muslim.uz
Пайпоққа масҳ тортиш мумкинми?
20.11.2020 й. Ҳар ким ҳам Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эмас!
بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "إيَّاكُمْ وَالفُرْقَةَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ
ҲАР КИМ ҲАМ ҚУРЪОН ВА ҲАДИСДАН ҲУКМ ОЛИШГА ҲАҚЛИ ЭМАС!
Муҳтарам жамоат! Ушбу мавзуни ёритишимиздан мақсад, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда. Аслида, Қуръон карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ёки бир масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотларгина амалга оширишлари мумкин.
“Нурул-анвор” китобида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар топилиши баён қилинган:
وَشَرْطُ الْاِجْتِهَادِ أَنْ یَحْوِیَ عِلْمَ الْکِتَابِ بِمَعَانِيْهِ اللُّغَوِیَّةِ وَالْشَرْعِیَّةِ وَعِلْمَ السُّنَّةِ بِطُرُقِهَا
وَأَنْ یَعْرِفَ وُجُوهَ الْقِیَاسِ بِطُرُقٍ
яъни: “Ижтиҳод қилишнинг шарти – Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўлларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етишдир”.
Қуръони каримни билиш дегани – Қуръоннинг маъноларини қисқача тушуниш эмас, балки, Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиш ва бу соҳада моҳир бўлиш керак. Яъни, носих (ўзидан олдинги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) оятлар ҳақидаги илм, мутлақ (умумий маънода келган) ва муқайяд (махсус бир маънода келган) оятлар ҳақидаги илм, сабаби нузул – оятларнинг тушиш сабабларига доир илм, араб тили, усулул фиқҳ, балоғат ва фасоҳат фанларида моҳир бўлиши ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши керак.
Ҳадис илмини билиш дегани – “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” ҳадисларни билиш, ҳадис ровийларининг тарихини билиш, носих (ўзидан олдинги ҳадиснинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган ) ҳадисларни билиш ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши зарур.
Қиёс йўлларини яхши билиш дегани – оят ёки ҳадис ёхуд ижмода далили келган масаланинг иллати (сабаби) шаръий ҳукми бўйича далил келмаган масалада топилиб, унга тенглаштиришдир. Қиёс қилишнинг бир қанча шартлари ва қонун-қоидалари бор. Қиёс қилувчи киши мана шу илмларни барчасини билиши лозим.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида оятлардан ҳукм чиқарганлар ва асосий барча масаларнинг ечимини баён қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Русулуллоҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб, шундай марҳамат қилган:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ
яъни: “Одамларга нозил қилинган нарсани уларга баён (тафсир) қилиб беришингиз учун сизга зикр (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар баъзи масалаларда ижмо қилганлар (якдил фикрга келишганлар) ва масалаларни бир-бирига қиёс қилганлар. Натижада, тўрт мўътабар мазҳаб шаклланди ва бу тўрт мазҳабни тўғри эканлигига барча уламолар иттифоқ қилдилар. Ўша пайтдан бери янги замонавий масала пайдо бўлса, етук уламолар Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёсларга суяниб масалага ечим топганлар. Тўрт мазҳабни ташкил топиши ҳижрий 2-3 асрларга тўғри келса-да, булар ҳозирги ҳижрий 15 асргача бир-бирлари билан аҳл-иноқ, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Тўрт мазҳаб имомлари қилган ишни қуйидаги ривоят қўллаб-қувватлайди:
وَقَدْ وَرَدَ اَنَّهُ سَأَلَ عَلِيٌ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ! مَا اَفْعَلُ اِنْ اِعْتَرَضَنِي اَمْرٌ وَلَمْ اَجِدْ فِيْهِ فِي كِتَابِ اللهِ وَلاَ فِي سُنَّةِ رَسُولِهِ شَيْأً؟ فَقَالَ: "شَاوِرُوا الْفُقَهَاءَ وَالْعَابِدِيْنَ وَلاَ تَمْضُوا فِيْهِ رَاْيَ خَاصَّةٍ"
(رواه الإمامُ الطبرني)
яъни: Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар менга бир масала рўбарў бўлса-ю мен унинг ечимини Аллоҳнинг китобдан ҳам Расулининг суннатидан ҳам тополмасам унда қандай йўл тутай? Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақиҳ ва обидлар билан маслаҳатлашинглар, бу ишда хос бир фикрни жорий қилманг” дедилар (Имом Табароний ривоятлари).
