muslim.uz
Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги олижаноб фазилатларни, шукроналик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 26 июнь душанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, 2017 йил 26 июнь дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.
2. Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда халқимизнинг миллий урф-одатларига мос тарзда, тартибли ва юқори даражада ўтказиш учун зарур тадбирларни амалга оширсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 июнь
Самарқанд масжидларида Рамазон шукуҳи (Видеолавҳа)
Исломда эътикофда ўтириш тартиби ва фазилати
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила (бошлайман).
Аллоҳ таоло биз осий бандаларингга лафзлари қисқа ва маънолари кенг бир услубда бу мавзуни ёритишни насиб айлагин.
«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади.
Шариатда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».
Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Куръон, суннат ва ижмоъ далолат килади.
Эътикофда Ислом амалларининг қаймоғи жамлангандир. Бу қисқа фурсатда ҳар бир мусулмон инсон умри мобайнида етиши имкони бўлмаган ва тасаввур қилиб бўлмайдиган барча фазилатларни ўз танасида ҳис қилади. Ҳақиқий маънода 10 кун давомида Аллоҳнинг хос бандалари бу кунларни ҳеч бир нарсага алишмасдан фақат шу савобни деб ўзининг нафсига сайқал бериб Аллоҳ билан тинимсиз мулоқот қилади. Ҳақиқий Расулуллоҳдек ихлос билан ўтирса унда ваъда қилган ажр савобни камайтирилмаган ҳолатда олиб чиқади. Шуни ёддан чиқармаслик керакки эътикофда ўтириш ҳақиқий маънода руҳий озуқани олиш манбаси ҳисобланади. Ўзи аслида инсон эътикофда ўтирганда у Аллоҳдан нима сўраса ўша нарса ўша заҳоти унга берилади, бунга заррача шубҳа йўқ. Ҳанафий мазҳабида эътикофнинг энг ками бир соат дейилади. Агар бир соатни ҳам ҳар қандай мухлис банда шу соатда айтилган амаллар билан бойитиб ғайрат қилса унга ўша истаганидан зиёди берилади. Мен бундан бир неча йил олдин 10 кунлик эътикофда ўтирганимда кўпгина фойдаларни ўзимда кўрдим. Эътикоф ичида барча яхшиликларга танангизни одатлантирсангиз унинг заҳираси шак – шубҳасиз янаги йил шу кунингизгача етиши фазилатига эга бўласиз. Амалларни фақат Аллоҳ учун холис қилишга ўрганасиз. Ваҳший хайвонни қўлга ўргатгандек нафсингизни ўзингизга тўлиқ бўйсиндирасиз. Солиҳ амалларни маҳфий қилишга одатланасиз. Бутун танангиз Ислом амалларини қилиб яйрайди ва ҳатто танангизга сиғмай кетиб Аллоҳ лафзи қалбингиздан чиққудек бўлиб зикр қила бошлайди. Бу зикр ҳаловати билан агар тошбағир бўлсангиз ҳам сизнинг кўзларингиз ва бутун танангиз йиғлайди. Ҳатто йиғлаб роҳатланасиз яна ҳам шу йиғлаш сизни ўзига чақиради ва ҳатто қалбингиз равшанлашиб Расулуллоҳни, саҳобаларни табаъ тобеъинларни ҳақиқий маънода ҳис қилиб улардек бўлишга ҳаракат қила бошлайсиз. Пайғамбар алайҳиссалом “Рамазоннинг охирги 10 кунида бутун осмондаги фаришталар рамазони шариф бутун уммати Муҳаммадиянинг устидан кетаётгани учун йиғлайди”, деб хабар берганлар. Нега биз бу ойда йиғламаслигимиз ва маҳзун бўлмаслигимиз керак. Бу шарофат ва баракотни тами ва лаззатини ҳис қилган кишилар сўз айтса жуда ҳам маъқул бўлади. Бу маълумотларни ҳадислардан хабар бериб ўтамиз.
Эътикофга чақирувчи фазилатли ҳадислар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида: «У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб, жорий қиладир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади», деганларини эшитдим». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган, ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.
Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумдан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлингиз танада бир парча гўшт бор, агар у ислоҳ бўлса, тананинг барчаси ислоҳ бўлади, агар у фасод бўлса, тананинг барчаси фасод бўлади, у қалбдир”.
Қалбнинг фасод бўлишига кўпинча Аллоҳга юзланишдан чалғитадиган инсоннинг ҳаёт ташвишлари, муаммолари ва бошқа машғулотлари сабаб бўлади.
Бу машғулликлар сирасига инсоннинг нафсига ёқадиган турли таомларни кўп истеъмол қилиш, ўйин-кулги, ортиқча кераксиз гаплар билан узун-узун суҳбатлар, кўп ухлаш ва бошқаларлар киради. Аллоҳ таоло ўз шариатига шундай ибодатларни киритдики, уларда инсоннинг барча қалбий ва жисмий ҳасталикларига шифо топиш мумкин бўлади.
Эътикофнинг гўзаллиги:
- Эътикофдаги инсон даража ва мавқе талабида Аллоҳ таолонинг ибодатининг барчасида ўзини буткул топшириши;
- Бандани Аллоҳга яқин бўлишини вожиб қиладиган амаллардан тўсадиган дунё машғулотларидан нафсини ўзоқ тутиш;
- Эътикофдаги инсон намозга ўз вақтларини сарфлаши ва банд қилиши. Намозга ўз вақтини сарфлашлиги ҳақиқий ёки хукмий бўлади. Чунки эътикофдан кўзланган асл мақсад шариъатда жамоъат билан намозни кўтиш ҳисобланади. Эътикофдаги одам ўз нафсини “Таҳрим” сурасидаги олтинчи оятидаги фаришталарнинг сифатига ўхшатишдир. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сураси 6 оятида “Улар (Фаришталар)Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар”. Ва яна Аллоҳ таоло “Фуссилат” сураси 38 оятида “Агар улар мутакаббирлик қилсалар. Роббингнинг ҳузуридагилар Унга кечаю кундузи тасбеҳ айтурлар. Улар малол олмаслар”. Шу оятлардан ҳам маълум бўладики эътикофда рўза шартдир. Рўзадор Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Худди шу масала “Ниҳояда ҳам келган”.
Эътикофда тавсия қилинадиган нарсалар:
- иложи борича ҳолига қараб даражама-даража амалларни кўпайтириб бориш керак;
- эътикофда кам ва яхши сўзларни сўзлаш керак ва тилдан келадиган 20 та офатдан сақланиш керак;
- таомни суннатга биноан тўймасдан тўхтатишга одатланиш;
- зикр ва хушуъга берилиш;
- тақвони кучайтириш, чунки рўзадан мақсад қилинган нарса ҳам шу ҳисобланади;
- пастга қараб юриш, кўзни ҳар тарафга аланглатмаслик ва бировларнинг омонат нарсаларига кўз ташлашдан сақланиш;
- дунё ишларидан вақтинчалик юз ўгириш;
- вақтнинг қадрига бориш;
- минг ойлик ибодат савобини фақат лайлатул қадр кечасида берилишини ҳис қилиб уни савоби кенг ва ажри зиёда амаллар билан бойитиш. “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Фатҳул қодир” да Эътикоф одобларини санайди: Фақат яхши сўзларни сўзлайди, рамазондан 10 кунини эътикоф учун лозим тўтади, эътикоф учун масжидул харомдек ва жомеъ масжидлардек масжидларнинг афзалини иҳтийор қилади. Бу масала “Ас – сирожул ваҳҳаж”да ҳам зикри келган. Эътикоф кун ва кечаларида тиловатни, ҳадисни, илмни, дарс беришни, набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сийрати ва набий алайҳимуссаломларнинг сийратлари, солиҳларнинг хабарлари ва дин ишларини баён қилувчи китобларни ўқишлари шарт. “Шарҳи Таҳовий” да эътикофда гуноҳ саналмаган сўзларни сўзласа бўлади деган.
