muslim.uz
Мақталган давр ўғлонларининг ҳикматлари
“Мақталган давр” деганда, ҳадисда мақталган, салафи солиҳлар яшаган уч аср назарда тутилган. “Салафи солиҳлар” дейилганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда мақтаган уч давр – саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлар даври тушунилади. Қуйида мазкур зотларга тегишли ҳикматли фикрларни тақдим этамиз.
Баъзи улуғлар шундай дейишган: “Аллоҳ таоло фаришталарни яратганда, уларга ақлни берди, шаҳватни бермади. Ҳайвонларни яратганда, уларга шаҳватни берди, ақлни бермади. Одамни яратганда, унга шаҳватни ҳам, ақлни ҳам берди. Кимнинг ақли шаҳватидан устун келса, у фаришталар мақомига етади. Кимнинг шаҳвати ақлидан устун келса, ҳайвонлар даражасига тушиб қолади”.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Нафсимдан кўра мен учун ашаддий душман билан олишмадим. Бир сафар мен тараф бўлса, бир сафар менга қарши бўлди”.
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ўз нафсига: “Сен шу инсоннинг шериги эмасмисан? Сен шу инсоннинг шериги эмасмисан?” деб, нафсини ёмонлаб, танбеҳ бериб, урушиб, сўнгра унга Аллоҳ таолонинг Китобини юклаб, ўзи унга йўлбошчи бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин!”
Абу Бакр Варроқ раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ таоло сари бораётган йўлингда сени Аллоҳ таолодан чалғитадиган нарсаларни тарк этиш билан юришга куч ол. Кўксингда жойлашган нафсингчалик сени Аллоҳ азза ва жалладан чалғитадиган нарса йўқ”.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ким нафсини азиз қилса, динини хор қилган бўлади. ким нафсини хор қилса, динини азиз қилган бўлади”.
Яъни нафс инсонни доим гуноҳ, маъсиятга бошлайди. Демак, ким нафсининг сўзига кирса, унга эргашса, динининг кўрсатмасига тескари иш қилган, гуноҳларга қўл урган бўлади. Ким нафсининг сўзига кирмаса, унинг ҳавосига учмаса, динининг кўрсатмасини устун қўйган, гуноҳдан узоқ юрган ҳисобланади.
Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мен яхши хислатларнинг юзтасини топдим. Ўзимда ўша хислатлардан битта бўлса ҳам борлигини билмайман”. Яъни у зот бу гапни камтарлик билан яхши инсон бўлолмадим, ахлоқни ўзлаштиролмадим деган маънода айтганлар.
Улуғ зотлардан бирлари шундай деганлар: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни бефойда нарсаларга машғул қилиб қўйишидир”.
Яъни инсон дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойдали бўлмаган гапларни гапириши, ишларни қилиши ҳақида айтиляпти.
Маъруф раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Банданинг фойдасиз нарсалар ҳақида гапириши – Аллоҳ азза ва жалла тарафидан келган хорликдир”.
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Қалблар – ичидаги бор нарсаси ила қайнаётган қозонларга ўхшайди. Тиллар унинг чўмичларидир. Бир киши гапираётганида унга назар сол: унинг тили қалбидаги нарсани сенга чиқариб беряпти. (У нарса) ширин... аччиқ... чучук... шўр... ва бошқа ҳолатда бўлади. Шундай қилиб, тили чиқариб берган нарса қалбининг таъмини сенга баён қилади”.
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Албатта, яхшиларнинг қалблари солиҳ амалларни қилиш истаги билан қайнайди. Ёмонларнинг қалблари бузуқ ишларни қилиш истаги билан қайнайди. Аллоҳ таоло сизларнинг хоҳиш-истакларингизга, нимани ўйлаб ғам қилаётганингизга қарайди. Шундай экан, ғаму истакларингиз нималигига қараб қўйинглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!”
Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайдо бўлган бидъат – тўқликдир. Агар қавмнинг қоринлари тўйса, нафслари уларни дунё сари (яъни дунё топишга муккасидан кетишга) бошлайди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: “Ҳавои нафсига тобе бўлганлар билан бирга ўтирманглар! Чунки, улар билан бирга ўтириш қалбни касал қилувчи омилдир”.
Ибн Асийр раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Амалини одамлар кўришини яхши кўриш – яширин шаҳватдир”.
