Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонига заъфарон экспорт қилинади

Ўзбекистон Саудия Арабистонига заъфарон савдосини йўлга қўяди. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов “Sunbula technologies Est.” компанияси раиси Убайдулла Сиддиқий билан учрашиб Ўзбекистоннинг  “BMB Trade Group” компанияси томонидан етиштирилган заъфарон намуналарини тақдим этди. Бу маҳсулот Саудия Арабистони озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари агентлиги (SFDA) томонидан текширилади ва тегишли сифат сертификати олинади. Бу ҳамкорлик ҳақида Убайдулла Сиддиқий шундай фикр билдирган:

“Умид қиламизки, заъфарон - бу Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг бошланиши бўлади. Келажакда кенг турдаги маҳсулотлар импорт қилиш ниятидамиз. Саудия вакиллари ҳозир заъфаронни Марокаш, Испания, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистон каби давлатлардан олиб келмоқда. Шу маънода Ўзбекистонда етиштирилиши бошланган заъфаронга қизиқишимиз катта. Умид қиламизки, ўзбек заъфарони сифат жиҳатидан рақобатбардош ва Саудия бозорида ўз ўрнига эга бўлади” - деб таъкидлаган компания раиси.

Шунингдек, Убайдулла Сиддиқий Ўзбекистондан табиий асал ва тоғ ўсимлик гиёҳларидан тайёрланган маҳсулотларни ҳам импорт қилиш имкониятини ўрганмоқчилигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонида шифобахш экологик тоза маҳсулотларга талаб юқори.

Бу учрашувда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи транспорт коридори яратиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Бу каби қулай транспорт йўлагининг имкон қадар тез муддатларда қурилиши минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларига ижобий таъсир кўрсатади. Шу ўринда суҳбатдош мазкур янги транспорт йўлаги барпо этилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмасини ҳам сезиларли ошишига олиб келади, деб умид билдирди.

Бу учрашув натижасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида савдо – сотиқ алоқалари янада ривожланиши икки давлат халқлари учун бирдек фойдалидир.

azon.uz

Read 1475 times

Янгиликлар

Top