muslim.uz
Умавийлар давлатида деҳқончилик ва зироат
Умавийлар давлати катта экин майдонларига эга бўлган. Шунинг учун ҳам унумсиз ва унумли, шу қатори бошқа ерларга ишлов беришга ниҳоятда эътибор қаратди. Бу ишни ариқлар қазиш ва дарёларни ўзанидан буриш, тўғонлар қуриш билан амалга оширди. Мисол учун Ироқ волийси Муовия розияллоҳу анҳуга тегишли водийни сувини қуритиб, экин майдонига айлантирди. Майдони кенглиги учун ҳаражати беш миллион дирҳамдан ошиб кетди[1]. Бу ерлар авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтмасди. Ерга ишлов бериш ва ўзлаштиришга сарф-харажат асосан ҳукмдорнинг ёнидан бўларди, баъзан халқнинг ҳисобидан олинарди[2]. Бу борада қоидалар ҳам ишлаб чиқарилди[3]. Айниқса волийлар экин ерларни кўпайтиришга ниҳоятда эътибор бердилар. Масалан, Зиёд ибн Абиҳ ерларни обод қилиш учун кўплаб канал ва ариқлар қаздирган, уларнинг баъзиларини ўзи ва қизларининг номлари билан атаган[4]. Одатда халққа 60 ё 100 жариб[5]ерни икки йилга берилар, агар яхши фойдаланмаса олиб қўйиларди[6]. Кейинчалик суғориш тизими пухта муҳандислик йўли билан ишлаб чиқилди, натижада экин майдонларига ортиқ даражада сув босиб кетмасди[7]. Ҳатто умавий оиласидан бўлган Язид ибн Муовиянинг муҳандисликдан яхши хабардорлиги ва Ғута[8]да канал қаздириб, номини бергани учун лақаби “Муҳандис” эди.
Яна ислоҳотлардан бири Зиёд ибн Абиҳ Куфага сув тошиб кетишини олдини олиш, сувни тўплаш мақсадида қўрғон ва кўприк қурди. Бундан олдин сув тошиб Куфани вайрон қилар эди. Бу ҳам жамият ривожи учун қилинган ишлардан бири.
Пўлатхон КАТТАЕВ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
[1] Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир Болазарий. Футуҳу булдон. Битаҳқиқи Салоҳ Мунжид. – Қоҳира. – Б . 291.
[2]Аҳмад ибн Абдуллоҳ. Ал-ҳаяту иқтисодия вал ижтимоия. – Қоҳира: Дор ал-Маъориф, 1989. – Б 335.
[3]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. –Мадина: Умм ал- Қуро. 2012. – Б 178.
[4] Аҳмад ибн Абу Яқуб ибн Жаъфар ибн Ваҳб ибн Возиҳ Яқубий.Муъжамул булдон. – Боғдод. 1964. Ж 1. – Б 435. ва Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий.. Магистирлик ишидан. – Мадина: Умм ал- Қуро, 2012.–Б. 180.
[5] Бир жариб = 2217,60 м (ўртача 4800 қадам) А.Сайидаҳмедов. Ўлчов бирликлари. – Т.: Мовороуннаҳр, 2009 . –Б. 6.
[6]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. –Мадина: Умм ал- Қуро, 2012. – Б 190.191.
[7]Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Сайф. – Байрут:Дор ас-Салом, 1983. – Б 151
[8]Ал-Ғута; Дамашқ шаҳри атрофидаги водий.
«Усмонли турклар» ҳозирги Туркия ҳудуди қанча масжид қурдирганини биласизми?
Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса,
Аллоҳ у одам учун жаннатдан бир уй барпо қилади”.
(Ҳадис)
Буюк Усмонли турклар империяси ислом санъати ва маданиятига шундай буюк ҳисса қўшганки, бугунги кунда дунёни улар қурган фусункор, маҳобатли масжидларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, уни қурган ёки қурдирган инсон ўзига жаннатдан уй барпо қилгани билан тенгдир.