- Пайғамбар алайҳиссалом нима амал билан шуғулланган бўлса шу амаллар билан шуғулланиш тавсия этилади;
- Эътикофда инсон рўзадор бўлади, Аллоҳ зикри билан банд бўлади ҳамда нафс талаб қилган нарсалардан узоқда бўлади;
- Эътикофда ўтирган инсон рўзасини гўзал шаклда тутади;
- Рўзанинг савобини кетказадиган беҳуда ва ножоиз сўзлар ва амаллардан тийилади;
- Эътикофни кечалари бедор ҳолда ўтказгани учун иншааллоҳ охирги ўн кунликка яширинган қадр кечасини топиш имконига эга бўлади;
- Эътикоф аслида савобли амал, унинг рамазон ойида бажарилиши эса шу савобларнинг янада кўп бўлишига сабаб бўлади. Рамазонгача ҳар бир яхшилик амалга 10 дан 700 гача савоб бўлади. Рамазоннинг ичидаги ҳар бир амал учун беҳисоб савоб ваъда қилинган шу савобларнинг энг каттаси эътикоф ичидаги амалларга жойлаштирилган. Чунки ҳар қандай инсонни мажбурласангиз ҳам ўтиришдан ўзини тортади. Лекин, Аллоҳнинг ҳос бандалари ҳеч бўлмаса “Фатавойи Ҳиндийа” да масжидга кириб то чиққунича вақт оралиғида ҳам шу эътикофнинг савобини умид қилиб эътикофда ўтирса эътикоф савобига эришади деганлар;
- Ўзини ва нафсини яхши ишларга кўниктиради;
- Аллоҳ учун ибодатга ажраб чиқиб, пайғамбарлар суннатини адо этган бўлади;
- Ўзини ўзи сарҳисоб қилиб олади, агар ҳар ойда бир марта эътикоф ўтирса, бир ойлик ишларини, йилда бир марта ўтирса йиллик амалларини ҳисоб китоб қилиб олишга эришади;
- Қуръон ва ҳадисларни тафаккур билан ўқиш имкониятини қўлга киритади;
- Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, хотиржам охиратимиз хусусида тафаккур қилишга ҳам вақтимиз йўқлигини тушунасиз;
- Таҳажжуд намози ўқишга одатланасиз;
- Шайтонни бўйнини синдиришга одатланасиз;
- Мен буларга 10 кун мобайнида амал қилдим. Бир йилгача бунинг фойдасини кўрдим.
Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:
- Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
- Суннати муаккада. Олимлардан бири айтишди ким суннатни тарк қилса у шак- шубҳасиз фарзни ҳам тарк қилади. Ким фарзни тарк қилса у динни бузувчи бидъатчилар қаторида бўлади, деганлар. Шу сабабдан бу оддий суннатмас балки савоби кўплиги учун такидланган суннатлар қаторига киради. “Ҳидоя”да “Ас- суннату акмалул фарз” суннат фарзни камилликка етказади, дейилган. Шуни учун ҳам мисол қилиб қўлни тирсакгача ювиш уч марта ювиш суннат дейилган. Бир мартада етмаган жойга сув иккинчи марта ювганда етади. Шунда ҳам етмаса учинчисида камолга тўлиқ етади. Суннат ва нафллар аслида фарзни камолга етказиш учун шариатга киритилган. Аллоҳ барчамизни суннатни тўлиқ беками кўст амалга оширишни насиб қилсин.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
- Мустаҳаб.
Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир. Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.
Эътикофнинг шартлари:
- Мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши. Жанобат, ҳайз ва нифос қонларидан тоза бўлиш. Кофир одамни эътикофга киритилмагани сабаби у ибодат аҳлидан бўлмаганли учун. Мажнунни эътикофга киритилмагани сабаби ният аҳлидан бўлмагани учун. Жунуб, ҳайз ва нифосларнинг эътикофга киритилмагани сабаби масжидга кириши ман бўлгани учун. Эътикофнинг дуруст бўлиши учун балоғатга етиш шартмас балки ақлли гўдакларга ҳам эътикофнинг файзи ва баракасини олиш шариъатда дуруст ҳисобланади.
