muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 25 март 2021 00:00

Табалалар билан очиқ мулоқот

Талаба ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш ҳамда улар билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида  жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, мудир ўринбосари Акбар Дўстматов ҳамда Тошкент ислом институти ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Умид Ходжаевлар томонидан  Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари билан очиқ суҳбат ўтказилди.

Очиқ мулоқот давомида таълим муассасаланинг таълим сифатини ошириш, талабаларнинг ўқиш ва яшаш шароитларини янада яхшилаш ҳамда диний соҳадаги кадрлар олдида турган энг муҳим вазифалар ва соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди.

Шу билан бир қаторда мазкур учрашувда талабаларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳамда муаммолар эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланиб, тегишли хулоса ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, учрашув давомида таълим муассасанинг иқтидорли ва фаол талабаларини рағбатлантириш мақсадида бир нечта талабаларга Алоуддин Косонийнинг “Бадоиус-саноеъ” китоби совға қилинди.

ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Шу йил 24 март куни Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. том 1” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Шарқшунослик ва Тарих институтлари, Темурийлар тарихи далат музейи, Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тақдимот маросимида Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Раҳматилла Назаров, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, “Ўзархив” агентлиги директори маслаҳатчиси Шухрат Турсунбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, китобнинг аҳамияти туғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ушбу китоб Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ходимларининг илк илмий маҳсули, унда аждодларимизнинг хориждаги ёзма меросини жамлаган, ҳажми 496 бетдан иборат.

Ўзбек, рус ва инглиз тилидаги қисмлардан ташкил топган тўплам “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини тайёрлаш, нодир қўлёзма асарларнинг факсемилесини нашр этиш” лойиҳаси доирасида тайёрланган. Унда 30 мамлакатнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий сингари 150 дан ортиқ буюк аллома ва мутафаккирлар ҳамда Темурийлар даврига оид қўлёзма асарларнинг 1001 та илмий тавсифини ўз ичига олган.

Камолиддин МАҲКАМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кутубхона бўлими мудири

Каъбани ёпинчиқ билан ўраш тарихи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта боболари Аднон ибн Иддга бориб тақалади. У киши Каъбани ёпинчиқ билан ўраган кишиларнинг бири эканлиги ривоятларда келган. Баъзи маълумотларга кўра, Яман подшоси (Табаъ ал-Ҳумайрий) биринчи бўлиб жоҳилият даврида Маккани зиёрат қилгандан сўнг Каъбага ёпинчиқ ёпган ва биринчи бўлиб Каъбага эшик ва калит ясатган шахс ҳисобланади.

Жоҳилият даврида Яман подшосидан кейин яна кўпчилик Каъбани ёпинчиқ билан ўраган. Ваниҳоят, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртинчи боболари Қусай ибн Килобнинг қўлига ўтган. Қусай ўз қавмининг қабилаларини бир жойга йиғиб, бу ишда ҳар бир қабила имкониятига яраша ҳамкорлик қилишга чақирди ва шу тариқа барча ишларни тартибга солди.

Шундан кейин Абу Робиъа Абдуллоҳ ибн Амр Ал-Махзумий деган бадавлат савдогар Қурайшга: Каъбани бир йил сизлар ўранглар, бир йил мен ўрайман, деб маслаҳат солди, Қурайш бунга рози бўлди. Иш шу тарзда то Абу Робиъа вафот этгунча давом этди. Кейин, бу ишни Қурайш ўз қўлига олди.

Каъбаи муаззамани Каъбапўш билан ёпиш Байтуллоҳни улуғлаш ва эъзозлашнинг муҳим кўринишларидан бири ҳисобланади. Ислом тарихи бир жиҳатдан Каъбаи мушаррафани Каъбапўш билан ёпиш, уни тайёрлаш иши билан боғлиқдир. Чунки бу ишда ислом оламининг энг катта мутахассислари моҳир бўлиб, улар бу улуғ шарафга етишиш учун ўзаро мусобақалашганлар.

Каъбани ёпинчиқ билан ўралишининг ҳикмати, бу исломий шиорлардан бири эканлигидир. Зеро, бу ишни амалга ошириш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотдан сўнг саҳобаи киромлар қилган ишни давом эттириш демакдир. Дарҳақиқат, Макка фатҳ этилгандан кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Каъбанинг устига Яманий мато ёпганлар, унинг сарф-харажатлари мусулмонларнинг байтул молидан бўлган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Хулафои рошидинлар даврида Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо Каъбага Қибтий ва Яманий матодан Каъбапўш ёпганлари ривоят қилинган. Сўнг Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу иккита матони устма-уст қилиб ўраганлар. Бу амал исломдаги ўзига хос иш бўлган.

Кейинчалик Каъбапўшга оятларни ёзиш пайдо бўлди. Умавийлар давлати даврида Каъбага йилда икки марта Каъбапўш ёпиш одатга айланди. Биттаси Ашуро кунида, иккинчи марта Ийдул фитр байрамига тайёргарлик сифатида Рамазон ойининг охирида.

Аббосий халифалари Каъбага ёпинчиқ ёпиш ишига жуда катта эътибор бериб мато тўқиш, бўяш, ранг танлаш, бичимини ўзгартириш каби безаш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Миср давлатининг Танийс, Туна ва Шато минтақаси аҳолиси мутахассис бўлиб етишди. Халифа Маъмун ўз даврида Каъбаи мушаррафага йилда уч маротаба Каъбапўш ёпди.

Аббосийлар давридан бошлаб Каъбапўшга оятлар ёзиш пайдо бўлди. Халифалар Каъбапўшга ўз исмлари билан бирга, Каъбапўшнинг тўқилган жойи ва санасини қўшиб ёзишга одатландилар.

1927 йилда Саудия арабистони подшоҳи Абдулазиз Масжидул ҳарамга яқин бўлган Ажёд минтақасида Каъбаи муаззама устига ёпиладиган Каъбапўш ишлаб чиқарадиган корхона барпо этишга фармон берди. Ушбу корхонада Каъбапўш асосан қўл меҳнати орқали тўқилар эди. 1963 йилда Жарвал маҳалласида замонавий ускуналар ёрдамида  Каъбапўш тўқиладиган корхона барпо қилинди ва 1965 йилда замонавий ускуналар ёрдамида биринчи Каъбапўш тайёрланди.

1972 йилда подшоҳ Файсал томонидан Каъбапўш тўқиладиган корхонани “Уммул жавд” минтақасига кўчириш юзасидан фармон чиқарилди. 1976 йилда ушбу янги корхонада Каъбапўшни мукаммаллашган тарзда қисмларга бўлган ҳолда тайёрлаш ишлари бошланди.

 

1995 йилда Уммул жавд минтақасидаги Каъбапўш корхонасини назорат қилиш Ҳаж ва Вақфлар вазирлигидан Масжидул ҳарам ва Масжидун набавий ишларининг умумий бошқаруви раёсатига ўтказилди.

Икки Ҳарам Ходими подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Оли Сауднинг ушбу ишга нисбатан эътибори кучли бўлганлигидан, уни янада ривожлантириш ва энг юқори даражага олиб чиқиш мақсадида 2016 йилда Каъбапўш корхонасини “Подшоҳ Абдулазиз номидаги Каъбабўш тайёрлаш мажмуаси” деб номланишига буйруқ берди.

 

Каъбапўш - ипакдан тўқилган қора рангли мато бўлиб, унга Қуръон оятлари олтин суви билан нақш қилиб ёзилган бўлади. У Каъбанинг устига ёпиб қўйилади ва бу ёпинчиқ йилда бир марта, Арафа кунининг тонгида алмаштирилади. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бомдод намозидан кейин Каъбаи мушаррафанинг ёпинчиғини алмаштириш маросими бўлиб ўтади. Каъбапўшни алмаштириш амалиёти 160 нафар шу соҳанинг мутахассисларидан иборат ишчи, хизматчилар томонидан амалга оширилади. Бу маросим одатга кўра ҳар йили шу кунда Масжидул ҳаром ва Масжидун набавий ишларининг умумий бошқарув раёсати бошчилигида ўтказилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари                 

Ҳомиджон Ишматбеков

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” фонди пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида гапириш ва эшитиш имконияти чекланган юртдошларимиз ўртасида “Асмаул ҳусна” (Аллоҳнинг гўзал исмлари) ни айтиш бўйича мусобоқасини ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид, Хайруллоҳ ҳожи Акромов, Диний идора ходимаси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиласи Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳар бош отинойиси Зулайҳо Соатовалар қатнашди.

Анъанага мувофиқ анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Дастлаб эркаклар, сўнг аёл-қизлар ўртасида саралаш мусобақаси бўлиб ўтди. Уларнинг чиқишларини жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Эркаклар мусобақаси якуний натижаси қуйидагича бўлди:
1-ўрин: Носиржон Комилов;
2-ўрин: Мирзоҳид Комилов;
3-ўрин: Ўткирбекка Каримовга насиб этди.

Аёл-қизлар ўртасидаги баҳсларда эса бундай натижа қайд этилди:
1-ўрин Раъно Унбаева;
2-ўрин Наргиза Шерматова;
3-ўрин Дилдора Тоирова соҳибалари бўлишди.

Ғолиб, совриндор ва иштирокчиларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг қимматбаҳо мукофотлари, эсдалик совғалари топширилди.

Мусобақа давомида имконияти чекланган юртдошларимизнинг “Асмаул ҳусна” (Аллоҳнинг гўзал исмлари)ни бир-биридан гўзал тарзда ёддан чиройли айтишлари, улар ижросидаги гўзал саловат ва нашидлар иштирокчиларни қувонтирди, қалбларини тўлқинлантирди.

Аллоҳ таоло ушбу юртдошларимизнинг иймону ихлосини зиёда қилсин, қилаётган амалларига ажрларни янада кўпайтириб берсин, барчамизни сиҳат-саломатликнинг қадрига етиб, ибодату яхшиликларда бардавом бўлишимизни насиб айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун Наманган шаҳридаги “Юсуфхон ўғли Қосимхон” масжиди расмий очилиш маросими бўлиб, масжид қавми жомеда илк жума намозини ўқишади.

Кеча, 18 март куни Наманган вилояти Адлия бошқармаси ходимлари “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказди. Бугун эса жоме очилиш маросими ўтказилиб, масжид ходимларига гувоҳнома топширилади.

Маълумот учун, Наманган шаҳрининг Афсоналар боғи ҳудудида қад ростлаган ушбу масжид сиғими 4500 нафар намозхонни қамраб олади. Шу билан Республикамиздаги масжидлар сони 2085 тага, Наманган вилоятида эса 189 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Ургут” марказий жоме масжиди очилгани ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳ таоло янги масжидни халқимизга муборак қилсин, унинг қурилишига ҳисса қўшган юртдошлармизни икки дунёда азиз ва мукаррам айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top