muslim.uz

muslim.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан тегишли мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.

Депутатлар “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоизки, Илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз тарихий объектларда реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас. Лекин рухсатсиз 14 та объектда жами 12 миллиард 454,9 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. Буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари, ҳатто айрим мансабдорларнинг ўзбошимчалиги билан минг йиллик тарихга эга обидаларга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. 2017-2021 йилларда бу бўйича жами 14 та жиноят иши қўзғатилган. Aфсуски, энди йўқотилган ёки зарар етказилган объектларни асл ҳолида тиклаб бўлмайди.

Ушбу қонун лойиҳаси тарихий обидаларни сақлаш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилди ва унга жазо чораларини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Маданий мерос агентлигининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш муҳокамасида ушбу жавобгарлик фақат мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши кўрсатиб ўтилган эди. Лойиҳани маромига етказиш жараёнида унга юртимиздаги маданий мерос объектларига нисбатан фуқароларнинг ҳам жавобгарлигини белгилаш нормаси киритилди.

Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган. Шундай бўлса-да, уларни бажармаганлик учун бор-йўғи 12 нафар шахс маъмурий ва 2 нафар шахс эса интизомий жавобгарликка тортилган, холос.
ЎзА хабарига кўра, лойиҳада Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимиздаги моддий маданий мерос объектлари, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблигини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази томонидан фалсафа фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университети Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси кафедраси доценти Жаъфар Холмўминов муаллифлигида “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли монография яратилди.

Ўтган ўн тўрт асрлик даврида Ислом таълимоти тасаввуф шаклидаги буюк ғоялар жараёнида ривожланди. Бизнинг давримизга келиб исломшунослик, шу жумладан, тасаввуфшунослик илмлари кенг миқёсда ривожлана бошлади. Узоқ муддатли Исломдан узоқлашиш, унга хурофот ва бидъат деб қараш, одамларни худосизликка, эътиқодсизликка, иймонсизликка даъват этувчи даҳрийлик ғояси барбод бўлгач, қалб ва иймон билан яшашга асосланган турмуш тарзи қарор топа бошлади. Ислом таълимоти, тарихи ва фалсафасини ўрганиш имкониятлари кенгайди.

Кейинги даврда тасаввуфшуносликка доир қатор тадқиқотлар, изланишлар амалга оширилди. Бироқ тасаввуф таълимотининг юраги бўлган тасаввуф фалсафасининг генезиси, эволюцияси ва унинг амалиёти билан боғлиқ масалалар ҳалигача етарли даражада ўрганилмаган эди.

Жаҳон динларининг тарихи, уларнинг ривожланиш босқичлари эволюцияси ва айни ана шу ривожланишлар оқимида уларнинг ғоявий асосларини тасаввуф фалсафаси асосида қиёсий таҳлил ва тадқиқ этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу ўта мураккаб ва зиддиятли вазифани забардаст тасаввуфшунос олим, фалсафа фанлари доктори Жаъфар Холмўминов катта илмий ирода ва қатъият билан ўз зиммасига олди ва тасаввуфшунослик соҳасида “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли янги фаннинг методологик асосларини яратишга муваффақ бўлди. Соддароқ тарзда айтганда, XX асрнинг иккинчи яримида “Қиёсий грамматика” ва “Қиёсий адабиётшунослик” фанлари, XXI асрнинг бошида эса “Қиёсий диншунослик” фани илм-фан майдонига кириб келган эди.

Жаъфар Холмўминов эса илк маротиба бизга “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли фан ҳам бўлиши мумкинлигини, бу фаннинг илк унсурлари эса X асрда Абу Райҳон Беруний, Абу Бакр Калободий ва Мустамлий Бухорий, кейинги даврларда Муҳаммад Ғаззолий, Ибн ал-Арабий ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий каби улуғ мутафаккирларнинг фалсафий ва ирфоний асарларида кузатилишини илмий далиллар билан исботлаб берди ҳамда ўз навбатида “Қиёсий тасаввуфшунослик”нинг қиёсий таҳлил ва герменевтик усулларга таянган янги методологиясини ишлаб чиқди.
Шу тариқа, “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли фалсафа, қиёсий диншунослик, исломшунослик, манбашунослик ва адабиётшунослик фанларининг қоришмасидан ҳосил бўлган янги фан дунёга келди.