Шундай экан, баъзи масжидлар борки, унинг архитектура ва дизайни, асрлар оша ўзининг буюклигини сақлаб келаётгани инсонни ҳайратга солади. Худди кеча қурилгандек, ўз аслини сақлаб қолган. Ана шундай сеҳрли санъат асарларидан бўлмиш, Буюк Усмонли турклар даврида қурилган масжидларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз.
Бугунги кунда бундай масжидлар дунёнинг турли ҳудудларида бор ва ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган. Усмонли турклар империяси султонлари турли минтақаларда улкан жомеълар қурдирганлар. Ажабланарлиси шундаки, ана шу жомеълар, ҳатто Европада ҳам бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва Усмонли турклар империяси қурдирган жомеъ номи остида тилларда қолган. Улар қурдирган жомеъларнинг энг ката қисми Усмонли турклар империясининг ўша даврдаги пойтахти Константинополь, ҳозирги Истанбулдадир. Биргина Истанбулнинг ўзида 3113 жомеъ, бутун Туркия ҳудудида эса, 82693 та жомеъ борлиги аниқланган. Истанбулдаги баъзи машҳур масжидлар билан танишайлик:
- Айюб Султон Жомеъси (1458 й.)
- Фотиҳ Султон Жомеъси (1771 й.)
- Ўртакўй Жомеъси (1854 й.)
- Султон Аҳмад (Мовий масжид) (1616 й.)
- Сулаймония Жомеъси (1557 й.)
- Меъмор Синон Жомеъси
- Янги Жомъе (1665 й.)
- Ёвуз Салим Жомеъси (1522 й.)
- Шаҳзодабоши Жомеъси (1548 й.)
- Рустам Пошшо Жомеъси (1563 й.)
- Нурусмония Жомеъси (1755 й.)
- Миҳримоҳ Султон Жомеъси (1565 й.)
- Лалели Жомеъси (1783й.)
- Авлиё София Жомеъси (537 й., Фотиҳ султон Истанбул фатҳидан сўнг уни мусулмонлар жомеъсига айлантирган)
- Боязид II Султон Жомеъси (1506 й.)
- Араб Жомеъси (1856й.)
- Долмабоғча Жомеъси (1855 й.)
- Зол Маҳмуд Пошша Жомеъси (1577 й.)
- Ускудардаги Миҳримоҳ Султон Жомеъси
- Йилдирим Боязид Жомеъси
Интернет маълумотлари асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Барнохон САЙИДАҲМЕДОВА
тайёрлади
“Саҳиҳул Бухорий”нинг қанча қисми Қуръонга бағишланган?
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби Қуръон каримдан кейинги энг саҳиҳ манба ҳисобланади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. “Саҳиҳул Бухорий”ни ёзиш жараёнида тақво масаласига алоҳида эътибор берганлар. Хатиб Боғдодий бу борада Бухорийнинг тилидан қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аввал ғусл қилиб, 2 ракат намоз ўқимай туриб, “Саҳиҳ” китобимга бирорта ҳадис киритмаганман”.
Саҳиҳул Бухорийдаги ҳадислар сони охирги маълумотга кўра 7563 тадан иборат. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ асарларининг ички тузилмасида ўзига хос услубни танлаганлар. Уни китобларга ажратганлар. Масалан, “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” ва бу китобга тегишли боблар ва ҳадисларни келтирганлар.
Тафсирга оид қисмини “Қуъон тафсири китоби” деб номлаганлар. “Қуръон тафсири китоби”даги ҳадислар сони “Саҳиҳул Бухорий”нинг 7 % ини ташкил қилади. Тафсир китобида жами 353 боб ва 504 та ҳадис келтирилган. Такрор ҳадислар 18 та, мазмуни бир хил ҳадислар 4 тани ташкил қилади. Ҳадис ривоят қилган ровийлар 99 та бўлиб, энг кўп ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар.
