www.muslimuz

www.muslimuz

Кеча эрталаб Подмосковьеда двигателига қуш келиб урилган А321 самолёти кутилмаган қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Азон.уз интернет нашри хабар бермоқда. Таъкидланишича ''Урал авиалинияси'' учувчиси Дамир Юсуповнинг тўғри ҳаракати ва фантастик матонати туфайли 233 одамнинг ҳаёти қутқариб қолинди – бортда экипажнинг 7 аъзоси ва 226 йўловчи бор бўлган.

Юсупов Москвадан Симферополь шаҳрига парвоз қилётган ҳаво лайнери бошқарувини ўз қўлига олди, двигателларни ўчириб, шассини йиғиштирди ва самолётни жўхоризорга қўндирди.

Шундан сўнг Дамир биринчилардан бўлиб йўловчиларни эвакуация қилишни бошлаб юборди. Шошилинч эвакуация оқибатида 10 киши енгил жароҳат олди.

Ушбу воқеа ортидан кўплаб россияликлар қаҳрамон учувчининг шахсиятига қизиқа бошлади.

Дамир Юсупов юридик йўналишда таълим олган, ушбу соҳа бўйича бир неча йил Сизранда ишлаган. Мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келади, Татаристон мухторияти аъзоси бўлган.

Муваффақиятли юридик карьерасига қарамасдан, Дамир Юсупов болаликдаги учувчи бўлиш орзусини рўёбга чиқаришни ҳам унутмаган.

У Бугуруслан ҳаво мактабини тугатган, кейин Ульянов авиация институтида таълим олган. 36 ёшида учувчи бўлган.

Ҳозирги кунда Екатеринбургда истиқомат қилади.

42 ёшли Дамир Юсупов уч фарзанднинг отаси. Эндиликда миллий қаҳрамонга айланди.

Ижтимоий тармоқларда Дамир Юсупов саҳифасига россиялик интернет фойдаланувчилари томонидан кўплаб ташаккурлар ёғилмоқда, дейилади хабарда.

ЎМИ матбуот хизмати

Четвер, 15 августь 2019 00:00

МЎМИНЛАРГА ЁРДАМ БЕРГАН КИШИ

"Мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, бошига мусибат тушганда уни ёлғиз ташлаб қўймайди. Кимки ўз биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилгайдир. Кимки мусулмон кишидан бир ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло бунинг сабаби билан Қиёмат куни унинг ғам-ташвишини кетказгай. Кимки мусулмон кишининг айбини ёпса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбини ёпгай".

"Зубдат ул-Бухорий" асарида ўрин олган (№ 1083) мазкур ҳадиси шарифни ўқиган ҳар бир муслим дунёдаги барча мусулмонлар билан биродар эканини яхши англаб олади. Агар бу биродарликни англамаса, жиддий хато қилган бўлади. Билса-да, лоқайдлик, сустлик килаётган бўлса, бу ундан ҳам катта хатодир. Билиб туриб қилмаслик билмасликдан ҳам ёмон. Ҳолбуки, бу биродарлик диний бўлгани учун туғишган биродарликдан ҳам муҳимроқ, устунрокдир. Зеро, бундай биродарлик абадий бўлиб, Аллоҳнинг розилигини қозонмоқ учун қилинган фидокорлиқдир. Туғишган биродарлик оилавий манфаатларга, наслга суянади. Аммо диний биродарлик фақатгина холис Аллоҳ учундир. Бир-биридан манфаат кутмайди. Натижани охиратда Аллоҳдан кутишади. Шу боис, исломий биродарлик эътиборли ва афзалдир.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг 

“Мўминнинг сифатлари” китобидан                                  

 

Ўзбекистонда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхона, аэропорт, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудудида интернет тезлиги сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган Wi-Fi тармоғи ўрнатилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан меҳмонхоналарни бутунжаҳон Интернет тармоғига кириш, жумладан, 4 мб/с’дан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминлашга доир талабларни киритиш кўзда тутилмоқда.

 

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ аэропортлар, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудуди ҳам сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Саудия Арабистонида жиноятлари учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг ҳаж амалини адо этишига илк бор рухсат берилди.

Эллик нафар маҳкумдан иборат гуруҳ бошқа зиёратчилар сингари эҳромга кириб, ҳаж ибодатини амалга оширди. Бу пайтда уларга назоратчилар эмас, қаридошлари ҳамроҳлик қилди. Зиёрат тамомлангач, маҳкумларнинг бари турмага қайтарилган.  

 

Жазони ижро этиш муассасалари бош бошқармасининг маълум қилишича, ушбу тажрибадан кўзда тутилган мақсад жазо муддатлари тугашидан аввал маҳкумларнинг кундалик ҳаётга қўшилишларини ва мослашишларини таъминлашдир. Бундай тажрибани келгуси ҳаж мавсумида ҳам қўллаш режалаштирилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сеҳргарлар, фолбинлар Аллоҳ ва Расулининг душманидир. Ислом динида фолбинлар қаттиқ қораланган.

«Сеҳр» – кўзбўямачилик, бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буриш, ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиш».

Сеҳргар – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчи кимсадир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Ғайбни билиш даъвосидаги қораланган илм «фолбинлик» деб аталади. Фолбинликнинг «коҳинлик», «илмул-рамл», «мунажжимлик», «аррофлик» каби бошқа номлари ҳам бор.

Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар: “Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Фолбин — сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир» деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади”, деганлар.

Имом Ибн Ҳиббон Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ароқ ичувчи, сеҳрга ишонувчи ва қариндошлик алоқасини узувчилар жаннатга кирмайди”, деганлар.

Имом Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди”, деганлар.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розияллоҳу анҳо: «Улар ҳақ эмаслар», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да уни дўсти (фолбин)нинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

         Сеҳрланган одам Динимиз кўрсатмасига мувофиқ, яхшилаб таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқиб, кейин Қуръони Каримнинг Фотиҳа сурасини, Бақара сурасининг аввалги беш оятини, Оятул Курсийни, “Аманар росулу”ни, Ёсин сурасини, Ҳашр сурасининг охирги оятларини, Каафирун, Ихлос, Фалақ ва Наас сураларини ўқиб, ўзларига дам солишлари, дам солиш асносида олдиларига идишда сув қўйиб олиб, дам солиб бўлгач, ўша сувни ичишлари тавсия қилинади. Мўмин киши дам солиб, дуо қилар экан, “Мен Аллоҳнинг оятларини ўқияпман. Менга шифо берувчи Унинг Ўзидир. Ундан бошқа шифо берувчи йўқ. Унинг шифоси ҳеч бир касалликни қолдирмайди” деган эътиқодда бўлиши керак.

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top