мусулмонлар учун зарарли бўлган ишлардан четланишлари лозим. Мусулмон кишиларнинг зиммаларида бўлган ҳақларидан бири – бир-бирларига насиҳат қилиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир. Зеро, ривожланиш учун асосий омиллардан бири яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларини қўллаб қувватлашларидир. Валлоҳу аълам!” (Манба: “Мажаллатул буҳусу-л исламийя”).

Демак, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришда инсон саломатлигига ёмон таъсир қиладиган дори воситаларини қўллаш динимизда қайтарилган амаллардан экан. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда ушбу маҳсулотларга зарар етказадиган касаллик ва иллатларга қарши ҳимояланиш учун махсус зироат уюшмаси томонидан тавсия қилинган дорилардан фойдаланишнинг зарари йўқ. Аммо, маҳсулотни тезда етиштириб, чиройли ва катта кўринишда бозорга олиб чиқиш ва катта даромадга эга бўлиш мақсадида дори воситаларидан фойдаланиш қабиҳ амаллардан бўлиб, жамиятга зарарли маҳсулот етказиш хавфи бўлгани учун қайтарилгандир.

Аллоҳ таоло ризқимизга барака ато этсин. Ҳар биримиз ризқимизни ҳалол ва чиройли йўл билан тўғри сўзлик ила қозонишимизни насиб қилсин!

 

Хайруллоҳ домла Саттаров,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Мадинадаги Пайғамбар масжидидаги Рауда аш-Шариф (Пайғамбаримиз уйлари ва уларнинг минбарлари ўртасидаги майдон) поли дунёнинг энг яхши ўнлаб гиламлари билан қопланган бўлиб, уларнинг ҳар бири электрон чип билан жиҳозланган, деб ёзади Arab News сайти.

Мадинадаги Пайғамбар масжидининг ўртасида унинг энг эъзозланадиган жойи - Рауда аш-Шариф бўлиб, у "Эзгу боғ"деб таржима қилинади. У бир тарафда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган Ойша (р.a.) хонаси, иккинчи тарафда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбари ва меҳроб билан масжид девори ўраб турибди. Бу ерда доимий ташриф буюрувчиларнинг катта оқими мавжуд, шунинг учун бу жойга алоҳида эътибор билан қараб турилади.

Рауда аш-Шарифнинг поли энг юқори стандартларга мувофиқ юқори сифатли материаллардан тайёрланган 50 та гилам билан қопланган. Масжид-ул Ҳаром ва Масжид-ал Набавий Бош президентлигининг гилам бўлимига Бандар ал-Ҳусайний раҳбарлик қилади. Унинг айтишича, режали дастурлар мавжуд бўлиб, унга кўра кундалик супуриб-сидириш ва гиламларни тозалаш ишлари олиб борилади. "Агар гилам шикастланган бўлса, у дарҳол олиб ташланади ва бошқаси билан алмаштирилади. Гиламлар соат сайин дезинфекция жараёнларига ҳам дучор бўлмоқда",-дейди у Саудия Арабистонининг "Ал-Ахбория" телеканалига. Рауда аш-Шарифга фақат гуруҳ бўлиб киришга рухсат берилади. Ҳар бир гуруҳдан кейин барча гиламлар дезинфекция қилинади.

Ҳар бир гилам бу ҳақда маълумотларни ўз ичига олган электрон чип билан жиҳозланган. "Ушбу чиплар ишлаб чиқарилган пайтдан бошлаб маълум бир гилам ҳақида маълумот беради, шунингдек, гиламни тозалаш тарихи ва унинг жадвали ҳақида маълумот беради", деб хабар беради "Ал-Ахбория".

Исламосферанинг маълумотларига кўра, сўнгги бир неча ой мобайнида Пайғамбар масжиди ва Боб Ас-Салом йўлагида йўлагида гиламларни дезинфексия қилиш учун 23.000 литрдан ортиқ экологик тоза дезинфекция воситаси ишлатилган. Саудия матбуот агентлигига кўра, ушбу қадам коронавирус пандемияси вақтида ибодат қилувчилар ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилаётган эҳтиёт чораларининг бир қисмидир. Ҳисоботда айтилишича, худди шу даврда масжидни 7 743 мартадан ортиқ хушбўйлаштириш учун хушбўйлаштиргичлар ишлатилган.

Масжидлар қўмитаси 450 та гиламни алмаштирди. Рауда аш-Шариф полига тўшалганлари ҳар 10 кунда алмаштирилади.
Масжидда профилактика чоралари ҳам қўлланилади - гиламларга тиқилинчнинг олдини олиш учун риоя қилинилиши лозим бўлган масофани кўрсатувчи белгилар туширилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top