Бундан кейинги китобни “Қуръон фазилатлари китоби” деб номлаганлар. Бунда асосан суранинг фазилати борасидаги ҳадисларни йиғиб чиққанлар. Асар Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг юксак билим ва ўткир заковат соҳиби эканидан дарак беради.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Диловар СУЛТОНОВА
тайёрлади
Суғурта масаласи ва унга доир ҳукмлар
Маълумки, ҳозирги кунга келиб ривожланган мамлакатлар хўжалигида шакллантирилаётган миллий даромаднинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, уларнинг жумласига суғурта хизматлари ҳам киради. Ҳозирги кунда молия бозорларида суғурта компаниялари ўзларининг маблағлари билан иштирок этса, жаҳон товар ва хизматлар бозорида ўз суғурта хизматларини кўрсатиш билан фаолият олиб бормоқда.
Ислом уламолари суғурта фаолияти ҳақида икки хил қарашдалар. Айрим уламолар уни жоиз деб ҳисобласалар, айримлари ножоиз деб эътироф этадилар[1]. Қуйида ҳар иккала қарашнинг далилларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи қараш: Ижтимоий ва ўзаро ёрдам суғуртани жоиз дегувчи жамоалар турли суғурта битимларини ўзларига асос ва манҳаж қилиб олишди. Масалан: музораба, ижара ва шунга ўхшаш ақдлар каби.
Иккинчи қараш: Юқорида айтиб ўтганимиздек, суғурта фаолияти кейинчалик пайдо бўлганлиги туфайли илгари муомалада бўлган ва Исломнинг забардас уламолари томонидан қабул қилинган баъзи шартномаларга қиёс қилиб, ижтиҳод қилинган. Суғуртани ҳаром деб фатво берган олимларнинг фикрича, биринчидан, суғурта катта баҳс (шубҳа)га сабаб бўлмоқда, иккинчидан эса бу фаолият қиморнинг бир туридир, қиморда эса ўйинни олиб борган томон фойдани олади[2]. Суғурталанган шахс олган фойда эса фоиздир, яъни рибо.
Ҳозирда суғурта атамаси араб тилида «Таъмин» ёки «Такафул» атамалари билан юритилмоқда[3].
Аслида суғурта ақди ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва мурувват кўрсатиш қабилидан бўлиб, қилинган мурувват учун эваз олиниши, ахлоқий қоидаларга тескари бўлганлиги учун дуруст бўлмайди[4].
Қонуний нуқтаи-назардан жорий қилинган ўзаро ёрдам суғурта келишуви жамият орасида ҳар бир шахсга нисбатан бир-бирини қўллаб қуватлаш ҳамкорлиги асосида бўлиши, бир шахс бошқасини, бир жамият иккинчи бир жамиятнинг устидан пул ишлаб олишга қурилмаган бўлиши керак. Қонун нуқтаи-назаридан ўзаро ёрдам маъноси жамиятдаги кишилар моддий манфаатларни бир-бири билан улашиш, бир шахс берган нарсани иккинчи шахсдан жавобгарлик суратида қайтариб олиши устидан пул ишлаши ёки шеригининг молини хатарга қўйиш мутлақо мумкин эмас.
Тижорий суғурта ақди эҳтимолий келишув ёки ёлғон келишувлардан ҳисобланади. Чунки зарар қанча бўлишини ёки қанча тўланишини ҳечким билмайди. Ёки биринчи йил суғурта бадали қанча бўлади, ёки иккинчи йил қанча бўлади буни ҳам ҳечким билмайди. Чунки Суғурта ақди рўй бериши эҳтимолий бўлган зарарларнигина қоплайди. Уни устига зарар ўрни омонлик ўрни эмас, чунки суғурта ақди омонда бўлиб турган хатарни рўёбга чиқарадиган эҳтимолни устига қурилади. Мана шу кўринишдаги суғурта ақди ё пул ишлаб олишни ёки зарарни икки тарафга нисбатан рўёбга чиқаради. Яъни, суғурталанувчи қопланадиган зараридан кўп маблағ ишлаб олиши натижасида суғурта компанияси кўп зиён кўриши мумкин. Ёки аксинча бўлиши мумкин[5].
