muslim.uz
Рамазон - Қуръон ойи: Воқеа сураси фазилатлари
Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.
Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:
– Нимадан шикоятинг бор?
– Гуноҳларимдан.
– Нимани хоҳлайсан?
– Парвардигорим раҳматини.
– Сенга табиб буюрайми?
– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.
– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?
– Ҳожати йўқ.
– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:
– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.
Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.
Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Рамазон туҳфаси: Аллоҳнинг дўсти Иброҳим алайҳиссалом (Аудио)
Дубай мутахассислари: Ифтордан олдинги харид ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка зарар
Дубай иқтисодий ривожланиш департаменти Амрликнинг рўза тутган аҳолисига кундузи ёки кечқурун рўза очилишидан олдин харид қилишдан тийилишни тавсия қилади. Унга кўра, рўзадор бўлган ҳолида очлик ҳисси кишида харид қилиш истагини оширади, натижада унинг ўйламасдан ва кераксиз сарф-харажатларга олиб келиши мумкин. Ҳозирда Дубай аҳолисининг аксарияти рўза тутишади.
“Ал-Заҳра” касалхонаси шифокори, диетолог шифокори Дана ал-Шакаа таъкидлаганидек, “оч харидорлар кўпроқ пул сарфлашади ва керак бўлгандан кўра кўпроқ нарсани сотиб олишади”. Ушбу қоида озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам, бошқа истеъмол товарларини ҳам сотиб олишга нисбатан қўлланилади.
Шунингдек, оч харидорлар учун юқори калорияли овқатлар энг жозибали саналиб, бу уларни зарарли одатларга мажбур қилади. Шундай экан “оч қоринга ёки овқатдан олдин харид қилишдан сақланиш керак”, деди шифокор.
Ушбу касалхонадаги доктор Нафиса Aҳмад ҳам шу фикрда. Унинг аниқлик киритишича, озиқ-овқатдан воз кечган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш ўзгарувчан қарорларни қабул қилишга, хусусан, калория миқдори юқори бўлган овқат, ёғ ва шакар истеъмол қилишга олиб келади.
Касалхонанинг клиник овқатланиш мутахассиси, диетолог Лама Табаша эса қуйидагиларни маълум қилди: “Бизнинг танамиз энергия ишлаб чиқариш учун озиқ-овқатга муҳтож, очлик эса истакни оширади. Бундай шароитда танани мева ва салатлар жалб қилмайди. Aксинча, одам танага керак бўлмаган маҳсулотларни сотиб олади “.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, харид қилиш учун энг яхши вақт овқатдан 2-3 соат кейинги вақт саналади. Бунда ифтордан кейин ёки рўзани очгандан сўнг дам олиш ва тўйиш туйғусидан баҳраманд бўлиш тавсия этилади.
Диетологлар, шунингдек, овқатланиш режаси ва харидлар рўйхатини тузишни маслаҳат беради. Шунингдек, сотиб олинган маҳсулотлар маълумот варақасини ўқиш керак, чунки унда маҳсулотнинг калория миқдори, ёғ ва шакарнинг фоиз миқдори тўғрисидаги маълумотга эга бўлинади.
Муборак Рамазон ойида мусулмон бўлмаганлар рўза тутишлари шарт қилинмайди, аммо кун давомида уларга жамоат жойларида ичиш, чекиш ва овқат ейиш тақиқланади. Бундан ташқари, омма олдида сақич чайнаш, ўзини тажовузкор тутиш ва қасам ичиш, рақсга тушиш ва мусиқа ижро этиш тақиқланади (қулоқчин билан мусиқа тинглаш ҳуқуқи берилади). Оддий, камтарона кийим кийиш керак ва совғалардан воз кечиш тавсия этилмайди, деб хабар беради “Халиж тайм”.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Даврий нашрларда: Ғайратли мўмин бўлайлик!
Покланиш ва маънавий юксалиш ойида аҳволимиз қандай? Айрим кишилар анча илгаридан ифторлик учун озиқ-овқат ғамлай бошлайди...
Ҳақиқий тақво соҳибларининг эса Рамазонда ейиш-ичишида ўзгариш бўлмайди. Ўзгариш уларнинг дастурхонида эмас, руҳиятида кечади, ибодати кўпаяди, тиловати ортади, уйқуси камаяди...
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умрларини Рамазон ойидаги каби кечирган эдилар.
Саҳобаи киромлар таровеҳдаги хатмларни ҳассага суяниб қолгунигача давом эттирар эдилар.
Бизнинг эса умримиз роҳат-фароғатда. Ҳамма шароит муҳайё: масжидларда Қуръон тиловатлари; очил дастурхондек тузалган ифторликлар... биз фақат рўзамизни қиёмига етказиб тута олсак, хатмларда сомеъ турсак – Рамазон ойида чекажак “меҳнат-машаққатимиз” шу бўлади, холос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган таълимотга кўра, Рамазон ойида қилинган нафл ибодатларнинг савоби фарз ибодатларники каби бўлади, фарз ибодатларнинг савоби эса етмиш баробар ортади.
Солиҳ амалларга қанча ғайратли бўлсак, Рамазоннинг баракотидан шу қадар кўп улуш оламиз...
Тилимизни фойдасиз гаплардан сақлаб, зикр ва ибодатга ғайрат қилайлик. Қадрига ета олмаганимиз ўн бир ойда йўл қўйган хато-нуқсонларимиз учун шу муборак ойда тавбалар қилайлик.
Аллоҳ таоло бизларни савобларига рағбатли ва ғайратли бандалари қаторига қўйсин.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ҳидоят” журналининг 2021 йил 3-сонидан олинди
Саудия Арабистонидаги атиргуллар шаҳри Рамазон ойида гуллади
Анъанага кўра, кўп асрлар давомида Тоиф шаҳрида атиргуллар етиштирилади. Бу йил гуллар айнан Рамазон ойида гуллади. Замзам суви билан аралаштирилган Тоиф гулларидан олинадиган эфир мойи Каъбани таҳорати учун зарур.
Тоифда 800 га яқин гул хўжаликлари бор, шунинг учун у кўпинча атиргул шаҳри деб аталади. Бу ерда ҳар йили 300 миллионга яқин гул гуллайди.
Islam.ru хабар беришича, Бин Салмон фермасида ишчилар гул буталарига парвариш қилиб, кунига ўн минглаб ғунчалари териб олишади. Улардан атиргул суви ва мойи, шунингдек, косметика ва пазандалик саноати учун қимматли компонентлар олинади.
Баъзи ишчилар далаларда гул йиғсалар, бошқалари бино ичида ишлайдилар, қўл билан саватларни тўлдириб , тарозида тортадилар. Кейин гуллар қайнатилади ва ҳайдалади. "Биз гулларни суюқлик деярли буғлангунга қадар юқори ҳароратда қайнатамиз ва бу 30 дақиқадан 35 дақиқагача давом этади. Шундан сўнг саккиз соат давом этадиган дистиллаш жараёни бошлангунча тахминан 15-30 дақиқа давомида ҳароратни пасайтирамиз", – дейди Бин Салмон фермаси эгаси Халаф Ал-Тувейри. Мой юзасига сузиб чиқиши биланоқ экстракция жараёни бошланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати