Дунё янгиликлари

Миср университетида Насафий асарлари дарслик сифатида ўқитилмоқда

Аллома Абу Муъин Насафийнинг ислом фалсафасига бағишланган “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”), “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”), “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”) асарлари Мисрнинг Ал-Азҳар университетида дарслик сифатида ўқитилмоқда. Бу ҳақда 5 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган “Илму зиёси кўзларга тўтиё бўлган аллома” номли илмий анжуманда маълум қилинди.

"Турон24" нашрининг ёзишича, Насафийнинг асарларидан бугун жаҳондаги 100 дан зиёд олий ўқув юртларида фойдаланилмоқда.

“Ҳақиқат қиличи” номи билан машҳур алломанинг “Баҳрул-калом” ва “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” китобларида эзгу туйғуни тилга чиқариш эмас, қалбдан ўтказиш иймоннинг белгиси экани уқтирилади, – деди Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов. – Аммо айрим ақидапарастлик йўналишидаги тарафкашлар тилдаги ҳам, дилдаги ҳам ёлғон экани, инсоннинг эътиқодда қанчалик собитлиги фақат амалида кўринишини ёқлайди, амалдан бошқасини рад этади. Айнан мана шундай қарашлар ҳозир кўпгина давлатларда қонли низоларга сабаб бўлаяпти".

“Насафийнинг бизгача етиб келган уч асари моҳиятан тўғри йўлга даъват, нотўғри йўлдан қайтаришга қаратилган, – деди профессор Муҳаммаджон Қуронов. – Унинг “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” китобида “Илмдаги қашшоқлик куфрга яқиндир” деб ёзилган. Янги асрда динда адашишларга олиб келаётган сабаб ҳам шу – илмдан узоқлашган одам куфрга яқин бўлади. Бугун расмий гапларнинг даври ўтди. Ўзини зиёлиман деб санаган ҳар бир киши Насафийдан уч ҳикматни ёддан билиши керак”.

1027 йили Қарши (Насаф)да туғилиб, 1114 йили Самарқандда вафот этган Абу Муъин Муҳаммад ан-Насафийнинг 15 та асар ёзгани фанга маълум. Шулардан учтаси сақланиб қолган.

Мазкур қўлёзмалар ҳозир Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. Ушбу уч манба дунё олимлари томонидан таржима қилиниб, 200 дан ортиқ давлатда, жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2516 times

Янгиликлар

Top