Бу баҳсимиз суғурта ақди ва унинг суратларини шарий қоидаларидан иборат бўлиб, исломий шаръий ҳукумлар асосида бўлади.
Таовуний суғурта, тижорий суғуртадан қуйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради:
- Тўлиқ табаррўъ ва молини фидо қилишга қурилган тўғри маънодаги таовунни рўёбга чиқаради ва бунда барча иштирокчиларга тақсимланади, чунки бу доира ичидаги ҳар бир киши бир-бирини суғурталаб, ўрни келганда ундан фойда ҳам олади.
- Такофул асосини воқеликга айлантириш – бундай кўринишдаги суғурта хатарларни олдини олиб зарарларни камайтиради. Натижада зарарни тўлиқ ёки қисман кўринишда қоплайди.
- Иштирокчиларнинг тўлов бадаллари уларни моддий имкониятидан келиб чиқиб ўзгариб туради.
Чунки таовуний суғуртада бир вақтнинг ўзида ҳам суғурталовчи ва суғурта қилувчи бўлиб талаб қилинган муштарак бадал йиллик хатар ва ҳодисаларнинг тури ҳамда миқдорига қараб кўпайиб ёки камайиб туриши мумкин.
Тижорий суғурта эса хатарларни кам ё кўплигини ҳамда инсонларни моддий ҳолатини ҳам инобатга олмасдан бир хил бадал жорий қилади[6].
Таовуний ва Табодулий асосга кўра суғуртани тадбиқ этиш учун такофул ёки исломий суғурта деб номланган ташкилотларни ташкил этиш лозим бўлади.
Бу ташкилотлар фаолият юритиши учун қуйдаги муҳим вазифаларга асосланади:
- Суғурта ташкилоти томонидан тасдиқланган низомга асосан суғурта учун алоҳида ҳисоб рақам очилиши.
- Суғурта хисоб рақами суғурта ташкилоти томонидан кўрсатилган лойиха ва низомларга мувофиқ ташкил этилиши, ва суғурталанувчилар шу хисоб рақамга суғурта қилинадиган улушларини хайрия йўлига кўра беришлари талаб қилинади.
Мазкур хисоб рақамдан лойихада кўрсатилган шартларга мувофиқ суғурталанувчиларга эвазларни беришини амалга оширади.
- Суғурта ташкилотининг ўзи эса бу ҳисоб рақамга эгалик қила олмаслиги, ҳамда ушбу ҳисоб рақамдан тўланган эвазларнинг мустақил фойдасини ҳисоб-китоб қилиб бориш вазифасини юклайди.
Бу ҳисоб-китоблар суғурта ташкилотининг бошқа ҳисоб китобларидан алоҳида бўлиши керак. Суғурта ташкилотига кўрсатилган хизматлари учун ҳақ тайинланади.
Лекин баъзи суғурта ташкилотлари кўрсатилган хизматларини эвазсиз амалга оширишлари ҳам мумкин.
- Суғурта ташкилоти ҳисоб рақамидаги пулларни шаръий музорабага асосан сармояга беришини ташкил эта олади. Ўзи эса музориб сифатида қатнашади. Ҳисоб рақам эса сармоячи сифатида иштирок этади.
- Суғурта ҳисоб рақами ўзининг маблағини суғурталанувчилар кўпайиши билан кўпайтиради. Ва суғурта ташкилоти музораба асосида киритган сармоясини кўпайиши билан ҳам ҳисоб рақамдаги маблағлар ҳам кўпаяди.
