Дунё янгиликлари

Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар

Ўзбекистонда диний эркинлик таъминлангани халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. 2020 йил 7 декабрь куни эълон қилинган АҚШ Давлат департаментининг расмий баёнотида Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати» (Special Watch List)дан чиқарилганини билдирди. Бу билан Ўзбекистон эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида улкан ўсишга эришганини қайд этди.
Халқаро миқёсда дин эркинлиги билан боғлиқ бундай баҳоланиш нимани англатади? Бу эътирофга мамлакатимиз қандай эришди? Бунинг аҳамиятли томони нимада?
«Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқиш Ўзбекистон эндиликда дин эркинлиги тўлиқ таъминланган мамлакат сифатида халқаро миқёсда баҳоланаётганини билдиради.
Аслини олганда ҳам, мамлакатимизда динлараро бағрикенглик, барча миллат ва элатлар эътиқодига ҳурмат билан қараш ва улар учун шароитлар яратишга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилган.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан юртимизда дин ҳамда эътиқод эркинлиги борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — бу диний соҳани либераллаштириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш этиб белгиланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида диний эркинлик учун янада кенг шароит яратиш, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида асосий вазифалар аниқ акс эттирилди ва белгиланган вазифалар доирасида қатор ишлар амалга оширилди.


Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистондаги мавжуд диний-ижтимоий жараёнларни муҳокама қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш учун Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога — Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди.
Диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлаштирилишини ҳуқуқий кафолатлашга эътибор қаратилмоқда. Ижро ҳокимияти органи — Адлия вазирлигининг диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича қарор чиқариш ваколати судларга ўтказилди.
Диний ташкилотни рўйхатга олиш учун тўланадиган давлат божи миқдори беш бараварга камайтирилди ва уларнинг ҳар чоракдаги ҳисобот тақдим қилиш амалиёти бекор қилинди.
Жамиятда экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши курашиш йўналиши тубдан қайта кўриб чиқилди. Жумладан, жазолаш чоралари ўрнига маънавий-маърифий ва бундай ғоялар тарқалишининг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ёндашув жорий қилинди.
Жамиятда тотувликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзгаришлар эътиқод эркинлигига оид конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратди.
Мамлакатимизда инсонларнинг дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий-демократик давлат сифатида ижобий имижининг ортиб боришига, халқаро миқёсда эътироф этилишига асос бўлмоқда.

Алишер Назаров,
Тошкент давлат шарқшунослик университети катта ўқитувчиси,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1489 times

Янгиликлар

Top