muslim.uz

muslim.uz

Август ойида Дубайда Ийд ал Адҳа муносабати билан жаҳонга машҳур брендларнинг маҳсулотлари учун мисли кўрилмаган – 75 фоизгача бўлган чегирма жорий қилинади.

Islam.ru сайтига таяниб Azon интернет нашрининг хабар беришича, мазкур чегирма 5 кун – 15 августдан 19 августга қадар давом этади.

Concept Big Brands Festival номини олган чегирма мунтазам равишда Дубайдаги Халқаро савдо марказида ўтказиб келинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бирор ўзбек хонадони йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлсин. «Меҳмон – отангдек улуғ», «Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан»,  «Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема» каби мақол-ҳикматлар бежизга айтилмаган.

Иброҳим алайҳиссалом ғоятда меҳмоннавоз бўлганлар. Меҳмондўстлик одобимизнинг, хулқимизнинг энг муҳим  кўринишидир. Хабарда: «Меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди», деб келган. Ҳадисда шундай дейилган: «Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Мезбоннинг бир кеча-кундуз кўрсатган иззат-икроми, қилган зиёфати меҳмонга  бир мукофот тариқасида бўлсин. Асли меҳмоннинг иззати уч кундир. Бундан ортиғи меҳмон учун садақадир».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса: “Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди”, деганлар. Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эдилар.

Ҳусайн Воиз Кошифий меҳмондорчилик одобларини ўн тўртта деб санаган: «Меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортиш; меҳмон кутишда бирор ғаразли мақсад ёки риё бўлмаслиги; меҳмонни илтифот билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш; меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш; меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимаслик; чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш; бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик; ясама илтифот кўрсатмай, қўлдан келганича самимий бўлиш; меҳмондан қайси таомни ёқтиришини сўрамаслик; меҳмон учун ўзи энг яхши кўрган таомни тайёрлаш; овқат ейишга ҳадеб зўрламаслик; меҳмон агар ташқарига чиқса бирга бошлаб чиқиш ва камида етти қадам бирга юриш; ўзини кўрсатиш учун ҳадеб узрхонлик қилмаслик; миннат қилмай, дастурхонидан нон еганига хурсанд бўлган ҳолда шукр қилиб, миннатдорчилик билдириш».

Маҳмуд ибн Муҳаммад бундай дейди: «Меҳмон келгач, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраса бўлади. Агар унинг истаги инобатга олинса, меҳмон хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: “Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми” каби саволларни сўраш ўта одобсизликдир. Шунинг учун уйда борини унинг олдига қўйиш керак”

Меҳмондорчилик тартибларини Қайюм Носирий бундай таърифлайди: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўришинг мумкин».

Маҳмуд Кошғарий: «Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди», деган экан.

Меҳмондўстлик яхши одамларнинг ибратли фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди. Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорда қўйилади, синдирилгани бўлса яна ушатилмайди. Мезбоннинг баъзида «олинг, енг» деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.

Таом келтирилгач, уй соҳиби (мезбон) тановулга изн беради, агар меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгасининг ўзи таомга қўл узатади ва ҳаммадан кейин тортади. Яқинлари ва биродарлари бўлса, ҳурмат юзасидан улардан олдин қўл чўзмайди.

Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.

Меҳмон келтирилган таомнинг айбини топмасдан, нима келтирилса мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас.

Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди. Агар икки киши баравар айтган бўлса, яқинроқ қўшниникига борилади. Иккови ҳам яқин бўлса, ошно ва дўстроғиникига борилади.

Мезбон (зиёфат эгаси)нинг изнисиз чақирилмаган одамни бошлаб бормайсиз. Мабодо бирор киши эргашиб бориб қолса, мезбон эшигига келганда ҳолатни тушунтириб, ундан ижозат оласиз. Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Борди-ю, улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул. Меҳмон кетар чоғида мезбон билан “Ассалому алайкум” деб хайрлашади, хонадон ҳаққига дуо қилиб, меҳмондорчилик учун миннатдор бўлганини билдиради.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 03 августь 2018 00:00

Мулойимликнинг яққол намунаси

Ҳар бир инсоннинг туғилиши унинг камолот сари қўйган дастлабки қадамидир. У жисмонан улғайиш баробарида маънавий жиҳатдан ҳам камол топиб боради. Бу жараённи эса жамиятсиз, жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда эса маънавияти юксак шахсни эътиқодсиз, инсоний аъмолсиз тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Мана шу икки узвий жиҳатни эътиборга олган ҳолда, мазкур мақолада  жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқот масаласини исломий эътиқод нуқтаи назаридан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз. Таҳлил обеъкти сифатида инсоний фазилатлардан бири – мулойимликни танладик. Зеро, Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таъкидлаганидек, “Ҳилм (мулойим табиатлик) инсон вужудининг хушманзара мевали боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Ҳилм – ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир”.

Мулоқот маданиятининг муҳим узви ҳисобланувчи мулойимлик Исломда ҳам марказий тушунчалардан биридир. Бу хусусда Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам кўп бора марҳамат қилинган. Жумладан, қуйидаги ҳадисга диққат қилайлик:

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади: Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, бомдод намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга чиқмаяпман. Бунга фалончининг бизга имом бўлиб, намозни жуда ҳам чўзиб юбораётгани сабаб бўляпти”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик ғазабланганликларини ҳеч кўрмаган эдим. Бу гапни эшитиб Расулуллоҳ: “Сизларнинг ичингизда инсонларни диндан узоқлаштирадиганлар бор. Қай бирингиз одамларга имом бўлса, (ҳолатга қараб) намозни қисқа қилсин. Чунки уларнинг орасида заифлар, ёши улуғ инсонлар бор”, дедилар (Манҳал  ҳадискитобидан).

Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилаётган киши намозни чўзиб юбораётган инсоннинг исмини айтмаяпти. Бунчалар гўзал хулқ!  Ваҳоланки, ўша одам уларнинг ичида эди. Расулуллоҳ шикоятни эшитиб, албатта, ғазабландилар, лекин айбдорни айнан койимадилар, балки ўша ерда ўтирган барчага хитоб қилдилар. Бу эса у зотнинг меҳрибон ва юксак олижаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эди. Агар шу пайтда айбдор шахснинг ўзинигина койисалар, бошқалар орасида хижолат бўлар ва диндан кўнгли совир эди.

Намозни қисқа ўқишга бўлган буйруқдан намознинг қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилиб ўқишлик тушунилади. Агар намозхонлар ичида ҳадисда айтилган сифатли инсонлар бўлмаса ва одамлар намозни узоқроқ ўқишга рози бўлсалар, узоқроқ ўқиш зарар қилмайди, дейди уламоларимиз.

Агар тафаккур қиладиган бўлсак, ушбу ҳадисда мулойимлик, дўстининг  шаънини сақлаш каби инсон маънавий оламини безайдиган гўзал хулқлар тарғиб қилиняпти. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазаблансалар ҳам ғазабини барчага сочмадилар, балки ғазабларини босиб, ўз умматига меҳрини яна бир бор намойиш этиб, ҳалимлик билан шариат ҳукмини ўргатдилар. Агар ҳар бир воқеага қаттиққўллик билан қараганларида, инсонлар у зотнинг  атрофидан қочиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни енгил қилиб кўрсатишни буюрдилар, чунки Ислом дини енгил, енгилликдир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир инсон жамиятнинг бир узви экан, ўзи мансуб бўлган мазкур жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилмоғи, ҳар қандай муаммоли вазиятда ҳам мулойимлик билан муомалада бўлмоғи даркор. Зеро, мулойимлик замонавий мулоқот психологияси томонидан ҳам, буюк алломаларимиз томонидан ҳам, шунингдек, Исломда ҳам эътироф этилган ва улуғланган фазилатдир.

 

Манбалар асосида Мирза Ғолиб” жоме масжиди
имом ноиби Қ.Салимов тайёрлади.

2018-йил 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Фаластин Давлати делегациясига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар ва экспатриантлар вазири Риад ал-Малкий билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Турли даражадаги мунтазам Ўзбекистон – Фаластин мулоқотининг давоми сифатида вазирлар икки томонлама муносабатларнинг, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар.

Суҳбат чоғида таъкидланганидек, икки томон ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдек манфаатдор ва бу учун қўшимча имкониятларни излаб топишга тайёр эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томонининг Фаластин халқи билан унинг ўз суверен давлатини ташкил этиш интилишлари борасида бирдамлиги ва Фаластиннинг Яқин Шарқдаги можароларни тинчлик музокаралари ўтказиш йўли билан бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши музокаралар давомида эътироф этилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари долзарб кун тартибиниг бошқа масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Учрашувда Фаластин Элчиси Моҳаммад Таршаҳани иштирок этди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 03 августь 2018 00:00

Комил мўминнинг сифати

Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан деб иймон келтирганмиз, шу эътиқодга амал қилиб борсак улуғ ажрларга эга бўламиз. Ҳаётимиздаги хар бир ҳолатга шукр қилсак, сабр қилсак зафар топамиз. Мукофоти жаннат бўлади, иншоаллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати ибн Аббос розияллоҳу анҳуга насиҳат қилди: “Ҳар бир ишингда Аллоҳ таолони ҳақиқий сақлагувчи деб билгин – Аллоҳ сени сақлагай. Қалбингда ҳамиша Аллоҳ таолони сақлагин – Аллоҳ сенга  доим ҳамроҳ бўлгай. Бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳ таолодан сўрагин. Билгинки, бутун дунё аҳли йиғилишиб сенга бирор фойда келтирамиз деса Аллоҳ таоло ёзганидан ортиқ фойда келтира олмаслар. Агар сенга бирор зарар етказмоқчи бўлсалар сен ҳақингда Аллоҳ таоло ёзган миқдоридан ортиқ зарар беролмагай. Азалдан бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар тақдирда ёзиб қўйилгандир”.

Аммо эътиқод масалалари ва ҳадиси шарифларда айтилганки тақдир икки нарса билан ўзгаради яъни дуо қилиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш билан. 

Ўзимизга   жамиятга хизмат қилиб дуосини олмоқлик, эл  назарини топмоқлик, ватанга, маҳалла кўйга яхшилик қилмоқлик, садақаи жорияларни қолдирмоқликни лозим тутайлик.

Инсон бошига ҳар қачон, ҳар қандай мусибат келса Аллоҳ таолодан умид узмаслик керак, хар бир қийинчилик ортидан сабр қилса хайрият бор, мусибатдан кейин роҳатга чиқишлик ҳам бор. Балога учраган бўлса ундан қутулмак ҳам бор. Зулмдан қутулиб роҳатга чиқмак, қоронғудан ёруғликка чиқмак бордур.

Инсоннинг дунё ва охират саодатига эришиши ўзининг эътиқоди, ҳиммати ва ғайратига боғлиқдир. Амалларимизни холис Аллоҳ учун қилиб раҳматидан ноумид бўлмай фазли карамидан умидвор бўлмоқлик, тўғри эътиқод қилмоқлик, дил билан тилни бир қилмоқлик комил мўминнинг сифатидир.

 

Абдураҳим САТТОРОВ,

  Избоскан тумани “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар

Top