Шартларга мувофиқ суғурталанувчига эвазлар берилганидан кейин ортиб қолган маблағлар суғурта фоизи деб номланади. Олинган фойда низомда кўрсатилган лойихаларга мувофиқ суғурталанувчига тақсимлаб берилади[7].
Кафолатли суғурта ташкилотлари билан тижорий суғурта ташкилотлари орасида асосий фарқлар қуйидагилардан иборат:
- Тижорий суғурта ташкилотларидаги ҳисоб рақамлар шерикчилик молларидан алоҳида мустақил ажратилиб қўйилмайди. Суғурталанувчи берган бадалларнинг барчаси суғурта ташкилотини ҳисобига ўтиб кетади.
Кафолатли суғурта ташкилоти ундан фарқли ўлароқ суғурта ҳисоб рақамлари суғурта ташкилоти ҳисоб рақамидан алоҳида ажратилган бўлади ва унга эгалик ҳам қилмайди.
- Тижорий суғурта битими суғурталанувчи ва суғурта ташкилоти ўртасида эвазли битим ҳисобланади. Ва суғурталанувчи шартномада кўрсатилган бадални суғурта ташкилотига тўлайди. Суғурта ташкилоти эса суғурта маблағини шартномада кўрсатилган шартларга асосан ўз маблағидан қоплаб боради.
Аммо кафолатли суғурта шартномалари эса суғурталанувчилар суғурта ташкилоти ҳисоб рақамига хайрия қилган бадаллари ҳисобадан кўрсатилган шартларга мувофиқ эвазли хайрияларни амалга оширишади.
- Бадалларнинг сармоясидан ҳосил бўлган барча фойдага суғурта ташкилоти эгалик қилади. Бунда суғурталанувчи ҳеч қандай фойдага эга бўлмайди. Аммо суғурта ташкилотлари суғурта маблағларига ҳаққи борлиги ёки суғурта қилинган зарарларни эваз пайтида олган бадалларига суғурта битимини амалга оширгани сабабли эга бўлади. Кафолатли суғурта ташкилоти эса сармоядан тушган маблағларга ўзи эгалик қилмайди. Бу фойдаҳам суғурталанувчиларни ҳисоб рақамига ўтади.
- Тижорий суғурта ташкилоти суғурталанувчиларга суғурта фоизидан хеч қандай ҳиссага эгалик ҳуқуқини бермайди. Балки барча фоиз ташкилотники бўлиб, аслида суғурта амалиётидан кўзланган максад ҳам шу фоиз пулларидир. Аммо кафолатли суғурта ташкилотларида эса фойдани ҳаммасига ҳисоб рақам эгалик қилади, ва буни барчасини ёки маълум қисмини суғурталанувчиларга таксимлаб беради[8].
Хулоса: Таовуний суғурта – ижтимоий ёрдамни бир кўриниши ҳисобланиб, бунда моддий қийновсиз барчага ўз имкониятидан келиб чиқиб мажбурланмаган ҳолда инсонларни барча тоифаларига қулай шароит яратиш учун жорий этилган. Молиявий имкониятлари чекланган кишилар ҳам унга ҳиссаларини қўшиши, зарурат туғилганда ундан фойдаланиши ҳам, натижада адолат, биродарчилик ҳамда ижтимоий таъминот мужассамлашади.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти
талабаси
Музаффар ЖЎРАЕВ
тайёрлади
[1] [1] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-205.
[2] Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Ал-Муъамалотул-молийятул-муъасиро” — 2002
[3] [3] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-188.
[4] Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Ал-Муъамалотул-молийятул-муъасиро” — 2002.
[5] Ибн Абу Шайба. Китобул кафолат. Ж. 7. – Риёз: Мактабатур рушд, 2004.
[6] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-192.
[7] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-192.
[8] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-193.
Моҳир китобхон бўлиш сиридан хабардормисиз?