- 2. Ният. Ҳатто агар ниятсиз эътикофда ўтирса ижмога кўра эътикофи эътикоф ўрнига ўтмайди. Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Меърожуд - дироя”да ҳам келган.
- Масжидда бўлиши. Азон ва иқомат айтиладиган барча масжидларда эътикофда ўтириш дуруст ва у саҳиҳ қавлдир. Бу масала “Хулоса”да ҳам келган. Эътикоф ўтиришга афзал масжидлар: Масжидул – харом, Масжидун – набий, Байтул – мақдис, жамоъат масжиди, кўп ва тўла ўз аҳлини тўдирадиган масжидлар киради. Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Табйин”да ҳам келган. Аёл киши ўйидаги саждагоҳида эътикофда ўтиради. Агар аёл ўйидаги саждагоҳида эътикофда ўтирса кишининг ҳаққидаги жамоъат масжидида ўтиргандек бўлади. Масжиддан чиқмайди чиқса ҳам инсон хожати учун чиқади. Бу масала Имом Сараҳсийнинг “Шарҳул - мабсути”да ҳам келган. Агар аёл киши жамоъат масжидида эътикофда ўтириши жоиз лекин макруҳдир. Бу масала “Муҳийтус – сараҳсий”да ҳам ўз ифодасини топган. Яхшиси аёл учун уйидаги эътикоф афзалдир. Аёл учун катта масжиддан кўра маҳалла масжидида ўтириши афзалдир. Аёллар учун ўз уйларида саждагоҳ қилинган махсус ўринлари бўлмаса ҳам бошқа жойларда ўтириши мумкин. Бу масала“Табйин”да ҳам келган. Агар аёллар уйида махсус саждагоҳлари бўлмаса саждагоҳни қилиб кейин эътикофда ўтиради дейилган. Худди шу масала Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Зоҳидий”да ҳам келган.
- Рўза. Эътикофда рўза вожиб шарт битта ривоятга кўра. Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоятнинг зоҳири бор. Икки шогирдлари нафл эътикофларда рўза шартмас дейдилар. Ҳатто агар мен масжидга кириб чиққунимча эътикофда бўламан деб ният қилса шу нияти эътикофи учун дуруст бўлади. Бу масала“Табйин”да ҳам келган. Агар кеча ёки кундуз эътикофда ўтираман деб назр қилсаю кейин таом еб қўйса унинг бу эътикофи дуруст бўлмайди. Агар айтсаки аллоҳ учун менинг зиммамда бир ой рўзасиз эътикофда ўтириш лозим деса. Бас унга бир ой эътикоф ва рўза тўтиш лозим бўлиб қолади. Бу масала “Зоҳириййа” ва “Фатавойи Ҳиндийа”да ҳам чиройли баён қилинган.
Эътикоф килган одамга мустахаб бўлган нарсалар:
- Намоз ва Куръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл қилиш.
- Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сақланиш.
- Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим р.а Нофеъ разияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзларни нақл қилди. Нофеъ деди: «Ибн Умар менга масжиддаги расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф килган ерни кўрсатди».
Эътикофдаги одамга мубоҳ бўлган нарсалар:
- Зарурий эхтиёж учунгина ташқарига чиқиш.
Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Касални зиёрат қилмаслик, жанозада иштирок этмаслик, хотинларга қўл теккизмаслик ва улар билан ковушмаслик, зарурий эҳтиёжи учунгина ташқарига чиқиш, эътикофдаги одам учун суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти.
- Масжидда унинг тозалигига риоя қилиш билан бирга ейиш, ичиш ва ухлаш.
- Эхтиёжсис сўзлаш ва бошқалар билан гаплашиш.
- Сочни тараш, тирноқларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш.
Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф қилган пайтларида, хужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошка бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафақун алайҳ).
- Эътикоф қилган еридан оиласини кузатиш учун чиқиш.
Софийя разияллоху анҳо расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини ривоят килганлар.
