У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилда туғилган ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётликларида Исломни қабул қилган бўлса-да, у зотни шахсан кўриш насиб этмаган, шунинг учун гарчи ёши баъзи саҳобалардан каттароқ бўлса ҳам тобеинлардан ҳисобланади. Аллоҳ унга узоқ умр берди ва у 126 йилдан ортиқ яшаб, 83 ҳижрий йилда вафот этган.
У ҳатто ёши улуғ вақтларида ҳам таровеҳ намозларида қоим бўлар эди. Имом Муҳаммад Ибн Наср ал-Марвазий шундай ёзган:
"Ва Сувайд 120 ёшида Рамазонда таровеҳ намозига имом бўлар эди".
Осим ибн Кулайб (вафоти 137 ҳижрий йил) дейди:
"Сувайд ибн Ғафала 120 ёшида жума намозида биз билан юрган. Унинг 116 ёшида ёш бокира қизга уйлангани ҳам нақл қилинган".
Менинг бу тобеин зот ҳақида ҳикоя қилаётганимнинг сабаби, кеча таровеҳ намозида кўрган ҳолат бўлди. Таровеҳ намозининг биринчи тўрт ракати ўқилиб бўлгач бир қанча ёш, кучга тўлган йигитлар масжиддан чиқиб кета бошлади. Таровеҳ намози тугагунча йигитчаларнинг сафлардан чиқиб кетиши давом этди. Бу ҳолат деярли ҳар бир масжидда такрорланади.
Бошимизга меҳмон бўлиб келган ой – Рамазони шарифнинг ибодатларидан бири таровеҳга бунчалик беэътибор бўлиш яхши иш эмас. Балки бу укаларимиз таровеҳнинг лаззатини сезмаган, аҳамиятини тушунмагандирлар. Бироқ нима бўлганда ҳам масжидга таровеҳ учун келган кишининг саломатлигига, айниқса у навқирон ёшда бўлса, озгина машаққат, бир соатлик намозда тик туриш зиён келтирмаса керак. Ёшларимизни буюк тобеин, 120 ёшида ҳам тик туриб таровеҳларда имом бўлган Сувайд ибн Ғафаладан ўрнак олишга чақирамиз.
Ёқуб Умар
azon.uz