www.muslimuz
Солиҳа аёл!
Солиҳа аёл диннинг ярмидир. Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а) дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: “Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. Муслим ривояти.
Ҳоким ўзининг “Мустадрок” номли китобида, Анас (р.а)дан сахиҳ деб ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в) “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, деб келтиргандир.
Солиҳа аёлнинг зийнати хусусида Абу Нуъайм қуйидагини айтади: Саъид ибн Мусаййибнинг аёли, “Биз ўз эрларимизга, сизлар ўз амирларингизга сўзлагандек, “Аллоҳ сизни салоҳиятли қилсин, Аллоҳ сизни саломат қилсин”деб айтар эдик”-деб айтади.
Абу Ҳурайра (р.а) Муҳаммад (с.а.в) дан “Агар мен бирор кимсани бирор кимсага сажда қилишга буюрмоқчи бўлганимда эди, албатта, аёл кишини ўз эрига сажда қилишига буюрган бўлар эдим”. Термизий ривояти. Ибн Можа Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтдилар: “Мўмин одамнинг Аллоҳдан тақво қилишни ҳосил қилгандан кейин эришган нарсасининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. У аёлга бирор иш буюрса, итоат қилади, агар аёлига қараса кўзи қувнайди, агар бирор ишни қилишга қасам ичган бўлса, аёли унга қасамнинг устидан чиқишда ёрдам беради. Агар эри уйида йўқ бўлса, ўзини ҳам эрининг молини ҳам холислик билан муҳофаза қилади.
Байҳақий “Шўъбул Иймон” китобида Асмо ибн Хорижа Ал-Физорийнинг ўз қизини турмушга бераётган пайтида айтган сўзини келтиради: “Эй қизим, сен эрингга чўри каби бўлгин, шунда эринг сенга қул каби бўлади. Эрингга ўта яқин келмагинки, сени малол олиб қолиши мумкин. Ундан ўта узоқлашиб кетмагинги, сенинг узоқлашиб кетишинг унга оғир ботиши мумкин. Сен мен сенинг онангга айтганимдек бўлгин. Мен сенинг онангга шундай деган эдим: “Мадомики, сен мени доимий равишда афв этиб борар экансан, менинг сенга бўлган муҳаббатимни узоқ сақлаб қоласан. Мен ғазабга минган пайтимда менга бирор сўз айтмагин. Чунки мен кўрдимки, бир вақтнинг ўзида инсон қалбида ҳам мухаббат ҳам озор жамланмас экан, балки муҳаббат кетиб қолар экан”. Агар аёл ўз эрини рози қилган ҳолатда вафот этадиган бўлса, у аёлнининг жаннатга кириши умид қилинади. Бу ҳақда Умму Салама (р.а) Муҳаммад (с.а.в)дан ривоят қилган ҳадисда, “ Қайси бир аёл вафот этса ва эри ундан рози бўлиб қолса, у аёл албатта жаннатга киради” деганлар. Имом Термизий ривояти.
Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, қарасам ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?”-деб сўрадилар.
“Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар уларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса. “Сендан нима кўрдим, ҳеч яҳшилик кўрмадим”-деб айтадилар”-деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти.
Муҳаммад (с.а.в) айтдилар: “Сизларга жаннат аҳлидан бўлган аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, тез рози бўлувчи, зулм кўрган пайтда “Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди” дейдиганларидир”. Табароний ривояти.
Аҳмадали Худайбердиев
Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жомеъ масжиди имом-хатиби
Неъматларнинг аълоси
Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда:
“Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз”, – дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 152-оят).
Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилиш мусулмон инсон учун энг муҳим амаллардан ҳисобланади. Чунки мўминга берилган неъмат – унинг шукрига яраша бўлади. Шукр кўпайган сари неъмат ҳам зиёда бўлаверади.
Аллоҳ таъоло айтади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг”(Иброҳим сураси, 7-оят).
Мўмин инсон Аллоҳ таолодан дунё неъматларини сўрашдан олдин шукр неъматини сўраганида эди, балки ўзида бирор нарсага муҳтожлик сезмаган бўларди.
Ибн Мункадир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ алайҳис салом «Эй Аллоҳим! Сени зикр қилишимда, Сенга шукр қилишимда, ибодатингни чиройли қилишимда менга ёрдам бер!» – дея дуо қилар эдилар.
Эй Роббимиз! Ҳабибинг дуо қилганларидек дуо қилишимизни, У зотнинг дуоларини ижобат қилганингдек бизнинг ҳам дуоларимизни ижобат қилишингни илтижо қиламиз!
Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди
имом-хатиби Бобохонов Яҳёхон
“Ўзбекчиликда энди, ўзбекчилик...” (давоми)
Миллатимиз номига қиёсан айтилувчи “Ўзбекчилик” деган тагдор мазмунли сўз мавжуд. Бу сўзнинг замирида фақатгина миллатимизга хос бўлган жуда кўплаб фазилатлар ва хусусиятлар ётади.