Аммо охирги икки асрда тоифалар чиқиб, одамларни мазҳабсизликка чақириб, ўзларини гўё Қуръон ва ҳадисга амал қилувчилардек кўрсатмоқдалар. Уларнинг иддаоларича ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри ҳукм олишга ҳақли ва мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган эмиш. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, дейдилар. Ваҳоланки, ушбу мазҳабсизлар ўтган икки аср мобайнида ўзларини ораларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслак ва мустаҳкам умумий қоидалар йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар.
Мазҳабсизликка тарғиб қилувчилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Пайдо бўлганига эндигина икки асрдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик оқими ҳозирнинг ўзида бир неча тоифага бўлинган. Жумладан, Ас-салафиятул-илмия, Ас-салафиятул-жиҳодия, Ас-салафиятус-сурурия, Ас-салафиятул-жомия.
Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Бемазҳабларнинг йўллари эса, бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос.
Афсуслар бўлсинки, барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Сабаби, киши Қуръони карим таржимасини ўзини билиши ёки бир нечта ҳадислардан хабардор бўлишини ўзи ҳукм чиқаришга кифоя қилмайди. Юқорида санаганимиздек, ҳукм чиқариш учун кўплаб илмлардан хабардор бўлиб, уларни пухта ўзлаштириш лозим. Сабаби, илмсиз фатво бериш шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ҳаром ҳисобланади. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш эса катта гуноҳдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
"مَنْ أَفْتَى بِغَيْرِ عِلْمٍ كَانَ إِثْمُهُ عَلَى مَنْ أَفْتَاهُ وَمَنْ أَشَارَ إِلَى أَخِيْهِ بِأَمْرٍ يَعْلَمُ أَنَّ الرُّشْدَ فِي غَيْرِهِ فَقَدْ خَانَهُ"
(رواه الإمامُ أبو داود)
яъни: “Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадислардан ҳукм чиқарган мужтаҳид уламоларимиз бир мавзуда нечта ҳадис бўлса, шуларни жамлаб ва саралаб кейин фатво берганлар. Чунки бир мавзудаги ҳадисларни тўлиқ ўрганмасдан туриб берилган фатво хато бўлишини эҳтимоли каттадир. Зеро, баъзи саҳиҳ ҳадислар мансух (ҳукми бекор) бўлган бўлиши мумкин.
Буюк муҳадис олим Яҳё ибн Маъиндан сўрашди: “Мингта ҳадис билган одам фатво бериши мумкинми?”. У зот: “Йўқ”, – деди. “Икки минг ҳадис билган одамчи?”, – деб яна сўрашди. У зот: “Йўқ”, – деди. “Беш минг ҳадис ёдлаганчи?”, – дейишганида: “Бу ҳам фатво беришга камлик қилади”, – деган эканлар.
Абу Алий азЗарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, диндан бехабар бўла туриб диний саволларга жавоб беришга журъат қилиш жуда катта хатар ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرَؤُكُمْ عَلَى النَّارِ
(رواه الامام الدارمي عن عبد الله بن أبي جعفر رضي الله عنه)
яъни: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар (Имом Дорамий ривоятлари).
Шундай экан, диний саволга жавоб беришни ўз мутахассисларига топширган мақсадга мувофиқдир.
