muslimuz
Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси София розияллоҳу анҳо онамиз у зотнинг зиёратларига бордилар, бироз гаплашишди, сўнг София онамиз уйларига кетмоқчи бўлдилар. Набий алайҳиссалом кузатгани турдилар.
Шунда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошилманг, бу аёлим Софиядир”, дедилар.
«Субҳаналлоҳ! Ё Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Яъни сизга ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан жуда кўплаб сабоқлар олиш мумкин.
Биринчидан, одамларнинг фикрига ёмон ҳаёллар келиб турар экан. Шуни билишимиз керакки, шайтон инсонни ёмон фикрлар билан ғўзғатади. Масалан, кўча-кўйда бир аёлни бир эркак билан кетаётганини кўрсак ёки кимнингдир усти бошини кўриб нотўғри хулоса чиқаришга шошиламиз. Бир жойда бир танишингизни кўриб, дарҳол у ҳақда ёмон гумонга борманг, чунки аслида унинг нияти бутунлай бошқа бўлган бўлиши мумкин. Шуни асло унутмангки, шайтон инсонни ёмон йўлга бошлаш учун доимо васваса қилиб, ёмон фикрларга ундайди.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ёмон гумонга тушиб қолишдан қайтарганлар. Шунинг учун, “хотиржам бўлинг, бу менинг аёлим София” деб ҳатто саҳобаларда ёмон фикр туғилмаган бўлса ҳам, уларни турли гумонга бормасликларининг олдини олдилар.
Ҳамиша яхши фикрда бўлиш кишилар ўртасида дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлайди. Ёмон фикр инсонлар орасида кенг тарқалган хавфли касалликдир. Ҳатто баъзан эркак киши шайтоннинг васвасаларига учиб, ўз аёлига ҳам шубҳа билан қараб, жосуслик қилади. Натижада, орада ишонч йўқолади.
Баъзилар ён-атрофидаги барча одамларга шубҳа билан қарайди. Улар нима иш қилишса, ҳаммасини таҳлил қилади. Биз ҳамиша атрофимиздаги барча нарсага яхши гумон билан қарашга одатланишимиз лозим.
Албатта, бундан бефарқ бўлиш керак деган тушунчага бормаслик керак. Бу иккиси ўртасида катта фарқ бор. Масалан, нарса сотиб олиш ва сотишда ёки бошқа муомаларда зийрак бўлиш талаб этилади. Текширмай, суриштирмай кўрганимизга ишониб кетавермаслигимиз лозим. Бундай ҳолатларда ақл-идрок яхши гумондан устун қўйилмайди.
Яхши гумон қилишда ота-боболаримиз гўзал намуна эдилар. Улар бирор мусибатга учрашса ҳамиша "бунда бир яхшилик бор" деб айтишарди. Мисол учун, бир идиш синиб қолса ёки бирор кўнгилсиз ҳолат рўй берса, ҳатто ишлари юришмаса ҳам "Инша Аллоҳ бунда бир яхшилик бор" дейишарди. Аммо биз бирор мусибатга учрасак бир зумда тушкунликка тушамиз. Бироқ ўтган улуғларимиз "Бунда яхшилик бор, Аллоҳ мендан бир ёмонликни кетказди. Ҳар бир кечикишда бир яхшилик бор" деб яхши гумонда бўлишарди. Биз ҳам ҳамиша Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишга интилишимиз керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажойиб бир воқеани ривоят қилиб берганлар: “Сизлардан олдингилар ичида 99 та одамни ўлдирган бир кимса бор эди. У ер юзи аҳлининг энг билимдон кишисини суриштирди. Уни бир роҳибга далолат қилишди. У роҳибнинг олдига келди ва ўзининг 99 та жонни ўлдирганини, тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Роҳиб: “Имкон йўқ” деб жавоб берди. Бояги кимса роҳибни ҳам ўлдирди ва саноқни 100 тага етказди. Кейин яна ер юзининг энг илмли кишисини суриштирди. Уни бир олимга далолат қилишди. У бориб, ўзининг 100 та жонни ўлдирганини, энди тавба қилишига имкон бор-йўқлигини сўради. Олим: “Имкон бор. Сен билан тавба орасини ким тўса олади?! Сен фалон ерга бор. У ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган инсонлар бор. Улар билан бирга ибодат қил. Ўз еринггга қайтма. Чунки у ёмон жой экан” деб жавоб берди. Бояги кимса айтилган томонга жўнади. Ярим йўлга етганда, вафот этди. У одам хусусида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишдилар. Раҳмат фаришталари: “Бу одам тавба қилган ҳолда қалби билан Аллоҳ таоло сари кетаётган эди” дейишди. Азоб фаришталари: “Бу одам ҳеч яхшилик қилмаган” дейишди. Шунда уларнинг ёнига бир фаришта одам суратида келди. Фаришталар уни бу ишга ҳакам қилдилар. У: “Сизлар унинг яшаган жойи билан бормоқчи бўлган жойини ўлчаб кўринглар. Бу одам қайси тарафга яқинроқ бўлса, ўша тарафга ҳукм қилинади” деди. Фаришталар ўлчаб кўрсалар, у одам бормоқчи бўлган тарафига яқин экан. Дарҳол унинг руҳини раҳмат фаришталари кўтариб олдилар”.
Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлишнинг чегараси йўқ, чунки бу Аллоҳ билан мулоқотнинг бир туридир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилган: "Мен бандам мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандайман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман".
Шундай экан, Роббингиз ҳақида яхши гумонда бўлинг. Жаннатнинг энг олийсини сўранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни сўранг. Албатта, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб неъматларини беради.
Агар бирор мусибатга учрасангиз буни синов деб билинг, Аллоҳ сизнинг даражангизни кўтаришини умид қилинг. Агар бирор яхшилик етса, буни Аллоҳнинг неъмати деб билинг! Ҳамиша яхши гумон ва ниятда бўлинг.
Унутмангки! Аллоҳ таоло сизга асло ёмонликни раво кўрмайди, сизга фақат яхшиликларни хоҳлайди....
Даврон НУРМУҲАММАД
Қандай қилиб Аллоҳнинг тавфиқига лойиқ бўла оламиз? (2 қисм)
Аллоҳнинг тавфиқига эришай десангиз қуйидагиларни қилишингиз даркор:
1) Ўзгаларга яхшилик қилинг, одамларнинг ҳожатини чиқаринг, зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби одамларга манфаати энг кўпидир”.
2) Қуръонни ўрганинг ва ўргатинг. “Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир”.
3) Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринг, Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят)
4) Солиҳ кишилар билан ҳамсуҳбат бўлинг, токи улар сизни тоатга чорласинлар, маъсиятдан қайтарсинлар. “Фақат мўмин билангина дўст бўл. Таомингни фақат тақводор кишигина есин”.
5) Доим ҳусни-хулқ узра бўлинг, кўнглингиз пок бўлсин! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз – хулқи гўзалларингиздир”.
6) Оила қуришда ўзингизга солиҳа жуфт танланг, негаки солиҳа аёл дин ва дунё ишларингизда сизга ёрдам беради. Бошида Аллоҳдан узоқ бўлган, солиҳа аёлга уйлангандан кейин эса аёли уларнинг ҳаётини ўзгартириб юборган қанчадан-қанча одамларни кўрдик! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Дунё бир матоҳдир, дунёнинг энг яхши матоҳи эса солиҳа жуфтдир”.
7) Оилангизга эътиборли бўлинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингизман”. Оиланинг ҳаққи дўстлар, ошна-оғайниларникидан муқаддам туради!
8) Ўзингизга алоқадор бўлмаган ишларга аралашманг, сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзига алоқадор бўлмаган нарсаларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”.
