muslimuz
Бу динда асло қийинчилик йўқ
“Таъзиядаги бидъатлар”
- “Маййитнинг кийимларини тезда тарқатиб юборинглар, акс ҳолда у дунёда кийимсиз бўлади”.
- “52” маросимини қилиш керак, чунки маййит 52 кунда эти суягидан ажралади”.
- “Ўликнинг ҳурмати йўқми, ҳеч бўлмаса, 20 сигача таъзияда бўлайлик”.
- “Таъзия бўлган жойда бир йилгача тўй қилиб бўлмайди”.
- “Ўлик чиллага тирик чиллани аралаштирмаслик керак!”.
- “Келинингиз ҳомиладор бўлса, бармоғига ип бойлаб олсин, ҳомилага ўликнинг таъсири бўлмайди!”.
Манбалар кўп, уламоларимиз суҳбатларини тинглаш имкони яратилган ҳозирги пайтда таъзия бўлган хонадонларда юқоридагига ўхшаш ҳолатларга дуч келамиз. Афсуски, бундай бидъат-хурофотларга диний тус берилиб, ота-боболаримиздан қолган одат деб қаралади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят). Ислом енгиллик динидир.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси.
Туркиядаги “Бобо Султон” масжидининг ноёб архитектураси
Туркиянинг Бурса шаҳрида 2023 йилда очилган “Бобо Султон” масжиди ўзига хос меъморчилиги билан диндорларни лол қолдирмоқда.
“ИҚНА”нинг “Aнадолу” нашрига таяниб маълум қилишича, Туркиядаги “Бобо Султон” масжиди пўлат конструкциядан қурилган. У думалоқ шаклга эга бўлиб, тепадан қараганда кичик нуқтага ўхшайди. Масжид томида ярим ой ва юлдуз шаклидаги чироқни кўриш мумкин.
Масжиднинг диаметри 24 метрга етади ва кечаю кундуз соатлари сонининг рамзи ҳисобланади.
Масжид архитектор-муҳандис Aли Тариқ Баксуй лойиҳаси асосида бино этилган бўлиб, ушбу масжид дизайнида масжиднинг ташқи шакли ва кўринишидан ҳам муҳимроқ бўлган махсус тушунчалар борлиги айтилади.
Меъмор Баксуй: “Масжиднинг думалоқ шакли бор, уни тепадан қарасак, у нуқтага ўхшайди ва бу инсоннинг бу оламда кичик бир зарра эканлигини кўрсатади”, - деди.
Шунингдек, у масжид гиламлари уч ўлчамли дизайнга эга эканлигини ва бу мўминларни намознинг олдинги қаторлари томон ҳаракатланишга ундашини тушунтирди.
Меъмор Баксуй масжид минораси ҳақида ҳам бундай деди: “Масжиднинг минораси бор, унинг устида “Aллоҳ” сўзи ўйилган бўлиб, у Қодир Тангрининг бирлиги рамзидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Замзам сувида таҳорат ва ғусл қилиш мумкинми?
Cавол: Замзам сувида таҳорат олиш ёки ғусл қилиш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Замзам суви билан бетаҳорат кишининг таҳорат олиши, истинжо қилиши, нопок кишининг ғусл қилиши, нопок кийимни поклаши макруҳ экани айтилган. Аммо таҳорати бор инсон табаррук мақсадида замзам билан таҳорат олиши ёки пок кишининг ғусл қилиши макруҳ эмас. Бу ҳақда “Ғунятун носик” китобида бундай дейилган: “Замзам суви билан табаррук мақсадида таҳорат ва ғусл қилиш жоиздир. Шунингдек фақат пок нарсага ишлатилади. Жунуб киши замзам суви билан ғусл қилиши, бетаҳорат киши таҳорат олиши ва уни нажосат бор жойда ишлатиш мумкин эмас”.
“Табаррук мақсадида замзам суви билан ғусл ва таҳорат олиш мумкин. Яъни фақат суртиш, ғусл қилиш ёки таҳорат устига таҳорат қилиш каби табаррук мақсадида ишлатиш лозим. Шунингдек, фақат пок нарсага ишлатилади. У билан нажас кийимни ювиш, жунуб ғусл қилиши, бетаҳорат киши таҳорат қилиш каби ишларни қилмаслик керак. У билан истинжо қилиш макруҳдир. Қолаверса, замзам билан бадан ёки кийимдаги нажосатни кетказиш макруҳдир. Айрим уламолар буни ҳаром деган. Айтилишича, бир одам замзам билан истинжо қилиб, бавосир (геморрой) касалига учраган” (“Иршодус сорий ила маносики мулла Али қори” китоби).
Бир неча ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замзам сувининг фазилатлари: очга таом, ташнага сув, беморга шифо бўлиши ҳақида айтганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Дунёдаги энг шимолий масжид
Масжид мусулмонлар ҳаётининг ажралмас қисмидир. Унинг мусулмон жамияти ҳаётидаги ролини ортиқча баҳолаб бўлмайди, деб хабар беради “Islamic Capital” нашри. Бу мусулмонлар учун маънавий, ташкилий ва маърифий марказдир. Умумий функцияларига қарамай, ҳар бир масжиднинг ўзига хос тарихи ва хусусияти бор.
Шундай қилиб, дунёдаги энг чекка шимолий нуқтага барпо этилган масжид Норилскдаги “Нурд-Камол” масжиди бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. У норилсклик тадбиркор, миллати татар Михад Бикмаев ҳисобидан қурилган бўлиб, унга ота-онаси - отаси Нуритдин ва онаси Ғайникамал шарафига ном берган.
Қурилиш 1993 йилда бошланган. Баъзи меъморий ва муҳандислик ечимлари оғир маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди: деворларнинг камроқ музлаши ва шамолларга кўпроқ қаршилик кўрсатиш учун миноранинг кўндаланг кесими квадрат шаклида (одатда ишлатиладиган доира ўрнига) қилинган, кучли қор ёғиши сабабли масжид гумбази қияроқ.
Ушбу лойиҳа (архитектор Е. Солнйшкин) Москвадаги Архитекторлар иттифоқининг халқаро биенналесида учинчи даражали диплом олди.
Масжид 1998 йил 19 сентябрда очилган ва ҳозирда Норилскнинг барча мусулмонларини – татарлар, бошқирдлар, озарбайжонлар ва бошқаларни бирлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жанозага борганда нима дейиш керак?
Cавол: Жанозага борганда нима деб айтиш керак? Бандалик деса бўладими ёки нима дейиш керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Таъзия эгасига “Марҳум (отангиз ё онангиз)ни Аллоҳ раҳматига олсин. Сизга сабр ва ажр берсин,” деб таъзия изҳор қилинади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъзияларини айтиш ҳам яхши саналади:
إنَّ لِلَّهِ مَا أَخَذَ وَلَهُ مَا أَعْطَى وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِأَجَلٍ مُسَمًّى
“Албатта, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Унинг ҳузурида ҳамма нарса ўлчовлидир”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.