Рамазон-2019

Саҳарлик суннатдир

Саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичиш саҳарликдир. Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга кўп тарғиб этганлар. Бир ўринда саҳарликнинг баракаси, фазилатини  эслатиб: “Саҳарлик қилинг, саҳарликда барака бор”, деган бўлсалар (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ўринда: “Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қилади”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Ҳатто қорни тўқ, бирор нарса ейишга у қадар эҳтиёжи йўқ киши ҳам ҳеч қурса сув ичиб олиши яхшидир. Бу билан у суннатга эргашган бўлади.

Пайғамбаримиз рўзани саҳарлик қилмай, улаб тутишдан қайтарганлар. Аммо саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмай рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади.

Саҳарликни тонгга яқин қилиш афзал. Фақат тонг кириб қолгунгача кечиктирмаслик керак. Чунки субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Саҳарликни вақти ўтиб кетганига гумон қилинадиган пайтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади (“Фатовои Ҳиндия”).

Саҳарлик қилиб бўлгач: “Навайту ан асума совма шаҳри Рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”, деб дуо қилинади.

Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини холис Аллоҳ учун субҳдан кун ботгунгача тутишни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир.

Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин!

Ориф ТОЛИБ

Read 36392 times

Мақолалар

Top