Эътикофдаги одамга макруҳ бўлган нарсалар
- Олди-сотти қилиш.
- Ичида ва ташида гуноҳ бўлган сўзларни сўзлаш.
- Ибодат деб эътиқод қилган ҳолда мутлақо сўзлашдан тийилиш.
Эътикофни бузадиган нарсалар:
- Масжиддан оз бўлса-да, ташқарига заруратсиз чиқиш. Эътикофдаги киши эътикоф жойидан кеча ва кундуз узрсиз чиқиши мумкин эмас. Агар узрсиз бир соат чиқиб кетса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавллларига кўра эътикофи бўзилади. Худди шу масала “Муҳит” да ҳам келган. У чиқишлиги қастдан ёки ўнитиш орқали бўлсин фарқи йўқ эътикофи бўзилади. Худди шу масала “Фатавойи Қозиҳон”да ҳам зикри келган.
Аёл киши ҳам уйидаги саждагоҳидан бошқа жойга чиқмайди. Бу масала “Муҳийтус - Сараҳсий”да ҳам келган. Агар аёл киши масжиддаги эътикофида талоқ қилинса у уйига қайтиб эътикофини келган жойидан давом эттиради. Бу масала “Табйин”да ҳам келган.
- Жинсий алоқа қилиш.
- Телбалик ёки мастлик сабабли ақлсиз холатга келиш.
- Муртадлик (Аллох бундан ўзи сакласин!).
- Покликни кетказгани учун ҳайз ва нифос қонларининг келиш.
Аллоҳим барчамизга бу охирги “Жаҳаннамдан озод бўлиш” кунлари муборак бўлсин. Бу келтирилган масалаларни жуда ҳам эҳтиёткорлик ила амал қилишимизни насиб айлагин.
Аллоҳумма солли ва барик ала набиййина Муҳаммад ва ала олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн ва тоййибийнат тоҳирийн.
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири
Урол Назар Абдусалом Термизий “Фатавойи Ҳиндийа” асосида тайёрлади.
50 даража иссиқликда тутилган рўза
Бирлашган Араб Амирликларида кунлар жуда исиб кетди. Айрим мамлакатлар бу йилги Рамазон ойини ёмғир ва салқин ҳавода енгил ўтказаётган бўлсалар, БАА аҳолиси жазирама кунларда ҳам рўзадордирлар. Амирликларда охирги кунлар ҳаво ҳарорати “рекорд” даражага етмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари “Метереология ва сейсмология Миллий маркази”нинг 17 июнда берган хабарига кўра, термометр Целсий бўйича 51 даража иссиқликни кўрсатган.
Ўтган йил июль ойида ҳаво ҳарорати 60 даражани ташкил этган бўлсада, лекин иссиқлик тафтининг кучлилигидан 64 даражадек туюлган эди.
Халқаро алоқалар бўлими
Рамазон: дунё ва биз
Дунё мусулмонлари муборак Рамазоннинг беқиёс кунларини бошдан кечирмоқда. Ҳар бир мўмин имконияти етганича ибодатларини адо этмоқда, орттириб берилажак савобларга муносиб бўлишга бел боғлаган. Бунинг учун, шарафли ойни рисоладагидек ўтказиш – рўза тутиш, яхшиликларга шошилиш, таровеҳ намозларида иштирок этиш, қариндошлар ҳолидан хабар олиш ва бошқа Рамазон ойи учун шарафли бўлган амалларни адо этиш учун имкониятларимиз етарли, кенг йўл очиб берилган.
Ҳадиси шарифда: «Икки неъмат борки, ундан кўп кишилар маҳрумдирлар, бу неъматлар - саломатлик ва хотиржамликдир», дейилади.