Бишр ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Шуҳратни, машҳурликни яхши кўрган одам Аллоҳга тақво қилмаган ҳисобланади”.
Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм амални чақиради. Агар амал келса, келди. Акс ҳолда илмнинг ўзи ҳам кетади”.
Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ҳадиснинг закотини адо этинглар: ўрганган икки юзта ҳадисингиздан бештасига амал қилинглар!”
Муҳаммад ибн Абдулбоқий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Умримнинг бир соатини ҳам бефойда, ўйин-кулгуга ишлатиб, зое қилмадим”.
Заҳабий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Албатта, илм ривоятнинг кўплиги эмас. Лекин у Аллоҳ қалбга соладиган нурдир. Илмнинг шарти – Қуръон ва Суннатга эргашиш, ҳавои нафс ва бидъатдан қочишдир”.
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан “Ёлғончи-каззобларни қаердан танийсиз?” деб сўралганда, у киши: “Ваъдаларидан (яъни ваъда бериб, бажармасликларидан)” деб жавоб бердилар.
Самоҳ Муҳаммаднинг мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Агар бир ой умрингиз қолса...
Бир киши хотини билан ҳеч яхши чиқишолмайди. Уйда ҳар куни оддий нарсалар туфайли тортишув бўларди. Киши бу тортишувлардан безор бўлиб ажрашишни истади. Буларнинг муноқашалари туфайли икки тараф оилаларнинг ҳам орасига совуқчилик тушади. Киши бир кун паришон ҳолда, маслаҳат сўраш учун кўпни кўрган, одамларнинг ҳурматини қозонган бир аҳли илм зотнинг олдига бориб, аҳволини айтади. У зот:
— Энди ажрашсанг ҳам ҳеч бир ўзгариш бўлмайди. Бир ой умринг қолибди, нима қилсанг қил, дейди.
Бу гапни эшитган киши даҳшатга тушиб, ранги оқарган ҳолда чиқиб кетади. Йўлда учраган танишларидан рози ризолик сўрай бошлайди. Уйига қайтиб, "хотин кел, шунча пайт сени хафа қилдим, яхши эр бўлолмадим, ҳаққинга риоя қилолмадим, мени кечир, мендан рози бўл, дейди.
Хотини, "тавба, бу одамга нима бўлди, бундай гаплар гапиряпти", деб унга раҳми келиб:
— Бей, аслида сиз рози бўлинг, мен доим беодоблик қилдим, сизни кўп ранжитдим, дейди. Икковининг ҳам қалби юмшаб кўзлари ёшланади...
Кейин эр, хафалашган қайнотасиникига боради. Улардан ҳам йиғлаб розилик сўрайди. Хотини ҳам, қайнонасидан кечирим сўрайди. Энди уйда ҳар кун жаннатий ҳаётда яшардилар ва бир-бирларини ҳеч ранжитмасдилар...
Лекин у киши, хотинига, муҳтарам зот айтгани ҳақида ҳеч гапирмайди. Бир ой тўлишини санай бошлайди. Кунлар яқинлашгунча яхшиликлари ортар, кечалари ибодат қиларди.
Унинг яхши ишлари кўпайгани сари хотинини ҳам, икки оиланинг ҳам муносабатлари илиқлашиб, яхшиликлари ортиб борарди.
Бир ой ўтади. Ҳа бугун ўлади, эртага эса... Лекин ўлмайди. Аниқ бир ой демади, бир ой атрофида, деди. Балки бир неча кун ҳали бордир, деб ўйлайди.
Бир неча кун кутди, яна ўлмади. Кейин у зотнинг олдига бориб сўрайди:
— Афандим, мен ўлмадим.
— Ўлиш нимаси? — дейди у зот.
— Афандим, сиз бир ойча умринг қолди, дегандингиз, бир ой бўлди. Бироқ мен ўлмадим.
У зот эса:
— Биродар, мен сени қачон ўлишингни билмайман, лекин шуни биламанки, ўлим ҳақ, бир кун албатта ўласан. Ўладиган одам жанжал, низо билан ҳаётини заҳарламайди. Ҳозирги ҳаётингиздан хурсандмисан? — дейди.
— Ҳа, ҳеч тортишмаяпмиз.
— Қани, энди шундай давом этинглар, — дейди у зот.