Ҳафтасига 20 тадан китоб ўқиш учун тез ўқиш техникасини ўзлаштириш, курсларга қатнаш ва онлайн-тренингларда иштирок этиш шарт эмас. Мураккаб бўлмаган услубдан фойдаланиб, бошқаларга қараганда 15 марта тезроқ билим олишингиз мумкин.
Бошлаш учун нима қилиш керак
Дастлаб китоблар рўйхатини тузинг, кейин эса уларни мавзусига қараб сараланг. Бир ўтиришда бир мавзуга оид китобларни ўқиш тавсия этилади. Бир-бирига ўхшаш мавзули бир-икки китобни қўшиш мумкин, қарама-қарши йўналишдагиларини ўқиш ярамайди. Бу амалиётнинг бошланғич босқичида қўл келмайди.
Китобларни қандай танлаш керак
Ушбу техника нон-фикшн адабиётларни ўқиш учун мос келади. Булар бизнес, шахсий ривожланиш, психология, бошқа илмий-оммабоп ва ахборот нашрларидир. Агар нима ўқишни билмасангиз, интернет тармоғида тақдим этилган ғоялардан фойдаланинг. Сизни қизиқтирган йўналишдаги форумларга киринг. Одатда у ерда адабиётлар мавзуси рўйхатлари бўлади. Энг осон усул: китоб дўкони каталогини ёки иловасини очиб, у ердаги машҳур китобларни кўздан кечиринг. Нашриётларнинг янги, энг кўп ўқилган, энг кўп сотилган китоблар каби рўйхатлари ҳам асқатади.
Китобни қаердан олсам бўлади?
Агар уйдаги кутубхонангизда китоб бўлмаса, икки хил усулдан фойдалансангиз бўлади.
- Китоб дўконига бориш ва керакли мавзу мавжуд жавонни топиш
Тез ўқиш бўйича моҳир одамлар китобларни дўконнинг ўзида, тик турган ҳолда ўқишни маслаҳат беришади. Чунки айнан шу алфозда кўпроқ маълумот ўзлаштирилар экан. Агар ушбу фикрни синовдан ўтказиш истаги бўлмаса, ўтириб олишингиз мумкин. Китоб дўконларининг кўпчилигида бунинг учун ўриндиқлар мавжуд.
- Электрон китобларда машқ қилиш
Одатда тез ўқиш усулини амалиётда қўллайдиганлар экрандан ўқишни маслаҳат беришмайди. Қоғоз шаклидаги нашрларни тез ўқиш осон ҳисобланади. Баъзилар эса фикрга қўшилмайдилар ва электрон китобларни “ямламай ютишади”.
Китоб мутолаа қилиш имконини берадиган иловаларни юклаб олишни маслаҳат берамиз. Одатда бундай иловаларда бепул давр мавжуд бўлиб, кейнчалик тўлов миқдори бир-икки китоб нархидан ошмайди. Бир ойда 50-60 та китоб ўқисангиз, обуна нархини бемалол “оқлайсиз”.
Биринчи кун: китоблар билан танишиб чиқиш
Китоб дўконига боринг, уйдаги жавонда турган китобни олинг ёки иловадаги файлларни очинг. Биринчи кун ҳар бир китоб учун 15 дақиқа ажратинг. Баъзи китобларга 20-25 дақиқа вақт кетади, бошқалари учун эса 8-10 дақиқа кифоя.
Китобни очиб, унинг тузилишини “ўзингизга сингдиришга” ҳаракат қилинг. Мундарижа билан танишиб чиқинг, муқовасини кўздан кечиринг. Сарлавҳаларни диққат билан ўқинг. Агар аниқ маълумот ёки масаланинг ечими керак бўлса, эътиборингизни жавобни топишга қаратинг.