Жаҳон динларини қиёсий тадқиқ этиш, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ғояларини, таълимотини чуқур ўрганиб, келиб чиқиш манбалари асосида қиёсий таҳлил қилиш тадқиқотчидан катта билимни, барча динлар ҳақидаги асосли мулоҳазаларни ва холисона қиёслаш салоҳиятини талаб қилади. “Қиёсий тасаввуфшунослик” тасаввуфшуносликнинг муҳим ва таркибий қисми сифатида унинг генезиси ва эволюциясига бутунлай янги ўлчовлар, танқидий ёндашувлар, илмий мушоҳада ва мантиқий хулосалар асосида ёндашишни талаб қилади. Мазкур монография муаллифи Жаъфар Холмўминов айни ана шу мезонни яхши тушунган ва унга қатъий амал қилган.

Муаллиф тасаввуфшунослик фанини унинг моҳиятидан келиб чиқиб таснифлайди. Жумладан, унинг таснифида тасаввуф тарихи, тасаввуф манбашунослиги, тасаввуф терминологияси, тасаввуф фалсафаси, тасаввуф фалсафаси герменевтикаси, тасаввуф адабиёти ва тасаввуф адабиёти герменевтикаси каби таркибий қисмлар тасаввуф фалсафасининг мазмуни ва моҳиятини яхлит ҳолда очиб беришга хизмат қилиши мумкинлиги илмий асосланган.
Қиёсий тасаввуфшунослик энг аввало тасаввуф фалсафасининг ҳар томонлама чуқур таҳлилидан бошланади. Жаъфар Холмўминов айнан шундай йўл тутади. Тасаввуфшуносликнинг таркибий қисмларини, у нималардан иборат эканлигини ўрганади ва уни тизимли тарзда тартибга солади. Муаллиф тасаввуфшуносликнинг таркибий қисмлари юқорида санаб ўтилган йўналишлар ва структуравий элементлардан иборат эканлигини жадваллар орқали тушунтиради.

У тасаввуф илмининг тубсиз уммон, ғоят ранг-баранг имкониятларидан келиб чиқиб, уни ўрганишнинг бутунлай янги жиҳатларини очиб берар экан, тасаввуф таълимотининг ўзига хос томонларини қуйидагича таснифлайди: тасаввуф теологияси, тасаввуф этикаси, тасаввуф эстетикаси, тасаввуф социологияси, тасаввуф аксиологияси, тасаввуф психологияси, қиёсий тасаввуфшунослик.

Юқоридаги йўналишлар тасаввуфшуносликнинг маҳобатли моҳиятини очишга имкон беради. Ана шундан сўнггина қиёсий тасаввуфшунослик муаммосига катта жидду жаҳд ва шижоат билан киришиш мумкин бўлади. Бу ғоятда катта қунт, билим ва саботни тақозо этадиган жараённи тадқиқотчи Ж.Холмўминов етарли даражада тушунтириб бера олган. Аслини олганда тасаввуфшуносликда тасаввуфнинг юқорида баён этилган таркибий қисмлари ҳали шаклланмаган. Ана шу жиҳатдан тасаввуфшуносликка бундай ёндашувни тадқиқотчи Ж.Холмўминовнинг ўзига хос илмий янгилиги дейиш мумкин. Муаллиф буни илмий муаммо сифатида кўтаради ва ушбу китобда унинг илмий асосланган, назарий жиҳатдан етарли даражада таҳлил қилинган хулосаларини илгари суради.

Қиёсий тасаввуфшунослик табиий равишда тасаввуф фалсафасини бошқа турдош ғоялар ва таълимотлар билан қиёслашни тақозо этади. Жаъфар Холмўминов бунинг диний таълимотлардан ташқари дунёвий илмлар билан ҳам боғлиқ жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтади. Жумладан, фалсафа, диншунослик, манбашунослик, тарих, адабиётшунослик, тилшунослик, психология, социология ва этнология. Айни ана шулар мантиқий жиҳатдан ҳам, илмий-фундаментал жиҳатдан ҳам, қиёсий тасаввуфшуносликнинг муҳим алоқадор жиҳатларидир.

Бу ҳолатни Ж.Холмўминов Шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” каби достонларидаги ўзига хос психологик ҳолатларда, сўфийликнинг жамият турмуш тарзи ва ижтимоий ҳаётга муносабатини социология, жамият билан боғлиқ бўлган жиҳатларини Нақшбандия тариқатидаги “Дил ба ёру даст ба кор”, “Хилват дар анжуман” – инсон ва жамият муносабатларида банданинг жамоа билан ҳамжиҳатлиги қалбан эса Ҳақ билан боғлиқлиги, этнология, этнография ва акциололгиянинг, яъни инсоннинг ҳаёт билан қадрятлар, урф-одатлар, маросимлар, расм-русумлар билан боғлиқлигида ва, ҳатто, сиёсатшуносликнинг айрим жиҳатларини, Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг “Насиҳат ул-мулк”, Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулк” асарларида кўтарилган ғоялар билан асослайди.