9) Аллоҳдан сизни гап-сўзларда, юриш-туришда тўғриликка йўналтиришини сўранг. Бу Аллоҳ таоло каломида айтган ҳикматнинг айни ўзидир: “У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади” (Бақара сураси, 269-оят)
10) Кўп-кўп дуо қилинг, Аллоҳга ўзингизни доим заиф, ҳожатманд эканингизни намойиш этинг. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтарканлар: “Мен дуойим ижобат бўлмаслигидан қўрқмайнман, қалбимда дуога муҳтожлик сезмай қолишимдан қўрқаман. Чунки дуо қилиш сизга илҳом этилса, ижобати ҳам бирга келади”.
11) Ўзингизни доим ҳисоб-китоб қилиб боринг. Бирор ибодат қилсангиз “Роббим мендан қабул этади”, дея Роббингиз ҳақида яхши гумон қилинг. Агар бирор гуноҳ қилиб, кейин ундан тавба қилсангиз, Аллоҳдан тавбангизни қабул этишини сўранг.
12) Аллоҳдан сизга соғлом қалб ва ҳақгўй тил ато этишини сўранг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг дўстлари – кўрилганда Аллоҳ таоло эсланадиган зотлардир”.
13) Аллоҳни кўп зикр қилинг. Бу ибодатларнинг энг осонидир. Аллоҳ таоло Қуръонда: “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят)
14) Аллоҳ сизни қандай иш ва қандай амаллар узра қоим этагнига қаранг! Аллоҳ таоло наздида мезонингизни, баҳойингизни билмоқ истасангиз ғам-ташвишингиз, амалларингиз Аллоҳ учун бўляптими ёки йўқми, шунга боқинг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Бувим билан ўртамиздаги келишув - 10 сабоқ
Ёшлик чоғларимиз. Бир куни бувим олдиларига чақириб “Кел болам, иккаламиз бир нарсага келишиб оламиз: мен сени дуо қиламан, сен эса мени. Мен сени илмий даражаларда юқори мартабаларга кўтарилишингни сўраб доим дуода бўламан. Сен эса вафот этганимдан кейин қабримни зиёрат қиласан. Аллоҳга гуноҳларимни мағфират қилишини сўраб дуо қиласан. Мен сенинг ҳаққингга кўп дуолар қиламан, сен ҳам вафотимдан кейин қабримни кўп зиёрат қиласан”, дедилар. Бу фикр менга маъқул келиб розилигимни билдирдим.
Шундан кейин бувим менинг ҳаққимга кўп дуолар қилдилар ва менга ҳам вақти-вақти билан ўртамиздаги келишувни эслатиб турдилар. Кунлар ўтди. Мен муваффаққият сари илдамлаб, бувим дуоларда тилга олганларидек илмий даражаларда юқсак чўққиларга чиқдим, турли ғалабаларга эришдим. Бу орада бувижоним ҳам бу дунёни тарк этдилар.
Бувим умрларининг охиригача ваъдаларида содиқ қолдилар. Тиллари мени дуо қилишдан бўшамасди. Мен эса ўз фаолиятим ва шахсий ҳаётим билан машғул бўлиб бувим билан тузган келишувимни унутиб қўйдим. Муваффақиятларимга дуоси сабаб бўлган кишини дуоларимга муҳтож пайтида ташлаб қўйдим...
Буни қарангки, бир куни кечаси бувижоним тушимга кирдилар. “Ўртамиздаги келишувни ёдингдан чиқардингми, болажоним?” дедилар.
Уйғонганимда устимдан муздек сув қуйиб юборгандек ҳолатда эдим. Дархол ўзимга келиб, таҳорат олиб намоз ўқидим. Намоздан кейин бувижоним ҳақларига кўп-кўп дуолар қилдим.
