muslimuz
Таврот, Забур, Инжил ва Фурқонда ҳаром қилинган амал
Зино ахлоқсизликлар ичида энг жирканчидир. У жамиятни маънавий инқироз сари етаклайди. Зино инсонийлик кушандасидир. Шариатимиз аҳкомларида бу иллатнинг гуноҳ экани барчага маълум.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларни нафақат зинодан, балки унга яқин боришдан ҳам қайтаради: “Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг” (Анъом сураси, 151-оят).
Зино ҳар қандай соғлом фикрли инсон тафаккурида – у мусулмон бўлсин ёки бошқа динда бўлсин, қабиҳ ахлоқсизликлар жумласидан саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган барча самовий аҳкомларда зино гуноҳ эканлиги таъкидланган.
Аллоҳ таоло зинони Тавротда, Забурда, Инжил ва Фурқоннинг кўп оятларида ҳаром қилган. У катта гуноҳдир, у билан инсонларнинг ҳурмати оёқ ости бўлади, насаблар аралашиб кeтади.
Ривоят қилинишича, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Ҳурматимни топташлари мeнга ёқмайди, мeнинг ўзим ҳам ҳeч кимнинг ҳурматини оёқ ости қилмайман”, дeган ва ўзи жоҳилият пайтларида ҳам зино қилмаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади. Ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ўғрилик қилади. (Ичувчи) хамр ичаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ичади” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади” (Ҳоким ривояти).
Зино инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам кўпгина мусибатлар олиб келади. Жумладан, кишининг тақвосини сўндиради, обрўсини кетказади, ҳаёни барбод қилади, юздан нурни сўндиради, қалбни қорайтиради. Зино фақирликни келтиради, Яратганнинг ҳузурида ҳам, бандаларнинг орасидан ҳам ҳурмати кетади.
Зинокордан “ҳаёли”, “одобли”, “одил” деган номлар ўчиб, ўрнига “зинокор”, “фожир”, “фосиқ”, “хоин” деган номлар тамғаланади, ҳаловати кетади, одамлар унга ишонмай қўяди, қалби тораяди ва юраги сиқилади.
Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир ёш йигит келиб:
- Ё Аллоҳнинг Расули! Менга зино қилишга рухсат беринг, – деди. Унинг бу сўзига одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
- Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?
- Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – деб жавоб берди йигит.
- Бошқалар ҳам оналарига ўша ишни раво кўрмайдилар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди йигит.
- Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. Синглингга шу ишни раво кўрасанми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу зайлда йигитнинг аммаси, холасини сўрадилар. Йигит ҳар сафар “Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин!” дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмаслар” дер эдилар.
Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб:
“Аллоҳим! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!” деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.
Аллоҳ таоло бу иллатдан қиёматга қадар келадиган жамики авлоду зурриётларимизни Ўзи асрасин.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
“Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” вакиллари йиғилишида қандай масалалар кўтарилди?
“Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будавий “Дунё” ахборот агентлигига берган эксклюзив интервюсида ушбу ривожланиш йўналиши икки минтақа учун муҳимлигини таъкидлади:
“Биз Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишини интиқлик билан кутмоқдамиз”. Ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу масаладаги иккинчи саммитга тайёргарлик кўришдан иборат. Яъни, бу учрашув яна бир муваффақиятли саммитга асос бўлади. Иккинчи муҳим сабаб, Форс кўрфази араб давлатлари бир томондан Ўзбекистон билан, иккинчи томондан, умуман Марказий Осиё давлатлари билан яхши муносабатларга эга.
Aлбатта, биз Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2023 йил июль ойида Жидда шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммитида илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқамиз ва амалга оширамиз.
Aйтиш жоизки, ҳозирги босқичда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган томонлар ўртасидаги муносабатларни турли жабҳаларда ривожлантириш тўғрисидаги битим ишлаб чиқилиши муҳим ташаббуслардан биридир. Ушбу таклиф ҳозирда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари томонидан кўриб чиқилмоқда ва биз уни амалга оширишни интиқлик билан кутмоқдамиз.
Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган кўплаб соҳалар мавжуд – булар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, “рақамли” иқтисодиёт, сунъий интеллект, иқтисодий йўлакларни яратишдир. Бундан ташқари, биз бир қатор муҳим ғоялар устида ишламоқдамиз. Кўрфаздаги араб давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари дунёнинг келажаги эканлигига чин дилдан ишонамиз.
Ўзбекистон Форс кўрфази давлатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Кўрфаз давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари сони бунинг ёрқин далилидир. Икки томонлама ташрифлар ва турли халқаро тадбирларда юқори даражада иштирок этиш, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар, ташқи ишлар вазирларининг самарали ташрифлари динамикаси ҳам юқори.
Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ҳамкорлари орасида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Ўзбекистон билан Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли режаларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўмон султонлиги, Баҳрайн ва Қувайт билан ҳамкорлик кенгаяди, деган умиддамиз. Aраб давлатлари Ўзбекистоннинг мавқеи, стандартлари, минтақа ва ундан ташқаридаги ўрни ва аҳамиятини яхши билади. Шу боис Ўзбекистон билан муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жанубий Кореянинг ҳалол саноатга интилиш сабаби ва босқичлари
Жанубий Корея маъмурлари ҳалол саноатни ўсиб бораётган имконият сифатида кўради, уни қўлдан бой бериб бўлмайди ва бу тез ўсиб бораётган бозорда мавжуд бўлиш учун кенг режалар ишлаб чиқди.