Қўлингизга қалам олинг ёки иловадаги ажратиб кўрсатиш мосламаси ёрдамида сизни қизиқтирган мавзуларни белгилаб қўйинг. Агар китоб дўкони ёки кутубхонада ўқиётган бўлсангиз, белгиларни ён дафтарингиз ёки иловадаги қайдлар бўлимига киритинг. Сиз учун айнан ҳозир қизиқ бўлган, олдингизга қўйилган вазифаларни ечишда ёрдам берадиган мавзуларни танланг. Ўзингизга кўпроқ маълумотни “сиғдиришга” интилманг.
Кейин 15 дақиқа мобайнида китобни бошидан охиргигача варақлаб чиқиш, сарлавҳаларни ўқиш, ҳар бир бўлимнинг асосий мазмунини англашга ҳаракат қилинг. Қалин шрифт билан белгиланган жойларни албатта ўқинг, жадвал ва рўйхатлар билан танишиб чиқинг.
Биринчи босқичдаги асосий вазифа – китобда ёзилган маълумотлар ва улар қаерда жойлашганини тушуниш.
Китобдаги фойдали ва янги нарсалар ҳамда ҳеч қандай янгиликка эга бўлмаган маълумотларни ўзингиз учун билиб олинг. Нон-фикшн жанрини кузатиб борсангиз, деярли ҳар қандай китобнинг учдан бир қисми муаллифнинг шахсий ҳаётидан олинган ҳикоялар, кўплаб мисоллар, биографик маълумотлар ҳамда иккинчи даражали деталлардан иборат бўлади. Агар қисқа вақт ичида кўпроқ китобни қамраб олиш истагида бўлсангиз, бу маълумотларни фильтрлаш керак бўлади. Диққатингизни асосий фикр, маслаҳатларга қаратиб, моҳиятни англашга ҳаракат қилинг.
Изоҳлар ёзинг
Ҳар бир китобни кўриб чиқиб, ундан олиш мумкин бўлган маълумотларни тушунгач, изоҳлар қолдиринг. Ўзингиздан олдинги китобхонлар изоҳларига ҳам бир кўз югуртиришни тавсия қиламиз – улардан янги нарсаларни билиб олишингиз мумкин.
Эътибор беринг: тўлақонли тақриз ёзишга интилиш шарт эмас, сиздан янги китобни ҳиссий баҳолаш сўралади.
Баҳолаш онгда муайян ёрлиқ яратади. Изоҳ бу сиз китоб билан таниш эканингиз, у сиз учун бегона эмаслигини англатувчи белгидир.
Эринманг, изоҳлар қолдиринг ва баҳолар қўйинг. Агар фикрингизни оммавий тарзда билдиришни истамасангиз, ўзингиз учун белгилаб қўйинг, китоб ҳақидаги шахсий фикрларингизни ён дафтарингизга ёзинг, уни 10 баллик тизимда баҳоланг.
Иккинчи кун: Энг муҳимини ўқинг
Эртаси куни маълумот миянгизга жойлашгач, китоблар билан яқинроқ танишамиз. Биринчи кундаги ҳамма китоблар ҳам иккинчи кунга ўтавермайди. Кўпинча муқова, тақриз ва сарлавҳа қизиқ, бироқ китобнинг ичида янги ва фойдали маълумот мавжуд бўлмайди. Ёки муаллифнинг услуби сизни “китобдан итаради”.
Сизга бир кўришда ёқмаган китобларни дарҳол чиқариб ташланг: илк тасаввур кўпинча алдамайди. Агар китоб ҳақиқатан ҳам фойдали ва муҳим бўлса, сиз у билан яна учрашасиз.
Танлаб олинган китобларда бизни ўзига жалб қилган ва энг қизиқ ва муҳим маълумотга эга бўлган бўлимларни ўқиймиз. Кўпчилик китобни қатъий равишда бошидан охирига қадар, боблар кетма-кетлигида ўқиш керак деб ҳисоблашади. Бу нотўғри фикр. Ўрганишга “сабрингиз чидамаётган” бобларнигина ўқинг. Энг қизиқ жойларнинг тагига чизиб қўйинг (агар дўконда ўқиётган бўлсангиз, ушбу боблар тўғрисида эсингизда қолган фикрлар, қандай саволларга жавоб топганингизни уйда ёзиб қўйинг).