Жаъфар Холмўминов тасаввуф фалсафаси генезиси ҳақида фикр юритар экан, унинг ўзига хос асосларини, асл манбасини қидиради ва уларни қуйидагича ифодалайди. Муаллифнинг хулосаларига кўра, тасаввуф фалсафасининг асоси Ислом дини. Унинг икки йўналиши бор. Биринчиси назарий манбалар, иккинчиси амалий манбалар. Назарий манбаларнинг асоси Қуръони Карим, ундан кейин Ҳадиси шариф, дин пешволари ва уламоларининг ғоялари. Амалий манбалари эса Расулуллоҳнинг суннати, ундан келиб чиқадиган саҳобалар одоби, хатти-ҳаракатлари ва ниҳоят, дин пешволари ва уламоларининг фаолиятлари, феъл-атворлари, юриш-туришлари. Муаллиф ана шу икки йўналишнинг туташган нуқтаси тасаввуфдир, деган қатъий хулосага келади.

Муаллиф тасаввуф фалсафасининг генезиси ва эволюцияси ҳақида қатор манбаларга, хос адабиётларга ёндашади. Ушбу таълимотнинг ривожланишига доир турли қарама-қарши фикрларни қиёсий ўрганади. Бу мунозарали муаммо Жаъфар Холмўминов тадқиқотида етарли даражада ўз ифодасини топган ва чуқур тадқиқ этилган. Бу борада муаллиф Шарқу Ғарб шарқшунослари, диншунос ва исломшуносларининг хулосаларини қиёсий тадқиқ этганлиги билан алоҳида қийматга эга.

Умуман олганда, мазкур монография тўғрисида узоқ фикр юритиш мумкин, аммо мухтасар қилиб айтганда, ушбу тадқиқот замонавий исломшунослик ва тасаввуфшуносликда ўзига хос муҳим илмий воқеа сифатида баҳоланашига ишончимиз комил.



Нарзулла Жўраев,
сиёсий фанлар доктори, профессор

Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган.

Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

"نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ

(رواه الإمام ابو داود)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор.
Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар:

كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ

رواه الإمام مُسلم عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما

яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Ер аҳлига азоб беришга чоғланаман. Агар Менинг уйларим (масжидлар)ни обод қилувчиларни, Менинг йўлимда яхши кўрувчиларни ва саҳар чоғида истиғфор айтувчиларни кўрсам, азобимни улардан даф этаман», деб марҳамат қилади.

Хабарингиз бор сўнги вақтда юртимиз бўйлаб янги масжидлар очилиб, ўз фаолиятини бошламоқда. Қорақалпоғистонда яқинда Чимбой туманида янги очилган «Юсуф ота» масжиди иш бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Шўмонай тумани «Деҳқонобод» овул фуқаролари йиғини ҳудудида янгидан қуриб битказилган ва рўйхатдан ўтказилган «Сафар ота» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши дин ишлари бўйича бош мутахассис Н.Жамалов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А.Утеўлиев, имом-хатиблар ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов масжид қуришнинг, ободонлаштиришнинг улуғ ажри ҳақида, айниқса чекка ҳудудларда масжидларнинг очилиши улуғ иш эканлигини таъкидлади. Ибодатлар, савобли амаллар қиёматгача давом этишини тилаб, овул аҳлини янги масжид билан табриклади. Ушбу масжид мўмин-мусулмонларнинг дуолари қабул бўладиган, табаррук маскан бўлишини тилади. Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти номидан ташаккурнома берилди.

Масжид Шўмонай туманидаги «Деҳқонобод» овул фуқаролари йиғини ҳудудидан, аҳолига қўлай жойга икки қавват этиб, барча қўлайликлари билан қурилган.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин Республикамиздаги масжидлар сони 2104 тага етди.

Аллоҳ таоло янги масжидни қорақалпоғистонликлар учун илм-марифат ва тарбия маскани бўлишини насиб қилсин!

 

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

ЎМИ Масжидлар бўлими

Қиш мавсумида кўпчиликни: “Иммунитетни қандай кўтариш мумкин”, деган савол кўп ўйлантиради. Аксарият кишилар шамоллаш, ангина, тамоқ яллиғланиши каби кенг тарқалган касаллардан ҳимояланиш, иммунитетни кучли қилувчи ишончли “мўжизали” дорини сотиб олиш учун дорихоналарда турна қатор навбатда туриш ва катта ҳаражат қилишга ҳам тайёрмиз.