Хатиб Бағдодий ўзининг “Насиҳату аҳлил ҳадис” китобида қуйидаги ривоятни келтирган:
وكَانَ الْأَعْمَشُ يَسْأَلُ أَبَا حَنِيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ الْمَسَائِل فَيُجِيْبُهُ فَيَقُولُ: مِنْ أَيْنَ لَكَ هَذَا فَيَقُولُ: أَنْتَ حَدَّثْتَنَا عَنِ النَّخَعِي بِكَذَا أَوْ عَنِ الشَّعْبِي بِكَذَا فَيَقُولُ: الْأَعْمَشُ عِنْدَ ذَلِكَ يَا مَعْشَرَ الْفُقَهَاء أَنْتُمُ الْأَطِبَّاءُ وَنَحْنُ الصَّيَادِلَةُ
яъни: Имом Аъмаш (Бу зотдан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ кўп ҳадисларни ўрганганлар) Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан айрим масалалар борасида сўрар ва Абу Ҳанифа у кишига жавобларини айтардилар. Имом Аъмаш ҳайратланиб: “Бу нарсаларни қаердан билдинг?”, десалар, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “ўзингиз бизларга Иброҳим Нахаийдан фалон ҳадисни, Шаъбийдан фалон ҳадисни айтиб бергансизку?! (ана ўшалардан чиқарганман)” дер эдилар. Шунда Аъмаш: “Эй фақиҳлар жамоаси! Сизлар табибларсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз”, дегандилар.
Шундан ҳам биламизки, қадимда фақиҳлар албатта ҳадисдан илми бўлган ёки аксинча, муҳаддисларнинг фиқҳдан насибаси бўлган ва улар фақиҳ олимлар сўзини эътиборли санаганлар. Улардан кейингиларда ҳам шу ҳолат кузатилган. Ибн Ҳажар Асқалоний фақиҳлардан бўлишлари билан бир қаторда ҳадис илмида пешқадам бўлганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бадруддин Айний ҳам катта аллома, фақиҳ ва муҳаддис бўлганлар. У киши ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган “Ал-Ҳидоя” китобини шарҳлаш билан бир қаторда имом Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ”ларига ҳам ниҳоятда мукаммал шарҳ ёзганлар. Шу икки Имом ва бошқа кўплаб забардаст уламолар ҳам мазҳабни тарк қилиб, “мен оят ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деганлари йўқ, балки, сўзсиз мазҳабни маҳкам ушлаб, шунга амал қилдилар.
Маълумки, ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда ҳам дунёдаги кўзга кўринган ал-Азҳар каби университетларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб соҳиблари, мужтаҳидларнинг олган ҳукмларини келтирганлар. Шундай улуғ зотлар ҳам тўғридан тўғри ҳукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф ҳолатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар.
Ҳижрий 10 асрда яшаб ўтган олим Жалолиддин Суютий 600 га яқин устоздан таълим олган, 750 та китоб ёзган, 200 мингта ҳадисни санадлари ила ёд олган эдилар. Шу зот ҳам шофеъий мазҳабига амал қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, мужтаҳидлар каби сифатларга эга бўлмасдан туриб ҳозирги кунда Қуръондан ёки ҳадисдан ўзим ҳукм оламан деган кишилар Қуръон ва ҳадиснинг зоҳирий маъноларидан ҳукм олиб, ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-боболаримизнинг мазҳаблари бўлмиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлларини ушлаб, бир ёқадан бош чиқариб, ихтилоф ва тафриқачиликка берилмасдан, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Қабристон зиёрати одоблари ва унда бидъат ва хурофотлардан тийилиш” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Ислом – бағрикенг дин
Ислом дини ўз номи билан “тинчлик” динидир. Мусулмонларнинг шиори бўлмиш ўзаро саломлашув иборасида ҳам бир-бирларига тинчлик тилаш маънолари бор. Ислом динида нафақат мусулмонлар ўртасида, балки бошқа дин вакиллари билан ҳам тинч-тотув яшашликка тарғиб қлинган. Жумладан, Қуръони каримда:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, дейилган (Мумтаҳани сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган.
Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам, у зот бошлаб берган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси давом этди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилган. Мана бу ҳам Исломдаги бағрикенгликнинг яққол намунасидир.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.
Ҳозирги кунда ўзларига динни ниқоб қилиб олиб, инсониятга қарши ваҳшиёна жиноятлар содир этаётган ҳар хил тоифадаги террористлар ҳаракати нафақат Ислом дини нуқтаи назаридан, балки бошқа динлар томонидан ҳам қораланади. Чунки, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида иноқ, тинч, осойишта яшашларига, она заминни вайрон эмас, балки обод қилишга буюрган. Шундай экан, ундайларнинг бу манфур ишларидан Аллоҳ таоло ҳам норозидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Ислом дини инсонларнинг асли бир эканлигини таъкидлайди, шунинг учун уларни дунёда бир ота-онанинг фарзандларидек ҳаёт кечиришга чақирмоқда. Ислом динида биродарлик, яхши ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш, ёмон ва гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилмаслик, ҳусни хулқ, ростгўйлик, самимийлик каби инсон камолоти учун зарур бўлган маънавий қадриятлар ўз ифодасини топган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ўз рисолатлари моҳиятини ифодалаб:
إنما بعثتُ لأتممَ مكارمَ الأخلاقِ
яъни: “Мен фақат гўзал хулқларни тамомига етказиш учун юборилганман”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Ислом дини нуқтаи назаридан бағрикенглик тушунчаси жуда чуқур маъноларга эга. Диний бағрикенглик деганда, авваламбор, динда ҳеч қандай ҳараж ва машаққат йўқ, яъни диндор бўлишлик ҳамма учун ҳам қулай, динда ҳеч кимга тоқатидан ортиқ машаққатли иш буюрилмайди, деган тушунча ҳосил бўлмоғи лозим. Баъзи ўзларини диндор қилиб кўрсатишни хоҳловчи баъзи бир кимсалар ҳаддан ташқари такаллуфга берилиб, динда қатъий буюрилмаган, балки мустаҳаб бўлган амалларни маҳкам ушлаб, ўзларини қийнаб қўядилар. Бундайлар охир оқибат диндан безиб қолишлари эҳтимоли бор.
Қолаверса, диний бағрикенглик деганда, динлараро муносабатларни яхшилаш, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромни шакллантириш тушунилади. Мусулмонлар назарида насроний ва яҳудий динлари ҳам самовий, яъни Аллоҳ томонидан Унинг пайғамбарларига нозил қилинган диндир. Ислом динида эса, ўтган барча пайғамбарларга ва динларга ҳурмат назари билан қаралади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
قُولُوا آَمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
яъни: “Айтингиз (эй, мўминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз” (Бақара сураси, 136-оят).
Бизнинг кўпмиллатли диёримизда диний бағрикенглик ўз ифодасини топган. Барча дин пешволари ўзаро диний байрамларида бир-бирларини табриклаб ўзаро ҳурматларини бажо келтиришади. Табиийки, бу ўша дин вакилларида ҳам ижобий тушунчаларни пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Нишонга урилган гаплар: Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди.
Буюк ақллар ҳамиша ўртача ақлларнинг шиддатли қаршилигига дуч келади. Чунки ўртача ақл эгалари эскича фикрлашдан йироқ, ўз салоҳиятидан мардона ва ҳалол фойдаланадиган кишиларни қабул қила олмайди.
Алберт Эйнштейн
***
Имконсиз туюлган ишларни уддалашни муваффақият дейиш мумкин.
Биринчи қадамни ташлашга қизиқувчанлик туртки беради, унинг ортидан эса илм эргашади.
Жак Ив Кусто
***
Севилмаганларгина нафратланадилар.
Ҳаётдаги энг қайғули ҳол – ҳашаматга ўрганиб қолишдир.
Чарли Чаплин
***
Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди.
