РЎЗА

 1.                Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). 

2.                Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини сўлагига қўшиб ичига ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).

 

3.                Рўзадор тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхотдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхотдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига фақиҳ Абу Лайс Самарқандийдан ривоят бор (“Фатовойи Оламгирия”).

 

4.                 Рўзадорнинг томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, рўзадор кундузи эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Мухтасар”).

 

5.                Рўзадорнинг бир икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). \

 

6.                 Баданнинг табиий майда тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг таъми, мазаси билинса ҳам рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

7.                 Газлама тўқувчи рўзадор иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми ёки бошқа рангларми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).

 

8.                 Рўзадорнинг тиши қонаб, у қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тиш милкидан чиққан қонни сўлак билан бирга қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю сўлак ортиқ бўлса, рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

9.                 Фитр садақаси вожиб бўлган киши уни ўз вақтида адо эта олмаса, зиммасидан соқит бўлмайди. Уни барибир адо этиши лозим бўлади (“Ҳидоя”).

 

Фатво ҳайъати

 

 

Read 23639 times

Мақолалар

Top