РЎЗА

 

  1. Рўзанинг фарз бўлиш шартлари – ислом динида бўлиш, ақл, балоғат, соғлиқ, ўз юртида бўлиб, сафарга чиқмаган бўлиш, ният, ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Ният аслида дил билан бўлади. Лекин тил билан ҳам айтиш суннатдир.

«Оламгирия», «Кофий», «Ниҳоя», «ан-Наҳр ал-фоиқ»

 

  1. Ҳайз ва нифосдаги аёллар рўза тутмайдилар. Лекин кейин қазосини тутадилар. Агар аёл одати бўйича ҳайзи келадиган куни қасддан рўза тутмаса ва ўша куни ҳайзи келмаса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Заҳирия»

 

  1. Ҳайз ва нифосдаги аёллар, бемор ва мусофирлар ўзларини рўзадорлардек кўрсатиб, рўза тутмаганликларини одамлардан сир тутишлари лозим эмас.

«Оламгирия», «Хулоса»

 

  1. Нафл рўзани тутишга киришиш билан уни очиб юбормасдан қуёш ботгунга қадар тутиш вожиб бўлади. Агар ўз ихтиёри билан ёки бошқа сабаб билан рўзаси очилиб кетса, қазосини тутиб бериш вожибдур. Масалан, нафл рўза тутган аёл кундузи ҳайз кўриб қолса, рўзаси очилиб кетгани учун ўша куннинг қазоси ҳам вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «Ниҳоя»

 

  1. Рўзадорлиги эсидан чиқиб, бирор овқат еб қўйса ё ичимлик ёки дори ичиб қўйса ёхуд жинсий алоқа қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо шу ишлардан бирортасини қасддан қилса, рўзаси очилади. Кейин у ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда 60 кун рўза тутиб беради ёки 60 та оч киши (мискин) қорнини тўйғизади. Рўзадор аёлини жинсий алоқага мажбурлаган бўлса, ўзи бир кун қазо ва 60 кун каффорат, аёли бир кун қазо рўзасини тутадилар. Аёли розилик берган бўлса, у ҳам 60 кун каффорат рўзасини тутади.

“Оламгирия”, “Ҳидоя”

 

  1. Газлама тўқувчиси иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми, бошқа рангми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади.

«Оламгирия», «Хулоса»

 

  1. Таом тузини узрсиз тотиб кўриш, бозордан мева сотиб олаётганда танлаш учун тотиб кўриш макруҳ ишлардандир. Узрли бўлса, макруҳ эмас. Масалан, эрининг хулқи ёмонлигидан таомнинг тузини тотиб кўришга мажбур бўлса, хўжайиннинг урушишидан қўрқиб, бозор меваларини тотиб кўриб харид қилса, макруҳ эмас. Шунингдек, ёш болага овқатни чайнаб берадиган одам йўқлигидан рўзадор бўла туриб, ўзи чайнаб бериши узр ҳисоблангани учун макруҳ саналмайди.

«Оламгирия», «ан-Наҳр ал-фоиқ»

 

  1. Нафл рўзани аёл киши эридан берухсат тутиши жоиз эмас.

«Оламгирия», «Муҳит»

Read 26061 times

Мақолалар

Top