Ўткир Ҳошимов
***
Одам машғулот залларида чемпион бўлмайди. Чемпион бўлиш учун ишни руҳиятдан бошлаш керак – истак, орзу ва ўз ғалабасини аниқ-тиниқ ҳис қилишгина кишини мақсадига элтади.
Муҳаммад Али
***
Йўл ямону яхшисидан ема ғам,
Бисмиллоҳ, дегилу қўйғил қадам.
***
Агар қилмади эл ҳимоят сенга,
Ўзингдин керакдир шикоят сенга.
Алишер Навоий
Яхши ва ёмон хулқнинг ҳаммаси шароит, тарбия, одатланиш натижасида вужудга келади. Яхши хулққа ҳам одат туфайли эришилади.
Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳу воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди.
Абу Али ибн Сино
Вақти-соати ўтгандан сўнг ижро бўладиган ваъдадан ҳеч бир яхшилик чиқмас.
Маҳмуд аз Замахшарий
Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар.
Абу Райҳон Беруний
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз саҳобаларига ижтиҳод қилишга изн беришлари
Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларга ижтиҳод қилишга изн беришларига Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ҳадислари далил бўла олади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабални Яманга қози қилиб тайинлаганларида шундай деганлар: “Агар сен бирор муаммога дуч келсанг, қандай ҳукм қиласан?”. Шунда у: Қуръондан ҳукм чиқараман, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қуръондан унинг ҳукмини топа олмасангчи?” – деб сўрадилар. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳукм излайман, деди. “Агар Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасангчи?”, деб сўраганларида, - Унда ақлимни ишлатаман, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муознинг елкасига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини У рози бўладиган ишга муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар.
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ижтиҳодга суянганлигини кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар севиндилар. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёки у киши мавжуд бўлмаган вақтларда саҳобалар томонидан бундай ижтиҳодлар кўплаб содир бўлган. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг чиқарган ҳукмларидан тўғрисини тасдиқлаб, хатоларини тузатиб қўяр эдилар. Қуйида саҳобаларнинг ижтиҳодларидан баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Мусулмонлар Бани Қурайза қабиласи устидан ғалаба қозониб, уларни ўз қалъаларида қамал қилганларидан сўнг, улар устидан ҳукм чиқаришга Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳуни тайинладилар ва унинг чиқарган ҳукмига кўнишга келишиб олдилар. Шунда Саъд Бани Қурайзанинг эркакларини қатл қилиб, аёллар ва болаларни асир олишга ҳукм қилди. Бундан хабар топган Расулулло саллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдга: “Уларнинг устида сен Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилибсан”, дедилар. Саъд ҳукм чиқаришда ижтиҳод қилиб, қўлга тушганларни Моида сурасининг 33-оятида зикр қилинган муҳорибларга қиёс қилган эди. Оят қуйидагича:
إِنَّمَا جَزَاءُ الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا أَنْ يُقَتَّلُوا أَوْ يُصَلَّبُوا أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ مِنْ خِلَافٍ أَوْ يُنْفَوْا مِنَ الْأَرْضِ ذَلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا وَلَهُمْ فِي الْآَخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ
яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси – ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилинишдир. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик ва охиратда улар учун улкан азоб (ҳам бор)дир”.
Чунки, бу қабила кишилари Аҳзоб ғазотида мусулмонларга қарши урушишда Қурайшликлар билан битим тузганлар ҳамда мусулмонлар билан ўрталарида тузилган келишувни бузганлар.