Жаҳонга нигоҳ ташлаймиз: эҳтимол мусулмон мамлакатларда бу айём ўзига хос дабдаба билан кутиб олинар. Бироқ, ҳамма давлатда ҳам осойишталик ҳукмрон эмаслигини туну кун узатиб туриладиган янгиликлардан кўриб, эшитиб турибмиз. Манбаларда ёзилишича, ислом тарихида бу ойда кўплаб жангу жадаллар тўхтатилган, тинчлик ойи сифатида қадрланган. Аммо, бугун оламда содир бўлаётган кўплаб фожеалар айнан айрим разил кимсалар дастидан, террор аталмиш балолар “шарофати билан” эканлигини англаш қийин эмас. Улар дин ниқоби остида фаолият юритсалар-да, муборак ойни ҳурмат қилмаётганлари ҳаммага бирдек аён. Ана шундай жоҳиллар борлиги боис нотинчлик ва сарсонликка барҳам берилмаяпти, кўплаб инсонлар қутлуғ ойда ҳам азият чекмоқда.
Интернет сайтларидаги ёки дунё каналларидаги жаҳон янгиликларига эътибор берганмисиз, бугун дунёда нақадар аянчли воқеалар содир бўлмоқда. Мана биргина 18 июнь кунги янгиликларда қанчалар кўп йўқотишлар ва ачинарли манзаралар мавжуд эканлигига мисол келтирамиз:
Қоҳира яқинидаги портлаш оқибатида полиция ҳалок бўлди...
Колумбия пойтахтида портлаш содир этилди, қурбонлар бор...
Португалияда ўрмон ёнғинлари оқибатида 19 киши ҳалок бўлди...
Италияда кема причалга урилиши оқибатида 55 киши ҳалок бўлди...
Афғонистонда 5 худкуш ҳужум қилиб, 2 полициячини ўлдирди...
Португалиядаги ёнғин қурбонлари сони ортмоқда, қурбонлар 60 нафарга етди...
Афғонистонда покистонлик дипломатлар изсиз йўқолди...
Ироқ ҳарбийлари Мўсул марказини эгаллаш учун ҳужум бошлади...
Яманда 151 мингдан зиёд вабо касаллиги қайд этилди, бир ярим мингга яқин киши вафот этди...
Кобулда жангарилар америкаликни ўғирлашди...
Туркияда 731 нафар ҳарбий овқатдан заҳарланди...
Германия аэропортида террор таҳдиди туфайли йўловчилар эвакуация қилинди...
Эрон Суриядаги жангарилар базасига ракеталар билан зарба берди...
(Кун.уз сайтидан, 18 июнь янгиликлари асосида)
Ҳа, замин бир кунда қанчадан қанча йўқотишларни бошдан кечирмоқда, неча-неча инсонлар машаққатда яшамоқда, энг афсусланарлиси аксарият ҳолларда бундай аянчли оқибатларга худбин ва разил кимсалар сабабчи бўлмоқдалар.
Бу хабарларни эшитганимизда теран фикр юритишимиз лозим. Ана шунда биз кундалик ташвишлардан, арзимас сабаблар билан бекорга нолиётганимизни англаб етамиз.
Бизлар уйқумиздан базўр уйғониб, эринибгина саҳарлик қилаётганимизда, дунёнинг қаеридадир тўс-тўполондан, туни билан тинмаган ўқ овозидан кўз юммаган жонлар рўзани саросимада тутишни бошлаётганини ҳис қиламизми?
Куни билан иссиқдан қочиб, совуқ хоналарда жон сақлаб, Қуръон ўқишга ҳам малолланиб, ҳатто рўзани пеш қилиб, кундалик юмушларимизни ортга суриб дангасаликка эрк берган кунларимизда, заминнинг бир бурчагида уйсиз, бошпанасиз, бирор соясиз кўчада қолган рўзадорлар борлигини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз...
