ЗАКОТ

1.     Чорва молларининг эркагу урғочисидан нисобга етгач, закот берилади.

Лекин шарти ярим йилдан ортиқ далада, ўтлоқда боқилган бўлиши  ва мақсади сутидан фойдаланиш, наслини кўпайтириш, баҳосини ошириш бўлиши керак. Ҳайвонларни боқишдан мақсад уларда юк ташиш, миниш бўлса, закот вожиб бўлмайди.

 

2.     Чорва молларини сотиб фойдаланиш, яъни тижорат нияти билан боқаётган бўлса, уларнинг қийматини пулга ҳисоблаб, закот чиқаради, неча бош эканига қараб эмас. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

3.     Чорва молларининг турига ва ададига қараб закот белгиланади. Масалан, ҳар бешта туяга бештадан қўй, 25 та туяга битта бир ёшдан иккинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ, 36 та туяга икки ёшдан ўтиб, учинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ берилади ва ҳоказо.

 

Қўй ва эчкининг 40 тасига бир ёшлик битта қўй, 120 тага етгач, иккита қўй ва ҳоказо. Сигир 30 тага етгач, бир ёшлик бузоқ, 40 тага етгач, икки ёшдан уч ёшга қадам қўйган ғунажин ва ҳоказо.

 

Ҳар бир урғочи отдан-биядан бир динор ёки нисобга етадиган қийматнинг 40 дан бир фоизи берилади. Отлар эркак-урғочи аралаш бўлса, улардан закот берилади. Аммо фақат эркак отлар бўлса, улардан закот берилмайди. Лекин тижорат учун боқаётган бўлса закот беради. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

4.     Эшак, хачир, қоплон, ўргатилган итлардан тижорат учун сақланаётган бўлсагина закот берилади.

 

Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг бир ёшга тўлмаган болалари алоҳида боқилаётган бўлса, улардан закот берилмайди. Аммо уларга битта катта ёшлиси қўшилса ҳам барчаси  унга тобе бўлиб қолади ва нисоб учун ҳисобга олинади. Масалан, 3 та қўзи билан битта уч ёшга қадам қўйгани бўлса, бир қўй закотга ажратилади. (“Фатовойи Оламгирия”, “Сирожия”)

 

5.     Закот фарз бўлган одам уни адо этмай туриб вафот топса, закот соқит бўлади.

 

“Фатовойи Оламгирия”

 

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси

фатво ҳайъати 

Read 27676 times

Мақолалар

Top