ЎЗБЕКЧИЛИК – миллатимизнинг улуғлиги, бағрикенглиги, донишмандлиги, иймон-эътиқоди, беғаразлиги, беқиёс мардлиги каби фазилатларини муштарак қилиб ифодалаган сўз.
“Ўзбекчилик” – гўёки ҳаммамизга таниш тушунча, ҳатто қадрдон сўзга ўхшайди. Айниқса, берган ваъдамизнинг устидан чиқолмасак, ёшиними, мансаби, ёки “акалари”ними “ҳурмат” қилиб ноҳақ кишини оқласак ва яна бошқа кўплаб уялишимиз лозим бўлган ишларни қилсак, айнан шу сўз ёрдамида ўзимизни оқлаймиз. Ўзбекчилик атамасининг ҳаммага яхши маълум яна бир маъноси борки, унинг қатларига миллат сифатида ғурурланадиган қандай хусусиятларимиз бўлса, бариси сингган. Шу сабабли бу сўзни адолат, инсонийлик, меҳр-оқибат каби кўплаб хусусиятларнинг ўрнига бемалол қўллайверамиз.
Лекин ёлғон ва алдов, зўрма-зўракилик, ғирромлик каби ҳолатларга... “ўзбекчилик-да”, деб “изоҳ” берилиши – мутлақо ўринсиз.
Ахир қачон, қаердан чиққан бундай “ўзбекчилик”?
Миллатдошлар, дўстлар даврасида кинояли оҳангда айтилган “ўзбекчилик” сўзи балки бир-бирларига оғир ботмас. Лекин ўзга миллатлар лафзида айнан салбий иллатларга қиёсан (синоним сифатида!) айтилган “ўзбекчилик” (ёки тожикча “узбак”, русча кинояли оҳангдаги “узбеки”) сўзи кишида аламли ҳис-туйғу уйғотади: наҳотки шундай гўзал, улуғ ном салбий мазмун касб этса? (“Ўзбекчилик” сўзи, айниқса, бир-бирини чув тушириш, зуғум ўтказиш, сотқинлик, жаҳолат, ўз юртида ўзини ғариб ҳис этиш, ўзгаларга ҳаддан зиёд қуллуқ қилиш кабиларга менгзалади).
Юқорида таъкидланганидек, миллат номига нисбат берилувчи “ўзбекчилик” сифати – фақат бизга хос. Ёки “ўрисчилик”, “арманичилик”, “немисчилик” каби сифатлар ҳақида эшитганмисиз?
Бизнинг миллатимизда ҳам бошқаларда учрамайдиган, ёки бошқаларга қараганда янада ёрқинроқ намоён бўлувчи бир қатор фазилатлар мавжуд:
- Хонадонига эшик қоқиб келган инсоннинг кимлиги ва нима мақсадда қадам ранжида қилганини суриштириб ўтирмай, олдига дастурхон ёзади, таом қўяди. “Аввал – таом, сўнгра калом”, – дейди. Бу – ўзбекчилик.
- Оғир очарчилик йилларида теварак-атроф юртлардан юз минглаб одамлар: “Тошкент – нон шаҳри”, – дея умид билан келишганида, уларни бағрига олган, бир бурда нонини баҳам кўрган ва меҳр берган. Бу – ўзбекчилик.
- Ўзбек “борини ошириб, йўғини яшириб” яшайди. Ўзи жўжабирдай жон бўлса-да, меҳмонга мурувватининг қиёси йўқ. Ҳатто, унинг саховат-мурувватини тушунмаган баъзи нонкўрлар, “бу – пора”, дея номламоқчи бўлганлар. Йўқ, бу – ўзбекчилик.
- Бировнинг айбини кўриб, кўрмаганга, эшитиб, эшитмаганга олади. Инсонларнинг айбини очиш ва изза қилиш – гуноҳ, деб ҳисоблайди. Бу – ўзбекчилик.
- Гарчи, кўпинча ўзига зарар келтирса-да, Ўзбекда “андиша” деган ноёб инсоний туйғу мавжуд. Маҳтумқули – ҳақ: “Баъзилар андишанинг отини қўрқоқ қўйдилар”. Аслида, андиша – баъзилар хато ўйлаганидек, асло қўрқоқлик эмас. Бу – ўзбекчилик.
- Ўзбек қанча қийинчилик билан бўлмасин, бойлик топса-да, ҳатто, шунинг остида ҳам эзгу орзу-ниятлари ётади. У дабдабали тўйлар қилади ва топган бойлигини яна ўша халққа сочади. Бу ҳам – ўзбекчилик.
