muslim.uz
Шаҳрихон тумани «Гултепа» жоме масжидида хатми Қуръон (Видеолавҳа)
“Яшил макон” лойиҳасида имконияти чекланганлар ҳам фаол қатнашмоқда
Айни кўклам чоғи кўчат экиб боғ барпо этиш табиат кўркамлиги ва об-ҳаво мусоффолигига сабаб бўлиш билан бирга улкан ажру савобга эга амал. Ушбу анъана халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Бугун ана шу эзгу одат давом этиб, Юртбошимиз ташаббуси билан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида умуммиллий ҳаракатга айланди.
Динимизда Ер юзини обод қилишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифда: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Ушбу эзгу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради. Қиёмат кунигача садақаи жория бўлиб, банда фойдасига хизмат қилади.
Шу йил 17 апрель куни Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Хузайфо” ва “Тавҳид” жоме масжидларида бўлиб ўтди. Унда Диний идоранинг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассислари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Янгийўл тумани отинойилари иштирок этди. Унда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилиб, тадбир давомида 85 та мевали дарахтлар экилди.
Эътиборлиси, ушбу хайрли ишда соғлом инсонлар билан ёнма-ён имконияти чекланган фуқаролар ҳам фаол қатнашдилар.
Ҳақ таоло ҳаётмиз фаровонлиги, мўминлар манфаати ҳамда табиатимиз кўркам бўлиши учун қилинаётган ушбу хайрли тадбирларни бардавом қилсин, унга ҳисса қўшган инсонларга ажру мукофотини зиёда қилиб берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом - поклик дини (Аудио)
"Зиё" медиа маркази ва "Наврўз" радиоси ҳамкорлигида тайёрланган "Маърифат зиёси" радио дастури.
Дастур меҳмони: “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби Aброр домла Aлимов
Сухандон: Нурмуҳаммад Зиёдуллоҳ ўғли
Тарихий учрашувга тайёргарлик қизғин
Аввал хабар берганимиздек, айни дамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб турибди.
Дарҳақиқат, бугун бутун инсоният турли муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Ислом уламоларининг ҳамжиҳатлиги ва мусулмон умматининг бирлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода ушбу анжуман мураккаб бир даврда туркий халқларни янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган паллада ўтказилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширади.
Қайд этиш жоизки, охирги йилларда Туркий давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, турли йўналишларда ҳамкорликлар қилинмоқда. Айниқса, мамлакатлар диний идоралари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиш даркор. Хусусан, ўтган давр мобайнида биргаликда ўтказилган йиғинларда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, мўмин-мусулмонлар иттифоқлигини таъминлаш ва ислом меросини тадқиқ этишда яхши натижаларга эришилди.
Мазкур Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи анжумани ҳам ана шундай самарали ва ўзаро ҳамкорликларни янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу йил 15 апрель куни бўлиб ўтадиган “Умумжаҳон пандемияси, иқтисодий инқироз ва рақамли дунёда Туркий-Ислом оламининг эртаси ва бугуни” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амраев, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули, Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров, Наҳчивон (Озарбайжон автоном республикаси) диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Вугар Бабаевлар ўз маърузалари билан қатнашиши режалаштирилган.
Мазкур йиғилишда кўтарилган муҳим мавзулар ҳақидаги маълумотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари Истанбул шаҳрига етиб келдилар
Аввал хабар берганимиздек, бугун 14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги тарихий йиғилишда иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига етиб келдилар.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Истанбул халқаро аэропортида Туркия Диёнат ишлари бошқармаси Евросиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Солиҳ Гур ва Ўзбекистоннинг Туркия давлатидаги элчихонаси вакиллари кутиб олдилар.
Айни пайтларда Муфтий ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги биринчи йиғилиш доирасида амалга оширилиши режа қилинган тадбирларга тайёргарлик кўрмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш Туркиянинг Истанбул шаҳрида эртага, 15 апрель куни бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Венгрия каби давлатлар дин пешволари иштирок этишлари режалаштирилган.
Сафар жараёнларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.