muslim.uz
Она дуоси
Бир куни бой бадавлат ўғил онасидан хабар олгани ёшликда ўсиб улғайган хонадонига келди. Онаси пешин намозини ўқиётган эди. Ўғил эшикда анча кутиб қолди. Она узоқ дуо қилиб намозини якунлаб ўғли ёнига чиқди, кутиб тоқати тоқ бўлган ўғил жаҳлда онасига деди:
– Она сиз ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, узундан узоқ дуо қилиб, бир нарсаларни сўрайсиз? Лекин ҳеч нарсангиз йўқ, ночор ҳаёт кечирасиз. Мана менинг бошим саждага тегмаган, намоз ўқимайман, лекин ҳаммаси етарли, бирор нарсага муҳтожлигим йўқ – деди
Шунда она ўғлига: Болажоним, мен саждага бош қўйиб, сенинг униб ўсишингни, бой бадавлат яшашингни, ҳар ишда омадли бўлишингни сўрайман. Менга бундан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Мана меҳрибон Аллоҳ сўраганимни беряпти, яна битта энг катта тилагим бор, шу тилагим ҳам рўёбга чиқса, мендан бахтли она йуқ дунёда -деди кўзларига ёш олиб.
– Нима тилак экан у, онажон – деди ўғил.
Она: сенинг беш вақт намоз ўқишингни, намозга шошилишингни кўзларим билан кўрсам армоним йўқ эди, болажоним. Онасининг сўзларини эшитган ўғил беихтиёр кўзига ёш олиб:
– Меҳрибоним, мен гумроҳ ўғлингизни кечиринг, деди.
ЭЙ ЎҒИЛ!!!
Сиз ўйламанг, «мен беибодат бўлсам ҳам, Аллоҳ менга беряпти» деб. Сизни хаққингизга кеча-ю кундуз дуо қилаётган ота-онангиз сабабчидирлар. Дуогўй ота-онангизни эъзозланг, ҳурмат қилинг, қадрига тириклик чоғида етинг.
манба: Насоимул ҳикмат
ЎМИ Матбуот хизмати
Билим юрти талабаларининг уламолар билан учрашувлари бўлиб ўтди
2018 йилнинг 13 сентябрь куни ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Ҳолиқназаров иштирокида Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Алимов бошчилигидаги барча мударрис ва талабалар иштирокида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбати давомида сўз олган билм юрти мудири М.Алимов ва Н.Ҳолиқназаровлар 2018 йилнинг 12-сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча масжид имом-хатиблари, диний таълим муассасалари раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган видео селектор йиғилишида кўрилган масалалар, билим юртида талабаларни бўш вақтларидан унумли фойдаланишлари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоблари юзасидан суҳбат қилиб бердилар.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ходими
Қаҳрамонжон Исраилов
ЎМИ Матбуот хизмати
Маслаҳатсиз мурожаат келтирар кулфат
Маҳкам тутгин жамоат эътиқодин,
Нари солгин мухолиф ижтиҳодин,
Сўфи Аллоҳёр
Аллоҳ Таолога чексиз шукроналар бўлсинки, юртимизда кундан кунга янги ислоҳотлар ва дилларни қувонтирувчи ютуқларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда Ислом дини қадриятларини равнақ топтириш, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аждодлар меросини ўрганиш ва ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш борасида сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё қилиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Юртимизда ҳар соҳада янгиликлир, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг шахсан ўзлари ҳар бир соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқдалар. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ҳар соҳада бўлгани каби, диний соҳада амалга оширилаётган кўплаб хайрли ишларни барчамиз кўриб, қувониб турибмиз. Бундай улуғ ишлардан Ислом Цивилизация маркази, Ислом Академияси, Халқаро Имом Бухорий маркази, Ислом Ҳуқуқи мактаби ва Калом илми мактабининг шахсан Юртбошимиз ташаббуслари билан очилиб, фаолият бошлагани биз учун жуда катта бир неъмат бўлганлигини асло унутмаслигимиз лозим. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти ўзи яшаб турган давлатининг раҳбари, яъни “Улул-Амр”га итоат қилиш мажбурияти ҳам борки, динимизда бу ҳақда қуйидагича баён қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳадисларининг бирида шундай дедилар: Абу Ҳурайра (ра) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Ким менга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга итоатсизлик қилса, демак, Аллоҳга итоатсиз бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса, демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига итоатсиз бўлса, демак, менга итоатсиз бўлибди” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Адолатли қонунлар ҳамма вақт халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир. Юртбошимиз томонидан юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу йилдан барча умумий ўрта таълим муассасаларида ягона кийим формаси жорий этила бошланди. Фарзандларимизни бунга риоя қилишларини таъминлаш ҳам ота-оналарнинг бурчи эканини ёдда тутмоғимиз лозим. Давлатимиз Раҳбари замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-хатибларни доимо фаолликка, ғайрат кўрсатишга даъват этиб келмоқда.
Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Бироқ айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. Аммо минг афсуслар бўлсинки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқларни кўра олмайдиган айрим ғаламис кимсалар бугунги кунда турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз халқини давлатга ва давлатнинг бевосита Раҳбарига қарши қўйишга уринмоқдалар. Уларнинг бундай ғаразли мақсадлари юртимизда фитна тарқатиш ва мусулмонларни тафриқа қилиб бўлиб ташлашдир. Таассуфлар бўлсинки, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Омина” масжидининг собиқ имоми Парпиев Фазлиддин нотўғри ва ноўрин мурожаатларни қилиб, диний соҳа вакилларининг юзини ерга қаратди. Ачинарлиси шундан иборатки, туман бош Имоми, Тошкент шаҳар бош Имом-хатиби ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, Муфтий ҳазратлари билан маслаҳат қилмасдан, Зиё ва Ҳидоят нури тараладиган маскан бўлмиш масжид меҳробидан туриб Муҳтарам Юртбошимизга мурожаат қилди. Масжиднинг меҳробидан фақат Аллоҳ таолога дуолар қилиниши, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ва ваъз насиҳат қилиниши лозим. Масжидда сиёсий жараёнлар ҳақида гапириш шариатимизда ман этилади. Ишлаганига бир ой бўлмасдан туриб бутун Республика Имомлари номидан гапириб катта хатога йўл қўйди, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимидаги барча устоз ва имом-хатибларга нисбатан ҳурматсизлик ва беодоблик қилди.
Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги, унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун бир неча шартлар лозим. Ушбу шартлардан бири садоқат ва фидойиликдир. Садоқат жамият тузилишидаги асосий қадриятлардан бўлиб, халқлар тараққиётининг рамзи ҳисобланади. Қаерда мана шу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик келади ва ўзаро ёрдам йўқолади. Садоқат орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло мусулмонларни шу сифат билан сифатланишга чақирган. Биз диний соҳа ходимларига Муҳтарам Юртбошимиз томонидан билдирилаётган ишончни оқлаб, халқ манфаатини ўз манфаатимиздан устун қўйиб, Юртбошимизга садоқатли ва фидоий имом-хатиблардан бўлиш насиб этсин.
Одилжон Нарзуллаев
Зангиота туман “Имоми Аъзам”
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
28.09.2018 й. Устозларга эҳтиром (1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни)
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм –руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ (سورة المجادلة/11).
яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:
"فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўз замонаси учун зарур бўлган илмларга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.
وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا (سورة البقرة/31).
яъни: “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят).
Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни шундай шарафли вазифа билан юборди.
لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ (سورة آل عمران/31).
яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Бу ҳақда Пайғамбар ﷺ нинг ўзлари:
"... وَإِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).
яъни: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савоб иш. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан.
Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.
Муҳтарам жамоат! Устоз ва талабалар амал қилишлари зарур бўлган одоблар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз. Ўқитувчига тегишли одоблар:
- Ниятни холис қилиш. Яъни, ўқитувчи илм бериши орқали савоб олишни умид қилиши ва ўқувчиларга манфаат етказишни ният қилиш.
- Кўп кулгу ва ҳазил-мутойибадан сақланиш. Албатта, муаллим очиқ чеҳралик, мулойим, ширинсўз, дардкаш ҳамда меҳрибон бўлиш билан бирга, ўзига ярашмайдиган, ноўрин кулгудан тийилиши, ҳазил қилса ҳам, енгил, оғир келмайдиган тарзда қилиши мақсадга мувофиқ. Ўқитувчининг ўта жиддий бўлиши талабани билмаган нарсасини сўрашдан, унга яқин бўлишдан ва дардини бемалол айтишдан тўсади.
- Ўқувчиларни билим олишга қизиқтириш. Демак, ўқитувчи билимли кишиларнинг аввало ўзларига, қолаверса, жамиятга фойдалари тегиши, уларга ваъда қилинган савоб ҳақида ўқувчиларига тез-тез эслатиб туриши жуда муҳим.
- Дарс давомида талабанинг илмий салоҳияти ва иқтидорига мос ўртача йўлни танлаш. Ҳар бир инсоннинг маълумот олиш қобилияти ва ёдда сақлаш кўникмаси турфа бўлгани сабабли, талабанинг шахсий хусусиятларига жиддий эътибор бериш ҳамда кўнглига йўл топа олиш ўта муҳим.
- Ўқувчиларни бир-биридан ортиқ кўрмаслик. Ўқитувчи ҳам ота кабидир, шунинг учун ҳар бир ўқувчисини ўз фарзандидек кўриши, биридан бошқасини ажратмаслиги керак.
- Талабаларга дунёвий ва диний билимларни баробар олиб боришни, замонавий билимларда орқада қолмасликни ўргатиш.
- Чиройли хулқлар ва яхши хислатлардан сабоқ бериш. Бу соҳада ўқитувчи кўп йиллик тажрибаларидан фойдаланиш.
- Ўқувчи хато қилса, тўғри йўлга йўллаш. Бунда қўполлик ва дилозорликдан сақланиб, улуғ аждодларимиз ҳаёти, ибратли воқеалар билан талабани яна тўғри йўлга йўллаб қўйилади.
- Ёш ва мансаб жиҳатдан ўзидан паст инсондан бўлса-да билмаганларини ўрганишни ор қилмаслик. Чунки ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси бўлиб, қаерда топса олаверади. Алишер Навоий бобомиз айтадилар: “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”.
- Қайси ҳунар ва фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар, ўз соҳасини пухта билиш. Муаллим ўз устида кўп ишлаши, керак бўлса, талабадан кўпроқ дарс қилиши керак.
- Ўзига раво кўрганини ўқувчиларига ҳам илиниб, ёмон кўрганларини уларга ҳам раво кўрмаслик.
- Ўқувчилари ҳаққига яхши дуолар қилиб, уларга яхшиликни соғиниш. Чунки устознинг дуоси худди ота-онанинг фарзандига қилган дуоси кабидир.
Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз!
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоз вақтлари ҳақида суҳбатлашамиз.
- Бомдод намози: Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан (уфқда кенг ёйилган ёруғликдан) қуёш чиққунигачадир. Бомдод вақти киргандан бошлаб қуёш тўлиқ чиқгунигача Бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш макруҳ саналади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёш чиқиб қолса, Бомдод намози тўхтатилади ва қуёш тўлиқ чиққандан кейин қазоси ўқилади. Бугунги Бомдоднинг қазосини заволгача ўқиса, суннати билан бирга қазоси ўқилади. Заволгача ўқилмаса, фарзини ўзи қазо қилинади. Бомдодни суннатига улгурмай, фарзини жамоат билан ўқиган киши фарздан кейин суннатни ўқимайди.
- Пешин намози: Пешиннинг вақти қуёш заволга оғганидан ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг бўйига икки баробар бўлгунигачадир. Қуёш қиёмдан заволга қараб оғгандан бошлаб Пешин намозининг вақти кирган бўлади. Заволдаги соядан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар келгунича Пешин вақти ҳисобланади. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фатволаридир.
- Аср намози: Асрнинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг бўйига икки баробар бўлганидан бошлаб қуёш ботгунигачадир. Аср намози адо қилинганидан кейин Шом намози ўқилгунигача нафл намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Асрга айтилган азондан кейин такбир айтилгунигача, бемалол нафл намоз ўқиса бўлади. Аср намозини қуёшни нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги Аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади.
- Шом намози: Шомнинг вақти қуёш ботганидан шафақ йўқолгунигача. У (шафақ) уфқдаги қизилликдир ва шунга фатво берилган. Шом намозини доимо (йилнинг барча фаслларида) вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир. Демак, Шом намозининг вақти қуёш уфқга ботиши билан бошланиб уфуқдаги қизиллик йўқолгунигача давом этади.
- Хуфтон намози: Хуфтоннинг вақти Шомнинг вақти тугагандан бошлаб тонггачадир. Витрнинг вақти хуфтон ўқилгандан бошлаб тонггачадир. Хуфтон намозини кечасини ярмидан кейин ўқиш макруҳ бўлади. Хуфтон ва Бомдодни жамоат билан ўқишни фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини ибодат билан ўтказгандек бўлади. Ким Бомдод намозини ҳам жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг барчасини ибодат билан ўтказгандек бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қазо бўлган намозларни куннинг барча вақтида ўқиса бўлади, фақат қуёш чиқиш, қиёмга келиш ва ботиш вақтлари бундан мустасно. Бу уч вақтда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди.
Устозлик мартабасига етиш ва унинг омонатларига риоя этиш ҳар биримизга насиб этсин! Омин!
Йўлдошбек қори Нуриддинов Мадинадаги халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этади
Шу йилнинг октябрь ойида Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Унда 82 давлатдан 115 киши иштирок этади.
Azon.uz манбаси берган маълумотларга кўра, ушбу мусобақада юртимиз шарафини “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг “Олий мукофот” соҳиби, Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов ҳимоя қилади. Қори юртдошимизнинг илмига Аллоҳдан барака сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда.
Саудия расмий ОАВ берган маълумотга кўра, Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишлари бўйича қирол Абдул Азиз танлови 26 муҳаррамда (6 октябрь) бошланиб, сафар ойининг биринчи кунигача (11 октябрь) давом этади.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги
ЎМИ Матбуот хизмати