У оиланинг икки фарзанди бўлиб, гулдай яшнаб улғаядилар.
Ҳаётимиздаги кўп муаммолар ўлимнинг ҳақ эканини унутишимиз туфайлидир!
Марям Осиё таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Болага ҳасад қилмасликни ўргатинг!
Ҳар бир мўмин киши ким бўлишидан қатъий назар дунё ҳаётида ички ва ташқи дунёсини ислоҳ этиши ва уни турли қалб иллат ва зарарли офатларидан эҳтиёт қилиши керак бўлади. Киши қалби ва ички қиёфасини қанчалик гўзал ва пок қилса унинг ташқи манзараси ҳам шунчалик гўзал ва солиҳ бўлади. Буни Пайғамбаримиз қуйидаги ҳадиси шарифларида чиройли баён қилиб берганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон жасадида бир парча гўшт пораси бор, агар у солиҳ бўлса барча жасад солиҳ бўлади, агар у бузилса жасадни ҳаммаси ҳам бузилади, огоҳ бўлинглар! У қалбдир” (Бухорий ривояти).
Жуда кўплаб ояти карима ва ҳадиси шарифлар ҳасаддан сақланишимизга чорлайди ва унинг энг ёмон ижтимоий иллатлардан бири эканлигини таъкидлайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “бир-бирларингизга ҳасад қилманглар”, “ҳасаддан сақланингизлар”, деб ўз вақтида огоҳлантирганлар. Аллоҳ таоло инсонни ўзи унга берган улуғ неъматларига ҳасад қилган иблис қиёмат кунига қадар Унинг раҳматидан маҳрум бўлиб, даргоҳидан абадий ҳайдалди.
Одам алайҳиссаломнинг икки ўғлидан бири ўз акасига душманлик ва ҳасад кўзи билан қараб, уни ҳалок қилди. Демак, ҳасад қилувчи Аллоҳ таоло барча одамларга берган неъматларига Унинг тақсимотига, ҳикматига душмандир. Агар Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё, фарзанд, сиҳат-саломатлик неъматини берган бўлса ҳасадчининг қалби ғазабдан ўртанади, уни кўра олмайди. Қандай бўлмасин ундан бу неъматлар завол топишини истайди ва ороми бузилади. Ҳасадчи ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг тақдири ва тадбиру иродасидан рози бўлмайди.
Ҳа, ҳасадчи ўзини ҳасадига ғарқ бўлиб, Аллоҳ таолонинг неъматларига ҳеч шукр қилмайди. Унинг қазойи қадарини асло эътироф этмайди. У ҳасад балосига гирифтор бўлиб тоат-ибодатдан узоқлашади, гуноҳ-маъсиятга ботади. Ҳасад натижасида у ўзига қанчалик зарар қилган бўлса, жамиятга ундан-да кўпроқ зарар ва ёмонлик келтиради. Ҳасадчи жамият аъзолари ўртасида нафрат, ёмон кўришликни тарқатади, оилалар ўртасида душманлик руҳини вужудга келтиради, одамлар ораси бузилишига олиб келади. Бундан бўладиган зарар ва офатларнинг саноғи ва чегараси йўқ.
Имом Абу Лайс Самарқандий айтади: «Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади»: 1. Ғам узилмайди; 2. Мусибат етади, унга ажр келмайди; 3. Ёмонликни олиб келади. У билан мақтанилмайди; 4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади; 5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади».
Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир. Бахилларда вафо йўқ, чидамсиз кишилардан дўст йўқдир. Ёлғончиларда мардлик йўқдир. Хиёнатчида фикр йўқ, ёмон хулқли кишида раҳбарлик йўқ».
Ҳакимлардан бири: «Ҳасадчидек мазлумга ўхшаган золимни кўрмадим», деган экан.
Ҳасан Басрий айтади: «Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ ўз фазиладан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз? Энди бундан бошқа нарсада бўлса, унинг боражак жойи дўзах бўлганидан ҳасад қилмоғингиз ҳам яхши эмасдир».
Абу Лайс Самарқандий айтади: «Уч кишининг дуолари қабул бўлмайди: 1. Ҳаром ризқ егувчи; 2. Кўп ғийбат қилувчи; 3. Қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар».
Ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Ҳасадни (кучли ҳавасни) икки тоифа кишига қилса бўлади: бир кишига Аллоҳ таоло Қуръонни берган бўлса, у Қуръонни кеча-ю кундуз ўқиб турган бўлса ва яна бир кишига Аллоҳ таоло дунё берган бўлса, у дунёдан кеча-ю кундуз яширин ҳолда инфоқ қилиб турган бўлса».
Китобларда айтилади: «Ҳасад қилувчи мажлисларда ёмонланган, хорланган ҳолатда бўлади, малоикалар лаънат ва ғазаб қилади. Хилватда қўрқинч ва ғамда бўлади. Жони олинаётганда қаттиқлик ва қўрқитилган ҳолатда бўлади. Маҳшаргоҳда шарманда ҳолатда бўлади. Дўзахда иссиқ ва ёнган ҳолатда бўлади».
Макоримул ахлоқ пешвоси ва намунаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият ва унинг аъзолари ўртасида нақадар хавфли ҳатто имон нурига ҳам зарар етказиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб бундай деганлар: «Бир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди».
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинган: «Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилишмаса эди яхшилик узра бардавом бўладилар».
Болага ваъдасига вафоли бўлишни ўргатинг! Динимизнинг барҳаёт таълимотларида мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги энг фазилатли ва гўзал ҳулқларидан бири – ваъдага вафо қилишга алоҳида эътибор берилган Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исмоил алайҳиссаломнинг берган ваъдаларида қанчалик қатъий турганини шарҳ этиб, шундай дейди: «(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди» (Марям, 54).
Муфассирларнинг айтишларича Исмоил алайҳиссалом бирон нарса ҳақида ваъда берсалар, албатта уни ўз вақтида бажарган эканлар. Ривоятларда келишича, у зот бир кишига маълум бир жойда учрашамиз деб ваъдалашган эканлар ва Исмоил алайҳиссалом келишилган жойга келиб, ваъдалашган инсонни уч кун мобайнида кутган эканлар. Ваъдага вафо қилиш ва ўзаро шартлашган аҳдларни бажариш олий ҳулқлардан эканлигини қуйидаги ояти каримада равшан баён қилинган: «Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз...!» (Моида, 1).
Дарҳақиқат, доимо ваъдага вафо қилиш, омонатга хиёнат қилмаслик барча пайғамбарларнинг гўзал одоб-аҳлоқлари ва шиори бўлган ва инсонлар ҳам шунга чақирилган. Ҳадиси шарифда: «Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!» дейилган.
Пайғамбаримиз марҳамат қилиб шундай деганлар: «Қайси бир одамда тўрт аломат топилса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда шу тўрт аломатлардан бири бўлса, уни тарк этмагунча, унда мунофиқликнинг бир белгиси бўлади. Бу тўрт аломат қуйидагилар: Омонатга хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, бирон кишига аҳд берса аҳдига вафо қилмайди. Ҳақ талашса жанжал қилади».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: «Омонатсиз кишининг имони йўқ ва аҳдига вафосизнинг дини йўқ». Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонатдир.
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Симферополда янги масжид қурилиши бошланди
Симферопол жоме масжидининг бетон қурилиш ишлари якунлангач, усталар томонидан ички безак ишлари бошлаб юборилгани маълум қилинди. Бу ҳақда "Islam-today" интернет нашри хабар берди.
Ушбу жоме масжидининг қурилиши якунлангач Қрим Республикасининг бош масжиди сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Масжид архитектураси ўзига хос бўлиши айтилмоқда.
Маълумот учун, Симферопол жоме масжидининг очлиши 2019 йилнинг 21 апрелига мўлжалланган бўлиб, Қрим халқларининг хотирасига бағишлаб барпо этилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Посол США по вопросам международной религиозной свободы посетит Узбекистан
Посол по вопросам международной религиозной свободы Государственного департамента США Сэм Браунбэк посетит Узбекистан. Об этом сообщает kun.uz со ссылкой на пресс-службу Госдепа.
Отмечается, что Браунбэк посетить Украину, Польшу и Узбекистан с 10 по 19 сентября.
В Узбекистане посол встретится с высокопоставленными государственными чиновниками для обсуждения недавних реформ в области свободы вероисповедания.
Посол также рассказал о предстоящем визите в своем Twitter аккаунте.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана