muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи бошқарувчилари кенгаши – Банк олий бошқарув органи Раиси этиб Ўзбекистон томонидан бошқарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков сайланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил октябрь ойида С.Умурзаков Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланган эди.

Маълумот учун: Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1974 йилда Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрида ташкил этилган. У ўз ичига Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси, Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси ва Ислом тадқиқот ва таълим институтини олган. ИТБ аъзолари таркибига 57 мамлакат киради. Банк фаолиятининг асосий йўналиши иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инфратузилмавий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қўшма Штатлар бўйлаб бир неча мусулмон гуруҳлар ва Ислом марказлари оғир дамларда муҳтожларга ёрдам бериш учун кўп меҳнат қилишди. Техас штатининг Хьюстон шаҳрида етакчи мусулмон нотижорат ташкилоти барча диндаги одамларга хайр-эҳсон қилади. 2005 йилда Хьюстонда ўз ишини бошлаган ICNA Relief фуқароларни озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳаракатларни олиб боради.
"Ташкилотимиз логотипига қарасангиз, у ерда "инсоният учун мусулмонлар"деб ёзилган. Бу динимизнинг асоси", - дейди Хьюстон шаҳридаги ICNA Relief вакили Семи Бухорий.
ICNA ишининг катта қисми қочқинларга ёрдам беришга қаратилган бўлса-да, аммо барчаси 2020 йилда дунёни COVID-19 пандемияси қамраб олганидан кейин ўзгарди. Islam.ru маълумотларига кўра, Houston Food Bank билан ҳамкорликда барча миллат вакилларига ICNA Relief дан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб туришди.
"Биз бир ойда (пандемиядан олдин) 450 га яқин оилани озиқ-овқат билан таъминлаётган эдик", - дейди Бухорий. - Июль ва август ойларида бу кўрсаткич 1200 дан 1400 нафар кишига етди".
ICNA – Шимолий Америкадаги энг йирик нотижорат мусулмон ташкилотларидан бири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понеділок, 08 февраль 2021 00:00

Биринчи шифохонани кимлар очган?

Мусулмонларнинг тиббиётга қўшган энг катта ҳиссаси биринчи бўлиб шифохоналар ташкил этганлигидир. Қарийб 900 йил олдин мусулмонлар диёрида касалхона очилган.
Биринчи шифохона халифа Валид ибн Абдулмалик даврида фаолият юритган. Бу шифохона моховлар учун эди (Табарий. “Тарихи умам вал мулук”).

Орадан 900 йилдан кўп вақт ўтгачгина Парижда биринчи Европа касалхонаси очилди. Ислом ўлкаларида шифохоналарнинг баъзилари кўчма, баъзилари муқим фаолият кўрсатган.
Шифохоналар “бемористон” деб номланган, улар медицина университети вазифасини ҳам бажарган. Барча шаҳарларда шифохоналар бор эди, кўчма шифохоналар чекка ҳудудларга хизмат кўрсатган. Уларни туяларга ортиб юришган. Султон Маҳмуд Салжуқий (ҳижрий 511-525 йилларда) ҳукмронлик қилган даврда қирқталаб туялар шифохона асбоб-ускуналари ортилган юкларни кўтариб юрган. Кўчма шифохонада бир нечта тажрибали табиблар ишлаган (Ибн Қафтий. “Тарихи ҳукамо”).

Катта шаҳарларда жойлашган шифохоналар юқори савияда бўлган.
Машҳур шифохоналар сирасига Бағдоддаги “Азудия” (ҳижрий 371 йил), Дамашқдаги “Нурий” (ҳижрий 549 йил), Қоҳирадаги “Мансурий” шифохоналарини (ҳижрий 683 йил) киритиш мумкин. Қуртуба (Кордоба) шаҳрининг ўзида уларнинг сони элликдан ортиқ бўлган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар тиббиёти”).

Шифохоналар турли бўлимлардан: жарроҳлик, тери касалликлари, кўз касаллиги, суяк синиши каби бўлимлардан ташкил топган. Табиб шогирдлари билан касалларни кўриб, ташхис қўйган, талабалар бевосита даволаш жараёнида иштирок этган.

Сўнгра устоз катта хонақода уларга маъруза ўқиган. Шифохоналарда кутубхоналар мавжуд бўлиб, тиббиёт адабиётлари билан бирга, фиқҳ китоблари ҳам бўлган. Қоҳирада жойлашган “Ибн Тулун” шифохонасида 100.000 дона китоб бўлган экан. Шифохона атрофидаги катта экин майдонида муолажалар учун зарур гиёҳлар экилган.

Шифохоналарда касаллик юқишининг олдини олиш учун тартиб жорий қилинган. Келган беморнинг кийими ечилиб, унга махсус либос берилган. Бемор ўзига хос палатада даволанган, унинг бошқа палаталарга кириши таъқиқланган. Ҳар бир касалга алоҳида идиш-товоқ, кароват, кўрпа-тўшак берилган. Бу ҳозирги “Гигиена қоидалари”га аслида мусулмон ўлкаларида асос солинганига ишора.

Парижда биринчи очилган шифохона мусулмонларникидан тубдан фарқ қилган. Касаллар дарди ҳар хил бўлса-да, битта палатада даволанган. Бир неча бемор битта кароватда ухлаган. Хона шу даражада ҳидланиб кетар эканки, табиб ва ҳамширалар хонага бурунларини беркитиб киришган. Бемор ўлиб қолса, бир кунгача хонада қолиб кетар экан ҳатто! (Мустафо Сабаий. “Мин равонъ ҳазоратина”).

“Азудия” шифохонаси ҳижрий 371 йил Бағдодда Азудуддавла ибн Бувайҳ томонидан бунёд этилган бўлиб, дастлаб 24 нафар табиб хизмат кўрсатган. Кейинчалик улар сони кўпайиб, катта кутубхона ташкил қилинган. Шифохонада 24 соат давомида хизмат кўрсатилган.

Ибн Жубайр ажойиб бир ҳолатни ҳикоя қилади: у ҳижрий 580 йилда Бағдодга қилган сафарида боғ-роғлар билан ўралган маҳалланинг марказида гўзал бир қаср бўлиб, касалларга вақф қилинганди. Булар келиб бемалол истиқомат қилар, қасрнинг барча харажатлари давлат хазинасидан ва бойлар вақф қилган сармоядан қопланар экан (Мустафо Сабаий. “Мин равовъ ҳазоратина”).

“Ислом ва Олам” китобидан

Тафсир сўзи луғатда: “изоҳлаш” ва “баён” деган маъноларни англатади. Ушбу маъно Қуръони каримнинг “Фурқон” сурасида ҳам келган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар сенга бирор масал келтирсалар, Биз, албатта, сенга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирамиз” (Фурқон сураси, 33-оят).

Истилоҳда эса, уламолар тафсирга турлича таъриф берганлар. Шулардан бири Имом Суютий бундай таъриф берган: “У оятларнинг нозил бўлиши, қиссалари, нозил бўлиш сабабларини билиш. Сўнгра, Маккий ва Маданий оятлар тартиби, муҳкам ва муташобеҳ баёни, носих ва мансухи, хос ва оммаси, мужмал ва муфассари, ҳалол ва ҳароми, ваъда ва ваъийди, буйруқ ва қайтариқлари ва шу кабиларни билишдир”.

Таъвил луғатда: “Қайтиш” деган маънони билдиради. Яъни, сўзни эҳтимоли бор маънога қайтариш дейилади. Истилоҳда эса, салаф уламолари таъвилни икки хил маъноси бор деганлар. Биринчиси: бир каломнинг тафсири ва унинг маъносининг баёни. Мана шу таърифга биноан тафсир ва таъвил сўзлари ўзаро маънодош (синоним) ҳисобланади.

Иккинчиси: каломдан ирода қилинган нарсанинг айни ўзидир. Яъни, калом агар, бир нарсани талаби ҳақида бўлса, унинг таъвили: талаб қилинганнинг ўзи ҳисобланади. Агар, калом хабарий бўлса, унинг таъвили: хабар берилган нарсанинг айни ўзи бўлади.

Тафсир уламолари тафсир ва таъвил орасидаги фарқ борасида турлича йўлни тутганлар. Баъзи олимлар тафсир ва таъвилнинг иккиси ҳам бир маънода деганлар. Айрим олимлар эса, иккисининг орасини фарқлаганлар. Шулардан бири Роғиб Асфаҳоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Тафсир: таъвилга нисбатан омроқ. Кўпинча тафсир лафзларда, таъвил эса, маъноларда ишлатилади. Ва яна таъвил кўпинча илоҳий китобларда ишлатилди. Тафсир эса, илоҳий китобларда ҳам, бошқаларда ҳам ишлатилади.

 

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,

Мир Араб Олий мадрасаси талабаси.

Мақолалар

Top