muslim.uz

muslim.uz

8 декабрь санаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг асоси, Ўзбекистон мустақиллигининг ҳуқуқий манбаси бўлган Конституция қабул қилинганинг 25 йиллиги санасини нишонладик.

Ушбу кунда Республикамизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар ва эзгу ишларга йўғрилган маросимлар ўтказилди. Шифохоналар, мактабларнинг очилиши халқимизга совға бўлди дейиш мақсадга мувофиқдир.

Кеча, 8 декабрь куни Андижон шаҳрида шоир Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ҳиёбон ва унинг номи билан аталувчи ихтисослашган мактаб-интернатининг очилиш маросими ўтказилди. Таълим муассасасида шоир ҳаётини акс эттирувчи музей ҳам очилган. Музейда унинг шахси ва адабий меросига доир жуда кўп материаллар тўпланган.

Наманганда Конституция қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида мукаммал таъмирдан чиқарилган «Дўстлик уйи» фойдаланишга топширилди.

Вилоятда 80 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Рус, қирғиз, тожик, корейс миллий-маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Наманган вилоятининг Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги Нанай қишлоғида 216 ўринли мактаб ва 60 ўринли ҳудудий шифохона ҳам фойдаланишга топширилди.

Бу сингари тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда.

 

Субота, 09 декабрь 2017 00:00

Муборак ва порлоқ юзлари

Муборак ва порлоқ юзлари

(танловга)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди юзларида қуёш юргандек чиройли ва порлоқ юзли киши эдилар. (Қуёш ўз фалакида қандай юрса, гўзаллик ул зотнинг юзларида худди шундай жилваланар эди).

Али розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни ўта семиз) ҳам, мукалсам (яъни ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки юзларида бирозгина юмалоқлик бор эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бир парчасидек яшнаб кетар эди».

Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг гардишига ўхшар эди».

Абу Туфайлдан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг» деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди».

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди».

Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламоқдалар.

Ҳасан ибн Али тоғаси Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, салобатли ва виқорли зот эдилар. Юзлари худди тундаги тўлин ойдек чарақлаб турар эди».

Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, шундай деган: «Мен бир у зотга, бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзал эдилар».

Робиъ бинти Муъаввиздан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг» деб сўрашганида: «Эй ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз», деб жавоб берган.

Умму Маъбад ҳам Набий алайҳиссаломнинг тавсифларини шундай келтирган экан: «Мен покиза, гўзал хулқли, чиройли юзли ва хушрўй кишини кўрдим».

Ҳамадонлик бир аёл: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман», деган эди, ундан: «У зотни бизга васфлаб беринг», деб сўрашди. Аёл: «У зот худди тўлин ой кечаси кўкда порлаб турган ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотга ўхшаш инсонни кўрмадим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли ёноқлари тавсифига келсак, ёноқлари текис эди (яъни дўппайиб ҳам турмаган, ичига ҳам ботмаган).

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди:

 

«(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oққaни ҳaм йўқ, ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ» (Нажм сураси, 17-оят).

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз пайти қандай кўрсалар, қоронғи кечада ҳам шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.

Ибн Абу Ҳола нақл қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқа ёки ён томонларига қарасалар, таналари билан тўлиқ бурилиб қарар эдилар. Муборак назарлари пастга қарар эди (яъни нигоҳларини кўпроқ пастга қаратар эдилар). Қарашлари ўйчан ва мулоҳазали эди.

Али розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни қизғишроқ) киши эдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Кўзлари тим қора эди», дейилган.

Яна бир ривоятда эса: «Кўзларининг оқида бироз қизиллик бор эди», дейилган.

Кўзнинг оқ қисмида қизиллик бўлиши арабларда мақталган ва маҳбуб кўрилган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу хусусдаги ҳадисларнинг лафзлари турлича бўлса-да, барчаси бир маънода келган.

У зотнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Али розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Қошларининг тавсифига келсак, улар узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига туташмаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли киши бўлганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари ўртачадан кенг ва каттароқ эди. Тишлари оппоқ, ораси очиқ эди. Икки олд тишлари, яъни курак тишларининг ораси ҳам очиқ эди. Доимо оғизларидан хушбўй ҳид келарди.


Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчсиси Ғиёсиддин Баратов таржима қилди

Олмаота шаҳрида Қозоғистон Мусулмонлари идорасининг VIII қурултойи бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра бошқарманинг собиқ ноиб-муфтийси Серикбой-ҳожи Ораз Қозоғистон Олий муфтийсига айланди.

8 декабрь куни Серикбой-ҳожи Ораз номзоди йиғилиш иштирокчиларига таништирилган. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, йиғилишда тахминан 300 делегат қатнашиб, улар Серикбой-ҳожи Оразнинг номзодини бир овоздан маъқуллаган. Қурултойда Олий муфтийнинг ўринбосарлари ҳам тайинланган.

42 ёшли Серикбой Ораз 1992 йилда Тошкентдаги мадрасани тамомлаган. 1992 йилдан 1994 йилга қадар Мисрдаги Ал-Азҳар университетида ўқиган. 1995-1996 йилларда Исломобод университетида таълим олган. 2014 йилда Нур-Муборак университетини тамомлади.

Серикбой-ҳожи Ораз Олмаота масжидида имом ноиби, Остонанинг ваколатли имоми, Қозоғистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Маълумот учун, Серикбой-ҳожи Ораз Олий муфтий лавозимида 45 ёшли Ержан Малгажули Маямеровнинг ўрнини эгаллаган.

Ҳасан домла Қодиров - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқ соҳиби

Мақолалар

Top