Ифторликка яқин танамизда ҳис қилган очлик, ташналикнинг қийинчилиги билан сўзларимизга эрк берамиз, ишлаб чарчаганимизни рўкач қиламиз, ҳали вақт бўлса-да дастурхон тайёр эмаслигидан яқинларимизни койиймиз. Сабр лозим маҳалда бесабрликни лозим тутамиз. Дуолар ижобат паллани бекорчи ишларга сафарбар этамиз, телефонда ўйин ўйнаймиз, бемаъни суҳбатларга бериламиз. Яқинларимизга ёрдам беришга малолланамиз, оғиз очгандан сўнг эса, Аллоҳга шукрона келтиришни унутган ҳолда тановулга шўнғиймиз... Билмаймизки, ана шу лаҳзаларда қаерлардадир, оғзини очгану ейишга бир нарса тополмаган заминдошлар ҳолатини ўйламаймиз... биз бир неча соат ҳис қилган очлик ҳиссини улар неча кунлаб тотди экан а, қултум сувга етишганда неча бор шукрона айтганларини биз ҳам танамизда синаб кўрдик. Бироқ, биз етишган неъматларнинг нақадар ҳисобсизлигини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?
Бир кунда неча бор эзгуликлар қилишга имкониятимиз бор, лекин хоҳламаймиз. Кўча-кўйда кетаётганимизда, кимгадир йўл кўрсатиш, транспортда жой бериш, йиғлаган болажонларни юпатиш, кексаларга кўмак бериш каби биз учун қийин бўлмаган, бироқ кимдир бундан жуда хурсанд бўладиган ишларни қилишни унутиб қўямиз. Ахир Рамазоннинг файзи ана шу хайрларимиз билан янада ошадику!
Оиламиз, яқинларимизга қўполлик қилишда давом этамиз, арзимаган сабаб билан жанжал қилишни ўзимизга эп кўрамиз. Ота-оналаримиз олдидаги одобни-да унутиб қўямиз. Уларнинг борликлари учун шукрлар айтиш у ёқда турсин, баъзан дилларини оғритиб қўйганимизни ҳам билмай қоламиз. Рамазон ойида бу каби дилхираликлар асло мумкин эмаслигини унутдикми? Шарафли ойда яхши фазилатларимизни намоён этсак, Рамазонда одатланганимиз – сабр ва яхши хислатларимиз йил давомида бизга ҳамроҳ бўлиши мумкинлигини билмаймизми?
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бир кун ўз оиласи ичида тинч, тани соғ бўлиб турса ва олдида шу кунига етарлик таоми бўлса, у одамга гўё бутун дунё берилган ҳисобланади”, деган эканлар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, ҳар биримиз ана шу инъомлардан баҳрамандмиз.
Шукрки, бугун юртимизда қаёққа қараманг, Рамазон шукуҳи! Оилаларда тотувлик, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Маҳаллада қўшнилар бир-бирига оқибатли, ширин сўзини, мурувватини аямайди. Ўзаро иссиқ нону бир коса овқати билан кўнгилларни кўтарадилар. Бундайин мурувватли, меҳр-оқибатли эл қаерда бор яна. Давлат Раҳбарининг шахсан ўзлари халқ қайғусини баробар чекади, бу биз учун бахт эмасми? Ҳар бир муаммони дилдан эшитиб ҳал қилишни ният қилган, қаердадир адашиб юрган юрт фарзандига отасидан-да кўпроқ жон койитган Юртбоши яна қаерда бор? Бундай мурувватни ҳеч қайси давлатдан топиш мумкин эмас.
Бир ўйлаб кўринг, шундай шароитда ҳам нолиш мумкинми? Шунда ҳам нолиганларни “нонкўр” дейиш керак. Шундай меҳр-оқибатдан, имкониятдан юз ўгириб Ватан юзига оёқ қўйганларни “инсон” деб аташ-да нотўғридир.
Азиз юртдошим! Атрофга теран назар ташлайлик. Лоқайдликка йўл қўймайлик. Шукронага арзирли неъматларимиз саноқсиз, уларни асраб авайлайлик! Ҳамиша огоҳ бўлайликки, бизнинг буюк неъматимиз – тинчлигимизни бузишга йўл қўйилмасин. Осмонимиз мусаффолиги йўқолмасин. Ана шунда авлодларимизга ҳам биздан мана шундай гўзал ва осойишта диёр қолади, иншааллоҳ. Муборак Рамазонда дуо қилайлик, юртдошларимиздан ҳеч бири тўғри йўлдан адашмасин, имонидан айрилмасин.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси муҳаррири