Шу кундан кейин ҳар дуо қилганимда бувимни ҳам эслайдиган бўлдим. Қабрларини ҳам тез-тез зиёрат қиладиган, баъзан у ерда соатлаб қолиб кетадиган бўлиб қолдим. Фарзандларим қабристонга кўп қатнаётганимни билиб бунинг сабабига қизиқдилар. Мен эса уларга бувим билан бўлган ўртамиздаги келишув воқеасини сўзлаб бердим.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Қабр зиёрати охиратни эслатади
Бандаларининг қай бири яхшироқ амал қилишини синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!
“Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинглар”, дея бизни огоҳликка даъват этган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин!
Боқийлик Аллоҳга хос. Ундан ўзгаси эса ҳалок бўлувчидир.
Қабр зиёрати кўнгилни юмшатади, виждонни уйғотади, қалбдаги ёмонликларни бартараф этади.
Қабр зиёратидан икки нарса мақсад қилинади:
1. Охиратни, дунёнинг ўткинчилигини эслаш;
2. Қабр аҳли ҳаққига дуо қилиш, уларга мағфират сўраш, Қуръон тиловатининг савобини етказиш.
Қабристонга киришда ушбу дуо ўқилади: “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизнинг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз”.
Қабрларни босманг, йўлакдан юринг!
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирор чўғ ё қилич устида юришим мен учун бир мусулмонинг қабри устидан юришимдан яхшироқдир” (Ибн Можа ривояти).
Қабр устига ўтириш дуруст эмас!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингизнинг бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, терисигача етиб бориши унинг учун қабрга ўтирганидан яхшидир” (Имом Муслим ривояти).
Қабристонда оғир-босиқ, сокин юринг, у ерда ётганлар ҳақида бир мулоҳаза қилинг.
Қуръонни овоз чиқариб ўқиган афзал, чунки қабр аҳли ундан баҳра олади.
Зиёратчи Қуръон савобини ўз яқинига бағишлаганда қабристон аҳлини ҳам унутмаслиги керак. Қабр зиёратида ихлос ва ёсин сураларини ҳамда оятул курсийни ўқишнинг савоби кўп.
Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриган ўт-ўланларни йиғиштириш мумкин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтдилар ва: “Бу иккови азобланмоқда, бироқ катта гуноҳ сабабли азобланишаётгани йўқ. Уларнинг бири пешобдан эҳтиётланмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра ҳўл хурмо новдасини олиб, иккига бўлдилар ва ҳар қабрга биттадан суқиб қўйдилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Шояд, булар қуригунича улардан (азоб) енгиллатиб турилса”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қабр зиёрати учун маълум бир кунни тайинлаб олиш жоиз эмас, балки имкон топганда қабристонни зиёрат қилиш жоиз.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳамиша охиратни ёддан тутадиган, ўтганлар солиҳлар ҳаётидан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказадиган бандаларидан қилсин.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.
Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади
Шу йилнинг 25 ноябрь куни пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев ҳамда Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев, шунингдек, туркий давлатлар уламолари, диний соҳа вакиллари ҳам иштирок этади.
Анжуманда давлатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, диний идоралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунинг билан бирга, кўп асрлик миллий ва диний анъаналаримизни кенг тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, диний идоралар раҳбарлари биргаликда замонавий фатволар ишлаб чиқиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва бугунги кунда мусулмон уммати учун муҳим бўлган масалалар юзасидан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашадилар.
Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари йиғилишига ҳамоҳанг равишда Туркий давлатлар уламолари биринчи форуми ҳам ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг илк тарихий йиғилиши 2022 йилнинг 15 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилди. 2022 йилнинг 21 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти муфтийлар кенгашининг Озарбайжоннинг Баку-Шуша шаҳарларида ўтказилган тарихий йиғилишида “Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашини ташкил қилиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аллоҳ таоло мазкур йиғилишларни хайрли, қардош халқлар ва бутун мусулмон уммати учун манфаатли бўлишини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати