muslim.uz

muslim.uz

Бугун 25 сентябрь куни Ислом дунёсининг машҳур олими шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон мажмуадаги Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган “Ҳазрати Усмон Муфҳафи”, аллома Қаффол Шоший мақбараси, Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.


Дастлаб Шайх ҳазратлари Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган “Ҳазрати Усмон Муфҳафи”ни зиёрат қилиб, Ўзбекистонда Ислом динига оид маънавий мерослар жуда кўплиги, энг табарруги шубҳасиз, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” эканини эътироф этди.

Шундан сўнг меҳмон мажмуадаги Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилди. Зиёрат давомида алломанинг ҳаёти ва фаолиятидан лавҳаларни сўзлаб берди. Жумладан, у кишининг “Қаффол” деган номни олишлари, қирқ ёшдан кейин илм олишни бошлаганлари ҳақидаги нодир маълумотларни гапириб берди.
Муҳаммад Аввома ҳазратлари пешин намозини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида мударрис ва талабалар билан бирга адо қилдилар. Намоз якунида Олий Маъҳад фаолияти ва талабалар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Шайх ҳазратлари Ўзбекистон заминига келишни 61 йилдан буён интиқиб кутганлари, Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила ушбу хайрли сафарни амалга оширишга муваффақ бўлганларини баён қилдилар.

Муҳаммад Аввома ҳазратлари охирги йилларда Ўзбекистондаги дин соҳасида амалга оширилаётган ишларга хайрли дуолар қилиб, энг эзгу тилакларини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 25 сентябрь 2018 00:00

Зиёли меҳмон

Қадим ва навқирон Ўзбекистонга,
Буюклар бешиги – олий маконга,
Жаннатга менгзалган боғу бўстонга,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Бизларга Аллоҳдан соғлик тилай деб,
Маърифат боғинда инжу терай деб,
Бухорий бобомнинг юртин кўрай деб,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Муфассир, муҳаддис, ҳофизул Қуръон,
Муфаққиҳ, муаррих, соҳибул ирфон,
Аллома, муҳаддис, ҳабийбур Раҳмон,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Валийлар юртига зиёли меҳмон,
Ҳанафий мазҳабда мисоли сарбон,
Шариат илминда туби йўқ уммон,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Ҳар битта сўзига далилдир ҳадис,
Нафақат юртида, дунёда азиз,
«Жомеъус саҳиҳ»да машҳур муҳаддис,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Юзидан нур балқир, ой ҳам хижолат,
Ҳадиси расулдан берди ижозат.
Мақсади: бу юртни этмоқ зиёрат,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.

Улуғ авлодданмиз, фикр қилайлик,
Асарларин ўқиб, зикр қилайлик,
Аллоҳга минг бора шукр қилайлик,
Муҳаммад Аввома ташриф буюрди.



Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилиб келинар эди. Жорий  йилдан бошлаб эса “Йил имоми” кўрик танлови негизида “Энг маърифатли имом” шиори остида кўрик танлов ташкил этилмоқда.

Танловдан мақсад – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш.

Танловда масжидларда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирок этишлари мумкин.

Танлов уч босқичда ўтказилади: туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичлари.

Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланадилар.

Айни пайтда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари иштирокида мазкур танловнинг дастлабки босқичи бошланди.

“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг дастлабки босқичини  Қувасой ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Қува тумани бошлаб берди. Иштирокчилар чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда якуний натижаларга кўра ғолиблар эълон қилинди.

“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг биринчи (шаҳар-туман) босқичи ғолиблари:

  1. Фарғона шаҳридан Нодирбек Нишонов – “Муҳаммад авлиё” масжиди имом-ноиби
  2. Қувасой шаҳридан Саидвалихон Сулаймонов – “Сўфон” масжиди имом-хатиби
  3. Қува туманидан Аҳмаджон Турсунов – “Абу Ҳанифа” масжиди имом-ноиби

Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Вакиллик матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикасини ислом дини боғлаб туради. Шу сабабдан Туркия Республикаси давлат ва ҳукумат вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрганида албатта муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Самарқандга борадилар.

Бугун, 25 сентябрь куни Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабри ёнида Қуръон тиловати қилинди.

70 дан ортиқ аъзодан иборат Туркия делегацияси Имом Бухорийни зиёрат қилиб, янги қурилган марказ ва Ҳадис олий мактаби билан яқиндан танишганлар.

Делегация аъзолари пешин намозини Имом Бухорий масжидида адо этишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вівторок, 25 сентябрь 2018 00:00

Болага табиатни асрашни ўргатинг!

Аллоҳ таоло дунёдаги барча зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаррам инсон зоти учун яратди ва унга бўйсундириб қўйди. Ҳақ таоло бу ҳақда шундай дейди: «(Эй инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйинсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!» (Луқмон, 20).

Демак, Аллоҳ таоло томонидан табиат қўйнида яратилган барча беҳисоб зоҳирий ва ботиний неъматлар инсон учун ва унинг бу дунёдаги ҳаёти учун экан, уни ҳар томонлама асраб-авайлаш, унга нисбатан оқилона муносабатда бўлиш барчамизнинг бурчимиз.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қилганлар: «Ким бир дарахтни экиб, уни мева қилгунича эҳтиётлаб парваришласа, Аллоҳ таоло ҳузурида шу дарахтдан ейилган ҳар бир мевада унга садақа бўлади».

Наботот ва ҳайвонот дунёсини қанчалик эҳтиёт қилиб, унга оқилона муносабатда бўлсак, сув ва сув ҳавзаларига ҳам шундай инсоний муносабатда бўлишимиз зарур. Хусусан, сувни ортиқча исроф ва ифлос қилиш, сув ҳавзаларини булғаш динимиз таълимотида қаттиқ қораланган. Бу ҳақда Табароний ривоят қилгн ҳадисда шундай дейилган: «Пайғамбаримиз оқар сувни ифлос қилишдан қаттиқ қайтарганлар» (Имом Табароний ривояти).

Атроф-муҳитни тоза тутиш, чиқиндиларни ўз вақтида саранжом-саришта қилиш, ифлосликлар ва турли кўзга кўринмас микроблардан эҳтиёт бўлиш ҳам табиатни асрашда муҳим аҳамиятга эга эканини барчаларимиз яхши англашимиз ва бу ҳақда оила аъзоларимиз, фарзандларимизга тез-тез тушунтириб боришимиз керак. Зарарли чанг-тўзонлардан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги қуйидаги ҳадиси шарифга диққат-эътибор беришимиз ҳам айни муддаодир: «Чанг-ғубордан эҳтиёт бўлинглар, ундан турли юқумли касалликлар тарқалиши мумкин».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб бизларга таълим берганлар: «Одамларга азият бераётган дарахтни йўлдан олиб ташлаган кишини жаннатда айланиб юрганини кўрдим». Айниқса ҳовли-жой, кўп қаватли уйларимизнинг кириш-чиқиш йўлкаларини, истиқомат қилаётган уй ва хоналаримизни озода, чиройли, шинам ҳолда сақлашимиз аввало ўзимизнинг сиҳат-саломатлигимизга, оила-фарзандларимиз соғ-саломат бўлишларида катта аҳамиятга эга.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам айни шу маънода шундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ яхшидир ва  яхшиликни севади. Покдир, покликни хуш кўради. Олийжанобдир, олийжанобликни дўст тутади. Сахийдир, сахийликни севади. Ҳовли-жойларингизни озода қилинглар. Худонинг ғазабига учраган қавмларга ўхшаманглар».

Чиндан ҳам, савоб умидида, эзгулик йўлида бир дарахт ёки бир уруғ тикишда катта мукофот бўлишига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари ҳам далолат қилади: «Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки ерга бирор уруғ экса, ундан қуш ёки инсон ёки бирор ҳайвон еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади».

Табиатимизни, атроф муҳитимизни тоза ва озода сақлаш, асраб-авайлаш ва уни чиройли тарзда келажак авлодга омонат тарзда етказиш ҳаммамизнинг масъулиятли бурчимиздир. 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Мақолалар

Top