Агар бу китоб сизга бутунлай қизиқ ва ундаги ҳар бир боб фойдали бўлса, уни бир четга олиб, бошидан охиригача ўқинг. Бундай китоблар жуда кам учрайди: амалиётнинг илк ойларида ойига 3-4 китоб, кейинчалик бу кўрсаткич камайиб боради.
Энг қизиқ китобларни қандай қилиб ўрганиш мумкин
Энг қизиқ ва муҳим китоб сифатида саралаб олинган китобларни бутунлай ўқиб чиқишингиз мумкин. Эслаб қолиш ва муҳим жойларини тизимлаштиришнинг яхши усули – ҳар бир боб бўйича фикрлар харитаси (mind map) ишлаб чиқишдир. Агар қоғоз билан ишлашни ёқтирсангиз, конспект ёзинг. Китоб қанчалик қизиқарли бўлишига қарамай, уни қайта ўқиманг. Ҳар бир боб учун аниқ вақт, китобни бутунлай ўқиб чиқиш учун қанча кун кетишини аниқ белгилаб олинг.
Мутолаани тугатгач, амалиётнинг илк кунига қараганда батафсилроқ изоҳ ёзинг. Ижобий ва салбий жиҳатларини бирма-бир айтинг, баҳо қўйинг.
Тажрибалардан келиб чиққан маслаҳатлар
- Мутолаа тўғрисидаги янглиш фикрлардан халос бўлинг
Китобни бошидан охирига қадар ўқиш мажбурий эмас. Қанча вақт кетказишингиз ва қанча варақни ўзлаштиришингиз муҳим эмас. Амалиёт шуни кўрсатадики, китоб билан 15 дақиқа давомида танишиб чиқиш онгимизда унинг барча бобларини бир ой давомида ўқишда олинганчалик маълумот қолдиради.
- Ўқиганларингизни барини эслаб қолиш ёки китобни ёдлаб олишга ҳаракат қилманг
Асосий мақсад – китобни ёдлаб олиш эмас, керакли маълумотни олиб, хулоса чиқаришдир.
- Тез ўқиш сабабли “миянгизда ғувиллаш” пайдо бўлиши қўрқинчли эмас
Енгилманг ва амалиётда давом этинг. Дастлаб ана шундай бўлади, бу ғайриоддий ёки сиз ниманидир нотўғри бажараётганингизни англатмайди. Маълумот онгингизга сингишига қўйиб беринг.
- Параллел равишда битта бадиий китобни секин ва мароқ билан ўқинг
Сизга завқ берадиган китобни топинг. Қизиқ бадиий адабиётни шошилмай ўқиш — ажойиб тафовут ва мия учун хордиқ.
Икки кунлик амалиёт натижаси
Тавсияларга амал қилган ҳолда икки кун мобайнида қуйидагиларни амалга ошира оласиз:
- 10 та китобни кўриб чиқиш, энг яхшиларини танлаб олиш ва улар билан яқиндан танишиш;
- асосий маълумотни ўқиб чиқиш, ҳар бир китобнинг асосий фикрини англаш;
- энг фойдали жиҳатларини ажратиб, ўзингиз учун белгилаб олиш;
- китобнинг тузилишини “сингдириш” ва кейинги сафар ундан осон йўналиш олиш, керакли маълумотни муаммосиз топиш;
- ҳар бир китобдан уни бошидан охиригача, ипидан игнасигача ўқиб чиққандаги каби маълумот олиш.
Изоҳларда ойига нечта китоб ўқишингиз ва бу сонни нима учун бир неча марта ошириш истагида эканингиз ҳақида айтиб беринг.
Манба: kun.uz
ЎМИ Матбуот хизмати