- “Маҳаллада дув-дув гап” киносини нега яхши кўрамиз? Чунки унда “ўзбекона” қиёфамиз, феъл-атворимиз, ўзбекчилигимиз кўринишлари жуда яққол акс этган, назаримда. Тўй қилса “овозаси етти иқлимга етсин”, “ҳофизлар тўрт томондан бири олиб, бири қўйиб куйласин”, тўйга атаб битта қўй олган эрининг овозини ўчириб: “Ўнта қўй нима бўлади? Боринг, олдига яна ўнта қўчқорни етаклаб келинг” дейиш ҳам ўзбек аёлларининг ўзбекчиликка йўядиган одатларидан.
Боласига макка, мош берган,
Дошқозонда юртга ош берган,
Борми шундай юкка дош берган?
Ўзбек бўлиш осон эмасдир...
(Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов)
– Ҳамма нарсага кўникиб, “хўп” дейиш, “сендан нима кетади, “хўп” десанг – қутиласан, кейин ўз билганингни қилавер”, деган “нажотбахш” мулоҳаза – ўзбекнинг ўзбекчилигига хос.
– Қўлидан ёрдам бериш келмаса ҳам, “акажон, биздан нима ёрдам?”, “бизга нима хизмат?” деб қўлини кўксига қўйиб туриш – ўзбекчилик.
– Уйини қўшнисининг уйидан баландроқ ва ҳашаматлироқ қилиб қуриш истаги ҳам – ўзбекчилик.
– Нима бўлса “боламга”, деб бешикдаги боласига ҳам иморат тиклаб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғиш – ўзбекчилик.
– Бозорда сотувчининг тарозидан ураётганини билиб туриб, индамаслик ҳам ўзбекчиликка мансуб.
– Иккита одам урушаётганда “тўхта-чи, охири нима билан тугаркан” деб панада туриб томоша қилиш – ўзбекчилик.
– Бирор қонун бузилиши ё жиноятнинг шоҳиди бўлиб қолса-ю, ҳуқуқ-тартибот ходимлари гувоҳлик беришини сўраса, “Билдим дедим тутилдим, билмадим дедим, қутилдим” қабилида гувоҳликдан қочиш ҳам – ўзбекчилик.
– Ўзига нисбатан ноҳақлик қилинса, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жиноятни олдини олиш ўрнига “югур-югур қилиб идорама идора изғийманми, э, майли-да” деб, айрим нокасларнинг омма кўз олдида ҳар турли қилмишларни қилиб юришларига шароит яратиш ҳам – ўзбекчилик.
- Рост гапни, ҳақиқатни гапирсаю, ҳали бироз ёш бўлса “сен жим ўтир тирранча” дейиш ҳам – ўзбекчилик.
- Шиддат билан ривожланаётган ва ўзгараётган жамиятни, одамлар онгидаги янгиланишларни ҳазм қила олмай жиғи бийрон бўлиб, ёшларни ёппасига саводсиз ва нодонликда айблаб, уларга йўл бермаслик ҳам – ўзбекчилик.
- Фақат ўзимизга хос бўлган ўзбекчилик фазилатлари рўйхатини яна узундан-узоқ давом эттириш мумкин…
Ҳа, биз ўзбеклигимиз билан, аслзода, темурийзодалар эканлигимиз, термизийлар, хоразмийлар ва бухорийлар авлоди эканимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз! Ғурурланиш борасида бизга тенг келадигани йўқ. Аммо, амалда ҳам аждодлар қилган ишларнинг мингдан бирини қила олсакгина давойимиз асосли бўлади.
“Инсоннома” китоби асосида
Саидаброр Умаров тайёрлади
IСESCO раҳбари биринчи ўринбосари Наджиб Рахиати бошчилигидаги делегация аъзолари Марказга ташриф буюрди
Айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (IСESCO) раҳбари биринчи ўринбосари Наджиб Рахиати бошчилигидаги делегация аъзолари 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Бу ерда муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловот қилинди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлишди. Меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов кутиб олди ва муассасада илмий-тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди. Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўз ўрнида IСESCO бош директори ўринбосари Рахиати Салих Нажиб ҳам юртимизга ташрифи ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Марказ директори билан 2020 йил Бухоро шаҳрининг “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирлар хусусида фикр алмашди. Шунингдек, айни масалалар юзасидан юртимиздаги қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан учрашганини айтиб ўтди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
ТАТУ Самарқанд филиали талабаларига Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тўғрисида маъруза қилинди
Хабарингиз бор, айни кунларда Самарқандда буюк аллома, калом илмининг асосчиси Имом Мотуридий таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Бу галги тарғибот тадбири 19 февраль куни Тошкент Ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида ташкил этилди.
Унда Марказ илмий ходимлари Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси хусусида маъруза қилди. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари хусусида йиғилганларга маълумот берилиб, ўтган давр мобайнида муассасада илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Тадбир доирасида Марказ илмий ходимлари томонидан «Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.