muslim.uz
Энг қисқа дуони биласизми?
Энг қисқа дуо бу бир сўздан иборат бўлган дуо бўлиб, у أَسْتَغْفِرُ الله “Астағфируллоҳ”дир. “Аллоҳим ўзингдан кечиришингни сўрайман!” деган маънони беради. Ушбу дуо инсон қалбига осудалик сўраб, ўз дуоларининг Буюк Зот томонидан қабул қилинишини тилаб ўқилади айтилади.
Биз бандалар доимо катта ва кичик гуноҳларни ўзимиз билиб ва билмай қиламиз. Бироқ Оламлар яратувчиси инсонларнинг гуноҳлардан фориғ бўлишининг йўли сифатида ушбу дуони марҳамат қилган.
Аллоҳ Қурони Каримда шундай дейди: “Ҳақиқатда, Аллоҳ тавба қилувчилар ва покланувчиларни севади” (“Бақара” сураси, 222-оят).
Ўз қилмишларимиздан виждонимиз қийналиб, қалбан озор чекканимизда ушбу дуони такрорласак, истиғфор айтсак енгиллик бўлади. Дуонинг қисқалиги, уни бир неча бор қайта такрорлашни осонлаштиради. Қанчалик кўп истиғфор айтилса, руҳ шунчалик енгилликни ҳис этади.
Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:
من أكثر الاستغفار جعل الله له من كل هم فرجا ومن كل ضيق مخرجا ورزقه من حيث لا يحتسب
“Кимки кўп истиғфор айтса Аллоҳ унинг мушкулини осон қилади. Ўзи кутмаган томондан мукофотлайди” (Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Моджа, Ал Ҳаким, Ал Байхақий ва бошқалар).
"Эшонгузар" жомесига биринчи ғишт қўйилди
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Эшонгузар” жоме масжидининг янги биноси қурилиши учун биринчи ғишт қўйиш тадбиридан фотолар жамланмаси
http://old.muslim.uz/index.php/rus/rukn/fiqh/itemlist/user/72-muslimuz?start=18700#sigFreeId8feb260780
Халқимиз юрагидан жой олган инсон ёди
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу сана мамлакатимиз миқёсида катта тантана билан нишонланмоқда.
Бугун, 6 ноябрь куни Жиззах вилоятидаги ушбу санага бағишланган дастлабки тадбир Шароф Рашидов хотирасига эҳсон дастурхони ёзиш билан бошланди. Ушбу тадбирда улуғ адиб руҳини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан атоқли давлат арбоби ҳақига дуолар қилинди.
Шундан сўнг, Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов хотирасига бағишланган тадбирлар кетма-кетлиги бошланган. ЎзА хабарига кўра, тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидовнинг ўзбек халқи манфаатлари йўлидаги улкан хизматлари ҳақида алоҳида тўхталди. Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини таъкидлади.
Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.
Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди, деди муҳтарам Президентимиз.
Бу адибнинг 100 йиллик юбилейига бағишлаб мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирларда халқимизнинг улуғ адибни қанчалар ардоқлаши, унинг ижодий мероси, одамлар дардига малҳам бўлишдек ўзбекона сифатлари ва фазилатларини қадрлаши намоён бўлмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти мусиқали драма театридаги ўтказилган хотира кечасида ҳам ушбу эътибор ва эҳтиром ўзининг ёрқин ифодасини топди. Унда юртимиз санъат усталари томонидан миллий ашула ва жаҳон санъатининг энг сара асарларидан намуналар ижро этилди.
Саҳна ортидаги улкан мониторда донишманд инсоннинг болалик ва ёшлик даврлари, уни вояга етказган ота-онаси сиймолари, Шароф Рашидовнинг она Ватанимиз, халқимиз ғурурини кўтариш, юртимизни обод этиш йўлида бутун борлиғини тикиб олиб борган ҳаёти, Президентимиз раҳнамолигида адиб номини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бугунги дориломон ҳаётимиз акс эттирилган лавҳалар намойиш этилди.
Атоқли давлат арбоби ва ёзувчининг хотирасига бағишланган кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Видео: “Фотиҳа” сурасини ўқиган тўтиқушни кўрганмисиз?
Оламда ғаройиботлар кўп, улар орасида тўтиқушнинг Қуръон сураларидан бирини қайта айтганини кузатиш қизиқарли. Ушбу видеолавҳа “Илмфеед” гуруҳи томонидан олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Ушбу лавҳани сиз мухлисларга ҳам тақдим этиш истагида уни сайтимизга жойлаштирдик.
Зоҳиршоҳ Жўраев
700га яқин қорилар борди
Эроннинг Шероз шаҳрида Дунё мусулмон ёшлари Қуръон форуми ўтказиляпти
Маълумотларга кўра, форумга Эрон ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан 700 га яқин қорилар етиб келди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг “2017 йил – Мусулмон ёшлари пойтахти” учун тайинланган халқаро дастурлар котиби Ҳайдар Али Камёб Калантари форумга дунёнинг турли ўлкаларидан ёшлар келгани ва Туркия бош муфтийсининг ҳам ташриф буюргани тинчлик ва дўстликнинг намоён бўлиши дея таъкидлади. “Уч кунлик форум Қуръонга муҳаббатли ёшлар ўртасидаги маданий мулоқотни кучайтиришга қаратилган”, деб сўзида давом этди жаноб Калантари.
Эслатиб ўтамиз: 2016 йил Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган ИҲТ вазирлари даражасидаги учрашувда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Шероз шаҳрини “2017 йил – Мусулмон ёшлари пойтахти” деб атаган эди. Шу муносабат билан жорий йилда Шерозда турли маданий, санъат, спорт ва диний тадбирлар ўтказилмоқда.