www.muslimuz

www.muslimuz

Жорий йилда тожикистонлик 6 минг нафар зиёратчилар Ҳаж ибодатини адо этдилар. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.

Саудия Арабистони томонидан ўрнатилган зиёратчилар квотаси мамлакатда яшаётган мусулмонларни умумий сонидан келиб чиқиб белгиланади. Шунга кўра 7 миллионга яқин аҳолига эга бўлган Тожикистон учун 6 минг квоталанган ўрин ажратилган.

Тожикистон Республикасида Ҳаж зиёратига бориш учун тўлов тўрт минг АҚШ доллари қилиб белгиланган эди. Бу мамлакат миллий валютасида 33 минг 410 сомони бўлиши айтилган. Ҳаж пакетига чипта, яшаш ва овқатланиш, зиёратгоҳларга ташриф буюриш, транспорт харажатлари киритилган.

Маълумотларга қараганда, ҳаво йўллари тизимидаги тирбандлик сабабли турли мамлакатлардан ташриф буюрган зиёратчилар турли вақтлада режага кўра кутиб олинади ва кузатилиши тартиби йўлга қўйилган. Тожикистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳи 14 сентябр куни Душанбега қайтишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понеділок, 17 сентябрь 2018 00:00

Аллоҳ сенга кифоя қилсин

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбораётганларида: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсик йўкдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрининг чорраҳалардан бирида кичик юк машинаси билан енгил автомашина тўқнашиб кетди. Юк машина ҳайдовчиси суданлик, енгил машина эгаси саудиялик бўлиб, тўқнашув натижасида иккала машинага ҳам жиддий даражада зарар етмади.

Саудиялик жаҳл билан машинасидан тушиб, тўқнашув унинг хатоси натижасида бўлганига қарамай, суданликни ҳақоратлаб, олдига борди-да, юзига тарсаки тортиб юборди. Зарбанинг кучидан суданлик ҳайдовчининг кўзи чиқиб кетишига бир бахя қолди. Лекин у “Аллоҳ таоло сенга кифоя қилсин. Ишимни унга топширдим. Сенинг ҳаққингда хато қилган бўлсам, Аллоҳ таолонинг Ўзи мени ҳисоб-китоб қилсин. Агар менга зулм қилган бўлсанг, Аллоҳ таоло сендан кечиктирмасдан, тезлик билан ўч олсин”, дея олди, холос.

Суданлик киши воқеанинг давомини ҳикоя қилади: “У ердан кетдим. Ичимда бир олов ёнар, қайта-қайта “Ҳасбияллоҳ, ҳасбияллоҳ (Аллоҳ таоло менга кифоя қилади)” деб айтардим.

Бир неча кун ўтгач мол бозорига бориб, машинамни бир четга қўйдим. Шу пайт, юзимга тарсаки туширган киши олдимга югуриб келиб, “Мени танияпсанми?” деди. Мен яна ўша кунгидек “У ишни ҳузурида ҳақлар зое бўлмайдиган Зот (Аллоҳ)га топширганман”, деб жавоб бердим.

Шу вақт унинг кўзларига ёш келди:

– “Қанийди ўшанда устимдан арз қилганингда ёки мени уриб қасосингни олганингда...

Сен ишингни топширган Зот ўша воқеанинг эртасигаёқ мендан қасос олди. Автоҳалокатга учрадим, икки фарзандим ҳалок бўлди...

Ўн беш кундан бери кўчаларни кезиб, кечирим сўраш, розилигингни олиш учун сени қидираман. Мусибатларга сабр қилдим, уларни зулмим учун дунёда берилган жазо деб билдим. Лекин аниқ ишонаманки, охиратдаги ҳисоб-китобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Сендан ўтиниб сўрайман: “Мендан қасосингни ол, хоҳлаган ишингни қил, лекин мени кечир!”.

Унинг оғир аҳволда, йиғлаётганини кўриб раҳмим келди. Унга:

– “Кечиримли киши ҳурматга сазовордир. Аллоҳ таоло сени кечирсин, гуноҳларингни мағфират қилсин”, дедим.

У кетди. Олдимдан узоқлашар экан, қайта-қайта “Аллоҳ таолога қасамки, бундан кейин ҳеч кимга зулм қилмайман!” деб айтарди.

Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлинг. Одамларга озор бериб, “Табиатан шундай одамман”, деб ўзингизни оқламанг. Жим турган ҳар қандай киши жавоб қайтаришдан ожиз эмас. Шундай кишилар бўладики, қалби оғриётгани, агар гапирса, бу оғриқ янада кучайиб кетиши туфайли жим туради. Шундайлар бўладики, гапирган гапи фойда бермаслигини билгани учун ҳам сукут сақлайди. Яна шундай одамлар бўладики, бошқаларга зарар етказмаслик учун ғазабини ютади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар. Зеро, у булутга кўтарилади. Аллоҳ: “Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи озгинадан кейин бўлса-да сенга, албатта, ёрдам бераман”, дейди» (Имом Таброний ривояти).

Билмаганларга билдирганлар ва унутганларга эслатганларга Ўзи ёрдамчи, ҳимоячи ва кўмакчи бўлсин! Аллоҳ таоло барчамизни мазкур воқеадан ибрат оладиган ва ёмон амаллардан сақланадиганлардан қилсин.

                                         Баҳодир МУҲАММАД,

Кулол-қўрғон” жоме масжиди имом ноиби

Бугун, 17 сентябрь куни АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга келади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб Kun.uz нашрининг хабарига кўра, Америка делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

Ташриф дастурига кўра, Олий Мажлис Сенати, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида учрашув ва музокаралар ўтказилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида делегация аъзолари «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понеділок, 17 сентябрь 2018 00:00

Уламоларни эъзозлаш тақводандир

Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.

Ҳурмат ибодатдан яхши, деган ўз ўрнида ҳақ сўз бор. Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат. Ҳаж сурасининг 30-оятида бундай марҳамат қилинади: «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта иш деб билса (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир».

Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят). Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.

Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади.

Ўтган улуғ зотлар, устозлар, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган. Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила. Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди.

Уламоларга кибр қилиш, уни менсимаслик ёмон хулқдир. Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Уйғун ҒОФУРОВ,

Тошкент ислом институти ректори

Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли халқаро анжуман доирасида бир қатор диний уламолар турли даражадаги медаллар билан мукофотландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар давомида хизмат қилганлари, яхши қўшничилик, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқликлари, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлашга қўшган улкан ҳиссалари учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан тақдирланган эдилар.

Бундан ташқари, 1-даражали «Ынтымоқ» медали қўшни Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ўразга топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top