- Икки саҳобий сафарга чиқишиб, намоз вақти кирганда сув топа олмай, таяммум қилиб намоз ўқишади. Лекин, намоз вақти чиқиб улгурмасидан олдин сув топилади. Шунда бирлари, таҳорат қилиб намозни қайтадан ўқийди, иккинчиси эса, қайтадан ўқимай, таяммум қилиб ўқиган намози билан кифояланади. Сафардан сўнг воқеани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилишганда, у зот иккалаларининг ижтиҳодларини тўғри деб тасдиқлайдилар ҳамда намозни қайтадан ўқимаган саҳобийга: “Суннатга амал қилибсан, намозинг жоиз”, дейдилар. Намозни қайтадан ўқиган саҳобийга эса: “Сен эса, икки марта савоб олибсан”, деб айтадилар.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб ғазотидан қайтиб, жанг либосларини ечмоқчи бўлиб турган вақтларида Аллоҳ таоло у кишига Бани Қурайза қабиласи устига юриш қилишга амр қилади. Шунда, у зот саҳобаларига: “Бирортангиз ҳам то Бани Қурайза қабиласига етиб бормагунича аср намозини ўқимасин”, дейдилар. Ҳаммалари тезлик билан Бани Қурайза қабиласи томон юрадилар. Лекин, йўлда аср намозининг вақти кириб қолиб, баъзи саҳобалар йўлда аср намозини ўқиб олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ўзларича таъвил қилишиб, у зот биздан тез юришимизни талаб қилганлар ҳолос дейишади. Қолган саҳобалар эса, гапнинг зоҳирий маъносига эътибор бериб, аср намозини Бани Қурайзага етиб борганларидан кейин ўқишди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишганда уларнинг бирорталарининг ҳам ишларини инкор қилмадилар.
- Умар ибн Хаттоб ва Муоз ибн Жабал бир гуруҳ саҳобалар билан сафарга чиқишади. Умар ва Муоз ғусл қилишга мажбур бўлиб қолишади, аммо сув топа олмайдилар. Шунда, иккалалари ҳам ўзларича ижтиҳод қилишади. Яъни, Муоз туфроқ билан покланишни сув билан покланишга қиёс қилади ва таяммум қилиб намоз ўқийди. Умар эса, таяммум кифоя қилмайди деб, намозни сув топилгунча кечиктиради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб масалани баён қилишганида, у киши ҳар иккалаларининг ижтиҳодларини таҳлил қилиб, тўғри-нотўғрилигини айтдилар. Яъни, Муознинг қиёси фосидлигига ишора берадилар. Чунки, Моида сурасининг 6-оятида: “Покиза тупроқ билан таяммум қилингиз, юзингиз ва қўлларингизни силангиз”, деган таяммум ҳақида аниқ ҳужжат мавжуд. Ҳужжат мавжуд бўлган вақтда эса қиёс қилинмаслигини айтадилар. Умарга эса, таяммум таҳоратни ўрнига ўтганидек, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтишлигини тушунтирадилар ҳамда оятдаги “аёлни ушлаш”дан мурод жимоъдан олдинги ишлар эмас, балки айнан жимоънинг ўзи эканлигини айтадилар.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важҳаҳуни Яманга қози қилиб тайинлаганларида, у киши ўша ерда ўрага йиқилиб тушиб ўлган кишиларнинг дияларини белгилаш масаласида ижтиҳод қиладилар. У қуйидагича бўлади: Одамлар ов учун ўра қазишади. Ўрага шер тушиб қолади. Уни томоша қилгани келганларнинг издиҳомидан бир киши ўрага йиқилиб тушади. У тушиб кета туриб бошқа бир одамга осилади ва оғирлиги билан уни ҳам ўзи билан олиб тушиб кетади. Ўрага йиқилаётган иккинчи одам учинчи одамни, униси эса, тўртинчи одамни тортади ва бир йўла тўрт киши ўрага тушиб ҳалок бўлади. Шунда Али разияллоҳу анҳу ўрага биринчи йиқилган кишига диянинг тўртдан бир қисмини белгилайди. Чунки, у одамларнинг бир-бирлари билан издиҳом қилишлари ҳамда устида учта кишини ўзи тортганидан кейин йиқилиб тушишлари сабабли ўлган эди. Шунинг учун, унинг қилган иши, яъни учта кишини тортгани учун диянинг тўртдан уч қисмини олиб ташлайди. Иккинчи кишига диянинг учдан бир