Дунё янгиликлари

Деҳлида Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдим этилди

Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик нашрларидан бири «Travel Jingles» журнали томонидан Деҳли шаҳрида ташкил этилган «Travel in New Normal» номли семинарда республикамиз туризм салоҳияти хусусида сўз юритилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, тадбирда Деҳли шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов тадбир қатнашчиларига мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, пандемия даврида соҳани қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, хавфсиз туризмни таъминлаш доирасида йўлга қўйилган ишлар ва эришилган ютуқлар бўйича батафсил маълумот берди.

Жорий йил 5 март кунидан бошлаб «Тошкент-Деҳли-Тошкент» йўналишидаги авиақатновларнинг ҳафтасига икки маротаба ташкил этилаётгани алоҳида эътироф этилди ва бу мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир давомида Ўзбекистондаги туризм соҳаси йўналишлари, ҳудудлар кесимидаги туризм салоҳияти кенг ёритилган инглиз тилидаги брошюра ва журналлар иштирокчиларга тақдим этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1383 times

Янгиликлар

Top