www.muslimuz

www.muslimuz

Четвер, 03 октябрь 2019 00:00

Илмсизлик оқибатидаги иллат

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида аёллар ва болалар томонидан қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Ундаги вояга етмаган болалар ҳам катталар ортидан бу амалларни бажараётгани энг ташвишланарли ҳолатдир.
Таъкидлаш жоизки, ушбу зиёратгоҳ Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси аввал ширк амаллардан сақланиш ҳақида фатво эълон қилганини таъкидлаган ҳолда “Заркент бобо” зиёратгоҳи мутасаддиларидан мазкур ҳолатга жиддий эътибор қаратишни тавсия этади.
Ислом таълимотига мувофиқ, мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар.
Афсуски, айрим кишилар билимсизлиги ва жоҳиллиги сабаб бўлиб, мазкур қабрни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби динимизга зид амалларни қилиб келмоқдалар.
Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).
Ушбу жойдаги зиёратчилар қабр атрофидаги ҳар бир устунни ўпиб, тавоф қилишмоқда. Шу билан бирга зиёратгоҳга чиқишда ҳар бир зинага сажда қилиб чиқаётган аёллар ва болаларни кўриб қаттиқ ачинасиз. Зиёратга келганлар ўша қабр устунларини силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани муборак динимизда катта ширк ҳисобланади.
Бир неча йил аввал шундай ҳолатлар юзасидан “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатво эълон қилинган. Шунингдек, зиёратгоҳларга зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар ҳам қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ва шу каби идора тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини шу каби кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида фуқароларга зиёрат одобларини тушунтириш масаласида ҳамкорликка чақиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Заркент бобо” зиёратгоҳи мутасаддилари билан ҳамкорликда кузатилаётган вазиятга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ҳолатни доимий назоратга олишни маълум қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Середа, 02 октябрь 2019 00:00

Фитна-фасоддан сақланинг!

Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан инсон зотини яратди ва унга ақл, идрок, онг ато этиб, бошқа барча жонзотлардан азиз ва мукаррам айлади. Аллоҳ та­оло марҳамат қилиб айтди:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Шу билан бир қаторда унга буюк масъулият — Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтириш, ер юзини обод этиш, инсон наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби улкан омонатни ҳам фақат унинг зиммасига юклади. Бу ҳақда Парвардигор марҳамат қилиб айтади:

“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди…” (Аҳзоб, 72).

Инсоннинг юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ бўлиб, ўз зиммасига олган илоҳий омонатга мувофиқ амал қилмаган бўлади.

Разил, иймони йўқ, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосидан келаётган катта-катта маблағлар эвазига қутураётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратилган тажовуздан ўзга нарса эмас.

Террорчилик ҳаракатлари, зулм, зўравонлик муқаддас динимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибатга йўғрилган таълимотига мос келадими? Йўқ, албатта. Бу инсониятга қаратилган мудҳиш жиноят ҳисобланиб, Ислом таълимоти уни қатъий қоралаб, рад қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).

Ушбу оятдаги “исроф қилувчилардир” хабаридан мурод — мол-дунёни исроф қилиш эмас, балки умрни гуноҳ ва жиноий ишлар билан исроф қилиб ўтказишдир.

Истиқлол катта эркинликлар берди, юзлаб масжидлар очилди, алломалар номи тикланди, ибодат учун эмин-эркин шароитлар яратилди. Давлат бошлиғи олиб бораётган — нафақат дин соҳасида, балки халқ маънавияти, иқтисодиёти, ёшлар камолоти, келажак борасидаги сиёсатни бутун дунё тан олаётир. Оддий мисол, иқтисодий инқироздан чиқиш ва мамлакат турмушини енгил қилиш бўйича дастурини бутун дунё ўрганиб, эътироф этаётгандир. Шундай пайтда диндошига, юртига тажовуз қилиш хиёнатдир. Чунки бундай хиёнаткорнинг амали холис эмас. Кимларнингдир ноғорасига ўйнаётир.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).

Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда.

Жаҳондаги барча халқлар, шy жумладан, мусулмонлар ҳам, улар қаерда ва қандай мазҳабда бўлишларидан қатъий назар, террорчилик йўли билан амалга ошириладиган ҳар қандай амални кескин рад қиладилар ва уни бегуноҳ инсон ҳаётига тажовуз қилиш, деб баҳолайдилар. Террорчиликнинг ҳар қандай кўриниши охир-оқибатда тинч ҳаётни бузиш, қонуний давлат тузумига қарши чиқиш, бегуноҳ инсонлар қони тўкилиши ва аёллар тул, болалар етим қолишига олиб келади. Албатга, бу ишлар Аллоҳ наздидаги энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қapши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ва бошқалар).

Ватанга муҳаббат — баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат — бахт топган остонангиз — оилангизга, сизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар — миллий қадриятларга, сиз югуриб ўсган тупроқ, отангиз эккан ва сиз билан бирга улғайган дарахт, онангиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Фақат буни ҳис қила билиш керак, холос. Буни қалбдан сезмаслик, элдан чиқиш дегани. Халқимиз доимо элдан чиқишни оқламаган.

Ислом дини душманлари қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, ўз унсурларини жангариликка ўргатиб, уларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга оширишга харакат қилмоқдалар. Улар билишмайдики, Аллоҳ ҳақ томонида ва ҳақни Ўзи ҳимоя қилади ва айтадики:

“Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур” (Юнус, 82).

Дуо қилайлик, Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва ихтилофлардан сақласин! Юртимизни ва динимизни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!

Абдураҳмонжон АБДУРАҲМОНОВ,
Олтиариқ тумани “
Бирлашган” масжиди имомноиби

2 октябрь куни «TASHKENT BOOK FEST – 2019» — I Тошкент халқаро китоб ярмаркаси бошланди. Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ушбу тадбирда етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Россия Федерацияси, Туркия, Корея, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан 16 та нашриёт ва китоб савдо ташкилотлари иштирок этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистондаги элчихона ва хорижий компаниялар, хусусан, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси, Корея Республикаси элчихонаси, Тошкент шаҳридаги Гёте институти вакиллари ҳам ярмаркага ташриф буюриши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 30 дан ортиқ давлат ва хусусий нашриёт ҳамда китоб савдо ташкилотлари ҳам маҳсулотларини намойиш эта бошладилар.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Мовароуннаҳр” нашриёти ҳам нашр маҳсулотлари билан фаол қатнашмоқда.
Кўргазма ташкилотчилари ва мартабали меҳмонлар “Мовароуннаҳр” нашриёти фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, ҳар йили 100 га яқин номдаги диний-маърифий китоблар чоп этилиши, 100 мингдан зиёд ададда “Ҳидоят” журнали, 40 мингдан зиёд ададда “Мўминалар” журнали ва “Ислом нури” газеталари чоп этилишини юқори баҳоладилар.
Кўргазма доирасида қизиқарли китоблар тақдимотлари, мушоиралар, интелектуал ўйинлар, адиблар билан ижодий учрашувлар, адабий викториналар, давра суҳбатлари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган.
Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси «Ўзэкспомарказ»да шу йилнинг 2-4 октябрь кунлари бўлиб ўтади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олдилар. Бу ҳақда «The muslim 500» нашри хабар бермоқда.

Уммонда жойлашган Султонлик Исломий cтратегик тадқиқотлар маркази томонидан шу йилнинг 30 сентябрь куни "Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони" рўйхати эълон қилинди.

Ушбу рўйхат 2009 йилдан бери Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади.

Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатини покистонлик Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний бошлаб беради.

Иккинчи ўринда Эрон Oлий диний руҳонийси Оятуллоҳ Саид Али Ҳoмaнаий келади. Абу Даби валиаҳди Зайд Ал-Наҳён учинчи ўринда.

Юқори бешликдан Иордания подшоҳи Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ол Сауд жой олганлар.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон олтинчи ўринда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир неча йиллардан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқдалар.

Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам энг нуфузли мусулмонлар қаторидан жой олган.

Амалдаги UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳам таниқли мусулмонлар ичида.

Рўйхатда мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари ҳам инобатга олинган.

"Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони" рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади, одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади ва Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Середа, 02 октябрь 2019 00:00

Она меҳри

 Расмга олган киши шундай изоҳ қолдирибди:

“Қўшним менга кичик мушукча совға қилди. Мушукчанинг онаси ҳар куни боласини кўргани келарди”.

Мақолалар

Top