 Фамацевтика соҳаси бугун қандай мувоффақиятга эришган бўлмасин, иммунитетни мустаҳкамлайдиган “мўжизали” даво воситасини ҳалигача кашф қилолгани йўқ. Бундан умидсизланишга асло шошманг! Соғликни мустаҳкамлаш учун дорихонага бориш шарт эмас. Бу борада динимизга амал қилиш самаралироқ. Қуйида жисмимизни кучли ва иммунитетни “қаттиқ ёнғоқ”дек мустаҳкам қилишнинг энг яхши усулларини кўриб чиқамиз.

Таҳорат

 

 Ҳар бир мусулмон учун кундалик одат бўлган таҳорат нафақат намознинг, балки соғлиқнинг ҳам калитидир. Олимлар таҳоратнинг инсон юрак қон-томир тизимига жуда фойдали эканини аниқлашган. Айниқса, совуқроқ сувда қилинган таҳорат танани қаттиқлаштиради. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш вирусларни ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман барчаси оддий: таҳорат қилинг – соғлом бўлинг!

Занжабил

Бу жаннат илдизида бактерия ва яллиғланишга қарши, микроблардан ҳимояловчи хусусият мавжуд. Занжабил қиш мавсумида, айниқса, уйимизда бўлиши керак. Ушбу аччиқ илдиз жуда фойдали бўлиб, унда С, В витаминлари ҳамда инсон танасидаги шикастланган ҳужайраларни даволовчи ва янгиловчи ретинол моддаси бор.  

Асал

Қуръонда келган яна бир дори – асалдир. Бу маҳсулот иммун тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Эътибор беринг: инсон қони ва асалнинг кимёвий таркиби жуда ўхшаш: Қонимизда 24, табиий асалда 22 микроэлемент мавжуд. 

Шамоллаш билан боғлиқ касалликлар олдини олишда табиий асал ва ёнғоқ аралашмаси энг яхши воситадир. Бунда ёнғоқнинг ҳар қандай туридан фойдаланиш мумкин. Асосийси, тайёрланаётган даво воситасига етарлича қўшишдир.

Қора зира

Қора зира кучли табиий иммунитет манбаи бўлиб, танага юмшоқ таъсир қилувчи даво воситасидир. Ўсимликнинг фаол моддаси бўлган тимохинон танани ҳимоя қилиш ва касалликка чидамлиликда асосий ўрин эгаллайди.  

Тананинг ҳимоя хусусиятларини ошириш учун унинг ёғини эрталаб оч қоринга нонуштадан бир соат олдин ва кечқурун ётишдан олдин қабул қилиш тавсия этилади. Катта ёшлилар учун бир чой қошиқ меъёр ҳисобланади. 

Шамбала (Хельба)

“Агар одамлар шамбаланинг қанчалик фойдалилигини билганида уни олтин нархида бўлса ҳам сотиб оларди”. Олимлар изланиши туфайли бу ажойиб ўсимлик фойдалари ҳақида биламиз. Аммо биз негадир дорихонага фойдаси юз йиллар олдин исботланган олтин уруғлар учун эмас,  балки фармацевтика саноатининг самарадорлиги реклама шиорларида мавжуд бўлган навбатдаги ихтиросининг изидан қувишда давом этяпмиз.

Шундай қилиб, шамбаланинг уруғи юқумли касаллик асоратлари, куйиш, шамоллашдан холос бўлишга ёрдам беради. Ўзининг юмшатувчи хусусияти туфайли бу ўсимлик шамоллашни даволашда яллиғланишга қарши восита сифатида ишлатилади. У қалинлашган шилимшиқнинг юмшатишилиши ва эришига, лимфа тизими орқали таксинларни йўқ қилишга ёрдам беради. Бунинг учун бир ош қошиқ шабаланинг уруғига ярим литр қайноқ сувга солиб аралаштирилади. Ушбу суюқлик таъсирини ошириш учун лимон шарбати қўшилади.

Юқорида эслатган иммунитетни мустаҳкамловчи жуда фойдали усуллар ишлаши учун фаол ҳаёт тарзига ўтиш, овқатланишда меъёрга амал қилиш ва ибодатларни кўпайтиришимиз лозим.

Манбалар асосида

Баҳриддин Хушбоқов

тайёрлади

 

Мақолалар

Top