қисмини таъйин қилади. Чунки, у биринчи киши уни тортиб юборганлиги ҳамда унинг устига икки киши йиқилиб тушганлиги учун ўрага тушиб ўлган эди. Шунинг учун кейинги икки кишининг қулашига унинг ўзи сабаб бўлгани учун, диянинг маълум миқдорини чегириб ташлади, у ҳам бўлса учдан икки қисмидир. Учинчи кишига диянинг ярмини белгилади. Чунки, у иккинчи киши уни тортиб юборганлиги учун ҳамда ўзи тортиб юборган тўртинчи кишининг қулаб тушганлиги учун ўрага йиқилиб ҳалок бўлган эди. Шунинг учун унинг қилган иши, яъни тўртинчи кишини тортиб юборгани, натижада у ҳам ҳалок бўлгани учун ундан диянинг ярмини чегириб ташлайди. Тўртинчи кишига тўлиқ дия белгилайди. Бунинг сабаби, у ўзидан олдинги кишининг тортиб юбориши натижасида қулаб ўлган эди. Лекин ўзи ҳеч кимнинг ўлимига сабаб бўлмагани учун, унга тўлиқ дия белгилайди. Дияларни тўлашни эса, ўра атрофига йиғилган қабилаларнинг зиммасига юклайди. Шунда улар бу ҳукмни қабул қилишдан бош тортиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига Али разияллоҳу анҳудан шикоят қилиб боришганда, У зот алайҳиссалом: “Ҳукм айнан Али чиқаргандек бўлади”, деганлар.
Саҳобаларнинг ижтиҳодига бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларини ўша давр шариатининг асосларидан бири деб билмаслигимиз ҳам мумкин. Чунки, сиз биласизки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ижтиҳодлари охир оқибатда ваҳийга келиб тақалади. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари тўғри ёки нотўғрилиги Аллоҳ таоло томонидан оят нозил қилиниш билан тасдиқланар эди. Саҳобаларнинг ижтиҳодлари эса, охир оқибат суннатга келиб тақалар эди. Улар асосан, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан анча узоқ масофада бўлган вақтларида, гоҳида фурсатни бой бериб қўйиш хавфи бўлганда ижтиҳод қилар эдилар. Сўнгра, албатта қилган ижтиҳодларини Расулуллоҳ алайҳиссаломга баён қилиб, у кишидан ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғрилигини билиб олишар эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳодларининг ҳамда саҳобаларига ижтиҳод қилишга изн берилишининг ҳикмати
Ислом шариати шариатларнинг энг сўнгиси ва якунловчисидир. У қиёмат кунигача келадиган инсонларнинг динидир. У диннинг қоидалари ва ҳужжатлари лўнда ва умумий тарзда келган бўлиб, уларда муфассал баёнлар берилмаган. Ҳолбуки, янги воқеа ҳодисалар кўпайгандан кўпайиб боради, бир чегарада тўхтаб турмайди. Ҳар бир замон халқи ўзидан олдинги замон кишиларида бўлмаган янгиликларга дуч келадилар. Бас, шундай экан, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга истинбот қилиш йўлларини ўргатишни, Қуръон ва ҳадисдан керакли ҳукмларни олиш кайфиятини тажриба қилиб кўришларини ирода қилдилар, токи улардан кейин келадиган аҳли илмлар ўз воқеликларидаги янгиликларга Қуръон ва суннатнинг умумий далолатларидан етарли ва тўғри ҳукм олиш имкониятига эга бўлсинлар. Шоятки бу:
مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ
яъни: “Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси, 38-оят) ҳамда
وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ
яъни: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят) оятларида кўзда тутилган маъно бўлса ажаб эмас.
Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодлари ҳамда саҳобаларга ижтиҳод қилишга рухсат беришлари билан, умматларига намуна бўлдилар. Ислом шариати замонлар оша, авлоддан авлодга қувватланиб, ривожланиб бориши учун уларга бунинг йўлини кўрсатиб кетдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков