muslim.uz

muslim.uz

Савол: Сажда қилаётганида бурун узрсиз ерга тегмаса, сажда дуруст бўладими?

Жавоб: Саждани суннатга тўла мувофиқ ҳолда адо қилиш учун пешона билан бурун ерга тегиши шарт. Саждада ким узрсиз бурнини ерга теккизмаса, намози дуруст бўлади, аммо бундай қилиш макруҳ саналади (“Фатавои Ҳиндия”).

Субота, 14 июль 2018 00:00

Ризқ Раззоқ зиммасидадир

Имомлар минбари

Аллоҳ таоло бандаларни ризқнинг турли сабабларини бажаришга, тақдир қилган ризққа бўлган интилиши, унинг сабабларини излаши ва меҳнат қилишини буюрган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам – банданинг ризқ сабабларини қилиш-қилмаслигидан қатъи назар ризқни фақатгина Аллоҳ таолодан эканига қатъий ишониш, ягона Аллоҳни Раззоқ деб билиш иймонимиз амридир.

Бу ҳақда Ҳаким Термизийнинг «Наводир ул-усул фи-маърифати аҳадисил расул» китобида Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган. 

Ашъарийлар кемада ҳижрат қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига отланишди. Улар орасида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир ҳам бор эди. Манзилга етиш асносида уларнинг озиқ-овқатлари тугаб қолди. Шунинг учун ораларидан бир кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига емак сўраш учун жўнатишди.

У киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшигининг олдига етиб борганида қуйидаги оятнинг ўқилаётганини эшитди: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ҳалиги киши «Ашъарийлар Аллоҳ таоло наздида арзимас ўрмаловчи эмас», деди-да, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига кирмасдан ортига қайтди.

Шериклари олдига етгач, «Хурсанд бўлинглар, сизларга ёрдам келади», дея хушхабар берди. Шериклари уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан гаплашган ва У зот емак етказишга ваъда берган, деб ўйлашди.

Кўп ўтмай, икки киши нон ва гўшт тўлдирилган катта идиш кўтариб келди. Ашъарийлар таомдан хоҳлаганча ейишди. Кейин бир-бирига: «Бу таомнинг қолганини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қайтарсак, ўз заруратларига ишлатардилар», дейишди. Ҳалиги икки кишига: «Бу таомни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб боринг, биз ундан ҳожатимизни қондирдик», дейишди.

Бир муддатдан сўнг улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига бориб: «Эй Расулуллоҳ, Сиз жўнатган таомдан кўпроқ ва ширинроқ таом кўрмаганмиз», деб миннатдорлик изҳор қилишди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таажжубланиб: «Мен сизларга таом юборганим йўқ», дедилар. Шундан сўнг улар У зотнинг ҳузурига шерикларидан бирини юборишгани у билан бўлиб ўтган воқеаларни айтиб беришди. Шунда У зот: «Аллоҳ сизларни ризқлантирибди», дедилар. Бу ҳадис бандага ризқни қилаётган ишлари эмас, Аллоҳ етказишига яна бир далилдир.

Аллоҳ таоло инсонларнинг, ҳайвонларнинг ва барча жонзотларнинг ризқини Ўз зиммасига олган. Зеро Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. Ризқни Аллоҳдан деб билиш, шунга ишониш ҳамда ризқ сабаблари бўлган ишимизга суяниб қолмасдан Раззоқ бўлган Зотни бир лаҳза бўлса-да унутиб қўймаслигимиз муҳим амаллардандир. 

 

 

Шуҳрат ҒОИМОВ,

Тошкент шаҳридаги «Ҳасанбой»

жоме масжиди имом-хатиби

Субота, 14 июль 2018 00:00

Масъулият машаққати

Тарихдан бизга маълумки, онамиз Момо Ҳаво яратилиши билан биз аёлларнинг бурчи сифатида елкамизга бажаришимиз шарт бўлган бир қанча масъулият юклатилди ва бу йўлда собит бўлганларга Аллоҳнинг муқаддас каломи Қуръони каримда, жаннат ваъдаси берилгани ҳақида оятлар нозил бўлди.

            Бизга юклатилган вазифаларнинг энг улуғи солиҳаликдан бошланади. Қуръони каримда: “(Аёллар ичида) солиҳалари –  бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳга сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” деб марҳамат қилинган (Нисо сураси, 34-оят).

Қуйидаги оятнинг тафсирида аёл кишининг эрига нисбатан итоатли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилгани батафсил тушунтирилган.

Солиҳаликнинг шарти эса иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлишдир. Шундай экан, ҳаддан зиёд чайқалиб турган бугунги замонда, оммавий маданиятнинг авж пардасида, елкамиздаги бу масъулиятни анча унутиб қўймадикмикан, деган хавотирда бурчимизга садоқат билан ёндашсак, улуғ мукофотларга муяссар бўлмоғимиз шартларини яна бир эслатиб ўтишни жоиз топдик.

            Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ҳам ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир”, деганлар.

            Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” айтади  (Нисо сураси, 34-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёл беш маҳал намозини ўқиса, (Рамазон ойи) рўзасини тутса, фаржини (зино ва фаҳшдан) асраса, эрига итоат қилса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлга эри борлигида унинг изнисиз (нафл ва қазо) рўза тутиши, унинг изнисиз уйига (бировни киришига) изн бериши ҳалол бўлмайди”, дедилар (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Яна бир ривоятда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Аёл эрининг уйидаги нарсалардан садақа қиладими?” деб сўрашди. У киши шундай деди: “Йўқ, фақат (эри олиб келган) озиқ-овқатидан садақа қилса майли. Савоби ўрталарида бўлади. У эрининг молидан унинг изнисиз садақа қилиши ҳалол эмас” (Абу Довуд ривояти).

            Юқоридаги ояти карима ва ҳадислардан англанадики, бизга юклатилган нозик ва ўта муҳим бурч: ибо-ҳаё ва муомила одоби, ростгуйлик, вафога садоқат билан эргашишимиз қаътий таъкидланмоқда.

Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассалам) шундай дедилар: “Аёлларингизнинг энг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, кўп туғадиган, (эрига) муҳаббатли, кўнгил оладиган, буйсунадиганидир. Аёлларингизнинг ёмони очиқ-сочиқ, кибрлиларидир. Улар мунофиқадирлар Улардан кам учрайдиган қаноти оқ қарғалар каби жуда озчилиги жаннатга киради” (Табароний ва Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи вассалам): “Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: даюс, эркакшода аёл, ароқхўр”, дедилар” (Табароний ривояти). Шу ҳадисга чуқур ёндашадиган бўлсак “эркакшода” сўзининг ўзидаёқ аёл учун аёллик назокати қанчалик муҳимлигини гувоҳи бўламиз. Булардан ташқари аёллардаги ширин сўз ва очиқ қўллик, ҳокисорлик ҳам жаннатга элтиши ҳақида қуйидагича ҳадиси шариф келтирилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Саҳобалар сўрашди: “Фалончи аёл фарз намозларини ўқийди, садақа сифатида ёғи олинган пишлоқ тарқатади, ҳеч кимга азият бермайди. Бу аёл тўғрисида нима дейсиз?”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) жавоб бердилар: “Бу аёл жаннатийдир!” (Ҳоким ривояти).

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Фалончи аёл кечани ибодатда, кундузларни рўзадор кечиради, меҳнат қилади, садақа ҳам тарқатади, аммо тили билан қўшниларга озор етказади” дейилди.            Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) марҳамат этдилар: “У аёлда яхшилик йўқ жаҳаннамийдир!” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилинган).

            Демак, фан-техниканинг ривожланиши, мамлакатларнинг ўзаро ижтимоий-сиёсий алоқаларидаги глобаллашувнинг кўланкалари бошимизда қора булут каби турган замонда биз бу каби оят ва ҳадисларга эътибор ва масъулият билан амал қилсак, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам ўрнак ҳам йўл бошловчи бўлган бўламиз. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлиғига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.

Шундай экан юқорида келтирилган оят, ҳадисларга умримиз давомида амал қилсак, соғлом авлод билан чамбарчасликда соғлом муҳитни, тинч-фаравон ҳаётни асраган ва ўзимиздан кейинги авлодларга етказиш йўлида елкамиздаги масъулиятни маълум даражасини адо этган бўламиз. Ҳамда Аллоҳнинг марҳаматига эришамиз, иншоаллоҳ.      

 

       Зилола ЯРАШБЕК қизи

Тошкент Ислом институти талаба қизлар

билан ишлаш бўйича услубчи

Шу йилнинг охиригача Корея Республикасининг Гвангчжу, Россия Федерациясидаги Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлигининг ваколатхоналари очилади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири агентлик бошлиғи Равшан Ибрагимов сўзларига таяниб хабар бермоқда.

 

«Кейинги йилларда эса ушбу тармоқлар сони 8 тагача етказилади», деб қўшимча қилган агентлик бошлиғи.

13 июль куни ташкил этилган матбуот анжуманида агентлик томонидан таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида ҳам сўз борди.

Хусусан, кам таъминланган фуқароларга ташкил қилинган махсус жамғарма ҳисобидан имтиёзли стипендиялар ажратилиши йўлга қўйилгани таъкидланди. Шунингдек,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сонли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Агентлик филиаллари ҳузурида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга чиқаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталарни 20 фоизлик чегирма асосида сотишга ихтисослаштирилган махсус кассалар (ҳар бир вилоятда биттадан, бутун республика бўйлаб жами 14 та) ташкил этилди.

Анжуманда маълум қилинишича, шу кунгача  қарийб 12,5 мингта фуқарога Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб боришларига ёрдам берилди.

«2018 йилнинг 6 ойи мобайнида Жанубий Кореяга 1243, Россия Федерациясига 513, Туркияга 241, Польшага дастлабки 5 нафар фуқаролар ишга юборилди», дейилади расмий баёнотда.

манба: Kun.uz

Субота, 14 июль 2018 00:00

Ақидада мустаҳкам бўлайлик

Янги милодий асрга келиб жаҳон саҳнасида қарашлар, ўлчовлар, муносабатлар ўзгариб кетди. Ҳатто «глобалчилик, террор, тамаддунлар ихтилофи» деган янги атамалар пайдо бўлди. Янги аср кишисининг, айниқса
ёшларнинг онги ва қалбини забт этиш учун жиддий кураш бошланди. Бу йўлда бутун дунёни қандайдир «фобия»лар билан қўрқитиш ҳар қачонгидан кучайди. Ана шу ихтилофлар тўфонида Ислом ва мусулмонларга «лой сочиш» ҳам авжга мингани кузатилмоқда. Мана шундай таҳликали, безовта замонда ёшлар ўзларини қандай тутишлари, кимга ва нимага суянишлари, кимга эргашишлари керак? Энг аввало, улардан ақидада мустаҳкам бўлиш талаб этилади. Машҳур шоиримиз Сўфи Оллоҳёр «Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур», деб бежизга ёзмаган. Одамлар мусулмонлик даъво қилишсаю, мўминмиз, деб кўкракка уришсаю, аммо ақидалари, имонлари заиф бўлса осон алданишади. Ақида пойдевори бўш заминга, қийшиқ қилиб қурилса, ғанимлар қалбларини осонгина забт этади. Унча жон койитмай ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан адаштириб юборади.

Исломни китоб ўқиш билангина танимоқчи бўлганлар адашишга маҳкумдир. Бундайлар силсилага мансуб бир устоз кўрмай, ўзларича бир неча оят ё ҳадисни ёдлаб олишади-да, «улуғ олим даражасига кўтарилдик», деб ўйлашади. Буларнинг ҳам ҳақ йўлдан адашиб, залолатга кириб кетишлари осон бўлиб қолади. Аллакимлар найрангига учиб, улар ақидасини қабул қилган, ҳақ нима, ботил нима – ажратиб олганидан кейин изтироб ва надоматларда қийналган ёшлар борлиги аён. Дунё ҳаётидаги тансиқ йилларини хатолар гирдобида ғарқ қилиб юбормасликлари учун ёшларга қарата Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг», деган кўрсатмаларини эслатиб қўйиш жоиз. Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) буён давом этиб келаётган олимлар силсиласини устоз қилиб олганлар асло адашишмайди. Бу Аҳли суннат вал жамоа тузиб чиққан ва асраб-авайлаб келаётган ақида, эътиқод ва шариат йўлидир. Ҳазрати Абу Ҳанифадан: «Кимлар Аҳли суннатга мансуб?» деб сўрашганида, «Икки шайхни тан олган, икки куёвни тан олган ва маҳсисига масҳ тортган Аҳли суннатдандир», деган эканлар. Билишса, икки шайх ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб, икки куёв эса Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб эканлар. Бундан келиб чиқадики, ким динида мўътадил ўрта йўлни олиб бораман деса, Исломнинг тўғри йўлдаги тўрт халифасини тан олиб, улар ишини ва йўлини давом эттириши ҳамда шариат ҳукмларини оғишмай бажариши лозим экан.

Турли тафриқаларга бўлиниш, ҳақ йўлда адашишларнинг яна бир йўли суннатни тарк этиш, мазҳабсизлик ҳамда мутаассиблик балосидир. Ислом қонунларини бузиб қўйишдан тақво қилган ўтмишдаги буюк алломаларнинг тўқсон тўққиз фоизи мазҳабга содиқ бўлган. Ҳатто ихтилоф авж олган ўн тўртинчи асрда етишиб чиққан Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби ўзгача фикрлилар ҳам чаласавод мусулмонларга фақиҳлар ёрдамисиз ижтиҳодга қўл уришни тавсия этишмаган. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга шундай хитоб қилади: «Динларини бўлиб, фирқа-фирқа қилиб олган кимсалардан (бўлманг)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фаыат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум, 32). Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Мана бу уммат яқинда етмиш уч фирқага ажралади. Етмиш иккитаси дўзахда ва биттаси жаннатдадир». «Эй Расулуллоҳ, шу биттаси ким?» деб сўрашди. «Аҳли суннат вал жамоа», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Ҳазрати Пайғамбаримизнинг умматлари етмиш уч фирқага бўлинди. Етмиш икки фирқа залолатда қолиб ҳалок бўлди. Фақат тўрт фиқҳий мазҳабни (ҳанафий, шофиъий, моликий, ҳанбалий) бирлаштирган «Аҳли суннат вал жамоа» мазҳаби саломатда қолиб, нажот топди. Ҳозир ер юзидаги жами мусулмонларнинг салкам тўқсон уч фоизи ана шу ҳақ йўлдаги мазҳабда турибди. Аҳли суннат жамоатидан заррача айрилган киши исломиятдан узоқлашган бўлади. Демак, бугунги ёшларимиз дин душманларининг ҳийла-найрангларига учмай, қалбларига эгалик қилиш илинжида турли тузоқ-қопқонлар қўяётган мухолифларнинг фитнасига илинмай дейишса, Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам суннатларини маҳкам тутишади. Янги замоннинг маккор ва муғомбир қалб ўғрилари домига тушмаслик учун Аҳли суннат вал жамоа мазҳабидан чекинишмайди. Чунки дунё мусулмонларининг салкам тўқсон уч фоизи адашиши, залолатга кетиши, ҳидоят йўлидан чекиниши
асло мумкин эмас!

 

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус 
ислом билим юрти 2-курс талабаси 
Имомназарова Заҳро

 

 

Мақолалар

Top