“ИҚНA”нинг “ал-Жазира” телеканалига таяниб хабар беришича, ўтган йилнинг сентябрь ойида Малайзияда бўлиб ўтган халқаро ҳалол кўргазмасида Индонезия ва Кувайт каби мусулмон давлатларидан бўлган Жанубий Корея стенд вакиллари ташриф буюрувчиларни денгиз ўтларидан тортиб, соғлиқ учун мўлжалланган маҳсулотларгача бўлган стендда тақдим этилаётган ҳалол маҳсулотлар билан танишишга таклиф қилишгани кўплаб иштирокчилар эътиборини тортган эди.
“Ҳалол озиқ-овқат бозори – бу ўсиш учун улкан салоҳиятга эга бўлган океан”, –деди Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ходими Ли Ён Жек “ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида.
Жанубий Корея ҳозирда бутун дунё бўйлаб 1,8 миллиард мусулмоннинг турмуш тарзини шакллантирадиган глобал ҳалол саноати салоҳиятини англаб етди. Лекин табиийки, мусулмон аҳолиси 200.000 дан кам ёки аҳолининг 0,4 фоизидан кам бўлган Корея давлатига ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш унчалик мос келмайди. Бироқ Жануби-Шарқий Осиёда корейс таомлари ва сабзавотларига талаб ортиб бораётгани корейс экспортчилари учун потенциал фойдали имкониятдир.
2015 йилда Кореянинг ўша пайтдаги президенти Пак Кин Хе Бирлашган Aраб Aмирликлари билан янги бозорларда савдони, жумладан, ҳалол озиқ-овқатларни ривожлантириш бўйича шартнома имзолаган эди.
Ўтган йили Жанубий Корея Малайзиядаги Ислом ишлари бўйича идоралардан рухсат олганидан сўнг биринчи марта “ҳанву” номи билан танилган ҳалол корейс мол гўштини экспорт қила бошлади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сеулда жойлашган Корея мусулмонлари жамғармаси ва Кореянинг “Halal Marjah” компанияси Жакартада Индонезиянинг Ҳалол маҳсулотлар ташкилоти билан шартнома имзолаганини эълон қилди.
Мазкур шартнома асосида Корея қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат компаниялари Жанубий Кореядан “Ҳалол” сертификатни олгандан сўнг Индонезиядаги ташкилотдан алоҳида сертификат олмасдан туриб, мамлакатга маҳсулот экспорт қилиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Балоларни кетказувчи, ғам-ташвишлардан халос этувчи, дардларга шифо бўлувчи зикр
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат эшикларидан бири.
ألا أدلك على باب من أبواب الجنة قال: وما هو؟ قال: لا حول ولا قوة إلا بالله
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Мен: “У нима?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар" (Имом Табароний ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат хазиналаридан бири.
قل: لا حول ولا قوة إلا بالله فإنها كنز من كنوز الجنة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар" (Имом Термизий ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат кўчати.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – 99 дардга шифо бўлади.
مَنْ قَالَ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ كَانَتْ دَوَاءٌ مِنْ تِسْعَةٍ وَتِسْعِينَ دَاءٍأَيْسَرُهَا الْهَمُّ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – фақирликни даф қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар (Ибн Абу Дунё ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – неъматларнинг бардавом бўлишига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин", деганлар (Имом Табароний ривояти).
- Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – бало-мусибатлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?" дедилар. "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади», дедилар.
Молик Ашжаъийнинг ўғли асирга тушиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни кўп айтишни буюрганлар. Натижада ўғли асирликдан халос бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни айтиш билан мушкуллари осон, бало-офатлари даф бўлишини кўп синаб кўрганлар.
Олимлардан бири айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Малайзиядан Тошкентга ҳафтасига икки марта ҳаво қатновларини амалга ошириш бошланди
Малайзиянинг “Batik Air” авиакомпанияси кечадан эътиборан Куала-Лумпур–Тошкент–Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Парвозлар “Boeing 737 max 8” ва кенг фюзеляжли "Airbus A330" русумли самолётларда душанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги парвозлар "Uzbekistan Airways" томонидан ҳам ҳафтасига 2 марта амалга ошириб келинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасида авиақатновлар сонининг кўпайиши ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Малайзиянинг етакчи авиаташувчиларининг республикамизга парвозларини ташкил этиш, зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва малайзиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида мамлакатимиз фуқаро авиацияси маъмурияти ва "Batik Air Malaysia" компанияси раҳбарияти ўртасида қатор музокара ва маслаҳатлашувлар ташкил этилган эди. Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистонга илк авиақатнови 2023 йил 15 декабрь куни йўлга қўйилган эди.
"Batik Air Malaysia" ("Malindo Airways Sdn Bhd") 2012 йилда Малайзия ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Петалингжаяда жойлашган. Ҳозирда компания Осиё қитъасининг 50 дан ортиқ йўналишига, жумладан Австралия, Бангладеш, Жанубий Корея, Индонезия, Покистон, Сингапур, Таиланд, Хитой, Япония, Ҳиндистонга рейсларни амалга оширади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати